Адабиёт
Адабиёт оламида умри чақиндек кечган Усмон Носирнинг ҳаёти синоатларга тўла. 25 ёшида қамоққа олинган, 32 йил яшаган шоир ижодининг ҳали ўрганилиши керак бўлган, аниқлик киритишни талаб қиладиган саҳифалари етарли. Ҳа, бу қисқа умр, ташвишларга тўла ҳаётнинг замирида Яратганнинг буюк марҳамати – бир истеъдоднинг дунёга келишию, нечоғлик қадрланиши ҳамда даврнинг қаттол тартиби, ношукур авлоднинг шўришлари мужассам.
Наманганда туғилган Усмон Носиров Қўқонда интернатда тарбияланади. Сўнг ўқитувчилик қилади ва шу асноларда унинг иқтидори намоён бўлади. 17 ёшида биринчи шеъри чоп этилади. Уни Москвага, кино институтига (олдин техникум, кейин ВГИКка айлантирилган бўлса керак) жўнатадилар. У ерда бир йил таҳсил олгач, саломатлиги туфайли Ўзбекистонга қайтади ва Самарқанд педакадемиясида ўқий бошлайди. Кейин Тошкентга кўчиб келиб, фаол ижод билан шуғулланади. 1937 йил 27 январда ижодининг 10 йиллиги катта байрам қилинади. Олти ой ўтиб, шоирнинг “ахлоқи” уюшмада муҳокамага қўйилади ва аъзоликдан чиқарилади. Икки кундан кейин, 13 июлда қамоққа олинади. Шу билан умрининг сўнгигача, 1944 йил баҳоригача қамоқхонама-қамоқхона, лагерма-лагер сарсон бўлади.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 март сонида Мухтасар Тожимаматованинг Нодира Рашидова билан суҳбати эълон қилинган (“Юрак созин чалган шоир ёхуд зоғлар орасида қолган булбул ноласи”). Шоирнинг жияни таъкидлайдики, 1937 йили Москвада Пушкинга бағишланган пленум бўлади. СССР Ёзувчилар уюшмаси раиси Безименский маърузасида Пушкиннинг немис шоири Гёте шеърларини таржима қилганини айтиб, намуналар ўқийди. Шунда “энг орқадаги ўриндиққа ўтирган” номаълум иштирокчи луқма ташлайди: “Кечирасиз, Николай Александрович, бу Гётенинг эмас, Шиллернинг мисралари!”. Ана шу журъатли шоир Усмон Носир эди.
Айни шу парчада аниқлик киритилиши лозим бўлган бир қанча ўринлар бор. Аввало, Александр Ильич Безименскийнинг уюшма раиси бўлгани далили хато. Шу йилларда бу вазифани Алексей Толстой (1936–1938) бажарган. Ҳайъатнинг бош котиби эса Владимир Ставский (1941 йилгача) бўлган.
Воқеага қайтамиз. “Шунда уюшма раиси довдираб қолади ва уни саҳнага таклиф қилади. Тоғам ўзини таништиргач, Николай Александрович (?) ундан сен Шиллерни ўқиганмисан, деб сўрайди. Усмон Носир эса нафақат ўқиганман, ҳатто ёд олганман, дея Шиллернинг достонини ёд ўқиб беради”.
Албатта, ҳаяжонли лаҳзалар. Империя адабиёт ўрдусида бир ўзбек шоирининг журъати ҳаммани ҳушёр торттирган, эсдан чиқмайдиган воқеа бўлган. Суҳбатнинг давомидан ўқиймиз: “Безименский ҳайратда қолади. Тоғамнинг елкасидан маҳкам қучиб, залга қараб, “Ҳамма кўриб қўйсин! Шарқда Пушкин пайдо бўлди!” дейди... Ўша куни эртасига рус тилида чиқадиган кўплаб газеталарда ўзбек шоири Усмон Носирнинг расми ва шеърлари чоп этилади”.
Воқеа умумий тарзда шундай кечади. Фақат баъзи мулоҳазалар туғилади. Яҳудий миллатига мансуб Александр Ильич Безименскийнинг Николай Александрович деб ёзилиши бу ерда қандайдир чалкашликлар борлигига ишора қилади. Умуман, эсласа эслагулик эътирофнинг бутун тафсилоти рўй-рост тикланиб, кенг жамоатчиликка билдирилса, яқин тарихимиздаги мавҳум бир нуқтага ойдинлик киритилган бўларди.
Ана шундай илинж ва умид билан академик, қатағон даврини атрофлича ўрганган олим Наим Каримовга мурожаат қилдик. Адабиётшуноснинг мулоҳазалари тасаввур ва таажжуб доирасини яна ҳам кенгайтириб юборди. Жавоб қуйидагича бўлди:
– Бизга шу нарса маълумки, 1937 йил 9 февралда СССР Марказий Ижроия Комитети А.С.Пушкин вафотининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилади. Пушкин юбилейи тадбирларида қатнашиш учун Ўзбекистондан Раҳмат Мажидий (Ёзувчилар уюшмаси раиси), Ойдин (уюшма раҳбарларидан бири), Ойбек, Усмон Носир, А.Лаврентьев ва яна бир рус ёзувчиси таклиф этилган.
“Правда” газетасининг 1937 йил 10 февраль сонидаги “Рус халқининг шон-шуҳрати” сарлавҳали бош мақола билан юбилей тадбирлари бошланиб кетган. Шу куни Большой театрда Бутуниттифоқ Пушкин комитети ва жамоат ташкилотларининг ташаббуси билан тантанали юбилей кечаси ўтказилган. 14-15 февраль кунларида Союзлар уйининг Колонна залида СССР Фанлар академиясининг Пушкинга бағишланган илмий сессияси бўлиб ўтган. 22–26 февраль кунларида эса худди шу жойда СССР Ёзувчилар уюшмасининг IV пленуми ўтказилиб, Ойбек, С. Вурғун, Т. Жароков, Н. Зарян, Ю. Тинянов, В. Инбер, С. Маршак, А. Тўқомбоев, С. Чиковани ва бошқалар маърузаю нутқлар билан қатнашганлар.
Нодира Рашидованинг “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган суҳбатида айтилган сўзларда бирорта ҳам ҳақиқат зарраси йўқ. 1920–1930-йилларда “комсомол шоир” сифатида машҳур бўлган А.И.Безименский ҳеч қачон СССР Ёзувчилар уюшмасига раис бўлмаган. СССР Ёзувчилар уюшмасининг биринчи раиси М.Горький вафотидан кейин (1936) В.П.Ставский (Кирпичников) уюшмага бош котиб этиб тасдиқланган. Аммо юқорида тилга олинган пленум ишида на Ставский, на Безименский маъруза қилган. Нотиқлар рўйхатида уларнинг исм-фамилияси умуман учрамайди. Бинобарин, Безименскийнинг немис шоири Гёте шеърини ўқигани ҳам, у билан Усмон Носир ўртасида бўлиб ўтган диалог ҳам Нодира Рашидованинг навбатдаги фантазиясидан бошқа нарса эмас.
Ойбек 1937 йил 25 февралда Москвадан рафиқаси Зарифа Саидносировага йўллаган хатида бундай ёзган: “...Эртага эрталаб соат қарамоқчимиз. Олтин соатлар жуда қиммат. Бугун Усмон Носир ўзига бир олтин соатни 1400 сўмга олибди. Бир “цепочка”нинг 100 сўмга сотилганини кўрибди. Демак, сенга соатни “цепочка”сиз олишга тўғри келади... Пленум 22-да очилган эди, давом этаётир, эртага битса керак. Кеча Пушкин таржималари ҳақида мен сўзга чиқдим. Докладни ёзиб олган эдим, дуруст бўлди... Қизиқиб тинглашди...”
“Янги Ўзбекистон” газетасида чиққан суҳбатнинг давоми билан танишганимизда ҳам тафсилотнинг ҳақиқатдан анча йироқлиги маълум бўлади. Одатда бундай хотираларнинг қаердан ва кимдан олингани айтилиб, аниқ манба кўрсатилади. Юқорида тасвирланган воқеани Усмон Носир билан Москвага бирга борган ва пленум вақтида ёнма-ён ўтирган ва суратга тушган (орқадаги ўриндиқда эмас!) на Раҳмат Мажидий, на Ойдин, на Ойбек ёзиб қолдирган. Усмон Носирнинг ҳам бирорта дўсти шундай воқеа рўй берганини эсламаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 1937 йили бўлиб ўтган IV пленуми стенограммасида эса Усмон Носирнинг дўстлари билан чойхоналарда, Лаврентьев билан эса поездда уришиб қолгани ҳақидаги маълумотларни топамиз, холос.
Нодира Рашидованинг яна ёзишича, шу воқеадан кейин “эртасига рус тилида чиқадиган кўплаб газеталарда ўзбек шоири Усмон Носирнинг расми ва шеърлари чоп этилади”. Аммо қани ўша нашрлар?.. Қани ўша “Шарқда иккинчи Пушкин пайдо бўлди”, деган сарлавҳали мақолалар?..
Усмон Носир 1936-1937 йилларда ёзган шеърларидан фақат иккитаси бизгача етиб келган. Бу икки шеър ҳам шоир қамоққа олинганидан кейин Тошкент турмасида ёзилган. 1936-1937 йилларда бирорта газета ёки журналда Усмон Носирнинг шеърлари босилмаган. Бу аччиқ ҳақиқат!..”
Муҳтарам устознинг далилларга асосланган фикрлари учун миннатдорлик билдирган ҳолда бир ҳолга эътиборни тортмоқчимиз. Умуман олиб қаралганда, улкан фожиа қаршисида юқоридаги тафсилотлар майда масаладек туюлиб қолиши мумкин. Аслида, йирик воқеликни тушуниш (пайдо бўлиши, ривожи ва амалиёти)да ҳар бир унсурнинг рад этиб бўлмас ўрни бор. Гарчи “иккинчи Пушкин” иборасида самимиятдан кўра қитмирлик аломати кучлироқ бўлса-да, бундай сунъий эътироф иқтидорли шоир фожиасида нечоғлик роль ўйнади? Адабиёт учун Усмон Носир қадрлими ёки “ўзбек Пушкини”?! Билмадик, биздами ёки умумэътирофда борми, ижодкорларни соҳанинг улуғ намояндасига қиёслаш (“Беҳзод – Шарқ Рафаэли” каби) ҳоллари учрайдики, ўша йилларда иқтидорли шоирларни Пушкинга ўхшатиш урф бўлган экан (масалан, шоир Боту ҳақида ҳам).
Бир далилга турли нуқталардан ёндашиш ҳам фожиани тўлароқ тушуниб олишга, ҳам миллатимиз учун қадрли ва азиз бўлган улуғ шоир шахсиятини аниқроқ тасаввур қилишга ёрдам беради. Шубҳа йўқки, ўн йиллик ижоди билан адабиётимизнинг номдор вакилига айланган Усмон Носирнинг аччиқ қисмати ҳар бир ўзбекни қайғуга солади. Унинг ёрқин ижоди эса ифтихор ҳисларини жўштиради.
Ҳаким САТТОРИЙ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ