Ўзбек адабий тили умумтуркий лисоний майдондан четга чиқиб қолган – адабиётшунос Мусулмон Намоз


Сақлаш
00:30 / 26.07.2022 990 0

Кейинчалик ўзбек адабиётининг энг машҳур намояндаларидан бири бўлиб танилган Абдулла Қаҳҳор “Сароб” романини ёза бошлаганида эндигина йигирма уч ёшга тўлган истеъдодли ва серғайрат йигитча эди. У Октябрь тўнтаришидан сўнг ташкил этилган янгича типдаги бошланғич ва ўрта таълим ўқув юртларида турли сиёсий ва мафкуравий маслакдаги муаллимлардан таҳсил олди. Ўн олти ёшида ўта сиёсий руҳдаги ва жангари ташкилот бўлмиш комсомолда масъул лавозимда хизмат қилди. Ўрта маълумоти ҳам тамом бўлмаган бу ўсмир республиканинг энг нуфузли сиёсий ва адабий нашрларида аввал мухбир, кейинроқ таҳририятларда масъул вазифаларда ишлади. Шу йилларданоқ сиёсий ва адабий жараёнда фаол иштирок этди, мафкуравий курашларда пишиб, яхшигина тажриба орттирди.

 

Шулар боисидан унинг биринчи йирик асари бўлмиш “Сароб” романида ўша давр ўзбек жамиятида мавжуд бўлган ижтимоий ҳодисаларнинг бадиий инъикосидан ташқари, ўзбек адабий тилининг ҳам энг муҳим хусусиятлари бўртиб кўриниши табиий бир ҳолдир.

 

1933-1934 йилларда мазкур романнинг илк варианти “Ўзбек шўро адабиёти” журналида тўлиқ босилиб чиқади. Уни китобхонлар жуда катта қизиқиш билан кутиб олади. Журналнинг ҳар бир янги сони интиқлик билан кутилгани ҳақида маълумотлар бор. Романга қизиқиш шунчалик бўлган эдики, 1936 йилда унинг эпизодик қаҳрамонларидан бири бўлган Саримсоқ ҳаётига тегишли қисмлари “Саримсоқнома” номи билан “романдан парча” сифатида алоҳида нашр қилинади. Ҳолбуки, роман тўқимасига бегонароқ мавзудан ҳикоя қиладиган бу ўринлар асарнинг кейинги нашрларида бутунлай қисқариб кетган.

 

Бироқ романнинг алоҳида китоб ҳолида чоп қилиниши бирмунча чўзилади. Бунинг сабаблари ҳақида кўп гапириш мумкин, албатта. Лекин энг муҳим сабаби ўша давр сиёсати билан боғлиқ эканини таъкидлаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади.

 

Роман журналда эълон қилинганидан салкам икки йил ўтгач, 1936 йилнинг 13 декабрь куни китоб ҳолида чоп қилиш учун теришга берилади. Лекин уни расман нашр қилиш учун фақатгина 1937 йилнинг 23 декабрида рухсат этилади. Яъни у китобхонлар қўлига 1938 йилда етиб боради.

 

Романнинг илк нашри 1938 йили чоп этилган бўлса ҳам, унинг 1930–1933 йиллари ёзиб тугатилганини қаҳҳоршунослар Озод Шарафиддинов, Раҳмон Қўчқор, Отабек Жўрабоев бир овоздан тасдиқлашади. Бинобарин, унинг илк нашрида ўша давр ўзбек адабий тилининг барча муҳим жиҳатлари алоҳида бўртиб кўриниб туради дея таърифласак, ҳақлимиз.

 

Маълумки, ўзбек адабий тили ва халқнинг жонли тили йигирманчи асрнинг бошларида бир-биридан жуда кескин фарқ қилар эди. Ўша давр матбуотини адабий тил ривожи нуқтаи назаридан текширган киши буни дарров англайди. Шунингдек, ўша давр матбуотини кузатишда давом этсак, ўзбек адабий тили жуда қисқа муддатда ниҳоятда катта ва ўта шиддатли ўзгаришларни бошидан кечирганига гувоҳ бўламиз. Яъни, янгидан шаклланиб келаётган адабий тилимиз ўзаро бир-бирини инкор қиладиган, ички табиати зид, моҳиятан бир-бировидан кескин фарқли бўлган икки жиҳатга эга ва бу жиҳатлар орасида кўзга кўринмас бир кураш давом этар эди.

 

Биринчиси мумтоз адабиётимиз анъаналарига суянган ва аллақачон шаклланиб улгурган адабий тил бўлиб, у арабий ва форсий сўзлар, иборалар, гап қурилиши билан характерланади. Унда дабдабабозлик, жумлаларнинг чийратма қурилиши, авом халқ учун тушунилиши қийин бўлган тил мантиғи ҳукмрон эди. Иккинчи жиҳат эса аср бошларидан Марказий Осиёга жадал кириб кела бошлаган Қозон ва Қирим татар тилли газета ва журналлар таъсирида маҳаллий ёзарларимизнинг умумтуркий лаҳжага мойиллиги ўлароқ юзага чиққан эди. Қайд этиш лозимки, бу ҳар икки жиҳат ҳам бир вақтнинг ўзида халқ жонли тилидан узоқлиги билан характерланади.

 

Навоий замонларидан буён давом этиб келаётган анъанавий адабий тилнинг матбуотда ўз ўрнини янги тамойилларга бўшатиб бериши қийин кечаётган эди. Ўша давр Россия империясидаги нисбатан илғор таълим усулларига асосланган Қозон ва Уфа шаҳарларидаги мадрасаларни битириб келган, шунингдек, ислом диёрларининг энг маърифатли маскани бўлган Истанбулда таҳсил олган зиёли муҳаррирлар бошқараётган янги матбуотнинг тили эса муҳаррирларининг мойиллигига қараб, баъзан Қозон, баъзан Қирим татар тилига, баъзан Рум туркчасига тортиб кетар эди. Халқ жонли тилидан узоқлик масаласи ўша давр матбуотида дарров кун тартибига чиқмади.

 

Ўзбек адабий тилининг ўша замондаги тараққиёт имкониятларини яхшироқ тасаввур қилиш учун ўша давр ижтимоий ҳаётида юз бераётган воқеаларга эътибор қаратишимизга тўғри келади. Чунки бу воқеалар бевосита тил тараққиётига таъсир кўрсата бошлаган эди.

 

Тарихдан маълумки, Биринчи жаҳон урушида рус империясига асир тушган турк зобитларининг катта қисми Марказий Осиёга сургун қилинган ва улар кун кўриш мақсадида бизнинг ўлкалардаги мактаб ва мадрасаларда дарс бера бошлаган эди. Катта ҳаётий тажрибага ва замонавий билим ҳамда дунёқарашга эга бўлган усмонли турк муаллимлари қўлида сабоқ олган ёшлар, шунингдек, кўп масалаларда усмонли турк муаллимлари билан ҳаммаслак бўлган маҳаллий зиёлиларнинг ёзишмаларида ҳам турк лаҳжаси устувор мақомга келиб қолган эди. Натижада жорий адабий тил ва халқ жонли сўзлашув тили орасидаги фарқлар кучайиб кетади.

 

Асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларига келиб бундай вазият бирмунча ўзгара бошлади. Матбуот жуда кучли тарғибот қуроли эканини яхши тушунган шўро мафкурачилари унинг халққа таъсир кучини янада ошириш учун адабий тилни халқ жонли тилига яқинлаштириш зарурлигини тушуниб турарди. Ўрта бир турк тилининг юзага келишидан хавфсираган мустамлакачи маъмурият туркий миллатнинг бирлашишига зимдан қарши турарди. Бунинг учун маҳаллий миллатларнинг ўз адабий тили пайдо бўлиши учун барча шароит яратилди. Айниқса, ёш адиблар мана шу ишга сафарбар қилинди.

 

Шунингдек, шўро тизимига баъзан зимдан, баъзан очиқдан очиқ қарши бўлган, аввалги ташкилий ва мафкуравий аҳамиятини, таъсир кучини йўқотган бўлса-да, ҳамон ўз ғояларидан қайтмаган жадид ёзарманлар ҳам халққа таъсир кўрсатиш учун матбуотни ривожлантиришга уринар эди. Улар бу йўлдаги бир тўсиқ сифатида адабий тилнинг халқ жонли сўзлашув тилидан узоқлашиб кетганини кўрарди. Ижтимоий ҳаётдаги қарама-қарши мақсадларни кўзлаган мазкур икки интилишнинг муайян вазиятда бир-бирига мос келгани натижасида адабий тилнинг халқ жонли тилига яқинлашиши тамойили қисқа муддат ичида устувор мақомга кўтарилди.

 

Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи айни шу кейинги тамойил энг кучли тараққиёт босқичига чиққан бир паллада ёзилгани ва эълон этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур романнинг дастлабки нашрини кузатадиган бўлсак, унда жонли сўзлашув тилининг адабий тилга жуда катта таъсир ўтказаётганини, уни ўзгаришга мажбур қилаётганини кўрамиз.

 

Жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш тилда албатта ўз аксини топади. Бу ҳол адабий тилнинг янги сўз ва жумлалар билан бойиб боришини ҳамда ишлатилиб турган сўзларнинг янги маъно нозикликлари касб этишини, тилнинг морфологик ва синтактик қурилишидаги такомиллашувни аниқлашни тақозо этади. Бу қонуниятни ёш Абдулла Қаҳҳор ҳам жуда яхши тушунган. Унинг илк романи бир тарафдан арабизм ва форсизмдан четлашга интилиши билан, иккинчи тарафдан татар ва рум туркчасига хос бўлган сингармонизмдан қочишга уриниши билан ажралиб туради. У яратган матн халқ жонли сўзлашув тилига жуда яқиндир.

 

Мисолларга мурожаат қилсак. Романнинг илк нашрида фикр сўзининг фкир тарзида жонли талаффузга мослаб ёзилганини кўрамиз . Бугунги адабий тилимизда иккала тарзида ёзиладиган ва талаффуз қилинадиган яна бир сўз эса талаффузга мос бўлмаса-да, сўзнинг луғавий шаклига қўшимча қўшилиши тарзида иккила деб битилган. Бугун биз европалик деб ёзадиган ва талаффуз қиладиган сўзимиз эса явропали тарзида ўша замон сўзлашув услубига хос ҳолатда келтирилган. Бугунги имло қоидаларимизга биноан “и” ҳарфи орттириб ёзиладиган билан, бироқ, китоб, тиласа, йигит, бижиб, ширин, чироқ, сира, ҳикоя каби сўзлар эса блан, брақ, ктаб, тласа, йгит, бжиб, шрин, сра, ҳкая тарзида берилган. Бу каби сўзлар имлоси асарнинг 1957 йилги нашрида бугунги адабий тилимизга мослаб ўзгартирилган.

 

1957 йилги нашрни қарайдиган бўлсак, таҳрир асарнинг биринчи саҳифасидан бошланганини кўрамиз. Абдулла Қаҳҳор бу таҳрирда нафақат тасвирнинг тиниқлигига эришишни мақсад қилган, шунингдек, у асар матнидаги сўзларнинг жорий адабий тилга мослигини таъминлашга ҳам интилган эди. 

 

Мисолларга мурожаат қилайлик. Асарнинг илк саҳифаси 1937 йилги нашрида шундай бошланади: “У эшик олдиға юраги бетламайрак келди; эшикнинг тутқичидан ушлаб аста тортиши...”. Асарнинг 1957 йилги нашрида эса мазкур жумла таҳрирга тортилади. Илк “У” сўзи “Қиз” сўзи билан алмаштирилади. Бу билан муаллиф ҳаракат эгасининг қиз бола эканини аввалдан билдириб қўяди. Ва бундай таҳрир тўғри ҳам эди. Дейлик шу жумла шу ҳолида рус тилига таржима қилинадиган бўлса, таржимон “У”ни “Она” деб ёзишга мажбур бўлар ва бунинг натижасида муаллиф кўзда тутган қаҳрамоннинг ким эканини дарров билдирмай туришга интилиш эффекти йўқолар эди. Қолаверса, бундай яшириб туриш усулининг матнда бадиий юк ташиши масаласи ҳам жуда эътирозлидир. Чунки беш-ўн сатрдан кейиноқ “У”нинг қиз бола экани билиниб қолади.

 

1957 йилги нашрда мазкур жумла қуйидагича кўриниш олган: “Қиз эшик олдига юраги бетламайроқ келди; эшикнинг тутқичидан ушлаб аста тортиши...”. Эътибор қилсак, ёзувчи бетламайрак сўзини ҳам бугунги адабий тилимизга, ҳам жонли сўзлашув тилига мос бўлган шаклга келтириб, бетламайроқ тарзида таҳрир қилган.

 

1967 йилдаги нашрда шунингдек “тутқич” сўзи “қабза” сўзи билан алмаштирилган. Бу таҳрир ҳам жуда ўринли. Чунки тутқич сўзи умумий маъноли бўлиб, у айнан эшик тутқичига нисбатангина ишлатилмайди. “Қабза” сўзи эса жонли сўзлашув тилида кам ишлатилганига қарамасдан, айни эшикка тегишлилиги билан аҳамиятли. Шунингдек, биринчи ва иккинчи нашрда ҳам мазкур жумлада “эшик” сўзи икки марта ишлатилган эди. Маънони етказиш жиҳатидан тўғри бўлган бу ҳолат, бадиият нуқтаи назаридан олганда, бир сўзнинг қайта-қайта ишлатилиши сабабли камчилик саналади. Учинчи нашрда Абдулла Қаҳҳор шу камчиликни тузатади: “Қиз эшик олдига юраги бетламайроқ келди; унинг қабзасидан ушлаб аста тортиши...”.

 

Иккинчи хатбошидаги “паришонхотир турган қизға” жумласидаги “-ға” қўшимчаси иккинчи нашрда “-га” деб тузатилади. Паришонхотир туриш ва паришон туриш ўртасидаги ҳолатларда ҳам маъно кучайиши деярли йўқ даражада, чунки бу ерда  асосий эътибор қизнинг маълум бир  туришида бўлиб, паришонхотир дейилганда қизнинг хотирасидаги бирон фикр кейинроқ, ҳеч бўлмаса, қайд этилиши лозим эди. Бироқ асарда бундай ҳолатни кузатмаймиз. Шу боис Абдулла Қаҳҳорнинг жумлани “паришон турган қизга” деб тузатиши ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди. Бу ерда жумла озгина қисқарган, лекин бу қисқариш тасвирга ҳам, маънога ҳам салбий таъсир қилмаган.

 

Асарнинг биринчи нашридаги шу хатбошида қия эшикни зичлаб ёпган қиз йигитнинг ортидан “ўйланиб” қараб қолади. Қаҳҳор бундаги “ўйланиб” сўзини ҳам олиб ташлайди: чунки қараб қолишнинг ичида ўйланиб маъноси ҳам бор, буни такрорлаш шартмас.

 

Кейинги хатбошида Мунисхоннинг чақирганини эшитган Саидийнинг ҳолатини адиб шундай тасвирлайди: “Йигит бу товушнинг қаёқдан келганлигини билолмай аланглаб орқасига қаради. Қиз саволини яна такрорламакчи бўлган эди, у худди ундан бирон хизмат кутгандай қўлидағи қоғозларини толстовкасининг чўнтагига солиб”, қизга жавоб қайтаради. Бу анчайин батафсил тасвир бўлса ҳам бирмунча ноаниқликлар бор. Хусусан, Абдулла Қаҳҳор асарнинг бошидан охиригача Саидийнинг Мунисхонга муносабатини бир кўришда муҳаббат деб таъкидлаб тургани сезилади. Мазкур жумлада эса айни шу тушунчага хилофлик мавжуд. Яъни, айни ҳолатда Саидийнинг “бу товушнинг қаёқдан келганлигини билолмай аланглаб” қараши юқорида айтилган маънога зид келиб турибди. Мабодо бу, Абдулла Қаҳҳор кўрсатишга интилганидай, бир қарашда муҳаббат бўлганида эди, Саидий шундай бир чақириқни ич-ичидан кутиб турган бўлар ва натижада у алангламасдан, дарҳол ортга ўгирилган бўларди. Шуни ҳисобга олган адиб кейинги нашрларда жумлани бутунлай қайта ишлайди, ўқувчининг хаёлини чалғитиши мумкин бўлган ортиқча тафсилотлар қисқариб кетади: “Йигит орқасига қаради ва худди ундан бирон хизмат кутгандай қўлидаги қоғозларини толстовкасининг чўнтагига солиб”, қизга жавоб қайтаради.

 

Дастлабки нашрда шу ҳолат тасвирида қизнинг саволига жавобан Саидий “Мен... – деди ва негадир қизарди” деб қайд этилади. Кейинги нашрлардан Абдулла Қаҳҳор “ва негадир қизарди” деган сифатни олиб ташлайди. Бу ердаги “қизариш” ҳолати ўқувчининг хаёлини чалғитиши мумкин эди. Чунки эндигина қўлига китоб олиб ўқишни бошлаган китобхон ҳали Саидийнинг Мунисхонга муҳаббатидан хабардор эмасди. Шу эҳтимолни ҳисобга олган адиб жумлани қисқартади ва объективлаштиради.

 

Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошлари ўзбек адабий тилининг бойиб бориши ва тараққиёти даври ҳисобланади. Тилшунос ва тил тарихчиси бўлган олимларимизнинг якдил фикрига мувофиқ бу даврда ўзбек адабий тили тизимида газета-публицистика тили ва услуби шаклланди. Газета-публицистика услуби ва давр адабиётининг таъсирида рус тили ҳисобига тилимиз лексикаси бирмунча бойиди. Айниқса, ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охирида ўзбек миллий тили меъёрларини яратиш борасида бошланган ишлар адабий тилимизда анъанавий равишда қўлланиб келган араб, форс, турк ва татар тилларига хос хусусиятларнинг камайиб кетишига сабаб бўлди.

 

Хусусан, миллий тилни яратиш ва шакллантириш соҳасида шўро сиёсати сабабли бошланган курашлар оқибатида бугунги ўзбек адабий тили услублари тўла шаклланди ва уларнинг ҳажми анча кенгайди дея эътироф этсак-да, айни вақтда умумтуркий лисоний майдондан четга чиқиб қолганимизни ҳам эътироф этишимиз даркор.

 

Мусулмон НАМОЗ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 1-сон.

“Тил ва таҳрир” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//