Абдулла Қодирийга салом беролмаган келини


Сақлаш
12:09 / 08.09.2021 2002 1

Адибнинг омади

Ўзбек адабиётининг дарғалари – замонасига сиғмаган, қатағон курбонлари ҳақида хотира китоблар яратишнинг ўз вақтида имкони бўлмаган. Мустақиллик йилларида бунга йўл очилса-да, бахтга қарши улар ҳақида ёзишга қодир-қобил шахслар бармоқ билан санарли қолган. Кўрган-билганлардан ёзиб олинганлари ҳам мазмунан ўзига яраша, хийла паришон чиққан. Боз устига, бу алломалар ортида садоқатли, фидойи шогирд, умр йўлдош, оға-инилар, фарзандлар қолмагани учун мавжуд имкониятлар бой берилган. Бироқ бу борада Абдулла Қодирийнинг омади бор экан (Умарали Норматов, “Қодирийнинг сўнгги илтижоси”)...”.

Адибнинг 1918 йили туғилган тўнғич ўғли Ҳабибулла Қодирий падари бузруквори ҳибсга олинганида 20 ёшда, тиббиёт институти толиби эди. Отасининг ҳаёти, ижоди, қисматига оид жамики воқеа­ҳодисадан хабардор эди. Ота қамоқда эканида катта оиланинг бутун ташвиши ўша кезлари суяк сили касалига чалиниб гипсда ётган Ҳабибулла зиммасига тушади. Камида, унинг ҳам гарданига отанинг куни тушади – 1945 йил 28 майда ҳибсга олиниб, “аксилиниқилобий ёшлар ташкилотининг раҳбари бўлган, отасининг тақиқланган асарларини уйида сақлаган, совет ҳукуматига қарши агитация ишлари олиб борган” деган айбловлар билан 10 йил қамоқ ва сургун азобларини бошдан кечиради.

У ёқдан қайтгач, чала қолган таълимини давом эттиради. Тугатгач, пойтахтдаги 10-шифохонада шифокор бўлиб хизмат қилиши баробарида юрагида тугиб юрган энг катта орзуси – отасининг ижодий меросини тўплаш, ҳаёти, шахсияти, ижодий қисматига оид маълумотларни жамлашга қаттиқ бел боғлайди. Абдулла Қодирийни кўрган-билган замондошларидан у ҳақдаги хотираларни йиғиб, “Абдулла Қодирий замондошлари хотирасида”, ўз қаламига мансуб “Отам ҳақида” хотиралар китоблари босмадан чиқади.

Умри поёнида оғир хаста бўлишига қарамай, “Қодирийнинг сўнгги кунлари” хотира-қиссаси устида ишлади. Абдулла Қодирийнинг энг таҳликали кунлари ҳақидаги фиғонларга тўла насрий ҳужжатли достонини поёнига етказди, шеър, драма, ҳажвия, публицистик ва адабий-танқидий мақолаларини қидириб топиб, нашрга тайёрлади. Олтмишга яқин адабий тахаллусни аниқлаб, 1969 йили “Кичик асарлар” китобини чоп эттирди...

Ҳабибулла Қодирийдек ўғилнинг ана шундай заҳматли ишлари туфайли биз ва келажак авлод муфассал адабиётлар билан танишиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, Абдулла Қодирий нафақат ўғилдан омади чопган, қолаверса, қўлидан бир пиёла чой ичмаган, қайнота бўлиб саломини олмаган бўлса-да, келиндан ҳам ёлчиган эди. Ижодий мероси тикланишида ўғли Ҳабибулланинг ҳиссаси қанча бўлса, келини – Ҳабибулла Қодирийнинг умр йўлдоши Мукамбар Миряҳё қизининг меҳнати ҳам беқиёсдир. Зеро, бир шифокор инсоннинг ишдан сўнг уйидаги ижодхонасида ишлаши ва мақсадига эришишида фақатгина ички хоҳишгина эмас, жуфти ҳалоли томонидан яратилган сокингина муҳит, эъзозу эҳтиром, авайланиш, руҳий, маънавий кўмак катта аҳамиятга эга.

Абдулла Қодирийнинг набираси, Ҳабибулла Қодирийнинг қизи Манзума ая билан суҳбатлашиб, бунга яна бир карра амин бўлдик (Афсуски, Мукамбар ая билан юзма-юз суҳбатлашиб, хотираларини тинглаш насиб этмади, 2021 йил 17 мартда 86 ёшида чин дунёга рихлат қилдилар).

 

“Дадамни ёмғир овозидан ҳам асрар эдилар”

– Онам у кўчадан бу кўчага келин бўлиб тушган. Икки тарафнинг ота-боболари бир-бирига қадрдон, ҳаммаслак, илмли, зиёли бўлишган. Она томондан бобо-бувим Қодирийлар хонадонини ўзгача ҳурмат қилишган, беайбликларини билишган. Ўша пайтда тилларига чиқаролмасалар ҳам, ич-ичидан жуда ҳурмат қилишган.

Онам Самарқанд дарвозадаги бобом қурган уйга келин бўлиб тушган. Ҳар бир ҳаракатида бу оилага муносиб бўлишга интилган. Бу ерда қайнота ва қайнонамнинг пок руҳлари кезиб юради, деб ҳамиша покизаликка интилган. Уй зинасини супурги ишлатмай, ҳар куни сув сепиб, латта билан артиб олар, сўнг ўтириб тиловат қиларди. Унга оёқ кийимимиз билан чиқишга қўймас, ўзлари ҳам бунга амал қиларди. Боламан-да, сўрардим: – Оёқ кийимда чиқсам, нима бўлади? Бўлмайди, бу ерларга бувангнинг қўллари теккан, табаррук, дерди. Ушбу цементли пиллапояни тозалашни умрининг охиригача канда қилмади.

Оиламизда ўзбекча урф-одат, аёлларга хос иффат сақланиб келган. Масалан, кўчадан бирор киши сўраб келса, аёл киши дарвозага чиқмаган. Масалалар эркаклар билан ҳал этилган.

Онам юмшоқтабиатли аёл эди. Ёшликдан қийинчилик кўргани учун бу ердаям тош келса кемириб, сув келса симирган. Ораларидаги фарқ катта – 17 ёш бўлгани учунми, ҳурмат ва ҳайиқиш бўлган. Ҳақиқий уй бекаси эди, дадамдан бесўроқ остона ҳатламаган, аслида кўча-кўйларни яхши билмаган ҳам.

Маҳаллада волидамни Ипакойи деб аташарди. Чунки қўшнилар билан бирор марта сан-манга бормаган, уйда ҳам овози баланд чиқмаган экан. Гап-гаштак-ку кўрмаган, тўй-ҳашамга ҳам рухсат бўлсагина, борар экан.

Ҳазил аралаш бир иборалари бор эди: “Мен умр бўйи ёзувчига котиба бўлиб ўтдим”. Бунинг тагида алам ҳам, азоб ҳам, дард ҳам бор эди. Чунки 10 йил қамоқда ноҳақ ўтириб, асаби, соғлиғи тугаб келган одам билан муроса қилиб яшади. Масалан, уйимизда ҳеч қачон телевизор овози баландлатилмас, уям фақат кечқурун қўйиларди. Касби ҳамшира бўлгани учун бирор қўшнимиз уколга келсагина, гаплашиб қолар, суҳбатлари сал чўзилса, дадам “чуқ-чуқ”лаб қўяр, шунинг ўзи етарли эди.

Дадам ижод қилиб ўтирганида чанқаса, чой келтир, демасди, чойнак қопқоғини бир кўтариб қўярди, холос. Зийрак онажонимга шунинг ўзи кифоя эди, дарров чой дамлаб, олиб кирарди. Дадам доим хаёл оғушида юрар, туни билан қоғоз қоралагани учун кеч уйғонарди. Шунинг учун онам эрталабги супуришга ҳовлини кечқурун тайёрлаб қўярди. Биласизми, қанақа қилиб? Ариқ сувини ерга кўлмаклатиб сепар, у эса саҳаргача сингиб, намхушгина бўлиб турарди. Тонгда шарақлатиб сув сепишга ҳожат қолмасди ва чангитмайгина, оҳистагина супуриб олардик. Мақсад, кечаси билан ижод қилиб, тонгда ухлаб қолган турмуш ўртоғини тонгда ҳовлига сув сепаман деб уйғотиб юбормаслик! Авайлаш! Эҳтиётлаш!

Супур-сидирларни барвақт, ғира-ширада бажарардик. Ювуқсиз юз билан қуёшни кўриш уят ҳисобланар, бундан бизни доим қайтарарди.  Дарвозахонанинг олдини энг аввал тозалардик, намозга ўтадиган чоллар хонадонимизга нисбатан салбий фикрда бўлмаслиги учун.

Яна бир ҳолни айтсам, ҳайрон ҳам қоласиз. Биласиз, ёмғир ёғса, тарновдан сув шариллаб тушади. Шу боис ёмғир ёғар-ёғмас югуриб бориб, ҳовлининг ёнбошида аввалдан тайёрлаб қўйилган узун ёғочларни тарновга тираб қўярдилар, сув шарақламайгина, унга бўйлаб, ерга оқсин деб (жимгина йиғлайди – Н.Э.). Бунга ҳаммамиз ҳушёр турардик. Чунки ёмғирнинг жилдираган овозиям дадамга ёқмаган.

Нега, биласизми? Кейинчалик ўқиб билдимки, сиёсий маҳбусларнинг асабига тегиш учун атайин сувни тепадан мунтазам равишда чак-чаклатиб оқизиб қўйишар экан. Бу уларга ҳаммасидан оғриқли азоб берар, ана шу “чак-чак”ларга чидаш энг мушкули экан. Шунинг учун сувнинг чакиллагани ҳам дадамни асабларини ўйнатиб юборар, у мудҳиш кунларни қайта эсга солар, онам эса бундан эҳтиётлар экан.

Дадам биз мактабга кетгач, соат ўнларда уйғонар, бу пайтда улар учун махсус қайнатма шўрва тайёр турарди. Кичкинагина қозончада. Газ плитамизни ҳар бир бўлагида қозон қайнарди, биз болалар учун алоҳида, дадам учун алоҳида. Чунки ошқозони маҳбусликда ишдан чиққан, камига пневмония орттириб келганди. Сургунликда суяк шўрва ичавериб жонимга теккан дерканлар.

Ойим дадамнинг буюк ишга қасд қилган мақсадини яхши тушуниб, ижод қилишига шундай шароит яратиб берганки, ортиқча тиқ этган товуш бўлмаган, ҳаттоки оёқ учида юрарди. Биз ҳам шовқин-сурон қилмасдик.

Қайнона-қайнотани кўрмаган бўлсалар-да, уларга садоқат билан яшади. “Ўткан кунлар”ни ҳар куни қўлларига олиб, ўқиб, ўпарди. Айримлар ўпманг, бу муқаддас китобмас-ку, деб эътироз билдиришса, йўқ, бу улуғ инсонларнинг китоби, дерди. Ҳатто ўлимларидан олдин касал бўлиб ётганларидаям китобни тик қўйиб силаб турарди...

Янги йил байрами бизникида ҳеч қачон нишонланмаган. Бир куни йиғлаганман, ўсмир эканман, фалончиникида столларни безатиб, янги йил кутишяпти, биз-чи, десам, ўчир овозингни, деганлар. Эсимни танибманки, дадам 31 декабрда касалхоналарида навбатчилик олиб, ўша ёқда бўларди. Тансиқ овқатни ҳам ойим дадам кетгач қилиб берардилар.

Дадам ўта зиёли, маданиятли шахс бўлганки, биз фарзандлар у кишининг ўн йил “ўтириб” келганини билмаганмиз. Биласизми, қачон билдик, ўлганларидан кейин билдик! Энди эслайман, ҳар баҳорда сандиқ очилиб, кийимлар ёйиларди. Шунда итнинг терисидан қилинган қўлқоп ва оғир пўстин чиққан. Ойи, нима бу, ташлаб юборайлик, десам, ўчир овозингни, буни даданг қамоқда кийган, дедилар. Ие, дадам қамалганми, десам, э... йўқ... узоқ жойда, совуқларда бўлган, деб гапни айлантириб юборганди. Чунки биз болаларнинг олдида сиёсат ҳақида гапирилмаган. Бувам ўз ажаллари билан ўлган, деб ўйлаганман, отилганлари ҳақидаги гаплар оила даврасида айтилмаган.

Билганимда англадимки, янги йилни нега нишонлашмаганини, дадам нега у кунни фақат шифохонада навбатчиликда ўтказганини.  Сабабки, Абдулла Қодирий бобомизни 1937 йил айнан янги йил кечаси 11:30 да, ҳамма байрамни кутаётган вақтда олиб кетишган экан!..

Биздан сир тутишгани, биринчидан, тарбия, иккинчидан, у кунларнинг таъсирида бу оила унча-бунча юрак олдириб қўймаган, биз болалар кўчага чиқиб, бир нарса деб қўйсак, иш чаппасига кетиши ҳеч гап эмасди. Дадамнинг энг асосий мақсади битта, бувамнинг топталган номини қайтадан тиклаш бўлган. Умрининг охиригача тиш-тирноқлари билан, гард юқмаган ҳолатда шунга интилди ва эришди. Адибимиз Тоҳир Малик айтгандики: “Мен ҳайрон қоламан, Чўлпон бу даражада эмас, Фитрат, ҳам, чунки уларнинг Абдулла Қодирийнинг фарзандлари каби зурриёди бўлмаган. Қодирийнинг бахти шундай жонфидо ўғли бўлганида”.

 

Ота изи ўчмайди

Қуш уясида кўрганини қилади. Ҳабибулла Қодирийдек жонфидо ўғил ва Мукамбар онанинг тарбиясини кўрган зурриёдлари ҳам Қодирийлар шаъни, қадрини улуғлаб, шунга мос бўлишга интилишди. Ҳабибулла Қодирий икки ўғли Хондамир ва Шерконларни ёнига олиб, уларни ҳам қодирийшунос қилиб тарбиялаганди. Хондамир отаси раҳбарлигида қисса, ҳажвия, очерк, мақолалар ва фельетонлар тўплами – “Ғирвонлик Маллавой” ҳамда “Ўткан кунлар”нинг 1926 йилги нашри асосида асл тўла нусхасини, “Меҳробдан чаён”нинг 1929 йилдаги китоб вариантига асосланган нашрини тайёрлаб, яхлит китоб ҳолида нашрдан чиқарди. Шеърлар, ҳикоялар, Қодирийнинг сўнгги илтижоси саҳна асарлари, ҳангома, фельетон ва мақолалардан иборат нисбатан энг тўлиқ ҳисобланган салмоқли мажмуани “Диёри бакр” номи остида чоп эттирди. У бобоси мероси баробарида падари бузруквори архивини асраб-авайлаб, асарларини қайта нашрга тайёрлади: “Отамдан хотира” ана шу меҳнат маҳсулидир. Кичик ўғил Шеркон Қодирий ҳам бу қутлуғ ишда акасига камарбасталик кўрсатиб, “37-хонадон” китобини чоп этди. Бундай эзгу ҳаракат ҳануз давом этмоқда.

Акамлар – Хондамир, Шеркон, мен ва укам Ирфон ота-онамга, боболаримизга муносиб бўлишга қанчалик ҳаракат қилсак, набираларимизга бу анъанани давом эттиришларини тайинлаймиз, дейди Манзума ая сўзини якунлаётиб. –  Қизим Маҳзуна Қодирий инглиз тили ўқитувчиси, у ҳам буваларининг асарларини хорижий тилларга ўгириб, дунёга тарғиб қилиш билан банд...

Манзума ая билан хайрлашар эканман, Абдулла Қодирийнинг қуйидаги сўзлари эсимга тушди:

“Дунёда кишидан гўзал ҳулқли, солиҳ фарзандлар билан яхши китоблар қолади”, деган ҳадисни ўқиб ўйланиб қолдим. Кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган фурсат – умрда одам ўзидан кейин қолдирадиган ворисларнинг хадди аълоси ҳам шу аслида”.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА

1 Изоҳ

Кодирова Угилхон Сотиболдиевна

06:01 / 01.01.1970

Аждодлар тарихи биз учун мукаддас.Уша даврнинг зиёлилари булган Кодирийдек инсонлар катагон даврининг нишонига айланди афсус.Утган кунлар бундай асарлар ёзилармикин.....

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси