Усмон Носир зориқиб кутган "Иссиқ қор" – спектакл ҳақида ипидан-игнасигача


Сақлаш
05:11 / 17.07.2022 1183 0

Ҳассос ва жунунваш шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати ила Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида премьера қилинган спектакл жамоатчилик орасида қизғин мунозарага сабаб бўлди. Бунинг ўзига хос омиллари бор, албатта. Аввало, неча йиллар маиший мавзулар теграсида ўралашиб, асл тарихи ва анъаналарини унутаёзган Муқимий театрининг яна жиддий асарларга қайта бошлагани, миллат ойдинларини саҳнага олиб чиқаётгани ғоят қувончли ҳодиса эди.

 

Яна бир эътирофли ҳолат шуки, ўзбек театрининг истиқболи, навқирон авлоднинг салоҳияти хусусида хавотирли мулоҳазалар айтилаётган бир пайтда ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев драматург ўлароқ кашф этилиб, тенгқур режиссёр Достон Ҳақбердиев билан ижодий тандемни юзага келтирди. Қолаверса, спектакль дирижёри, рассоми ва актёрлар жамоаси ҳам ёшлардан иборат. Энг муҳими, ўртада Усмон Носир шахси бор, бу буюк шоир ҳақида ўртамиёна асар яратиб, тасаввуримиздаги кўримларни хира торттирмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 

Спектакл ҳақидаги мулоҳазаларимизни бевосита драманинг ўзидан бошласак, мантиқан тўғри бўлар. Жавлон Жовлиевнинг ижодий эволюцияси тизимли ривожланмоқда, дастлаб ҳикоялар, кейин роман ёзган адиб энди бадиий адабиётнинг энг мураккаб йўналиши – драматургияга қўл урди. Дарҳақиқат, бу осон жанр эмас. Ҳатто Толстойу Достоевскийдек дунё адабиёти мэтрлари ҳам иқрор бўлган бунга. Оқсоқол адибларимиз Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад насрда анча-мунча қалам тебратиб, кейин драматургияга ўтгани маълум. Шу маънода Жавлоннинг йўли тўғри, мақсадли ва, энг муҳими, илк драматик асаридаёқ муваффақиятга эришди.

 

Драматургия, умуман, бадиий адабиётга хос типиклаштириш, давр ва шахс фожиасини умумий фонда ифодалаш, монологу диалогларга ижтимоий руҳ сингдириш, драмани лирика билан уйғунлаштириш сингари жиҳатларда муаллифнинг истеъдоди яққол кўринади. Айниқса, Усмон Носир тилидан янгровчи хитоблар ғоят жўшқин, оҳорли, эҳтиросли, устоз Абдулла Ориф айтмоқчи, бамисли “теккан жойни куйдирадиган олов”дек ҳароратли.

 

Дарвоқе, драманинг илк номи “Иссиқ қор” эди, каминага шу ном маъқул бўлганди. Манфур тузум тирик ҳужайраларнинг барини музлатган, ҳақиқатни айтувчи тиллар яхдек қотирилган, шу боис бош қаҳрамон саҳнага музлатгичда олиб чиқилар ва драма интиҳосида азобу хўрликлардан абгор бўлиб, ўтинчли ёзғирарди: “Ё, Аллоҳ, ўзинг илит бу тошюракларни... Ўзинг бу ўлкаларга ҳам иссиқ қорларни ёғдир...”. Кўринадики, ёзувчи драмада метафоралардан унумли фойдаланади, қаҳрамонини рамзлар тили орқали сўзлатади. Пиесада бош қаҳрамон тилидан айтилувчи “Адабиёт йўқ, Усмон ҳам йўқ!”, “Мен кўп яшамайман, шеърларим қарийди, мен эмас...”, “Сутнинг таъми қолган “она” деган сўзда”, “Мен адабиётга эмас, урушга кирдим” каби монологлар томошабинни ҳаяжонга солади, оташқалб шоирнинг руҳияти, ҳис-туйғуларига ошно этади.

 

Жавлон Жовлиевнинг истеъдодига ҳеч шубҳа қилмаган ҳолда, “Суқрот – менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан устун” деган кўҳна ақидага риоя этиб, драманинг том маънода баркамол чиқишига соя солган икки жиҳатни таъкидлашни хоҳлардик: биринчиси, асарда насрий тил устуворлик қилади. Монологу диалоглар ҳар қанча таъсирчан, ижтимоий дардга йўғрилган бўлмасин, ортиқча тафсилот, чўзиқлик бор. Насрда бу ўзини оқлайди, лекин драмада эмас. Драматик турда сўз ортидаги фикр, ҳолат, эҳтиросу туйғулар ҳаракатланиши лозим. Драматургнинг ёзувчидан фарқи шуки, қаҳрамонлари тақдирига бевосита аралашолмайди, фақат онда-сонда ремаркалар орқали муносабат билдиради. Насрнинг тилию жозибасини пухта ўзлаштирган Жавлон эса персонажларига бирмунча кўпроқ сўз юклайди, натижада асар саҳнага чиққач, воқеалар чўзилгани аён бўлади.

 

Иккинчиси – драматургиянинг қон томири бўлган характер масаласи. Пиесадаги барча образлар хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, бир хил рангу тусда намоён бўлади, яъни муаллиф ҳукмни бошиданоқ ўқиб қўяди: оқ оқ, қора қоралигича қолади, қаҳрамонлар сажиясининг турфа товланишлари, ранг-баранг эволюцияси кўрсатилмайди. Буюк Аристотелнинг назарияси бўйича, асарда персонажлар “бахтдан – бахтсизликка ёки бахтсизликдан бахтга қараб ҳаракатланади”. Шундан келиб чиқсак, Усмон Носирни сотган Шокир Абди, Қўчқор Самад онасининг қорнидан сотқин бўлиб туғилмаган-ку, ахир?! Айни шу масалаларда драма ҳали тўла қиёмига етмагани кўринади. Бироқ ишончимиз комилки, Жавлоннинг истеъдоди ва маҳорати бундай камчиликларни бартараф этишга етади.

 

Энди режиссёр талқинига тўхталсак, Достон Ҳақбердиевнинг кўримлари, топилмалари, режиссёрлик уқуви ва салоҳиятини эътироф этмаслик мумкин эмас. Биринчи навбатда, Достон ўз атрофида яхши жамоа йиға олган ва уларга тўғри йўналиш берган. Актёрлар, композитор, дирижёр, рассом, либос устаси, хореограф ва бошқа ижодкорлар режиссёр маслагини ҳис қилгани кўриниб туради.

 

Спектакль аввалида шоирнинг музлатгичда олиб чиқилиши ва бу восита томоша давомида турли функцияларни бажариши, шартли мизансаҳналар – Шўро талотумларидан зада бўлган ижодкорнинг машҳур “Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!” мисраларини ўқиб, қоғозларни жаҳд ила сачратқи қилиши, шоир шеърлари ва арияларнинг спектакль композицияси ва руҳига мос тарзда киритилгани сингари режиссёрлик ютуқларини алоҳида таъкидлаш зарур. Айниқса, спектакль финалида рус зобитидан ўқ еган сотқинларнинг “Биз ҳали кўп яшаймиз”, дея томошабинлар (халқ) орасига кириши ва яна шу даврадан чиқиб, Усмон Носир ҳайкалига гул қўйиши – образли топилма, бу орқали режиссёр хоинлар орамизда яшаётганига ишора қилади.

 

Аммо, наздимизда, режиссёрнинг якдил ечими, мантиқий якуни борасида аниқ фикр айтиш қийин. Режиссёр камида учта саҳнада спектаклга интиҳоловчи нуқта қўяди: боя эслаганимиз, “Ўша жонман...” шеъри ўқилаётганда, она билан видолашувида ва охирги саҳнада. Каминага қолса, шоирнинг волидаси билан хайр-хўшлашиши ҳам чиройли ечим бўлиши мумкин эди. Боиси, оташқалб шоир онасига қарата шундай нидо қиладики, гўё бу бутун халққа айтилаётган васиятдек янграйди: “Кут, Она!.. Бу элдан эл деганлар чиққунча кут, миллатнинг дардини даволайдиганлар чиққунча кут...” Фикримизча, шу сўзлар ила спектакль хотималанса, томошабин қалбида ҳам недир умид, ёруғ бир ишонч қоларди.

 

Актёрлар ижроси ҳақида сўз кетганда, Усмон Носир образини гавдалантирган Равшан Иброҳимов ҳақида, театр саҳнасидаги илк катта роли бўлишига қарамай, некбин фикрлар айтишга асос етарли. У шоир руҳиятининг нозик жиҳатлари, дақиқ нуқталарини ҳис қилишга интилади. Бош қаҳрамон характерининг серқатламлилиги – фавқулодда оташин, эҳтиросли, айни пайтда, эркаю тантилигини назарда тутсак, бу мураккаб сажияни акс эттириш актёр учун осон кечмаслиги аниқ эди.

 

Равшан Иброҳимов ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳассос шоир қиёфасини баҳоли қудрат яратади: сўздан арияга, ҳолатдан ҳолатга ўтиш, драма ва мусиқани ҳис қилиш, партнёрларга тез мослашиш, психологик бўёқлардан унумли фойдаланиш сингари жиҳатлар ижронинг асосий ютуқлари бўлди. Аммо ҳиссиётларини вақтида жиловлай билмаслиги, айрим саҳналарда қуруқ декламацияга ўтиб кетиши, эҳтиросларни бўрттириш учун овозга зўр бериши том маънодаги Усмон Носир образининг яралишига монеълик қилган.

 

Сал аввал қайд этганимиздек, актёрлар жамоасининг деярли барчаси ёшлар ва улар диққатга арзигулик характерлар ярата билган. Хусусан, Усмон Носирнинг сотқин дўстлари – Қўчқор Самадни ижро этган Олтинбек Сапаралиев, Шокир Абдини гавдалантирган Омон Йўлдошев қаҳрамонларининг салбий қусурлари, қора ниятларини давр фожиаси билан уйғунликда кўрсата олган. Шунингдек, Тўхта шоир (Музаффар Ҳамидов), рус зобитлари – Ваня (Аброр Маллабоев), Саша (Жавоҳир Одилжонов), Луиза (Оқила Ғуломова), доктор (Бозор Холмўминов) каби персонажларни талқин қилган актёрлар ҳам режиссёр кўрсатмаси ва ўз ижро услубидан келиб чиқиб, муайян ютуқларга эришганини таъкидламоқ жоиз.

 

Театрнинг тажрибали актрисаси Маъсуда Отажонова яратган шоирнинг онаси – Холамбиби образи ҳиссиётларининг табиийлиги, миллий колоритга йўғрилгани билан ажралиб туради. Она учун фарзанд камоли муҳим, у ёлғизгина ўғлининг адабиёт йўлида жувонмарг кетишидан чўчийди, бундай хатарнок қисматдан қайтаришга уринади, оёғига бош уриб йиғлайди, зорланади. Қанийди, қайсар ўғил қайтса! Ахир, ўзи айтганидек, “Адабиёт йўқ, Усмон ҳам йўқ!”. Шўрликкина волиданинг таваллолари, оҳу нолалари шамолга соврилгандек беиз кетади. Актриса онаизорнинг ана шу туғёнлари, ботиний азобу ситамларини ишонарли кўрсатади, вокал ва драматик имкониятларидан унумли фойдаланади.

 

Шубҳасиз, бундай тарихий асарларда томошабинни давр руҳига олиб кириш, мозий муҳитини очиб беришда саҳналаштирувчи рассомнинг ижоди алоҳида ўрин тутади. Шу маънода мазкур спектакл безакларини яратган ёш мусаввир Миржалол Холиқовнинг хизматларини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмас. Саҳна юқорисига шоирнинг энг машҳур, дардчил шеърлари битилган оқ матолар осилган, бу топилма фожиавий руҳга йўғрилган спектаклга оз бўлса-да лирик-поэтик жозиба бағишлайди ва томошабинни шеърият аталмиш сеҳрли оламга етаклайди. Лекин матолар спектакль давомида деярли ҳаракатланмайди ва статик тарзда осилиб тураверади. Ваҳоланки, шоир ҳолати ва тақдирига монанд равишда декорацияларни ишлатиш, “сўзлатиш” мумкин эди. Натижада томошанинг бадиий-эмоционал ҳарорати ошар, рассом фантазиясининг кучи янада кўринарди.

 

Спектакль учун атоқли композитор Мустафо Бафоев мусиқа ва ариялар ёзган. Усмон Носир лирикасини гўзал оҳангларга кўчирган. Айниқса, томоша экспозициясидаги “Юрак” ва финал саҳнасидаги “Унутмас мени боғим” шеърлари учун ёзилган мусиқалар спектаклнинг чинакам ютуғи бўлибди.

 

Мухтасар айтганда, Муқимий театри жамоасининг ҳассос шоир Усмон Носир ҳақидаги спектаклини маданий ҳаётимиздаги эътиборга молик воқеа деб аташ мумкин. Айниқса, миллатнинг асл фарзандлари сиймосини саҳнага олиб чиқишда ёш ижодкорларнинг жонбозлик кўрсатганини ҳар қанча қутласак арзийди. Умидимиз, айни жараён бардавом бўлсин, томошабиннинг ўткинчи истакларини қитиқлайдиган умри қисқа асарлар эмас, тафаккуру дунёқарашни юксалтирадиган, Усмон Носир сингари буюк шахсларни танитадиган спектакллар яратилаверсин.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,

санъатшунос

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 26
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10389
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//