Мадҳ этиш жасорат эмас, нуқсонларини юзига айтолган ижодкоргина ҳақиқий шоирдир – Президент маслаҳатчисининг Эркин Воҳидов ҳақидаги хотиралари


Сақлаш
04:45 / 17.07.2022 1761 0

Ҳаётда буюк истеъдодли инсонлар ўз меҳнати ва ижоди билан миллат, халқ маънавияти ва маданиятига юксак ҳисса қўшиши билан бир қаторда, фавқулодда ноёб қобилият эгаси, бутун бўй-басти билан миллат, халқ қиёфасини ўзида акс эттирадиган кучли бир тарихий шахс сифатида ҳам ўчмас из қолдиради.

 

Ана шундай шахслардан бири – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, бутун умри давомида она юрт, жонажон халқининг дарду армонларини куйлаб ўтган инсон Эркин Воҳидовдир.

 

Устоз Эркин Воҳидовнинг инсоний фазилатлари, уларнинг ҳаётлик даврларида биз шогирдларга берган ҳаётий сабоқлари ҳақида узоқ ҳикоя қилиш мумкин.

 

Эркин ака билан Тошкентда, Ҳувайдо маҳалласида қўшни бўлиб яшардик. 1981–1983 йиллари Фарғонада давлат хизмати органида ишлардим. Ўша вақтлари Ўзбекистон бошига оғир кунлар тушган, бу синов дадамни ҳам четлаб ўтмаганди. Шу сабабли дадам биздан олисда, оиланинг барча масъулияти эса акам ва менинг зиммамда эди. Шунинг учун акам билан иккимиз синглимизни турмушга бердик. 1987 йили мен ва укам қўш тўй қилиб, ҳар биримиз мустақил оила қурдик...

 

Кечагидек эсимда... Куз фасли. Октябрь ойининг охирлари. Осмоннинг қовоғи солиқ. Ҳаво совиган, ёғин-сочинли кунлар эди. Ўша вақтлари тўйлар ҳовлида бўларди. Ҳавонинг инжиқлиги сабабли кўнглимга ҳеч нарса сиғмасди.  Тўй куни эрталаб эшигимиз тақиллаб қолди. Чиқсам, Эркин ака елкаларига брезент ташлаб олганлар. Менга қараб: “Нимага хафа бўлиб ўтирибсан? Хотиржам бўл, мана, мен ёнингда турибман”, деб кўнглимни кўтардилар.

 

Эркин акам иккаламиз брезент билан сўрининг устини ёпдик. Орадан бироз вақт ўтиб, бир гуруҳ оғайниларим кириб келишди. Аммо бунга қадар Эркин акам билан асосий ишни қилиб улгургандик. Ўша куни тўйнинг бошидан охиригача Эркин акам бош-қош бўлиб турдилар. Тўй тугади ҳамки, шаррос ёмғир қуйди. Эртаси куни ёмғир қорга айланди...

 

Гоҳо ўйланиб қоламан: Эркин акам ўша куни олдиндан сезгандай елкаларида брезент билан кириб келиб, сўрининг устини ёптирдилар. Уларга бундай қилишни ҳеч ким айтмаган, менинг-ку айтишга қандай ҳаддим сиғсин! Эркин акамдаги узоқни кўра олиш, юз берадиган ҳодисаларни аввалдан ички ҳиссиёт билан сезиш ва англаш туйғуси Яратган томонидан берилган ноёб қобилият эди, десам асло хато бўлмайди...

 

Машҳур ғазалнавис шоир Тавалло катта бобомиз бўладилар. Онамиз Дилбархон уларга набира, онамизнинг оналарининг исми Раҳбарой бўлган. Бувимиз қизларини бир куни қайсидир иши учун уришиб берадилар. Катта бобомиз эса: “Қизим, Дилбарни уришаверма, болаликда ҳамма болалар шўх ва ўйинқароқ бўлади. Кел, яхшиси, мен сенга Дилбарга ўхшаган шўх, шаддод қизларга бағишланган ғазалимни ўқиб берай”, дебдилар.

 

Бу ғазал Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров томонидан куйланиб, машҳур қўшиққа айланди ва санъатимизнинг олтин фондидан жой олди. Мана ўша ғазал: 

 

Ўйласам, шу дилбарим маккорга ўхшайди-ку,

Раҳми йўқ бир бевафо дилдорга ўхшайди-ку.

 

Ул куни кўнгил ниқобин очибон ман хастани,

Ишқидин бўйнима солган дорга ўхшайди-ку.

 

То бу дам олмас хабар, бўлди юраклар чок-чок,

Шўхи золим ҳийла дил озорга ўхшайди-ку.

 

Наргиси айлай мурувват, деса қўймас кўзлари,

Ханжари мужгонлари хунхорга ўхшайди-ку.

 

Ўзича қилмас манга, мунча жафою жабрини

Анга ўргатган магар ағёрга ўхшайди-ку.

 

Энди, жон, қилдинг, Тавалло, неча йиллар келмади,

Сан каби бечорадан безорга ўхшайди-ку...

 

Афсуски, катта бобомиз Тавалло 1938 йилда қатағон қилинганларидан кейин ушбу ғазалнинг остига Ниҳон тахаллуси қўйилган. Ниҳон Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг тахаллуси бўлган...

 

Камина шоир Таваллонинг авлоди эканимни билганликлари учун Эркин акам 2012 йили ёнларига чақириб: “Абдужаббор, менинг битта армоним бор. Бобонг Тавалло билан боғлиқ китоб чиқмаган. Сен шу китобни чиқартиргин, мен сўзбоши ёзиб бераман. Бунинг сабабини айтай. Бир вақтлар Японияга хизмат сафари билан борган эдим. Ўшанда мендан интервью олишди ва “Сиз “Ўзбегим” қасидасини ёзиб, жуда катта жасорат кўрсатгансиз”, дейишди. Уларга жавобан “Бирор бир миллатни мадҳ этиб шеър ёзиш жасорат ҳисобланмайди, балки нуқсонларини юзига айтиб, дадил туриб, айбини ошкор эта олган, хатоларини танқид қилиб, тўғри йўлга сола билган ижодкоргина ҳақиқий шоирдир. Буларнинг сафига эса шоир Тавалло киради”, деб айтганман. Шунинг учун мана шу ишга бел боғла”, дедилар.

 

Мен уларнинг кўрсатмалари ва тавсияларига асосан ушбу хайрли ишга киришдим. Суриштирсам, ЎзМУ аспиранти Дилдора Раҳмонова шоир Тавалло ижоди бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган экан. Ушбу тадқиқот ва бошқа тегишли материаллардан келиб чиқиб, 2015 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида “Миллат садоси” китобини чиқартирдик. Эркин акам сўзбоши ёзиб бердилар. Китоб чоп этилгандан сўнг кўриб, худди ўзларининг китоблари чиққандай қувонганлари ёдимда. Эркин акамнинг мана шундай ташаббуслари сабабли шоир Тавалло, яъни бобомнинг номи адабиётда қайта тикланди... Бу эса бизга унутилмас қувонч ва фахр туйғусини бахш этганини сўз билан ифодалаш қийин.

 

2003 йили ҳозирги ЎзМУ ташкил қилинганининг 85 йиллик юбилей санаси нишонланган эди. Университет битирувчилари сифатида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Алишер Азизхўжаев, мен ва қатор давлат ва жамоат арбоблари, соҳа вакиллари ўша тадбирда иштирок этганмиз. Таниқли олимларимиздан бири ўз нутқида кутилмаганда барчани ҳайрон қолдириб: “Кейинги вақтлари рус тилини ўрганишга эътибор камроқ туюляпти менга. Ваҳоланки, рус тилини билиш катта фойда келтиради...” дея тил ҳақидаги маърузасини мақтовлар билан давом эттириб кетди.

 

Бироздан сўнг Эркин акам сўзга чиқдилар ва ўша олимга қараб, ғоят нозиклик, ҳурмат-тавозе билан “Устоз, мактабларимизда ҳозир ҳам рус тили ўргатилмоқда. Ушбу тилни билиш, умуман, тил билишнинг фойдаси катта. Биз тилларнинг бирини иккинчисидан устун қўя олмаймиз. Ахир, Навоий тили, Жомий тили, Гейне тили, Пушкин тили адабиётимизнинг гавҳари-ку. Сиздан олган таълим туфайли биз Навоий тилининг буюклигини ўргандик. Дунё ҳам бизнинг тилимизга ҳурмат билан қарамоқда, ўрганмоқда, деган мазмунда фикр билдирдилар.

 

Эркин акамнинг бу гапларидан кейин ўша олим қайта минбарга чиқиб, Эркин ака ҳар соҳада, айниқса, тил билишда устозлар фахр қиладиган даражага етганини ва шогирдларидан миннатдор эканини чин дилдан айтгани ҳали-ҳануз ёдимда.

 

Устозим, қадрдоним Эркин Воҳидовнинг нафақат улкан ижоди, балки миллат ва халқ, давлат тарихи, ижтимоий ҳаёти, керак бўлса, тақдирида ҳал қилувчи ўрин эгаллаган шахси ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин...

 

Хулоса сифатида айтиш лозимки, Эркин Воҳидов ҳар қандай қийин, мураккаб, оғир синовлар онида ҳам, воқеалар ҳаттоки ҳаёти ва тақдирига қарши тус олган тақдирда ҳам, ўзининг ҳалол виждонидан чекинмаган, оғишмаган, иродасию эътиқодида собит турган, фақат ва фақат халқ, миллат, ватан манфаатлари учун ўзини фидо қилган жасур, қатъиятли инсондир. Шунинг учун ҳам бутун халқимиз ўзининг ушбу садоқатли ўғлони билан ҳамиша фахру ифтихор ҳиссини туяди...

 

Абдужаббор АБДУВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Президенти маслаҳатчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//