Цунами, вулқон, зилзила – супер ой ҳодисалари қандай рўй беради?


Сақлаш
03:06 / 16.07.2022 1282 0

Ойдин кеча. Тиззаларимни жуфтлаб, оёқларимни қўлларим билан боғлаганча осмонга қараб ўй суриб ўтирибман. Аввал ой юзидаги доғдан шакл ахтардим. Болаликда онам “Ойда кекса кампир ўғлини кутиб, урчуқ йигириб ўтирибди” дерди. Биз ой юзидаги доғга термилиб, ўша шаклни топар, “ана урчуқ, ана кампирнинг қўли, ортида битта тепалик ҳам бор экан” деб шовқин солардик. Аммо ҳозир кампир ҳам, унинг урчуғи ҳам кўринмади, қаергадир ғойиб бўлган шекилли...

 

Ойдан янги шакл излаб узоқ термилдим. Хаёл шунча опқочибдики, мақсад ҳам эсдан чиқиб, ойга бемаъно тикилиб қолибман. Ой нурларига қўшилиб кўнглимга оқиб кирган исмсиз туйғулардан кўксим қабарди. Тасаввур қилдимки, ойнинг нури кўксимга илиқ сутдай оқиб кириб, унинг ҳар битта пучмоғини тўлдирмоқда. Дақиқа сайин кўзимга яқинлашаётган моҳитоб шу шитобда юзини юзимга босиб, бир дам сукут қилса не тонг!

 

“Ойга бундай термилма, жунун бўлиб қоласан!”.

 

Онамнинг товушидан сергак тортдим. Гапини идрок этишга шуурим ожизлик қилди. “Нима?!” дедим ҳайронлик билан.

 

– Билмасам, болам, эскиларнинг гапини айтдим, – деди онам лойсупа четига чўкиб. – Илгари момолар бизни тўлин ойга қаратмасди. Ўн беш кунлик ой одамни жодулаб, жунун қилиб қўяркан...

 

Ҳа дегандек бош ирғаб, онамнинг хиёл эгилган қоматига, тиззаларини чангаллаб ўтирган серажин қўлларига қарадим. Кейин мулойим жилмайиб турган кўзларига боқиб жилмайдим. Исмсиз қувонч уйғонди кўзимда. Кейин у онамнинг нигоҳида аксланди. Кўз остим билан ойга қарадим. Йўқ, энди у болалигимдаги сирли сайёра эмасди. Шу сония у бутунлай бошқа қиёфага кириб олганди. Урчуқ йигираётган кампирни қаергадир жўнатиб, ўзи ҳеч нарса билмагандек жилмайиб турарди у. Мен айни шу сонияда бутун болалигим билан боғлиқ хотираларни бой берганимни аниқ ҳис этдим.

 

Аммо негадир ойни ёмон кўриб қолмадим. Аксинча, энди унинг сизу биз билмайдиган мўъжизакор сеҳри борлиги ҳайратлантирар, айни дам руҳим танимга сиғмас, қаергадир узоққа бош олиб кетишни, мана шу ойдин кечада бетиним йўл юришни истардим.

 

– Эна, сувёқалаб келай-чи, – дея ўрнимдан турдим. – Кечаси кўпчилик сув олмайди, бош қулоқдан бандни уриб келаман.

 

Ҳовлидан чиқиб, тошлоқ йўл четидаги ариқ бўйлаб борар эканман, ойга қарамасликка уриндим. Аммо беихтиёр унга кўзим тушар, шунда жодулаб қўйишидан чўчигандай кўзим билан ер чизиб борардим. Хаёлимни эса ой, у билан боғлиқ ўйлар банд этди.

 

* * *

Қизиқ, инсон қачон ойга мафтун бўлган экан?! Нега у сон-саноқсиз юлдузларга, ҳаёт нурини бахш этадиган қуёшга эмас, айнан ойга бунчалик ошиқ бўлган? Гўдак тил чиқариб, “ота”, “она” деган сўзни айтиб, дунёни таний бошлаганида “оймомо” дейишни ҳам ўрганади. Уни худди ўзининг бобо-ю момоси каби яхши кўриб, “Оймомо, мени олиб кет!” дея ҳайқиради.

 

Ойга болаларча ошиқлик, унга интилиш инсониятнинг қон-қонига сингиб кетган. Қайси элнинг халқ оғзаки ижодини, хусусан, эртакларини олиб қараманг, ой билан боғлиқ ҳодисаларга дуч келасиз. Шоирларнинг энг гўзал шеърлари аро ҳам ойга ошиқлик бўй кўрсатади. У гоҳ йигитлар кўнглига ғулу солган гўзал ёр, гоҳ икки дилнинг элчиси. Ҳатто бўри ҳам тўлин ойга қараб увлайди. Шундай эрксевар жондор ҳам танига сиғмай кетган чоғлар ойга арз қилади гўё!

 

Бунинг барчасида инсон ақли етмайдиган недир синоат бор. Шунинг учун ҳам аждодларимиз ойни илоҳийлаштирган. Тарих фанлари доктори Шопўлат Шайдуллаевнинг айтишича, тўкинлик рамзи бўлган ҳайвонот илк марта Ахурамазда томонидан Аряна Вайжада яратилган. Эмишки, илоҳий Даити дарёсининг ўнг қирғоғида ой сингари ёрқин оқ ҳўкиз бунёд бўлади. У ўлганда Геус Урваннинг ўнг қўлига йиқилади ва танасидан руҳи чиқиб дейди: “...Ахурамазда ғояси билан суғорилганман”.

 

Унинг танасида тасаввур қилиб бўлмас даражада илоҳий сир содир бўлади. Ҳайвон ўлиб, мияси тўкилган жойдан 55 та заҳарли қора куч ва 12 кўринишдаги доривор гиёҳ ўсиб чиқади. Шохларидан мевали дарахтлар, бурнидан пиёзсимон ўсимликлар, қонидан узум новдалари унади. Шуларнинг барчаси ҳайвонот дунёсидан (сигирдан) яратилган, сўнг улар ой ва қуёш нуридан баҳраманд бўлган.

 

Ахурамазда Даити дарёсининг ўнг томонида инсонни – Гайомартни яратади. Сигирдан сўнг Гайомарт ҳам ўлади ва Геус Урваннинг чап қўлига йиқилади. У ўлиш вақтида оилани яратади. Бу оилалар қуёшнинг айланиши натижасида поклангач орадан қирқ йил ўтиб одамлар ва ер ўсиб чиқади. Шундай қилиб ой шохли ҳайвонот олами билан, қуёш эса инсон билан илоҳийлашади.

 

* * *

Болалигимизда ҳар доим янги ойнинг чиқишини интиқиб кутар, намозшомда биринчи бўлиб уни кўришга ошиқардик. Ҳали қош қораймасдан митти тилим қовундай ойни кўргач, “ана, мен биринчи кўрдим” дея ҳайқирардик. Кейин унга қараб ўтириб кафтимизни очар, кексалар пичирлаб дуо ўқирди. “Ой ётиқ туғса ўзига тинч, элга нотинч. Тик туғса элга омонлик, ерга барака” дерди мўйсафидлар.

 

Доим нега янги ойга қараб дуо қилиб, яхшиликлар тилашимиз ҳақида ўйласам, ойга биринчи бўлиб қадам қўйган америкалик фазогир Нил Армстронг ҳаёти билан боғлиқ ҳодиса ёдимга тушади. Армстронг 1969 йил 20 июл куни ой юзасидаги ишларини битириб, модулга қайтаётган пайти кутилмаганда нотаниш бир одамга қарата хитоб қилади: “Омад ёр бўлсин, мистер Горски!”.

 

АҚШ фазо тадқиқотлари агентлиги аввалига бу гап қайсидир совет фазогирига аталган бўлса керак деб тахмин қилади. Аммо бу тахмин хато эди. Гап шундаки, болаликда Армстронг ўртоқлари билан қўшниси Горскилар уйи яқинида бейсбол ўйнарди. Бир куни Нил қўшни эр-хотиннинг тортишувини бехосдан эшитиб қолади. Миссис Горски мистер Горскига шундай шанғилларди: “Бу нарсани қачон оласан, биласанми, қўшни бола ойга қўнганда!”.

 

Шу тариқа Горски хонимнинг жаҳл устида айтган хитоби дуодай ижобат бўлиб қўшни бола – Нил Армстронг инсоният тарихида биринчи бўлиб ойга чиқади ва ўша ердан қўшнисига салом йўллайди.

 

Дарҳақиқат, ой оддий сайёра эмас! У нафақат ернинг, балки инсониятнинг ҳам мангу йўлдошидир. Буни бугун телефону гаджетларга термилиб ақлини таниётган болалар билмайди, холос. Улардан ой ҳақида сўрасангиз, бари бирдай тўтиқуш каби сайрайди: “Ой – Ернинг ягона табиий йўлдоши. Ердан ўртача фалон километр масофада жойлашган” ва ҳоказо...

 

Бугун пандемияни қандайдир сиёсий ўйин, фалон мамлакатнинг иши дея келажакни хомчўт қилаётган замондош ойнинг бир сафар тик, бошқа маҳал ётиқ кўриниши табиат ўзгаришига сабаб экани ҳақида эшитса, буни, нари борса, шунчаки бир чўпчак деб баҳолайди. Гарчанд, ердаги тўкин ҳаётнинг мувозанати ой, ундаги хотиржамлик ерга боғлиқлигини илм-фан исбот этган бўлса ҳам.

 

Инсон ҳаёти эса бевосита ой билан боғланган. Масалан, тўлиной ёки янги ой чиққан маҳалларда уммонлардаги сув сатҳи кескин кўтарилиб кетади. Ҳолбуки, унга бирон жойдан шундай катта сув келиб қуйилмайди. Уммон ойга тортилади, холос. Худди шунингдек, ойнинг ерга энг қисқа масофагача яқинлашиши – суперой йирик табиий ҳодисалар сабабчиси бўлади. У тўфонлар, цунами, вулқон ва зилзилага сабаб бўлиши ё, аксинча, уларни тинчитиши мумкин. Мисол дейсизми? 2011 йил март ойида, супер ойга 8 кун қолганда Японияда фалокатли цунами ва кучли зилзила бўлган. Қизиғи, олимлар бу ҳодиса ниманинг эвазига ва қандай юз берганини ҳамон аниқ билмайди. Боболаримиз эса минг йиллар аввал ҳам ойнинг қай шаклда туғишига қараб, унинг қандай келишини башорат қилган! Негаки одамлар илгари табиатдан ҳозиргидек узоқлашмаган ва қадим аждодлар инсон ва табиат бир бутун эканини англаган. Ўзини унинг эгаси эмас, кичик зарраси дея ҳисоблаган.

 

Қадим аждодлар таълимотида ҳам, замонавий фан исбот этган асосларга кўра ҳам ой, қуёш, инсон ва уни қуршаган табиат бир бутундир. Муқаддас Қуръон китобида айтилгани каби улар аниқ ҳисоб-китоб билан яратилиб, бир-бирини тўлдириб турибди.

 

* * *

Эгатга таралган сувни ой ёруғида кузатиб ўтирганча тонгни қарши олдим. Шарқда қуёш бош кўтара бошлаганда ой уфққа яқин бориб қолганди. Бир вақтнинг ўзида қуёшни ҳам, ойни ҳам кўриб турганим мен учун қандайдир мўъжиза эди. Шунда қуёш ва ойнинг бир-бирига ошиқлиги, улар дийдор учун ошиқиб кун ва тунни алмаштириши, уларнинг муҳаббати эвазига умримиз елдай ўтиб боравериши ҳақидаги афсонани эсладим. Энди негадир бу афсона менга эриш туйилди. Аммо қуёшнинг ойга ошиқлигини нега қабул қила олмаётганимни ҳали билмасдим...

 

* * *

– Тошқул чўлоқнинг боласи яна хотин қўйибдими? – дейди қур тўрида ўтирган Чори чўпон мошгуруч соқолини тутамлаб.

 

– Менам Ҳомиднинг уйи синибди деб эшитдим, – жавоб беради бўсаға томонда чордона қурган эллик ёшлар атрофидаги Берди ака. – Ўзиям ўттиздан ўтмай икки хотиннинг талоғини берди.

 

– Аттанг, – дейди Чори чўпон бош чайқаб. – Ойдай келин эди, шуни эпласа, чўлоқнинг боласиям одам бўлади деб кўнглимдан ўтказиб эдим. Яна нечовнинг уйини куйдирар экан бу баччағар!

 

– Энди тавбасига таянганмиш, бошқа уй қилмайман, хотин дегани шу бўлса тоқ ўтганим бўлсин дебди.

 

– Қуруқ гап, валдирайверади! Иссиқ-совуғи бор, барибир уйланади...

 

Даврага бир нафас сукут чўкади. Биз соясида ўтирган гужумнинг ҳам биронта барги қилт этмасди. Чорпояда ўтирган қишлоқдошлар Ҳомиднинг тақдири ҳақида ўй суриб музтар бўлган, дастурхонга тикилган нигоҳлар қанд-қурс, турфа ноз-неъматлар ўрнига Тошқул чўлоқ оиласининг нонувоқдай тўзғиган қисматини кўрарди гўё. Менга эса буларнинг ҳеч бири қизиқ эмас. Ўй-хаёлим урчуқ йигириб ўтирган кампирни йўқотиб қўйган ойда эди.

 

– Бобо, ой умуман бўлмаса нима бўлади? Илгари одамлар ой ёруғида китоб ўқиган, ҳозир ҳаммада қўлчироқ, телефон бор. Кун билан йилнинг ҳисобиям тайин, энди ойнинг бор-йўғи билинмаса керак?

 

– Ой бўлмаса ер Тошқул чўлоқнинг рўзғорига ўхшаб қолади, – дейди у кескин оҳангда. – Бечоранинг кампири бемаҳал бандалик қилди, энасиз ўсган ули ноқобил чиқди. Ҳозир бўсағасидан ҳатласанг бошинг айланади, ватани хароб бўлган.

 

Гап даромади яна шу томонга бурилганидан ўкиниб, телефонимга тикиламан. Ундан ой ҳақида янги маълумотлар топиб ўқишга тутинаман. Эмишки, ой юзидан бир неча километр ичкарида пайдо бўладиган силкинишлар ернинг таъсири сабаб содир бўларкан. Яъни ер қўзғалса, ойнинг биқини санчармиш. Ол-а!..

 

Мен бош олиб интернетга “кетаман”.

 

“Ернинг зичлиги ойнинг зичлигидан 81 марта кучли бўлиб, бу зичлик ойни тортиб туриш ва у қуёшнинг йўлдошига айланиб қолмаслиги учун керак. Агар шундай бўлмаса, ой ернинг тортиш майдонидан узоқлашиб, зичлиги оғирроқ бошқа сайёра тарафга бориб, унинг йўлдошига айланиб қолган бўларди”.

 

– Барибир аёл ҳам ўзига қараши керак, – дейди кимдир ҳамон муҳокамада давом этиб. – Эркакнинг кўзига қараб нима қиларини билиши, фақат ўчоқ бошида куймаланмай, мундай ўзини кўрсатишниям билиши керак.

 

Беихтиёр қурдаги гурунг аввалбошдан ой, одам ва ер ҳақида эканини фаҳмлаб қолдим. Инсон яралибдики, ойнинг сеҳри нимада эканини билмагани ҳолда унга мафтун бўлган. Ой қалбимиз каби инсон охирига етмаган жумбоқ. Шунинг учун ҳам бир замонлар одам ойни тун илоҳи деб ҳисоблаган. Эҳтимол ойга ошиқликнинг аввалида ана шу тутум тургандир.

 

Айтишларича, ернинг тортиш кучи ойнинг ўз ўқи атрофида айланишига таъсир қилиб, секинлаштириб турибди. Бунга ер миллион йиллар давомида эришган. Бунинг эвазига ой доим ерга энг гўзал юзини кўрсатиб туради. Содда қилиб айтганда, ернинг тортиш кучи сабаб бизга доим ойнинг бир томони – гўзал чеҳраси кўринади. Ойнинг бизга кўринмас томонида тоғли жойлар кўп, текислик жуда кам, борини ҳам олис коинотдан учиб келиб, урилган учар юлдузлар яра қилиб ташлаган. Агар ойнинг ўша томони бизга кўринганида эди, унинг юзида ҳозиргидан кўра кўпроқ доғ кўрардик...

 

Мўйсафиднинг гапи хаёлимни бўлди.

 

– Ай, нима бўлгандаям ёшларнинг орасида ажралиш кўпайиб кетди. Одамдан оқибат кўтарилди.

 

– Одам одамдан узоқлаб бораяпти, – гапга қўшилди Турди қассоб.

 

– Ўртага мол-дунё тушдими, оқибат кўтарилади, – дейди Чори бобо. – Тавба, ҳозир бандаси бир-бирининг қўлига қараб қолган. Сал булайроққа дуч келса писанд қилмайди, пичоғи мой устида бўлган одамни ётиб тавоф қилишдан тоймайди. Ҳамма бало нафснинг очиққа чиққанида!

 

Дунёни гўзаллик қутқариши ҳақидаги гап айни ҳақиқат, илло, ҳар қандай гўзаллик замирида сеҳр бор, меҳр бор. Инсон ўзидан – бир замонлар азиз санаган тутумларидан узоқлаб борар экан, унинг фитратида меҳр камайиб кетаверади. Бу одамларни бир-биридан узоқлаштиради. Худди табиатдаги глобал ўзгаришлар каби. Зеро, экологик маданиятимиз ернинг ойга, одамларнинг ерга муносабати билан боғлиқ. Яъни бизнинг кўзимиз илғаган бутун борлиқ ер, ой, юлдузлар ва қуёш бир оиладир. Инсоннинг ерга етказаётган зарари табиат ўзгаришларига, сайёрамиздаги салбий ҳолатлар коинотдаги мувозанатнинг ўзгаришига олиб келади. Бу узилмас ҳалқа эса инсониятга ўз қилмишларини “қайтариб беради”.

 

Ўзлигини йўқотган қавмлар инсон қўли билан эмас, табиий офатлар сабаб ер юзидан супуриб ташланган. Худди Нуҳ даврида сув босгани, Лут қавмини тош ёмғири йўқ қилгани каби. Рус шоири Андрей Вознесенский таъбири билан айтганда, кексаликдан ёшликка (бебошликка) қараб юраётган инсоният ана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйди.

 

* * *

Ойдин тунда овлоқ жойда кенг далани кезиб йўл юришдай завқли машғулот йўқ назаримда. Бундай манзарада ойдай тўлган кўнгил билан хаёлга истаганча эрк берса бўлади. Ўша тун сув баҳона белкуракни елкамга ташлаб қишлоққа туташ далаларни иккига бўлиб ўтган тупроқ йўлда кетиб борар эканман, ҳеч қачон ҳис этмаган хотиржамлик туйдим. Тағин ойда урчуқ йигириб ўтирадиган кампир ёдимга тушди. Билдимки, кўкда туриб эртак айтиб берган бу маҳзун кампир ҳеч қаерга ғойиб бўлмаган. Шунчаки, улғайиб борганимиз сари бизнинг қарашимиз ўзгарган. Айни дам эса у минг йиллик одатига кўра сулув келинчакдек дунё бешигини тебратмоқда. Шунинг учун ҳам ҳамма яхшиликни, гўзалликни одамлар ойга қиёс қилади. “Ой бориб, омон қайт” деган тилакда ҳам инсоннинг юзи ёруғ бўлишига ишора бор.

 

Ойтувған, Ойгул, Ойсулув, Ойбиби, Ойхол каби исмларда ҳам одамнинг ўзини ойга яқин кўриш илинжи яшайди. Шу боис инсоният қалбида болаларча соддалик билан айтган “Оймомо, мени олиб кет!” деган хитоб ҳамон сақланиб қолган.

 

XX асрдаги мисли кўрилмаган кашфиётлари сабаб инсон ойга боришнинг уддасидан чиқди. XXI асрда эса коинотдаги илк ўсимлик – пахта чигити инсон орзуси каби ойда бўй чўзди. Гарчанд, у узоқ яшамаган бўлса ҳам одамлар қалбида ойга кўчиб кетиш иштиёқини янада кучайтирди. Аммо инсон уни забт этганида ой ва ернинг ўртасидаги масофа, муносабат қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ. Илло, ер ва ой ҳам худди одамлар каби бир-биридан олислаб бораяпти. Олимларнинг айтишича, дастлаб ой ердан бор-йўғи 22 минг километр узоқликда бўлган, ҳозир эса улар орасидаги масофа 400 минг километр!

 

Дарвоқе, ой ердаги мувозанатни сақлайди. Унинг ердан олислаб кетиши эса сайёрамиздаги табиий офатларга сабаб. Ойнинг кўнглимиздан ҳам олислаб кетмаслиги сайёрамиз аҳлининг ойга муносабатига – яна ўша олтин ҳалқага боғлиқ. Демак, олимлар айтганидай, ой ердан эмас, балки одамлар ойдан олислаб бораяпти. Бу худди одамларни меҳр меҳвари бир-бирига яқинлаштириб туришидай гап. Шу жиҳатдан ҳам ой одам ва ернинг мангу йўлдошидир.

 

Бобо РАВШАН

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2021 йил 2-сон.

“Олислаётган ой” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//