Авж олаётган виртуал қабилабозлик ёхуд ултра-замонавий дунёда ибтидоийлашаётган биз...


Сақлаш
18:07 / 15.07.2022 2406 0

Қабила деганда ўқимишли одамнинг кўз олдига ибтидоий жамоа тузуми даври, “тиктокчи” авлод тасаввурида эса Мэл Гибсоннинг “Апокалипсис” фильми гавдаланади. Ягона “сардор” атрофида бирлашган, афт-ангори ва баданининг айрим жойлари темир-терсак билан “безатилган”, кўзлари доим қонсираб, хавфсираб турадиган, қўшни қабила аъзосининг юраги ёки-да бош чаноғини бамайлихотир сихга тортадиган ёввойи тўда, хуллас.

 

Табиий савол туғилади, “турқисовуқ” қабилалар билан бизни, ХХI асрнинг мегамаданий кишисини нима боғлаб туради? Жавоб битта – менталитет! Қулоққа ёқимсиз эшитилади, аммо олимларнинг хулосаси шундай: қабилавий менталитет барча тирик мавжудотлар каби, инсон табиатига ҳам хос. Тўғри, ҳозир камондан ўқ отиб, бир-бирини “ғажийдиган” қабилалар йўқ. Лекин, бир нарса аниқ, сут билан кирган жон билан чиқади...

 

 

путиноид, байденқул ва трайбализм

 

Кузатаётган бўлсангиз, бугун ижтимоий тармоқларда кимнидир фақат фикри учун ёқасидан олиш, ҳақоратлаш, шахсиятини топташ (масалан, лақаб билан аташ), бир тоифа ўзига терс қарашга эга бошқа бир тоифани дегуманизация қилиши одатий (афсуски) ижтимоий ҳодисага айланган. Узоққа бориш шарт эмас. Россия-Украина зиддияти фонида медиа платформаларда виртуал қабилабозлик авж олгани, ўзбек сиёсий лингвистикаси – “путиноид”, “байденқул” каби янги антоним сўзлар билан бойигани юқоридаги фикрларга ёрқин мисол.

 

Инсонларнинг ўзига ўхшаганлар билан “қабила” бўлиб бирлашиш иштиёқи ҳамда бошқа ижтимоий гуруҳларга ашаддий душман сифатида қараши фан тилида “трайбализм” дейилади. Бу тушунча ўзида “Биз” ва “Улар” ўртасидаги азалий урушни ифодалайди, трайбалистик менталитет оламни оқ ва қора, яхши ёки ёмонга ажратади. Олтин ўрталикка ўрин йўқ бунда. Бу ҳақда Аризона университети профессори, файласуф Аллен Бьюкенен “Бизнинг ахлоқий тақдиримиз: эволюция ва трайбализмдан қочиш” китобида шундай дейди:

 

“Тортишув, фикрлар қарама-қаршилиги билан трайбализм ўртасида жуда катта фарқ бор. Бунда сиз – Сиз билан фикри бир жойдан чиқмаган кишини шунчаки ноҳақ деб ҳисобламайсиз, балки сиз учун у тузатиб бўлмас аҳмоқ, дезинформацияга тўйинган тўнка, носамимий ва ҳатто ёвуз. Бошқача айтганда, сиз унинг мулоҳазаси нотўғрилиги учун эмас, “эшитишга ва муомалага лаёқатсиз”лигини рад этасиз. Инсон онгли хилқат ва у билан баҳслашиш мумкинлигини ўйламайсиз...”

 

– Айримлар ижтимоий тармоқлардан мулоқот учун эмас, ўзларининг муайян гуруҳга мансублигини кўрсатиб қўйиш учун фойдалана бошлади, – дейди америкалик журналист ва ёзувчи Жонатан Раух “Ижтимоий тармоқлар, трайбализм ва фейк ахборотлар тарқалиши” мақоласида. –Бундайлар муҳокамаларда қайсидир масалага Ўз шахсий нуқтаи назарини маълум қилмайди, асосий мақсад “душман тараф”ни таҳқирлаш эвазига “қабила” орасидаги виртуал авторитетини ошириш ҳамда “сардор”нинг назарига тушиш. Бўлди.

 

 

Комфорт медиамуҳит касофати

 

Хўш, нима учун замонавий одамларда кўпроқ тош даврига хос бўлган ёввойи менталитет кучайиб боряпти? Қанчалик ғайритабиий янграмасин, сунъий интеллект ва нейропсихология соҳаси тадқиқотчиларининг жавоби битта – ҳаддан ташқари комфорт медиа муҳит таъсирида!

 

Яъни, ҳозир ижтимоий тармоқлар алгоритмлари кишиларнинг тармоқдаги материалларга реакцияси, қидирув тизимига берган калит сўзларидан келиб чиқиб, фақат уларнинг кўнгли тусаган, уларга маъқул келадиган “таом”ларни – ахборотни тортиқ этади, атрофида ҳам фақат ўзларига ҳамфикр, дид-фаросати, дунёқараши ўхшаш, постларини қиё боқмай лайклайдиган, хуллас, зуваласи битта жойдан олинганлар тўпланади.

 

Дейлик, сиз “Вакцина инсонни икки шохли ҳайвонга айлантиради” деган хабарга лайк босдингиз. Хушёр алгоритм дарров лентангизда вакцинанинг “оғир оқибатлари” ҳақидаги постларни қалаштириб ташлайди, антивакциначи сайт, гуруҳ, профиль ва саҳифаларни тавсия этади. Сунъий интеллект одатда салбий ҳислар уйғотадиган, ғазабни қўзитадиган контент, масалан “Шок. Икки марта эмланган онадан кўзининг оқ пардаси йўқ гўдак туғилибди” ёки “Вакцина олган 12 ёшли бола хушидан кетиб йиқилди” сарлавҳали фейк хабарларга урғу беради. Чунки бундай “янгиликлар” одамларни тармоқда кўпроқ вақт қолишини (“Вакцинанинг Х хоссасидаги моддалар ва уларнинг тўқималарга органик таъсири” деган постга ким ҳам қайрилиб қарайди ҳозир?!) таъминлайди.

 

Ачиниш ҳисси, руҳий азобланиш, асабийлашиш эса “вакцинасиз гўзал ҳаёт” концепциясини ҳимоя қилиш инстинктини янада кучайтиради. Шу тариқа вакцинация тарафдорларига нисбатан ўта агрессив, исталган илмий тадқиқотни кўр-кўрона рад этадиган, ўзларининг “ҳақиқат”идан бошқасига тупурадиган навбатдаги “қабила” пайдо бўлади...

 

 

Тафаккур таназзули

 

Рақамли қабилачилик одамларда танқидий фикрлаш коэффициенти тушиб кетиши, дунёнинг умумий манзарасини идрок этиш қийинлашиши, диққат танқислиги синдроми пайдо бўлиши, оддийроқ айтганда, тафаккур таназзули билан боғлиқ.

 

– Интернет ўз тараққиётининг ҳозирги босқичида янглиш ёки нохолис қарашларни тасдиқловчи машина вазифасини ўтаяпти, – деган эди дунёнинг энг бой одами, “Amazon” раҳбари Жефф Безос. – Агар сиз бирор фикрда қатъий турган ҳолда, тармоқда у ёки бу нарсани изласангиз, ўз қарашларингиз “исбот”ини албатта топасиз. Мабодо янгиликлар лентангиз сизга бирор хабарни кўрсатаётган бўлса, билингки, сунъий интеллект фақат сизнинг нуқтаи назарингизни ифодаловчи ахборотнигина тақдим этяпти.

 

Ўз қарашини акс эттирувчи ва мустаҳкамловчи маълумотларга қайта-қайта дуч келадиган инфомуҳит эса кишиларда фикрга нисбатан тоқатсиз кайфиятни кучайтиради. АҚШдаги Уэйна давлат университети профессори Араш Жавонбахт таъкидлашича, тадқиқотларнинг бирида 61 фоиз америкалик кимнидир фақат сиёсий позицияси ёки ёзган пости учун “дўст”лари сафидан чиқариб ташлаганини маълум қилган.

 

– Инсон тафаккурида торайиш тенденцияси кузатиляпти, – деб ёзади у “Bigthink” нашридаги мақоласида. – Умумий манзарани идрок қилиш тобора қийинлашяпти. Китоб ёки узун матнни ўқиш жуда кўп одамлар учун азоб бугун. Скроллинг, яъни “тасма айлантириш маданияти” кишиларда диққат танқислиги синдромини келтириб чиқаряпти. Аксар фойдаланувчилар Фейсбукдаги янгиликлар лентасидаги битта хабар учун ўртача 1,7 дан 2,5 сониягача вақт сарфлайди. Бу ҳам биздаги танқидий фикрлаш функциясини ўлдиряпти.

 

 

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл...

 

Баъзан шундай бўлади. Сиз ҳаётда билган, таниган одамлар ижтимоий тармоқларда бутунлай бошқа инсонга айланади, қайсидир постингиз остида қолдирган изоҳларидан ёқа ушлайсиз. Тавба, бу одамга нима жин урди? Нега тўсатдан ташланиб қолди? Кўча-куйда дуппа-дуруст кўришиб юрарди-ку! Билиб қўйинг, виртуал “қабилачилик”нинг илк симптомлари бу.

 

Нима қилиш керак? Кўтарилган мавзу фанда ҳали чуқур ўрганилмаган ноодатий ҳодиса – ижтимоий-психологик феномен. Шундан бўлса керак, унга қарши конкрет ахборот-профилактик тавсиялар ишлаб чиқилмаган. Тўғри, айрим мулоҳазалар йўқ эмас. Дейлик, “ёпишқоқ”, яъни “тавсия этувчи” алгоритм иродасига бўйсунмаслик – хабарлар лентасини хронологик (жойлаштирилган вақтига қараб) тартиблаш орқали кузатиш, фактларни бошқа манбалар билан солиштириш, кўпроқ газета ва китоб ўқиб диққатни чархлаш шулар жумласидан.

 

Бироқ, бизнингча, бу борадаги энг яхши фикр бир неча аср муқаддам Мавлоно Румий айтган: ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл. Реал ҳаётда ҳам, виртуал дунёда ҳам инсон ўзлигини ҳис қилиб яшаши керак. Ижтимоий мавқеимизга путур етказиши мумкин бўлган тақдирда ҳам “йўқ” деб дадил айта оламиз шунда. Фақат шу туйғу бизни (виртуал) оломон — “қабила” орасида сингиб, маънан емирилиб кетишдан, ибтидоийликдан сақлаб қолиши мумкин.

 

Одатда медиасаводхонлик деганда фейк, дезинформация, виртуал фирибгарлик, кибербуллинг каби ахборот таҳдидларига қарши кураш тушунилади. Тўғри, булар жуда муҳим, аммо оқибатини бартараф этса бўлади. Лекин ультра замонавий дунёда тафаккурдан жудо қиладиган аломатларни пайқамасликнинг бадали ундан ҳам оғирроқдир.

 

Фирдавс НУРУЛЛОҲ

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси