Алишер Навоий образ яратиш маҳоратининг халафлари ижодидаги тадрижи


Сақлаш
10:09 / 08.09.2021 842 0

Сўз – инсонга ато этилган олий неъмат. У фақат мулоқот воситасигина эмас, одамзод тафаккурининг, руҳиятининг намоён бўлиш усули ҳамдир. Инсон қалби, унинг ўй-хаёллари ва туйғулари шеърда яна ҳам таъсирлироқ ифодаланади. Ўзбек мумтоз адабиётининг асосий мавзуси бўлган ишқнинг моҳиятини Аллоҳ таоло ва унинг Расулига бўлган муҳаббат ташкил этади. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодида Ҳақ таолога ҳамд билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссалом васфи етакчи ўрин тутади. Улуғ шоир асарларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) образи юксак фасоҳат ва балоғат билан тасвирланган. Алишер Навоий шеърияти, бу жиҳатдан, ундан кейинги барча шоиру адиблар ижоди учун ўзига хос поэтик мезон вазифасини ўтагани аён.   Алишер Навоийнинг “Муножот”, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳажнома” ва Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” туркум шеърларини қиёсий ўрганиш натижалари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Адабиётшуносликда Алишер Навоийнинг “Муножот” асари шоирнинг ўзи тузган “Куллиёти” учун махсус ёзилган сўзбоши сифатида ҳам талқин этилади. 1991 йилда “Муножот”ни изоҳлаб, таржималари билан нашрга тайёрлаган Суйима Ғаниева: “Муножот” мундарижасидан маълум бўладики, у “Куллиёт” сўзбошиси эмас, ҳаёти сўнгида ўз асарларидаги ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва дунёвий муддаолар, шахсиятидаги давр талаблари, мафкурасига муносабат ҳақида кўп фикр юритган шоирнинг ботиний ҳаяжонлари, армон-ўкинчлари бирлашиб, Оллоҳ наздида тавбалар қилиш эҳтиёжини яратган. “Муножот” ана шундай илтижолар мажмуъидан иборат. Унда мазмун билан шакл узвий боғлиқ. “Муножот” тили – теран тафаккур тили, ҳис-туйғуларга тўла руҳий ҳолат тили. Моҳиятан эса, бу асар келажак авлодларга қаратилгандек. Инсон ўзлиги, маънавий камолот, иймон устуворлиги, эзгуликлар сари интилишга даъват этувчи асар бўлиб, унда бу йўлда тўсиқ бўлувчи жаъмики иллатларга қарши туришни ҳам англатади”, деб ёзади. Шунингдек, олима Навоийнинг мазкур “Муножот”ининг ёзилиши сабаблари ҳақида ҳам сўз юритади: “Маълумки, Навоий ҳаётининг охирида бирмунча йиллар аввал юраги тубидан ўрин олган ҳаж сафари иштиёқи яна оловланади. У 1499-1500 йиллар давомида бир неча марта бевосита ва билвосита – яқинлари орқали Ҳусайн Бойқародан ҳаж сафарига изн сўрайди. Ҳар гал султон аввалига ижозат берар, лекин дарҳол ўзи шахсан шоир ҳузурига ташриф буюриб, сафарни қолдиришга кўндириб қайтар ёхуд энг нозик дўстларни орага қўйиб шоирни аҳдидан қайтаришга муваффақ бўлар эди. Навоийнинг “Вақфия”да ёзишича, “икки орзу риштасидан (бири ҳаж, иккинчиси – ижод – С.Ғ.) ўзгаким, гириҳи кўнглум пардасидин ечилмади ва икки мурод ғунчасидин ўзгаким, тугуни жоним гулшанидин очилмади...

Мениким бу савдо низор айлади,

Ҳавас илгида беқарор айлади.

Не имонки, топқай қарору сукун,

Бировким, бу фикр этгай они забун”.

Бу орзуси рўёбга чиқмаслигига кўзи етган чоғларида Навоий руҳий азоблар гирдобида қолар, ҳар қандай расмий, норасмий давлат юмушларию мадад истаб келувчилардан ғоят толиқар эди, албатта. “Муножот”даги “Илоҳи, эмди ҳамким, барчадин кечмак хаёлин қилурмен, ўзлугум билан кеча олмон яқин билурмен. Илоҳи, андоққи, бу балоларга солдинг, қутқор ва андоқким, бу ибтилоларга киюрдунг, чиқор”, дея илтижо қилиши шоирнинг юқорида ёдга олинган тушкун кайфиятидан дарак беради. Шу билан бирга ҳаммадан воз кечиш мумкин ва осон, лекин “ўзлуги”дан кечиш мутлақо мумкин эмас, бу аниқ. Бинобарин, “ўзлук”ни муқаддас сақламоққа, уни таҳлика ва лоқайдликлардан халос этмоққа интилиш ниҳоятда зарур, деган шоирнинг юксак эътиқодини юзага чиқаради”.

Ҳажга бориш орзуси ва давлат юмушлари, халқ хизматидан ортиб бу истагининг амалга ошмаслигини сезган Навоий барча орзулари, иқрор ва тавбаларини муножот тарзида битади. “Муножот” муқаддима, ҳамд, наът ва муножот каби  таркибий қисмлардан иборат. Асарнинг наът қисмида Навоийнинг барча асарларига хос бўлган, пайғамбар алайҳиссаломга дуруди саловат айтар экан, “Улки, “кунту набиййан ва Одаму байналмои ваттин”, яъниким, “Одам Ато сув билан тупроқ орасида бўлган пайтдаёқ мен пайғамбар эдим”, дея Муҳаммад алайҳиссаломнинг анбиёларнинг муқаддами эканини таъкидлайди. “Раҳматан лил-оламин ва хотамун набиййин”, дея бутун оламларга раҳмат этилган ва охирги пайғамбарликларини сифатлаш асносида Навоий “ҳабиби Ҳазрати Илоҳ Муҳаммад расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васалламдур.”, дея такрор саловат айтади. “Юз йигирма тўрт минг  анбиёйи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча анга хайл ва ўн секиз минг олам ихтироъидин мақсуд ─ ул ва офариниш анга туфайл”, дея пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида Аллоҳ Таъоло Одам Атадан бошлаб то бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)гача 124 минг пайғамбар юборганлиги ҳақида хабар берилганини эслатар экан, бу пайғамбар ва расулларнинг ҳамда ўн саккиз минг оламнинг яратилиш сабаби Муҳаммад (с.а.в)нинг таваллудлари учун эканлигини айтади. Аввал ва охирин халқи яъни, инсониятнинг ибтидодан то сўнгги қавмигача нубувват тахтининг ҳумоюни бўлган бу зотнинг шафоатига муҳтож эканини келтиради. Жибрили (Жаброил алайҳиссалом) ҳамроҳлигида, Буроқи маркаби уловида лайлат ул-меърож сари чиққанини “ли маъоллоҳу вақтун” анинг мақоми”, дея ғоят гўзал тасвир этади. Яъни бунда пайғамбар алайҳиссаломнинг еттинчи қават осмонда Аллоҳ таоло билан мулоқотини пайғамбар алайҳиссалом тилидан “Менда Аллоҳ билан шундай лаҳзалар бўладики...”, дея ифода этади. Навоий меърож тунидаги мазкур мулоқот тасвирини тугатмасдан, бу, у зотнинг мақоми эканини изҳор этиб, пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг аҳли оиласига саловот айтади. Алишер Навоий оламлар яралиши, одамлар яралишининг сабаби ва ҳаёт мақсади Аллоҳнинг ҳабиби бўлмиш бу мўътабар зотни танимоқ, унга саловат айтмоқ деб тушунади ва Аллоҳнинг қудрати ва пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббати чексизлиги ва пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларига шафоати беададлигининг ифодаси ўлароқ, у кишининг мақомлари тасвирини тугалламасдан қолдиради.

Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг  “Ҳажнома” асари шоирнинг 1892 йил Араб мамлакатларига саёҳати давомида ёзилади. Ҳаж ибодати билан боғлиқ асарларнинг бадиий жиҳатдан энг гўзал намунаси бўлган, мазкур асар 12 таржиъдан иборат бўлиб, ҳар бир банди 18 мисрадан, жами 216 сатрни ўз ичига олади. Биринчи таржиъда Аллоҳга ҳамд ва пайғамбар алайҳиссаломга дуруди саловат айтилади. Асарда Расулуллоҳ образи масаласи қандай ёритилган?

Биринчи таржиъда пайғамбар алайҳиссаломни анбиёлар шоҳи, Ҳақнинг ҳабиби дея эътироф этиб, нафақат бу муқаддас Ҳарам остонасида, балки умрнинг ҳар лаҳзаси ва заминнинг ҳар манзилида набий алайҳиссаломга саловат айтишини изҳор этади. Иккинчи, учинчи таржиъларда Ҳарами шариф ва масжиди ан-набавий тасвир этилган. Бу икки улуғ масканнинг тасвирига эътибор қаратилса, у ерда берилган ҳар бир ашё таърифида набий алайҳиссаломнинг фазилатларига монанд васфни кўриш мумкин. “Саодат ҳужраси ─ нури мунаввар” яъни саодат асрининг бу ҳужраси пайғамбар алайҳиссаломнинг азал нурлари билан мунаввар эканлигидир.  Зумуррад тугмаи тожи саодат, Шарафда гумбази волои ахзар”. Ҳарам саодатнинг тожи дейилгандек кўринган ушбу сатр замирида ҳам бутун инсониятга етган ва етадиган саодатнинг тожи бу улуғ зотнинг тафаккури экани ва унинг шарафи кўк осмони қадар баланд ва юксак эканлиги тараннум этилади. “Куланд ўлмоқни таманно этди хуршид, Ва лекин этмади Тангри муяссар”. Бу масжиднинг лойини қориётган кетмонга ҳавас этган қуёшга Аллоҳ бу орзуни насиб этмади. Бу ташбеҳда, магарки бир инсон дин ва расул йўлида хизмат этмас экан, унинг умр маслаги лой қорийдиган кетмонча қийматга эга эмасдир, деган фалсафа мавжуд. “Суволғон ганчлари кофуру абёз, Қўйилғон тошлари ёқуту аҳмар”, − Деворларидаги абёз (ўта оқ, порлоқ) яъни, ниҳоятда оқ ганжлар пайғамбар алайҳиссаломнинг нафснинг қароликларидан пок қалбларини (кўплаб тарихий-диний манбаларда, хусусан, Носируддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида Муҳаммад (с.а.в) болаликларида энага онаси Ҳалиманинг ўғиллари билан  қўй боқиб юрганида осмондан икки фаришта − Жаброил ва Мекоил тушиб у кишининг кўксиларини ёриб қалбларини нафсдан тоза этиб, сўнг олтин игна билан тикиб, қанотлари билан силаб кетгани ҳақида ёзилади, кофур (оппоқ тусли хушбўй модда) эса у кишини ғоят ёқимли ва гўзал суҳбатларини акс эттирса, ёқут тошларининг қизил жилваси бу улуғ зотнинг муборак юзидаги ҳаёнинг нозик ифодасидир. Масжид ва Ҳарам тасвирида “Расоу ростдир сангин сутунлар”, баланд тош устунлар мисоли пайғамбар алайҳиссаломнинг баланд ва расо қадларини, “Равоқида ҳама оёти Қуръон” − бинонинг барча равоқларида Қуръон оятлари битилганидек, бу зотнинг тақдирига Аллоҳ Қуръонни битгани, у кишига  нозил этилганига ишора этилади. Тўртинчи  таржиъда Фурқат  Меърож кечаси воқеасини ёритар экан, Расулуллоҳни “Рисолат тождори шоҳи “Лав лак”, деб атайди. Яъни Аллоҳ аввал пайғамбаримизнинг нурларини яратгани ва унинг туғилиши учун бутун оламни яратганини мадҳ этади. Тўртинчи таржиъ Меърож кечаси ҳақида бўлиши билан бирга Меърожда Ҳақ таоло ва Расулуллоҳ ўртасидаги суҳбат диалог тарзида берилади.  “Деди Тангри: “Ҳабибим, ё Муҳаммад, Тила мандин бу дам: “Инна аътойнак”. Дедиким: “Умматимни мағфират қил, Эрурлар осийу саффоку бебок”. Аллоҳ таоло ва Муҳаммад (с.а.в.) ўртасидаги суҳбатда Фурқат Аллоҳ ўз ҳабибининг бутун оламларга раҳмат этилганини айтиб эъзоз этганини келтиради. “Хуруфу ёзмади жуз “Мо арафнок” − Бу жумлада Муҳаммад (с.а.в.)нинг сийрату сифатларини таърифловчи олимларнинг ул зот ҳақида “Биз сизни камолатингиз даражасида таний олмадик”, деган сўздан нарига ўтолмаганликлари қаторида, Фурқат ўз таъриф ва васфининг даражаси ҳам “мо арафнок” эканини эътироф этишдир. Биз “Ҳажнома”да Расулуллоҳ образининг тагматнда келган характерини баҳоли қудрат тадқиқ этишга ҳаракат қилдик. Бешинчи таржиъ эса Расулуллоҳнинг васфига бағишланади. У кишининг Одам авлодининг афзали экани, ул зотнинг таваллудлари учун олам ижод этилгани, Меърож кечасида у кишининг ковушлари чангини Арши Аъзам кўзига суриб, тавоф этгани, у кишининг туғилишлари билан боғлиқ тарихий воқеалар тилга олинар экан, “Кетибон ердин олам зулмати ҳам Ҳамон дам ёғди нури осмоний”, дейди. Яъни у зот туғилгач, юзларида фалакнинг нури жилва этдики, ер юзида бутлар синди, зулмат йўқолди. Бу ерда яна шундай маъно борки, Фурқат тагматнда пайғамбар алайҳиссаломнинг нурлари туғилишларидан олдин бор бўлгани каби, у киши оламдан ўтгач ҳам бу нур мавжуд эканлигини, яъни ер юзини пайғамбар масжиди лойини қоришга орзуманд офтоб эмас, ул зотнинг муқаддам нурлари ёритиб турганини ифода этади.

Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” туркумида Расулуллоҳ образи энг кўп мурожаат ва талқин этилган образдир. “Ҳикмат садолари” айнан ҳадисларнинг шарҳи бўлгани учун ҳам Расулуллоҳ образи ҳар бир шеърда асосий ўринда ифода топган. Абдулла Орипов “Ҳикмат садолари”нинг муқаддимасида “Инсоф ва диёнат излаб” мақоласида “Ислом тарихи, айниқса, Қуръон ва Ҳадисларни бир мунча ўрганиб, шундай хулосага келдимки, ҳар қандай олийжаноб ва эзгу туйғулар Исломга ҳам хосдир, айни вақтда Ислом  ҳар қандай олийжаноб ва эзгу туйғуларга мос келади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўнгги ҳамда энг комил пайғамбар деб ҳисобланишининг туб сабаби шунда эмасмикан?! Бордию, энди бошқа бир пайғамбар чиққан тақдирда ҳам у инсониятга Муҳаммад алайҳиссаломдан ортиқ яна нима ҳадя эта оларди!, деб ёзади. Мана шу сўзбошида ҳам шоирнинг Расулуллоҳ образига муносабати чексиз эҳтиромга эга эканлигини кўриш мумкин. Туркумдаги  “Пайғамбар” шеърида эса бу эҳтиромнинг бадиий ифодасини кўрамиз. Абдулла Орипов талқинидаги Расулуллоҳ образида васф этишдан кўра Расулуллоҳнинг инсоний фазилатлари, кечинмалари кўрсатилган. Албатта, Абдулла Орипов “Сизнинг муродингиз ҳидоят эрур, Шўрлик бандаларга иноят эрур”, дея у зотнинг улуғ ва мукаррамлигини эътироф этади. “Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассолому алайка, ё Аҳмад”, деб барча мўминларга хос саловат айтади. “Ваҳий” шеърида набий алайҳиссаломнинг манман кимсалардан ранжиган кайфиятини тасвир этар экан: “Манман кимсалардан ранжиди Расул, Кўнгли қолгандайин ҳатто дўст ёрдан” – манманлик, кибр каби жоҳил иллатлар пок инсонлар қалбини озурда этишини баён этади. “Ибрат” шеърида “Пайғамбар дарахти бергай деб бахтни, Сиғиниб юрмасин унга умматим”, дея у кишининг камтарликлари ва қалб эътиқодини урфу одатга айлантириб қўймаслик ҳақида огоҳлантиришлари ёритилади. “Мерож” шеърида “Тасвири жоизмас бу ҳолни, бироқ  Висол насиб этди Расулуллоҳга”, дер экан Абдулла Орипов “Тасвири жоизмас бу ҳолни, бироқ”, деганда Фурқат “Ҳажнома”сида айтилган “Мо арафнок”ни Меърож воқеасига нисбатан қўллайди. Яъни, бугунги замон илм-фан тафаккури ҳам бу воқеани шарҳ эта олмаслигига, инсон онгу тафаккури нечоғлик ривож топмасин, оламшумул кашфиётлар қилмасин, бу дунёдаги ҳеч бир онг, ҳеч бир тамаддун пайғамбар алайҳиссалом чиққан меърож даражасига ета олмаслигига ишора этади. “Ҳордиқ” шеърида эса “Расулулуллоҳ деди: Ўйламанг, асло, Фанодан мен роҳат кутаётирман. Бу дунё дарахтнинг сояси гўё, Мен ундан от миниб ўтаётирман”, – Карвон саҳрода тўхтаганида, Расулуллоҳнинг тақир ерда ва қуёш тиғида ёнбошлашидан хижолат чеккан саҳобаларга асли фано бу дунёнинг фурсати ҳам нечоғлик югурик ва тезлиги, бу фурсатда роҳат излаб ғафлатда қолмаслик кераклиги, худди отлиқдек тавба қилган (енгил) ҳолда унинг ёлғончи соясидан ҳақиқий сояга, роҳатга, яъни бақога интилиш лозимлиги айтиладики, бунда Расулуллоҳнинг бой фалсафий тафаккурини кўрамиз. “Рўза” шеърида Расулнинг қаноат ва даъватини, “Ота” шеърида набий алайҳиссаломнинг фарзандларга насиҳатини, “Она” шеърида Расулуллоҳнинг суннатларда адолатни унутмаслиги, “Дўзахийлар” шеърида иттифоқ этмоққа чорлаши ва дўзахийликдан қайтариши, “Дуо” шеърида инсонларнинг энг дуогўйи Расулуллоҳ экани, “Шафқат” шеърида Расулуллоҳнинг қабр азоби ва Аллоҳ қаҳридан қўрқуви ифода этилган. Расуллуллоҳнинг бу сифатлари шунчаки баён этилган эмас, Абдулла Орипов юксак бадият ва теран тафаккур билан бу улуғ зот сиймосидаги набийлик ва инсонийлик жиҳатларини кўрсатиб берган. 

Алишер Навоийнинг “Муножот”, Фурқатнинг “Ҳажнома” ва Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” асарларида Расулуллоҳ образини ўрганар эканмиз, ҳар бир асарда ўзгача бадиий-фалсафий талқинни кузатамиз. Бу асарлардаги Расулуллоҳ образининг муштарак жиҳати шундаки, Навоий “ли маъоллоҳу вақтун”, Фурқат “Хуруфу ёзмади жуз “Мо арафнок”, Орипов эса “Тасвири жоизмас бу ҳолни, бироқ”, дейди. Яъни, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётининг уч мутафаккир шоири  ҳам ўз шеърлари, таъриф ва тавсифлари Расулуллоҳнинг фазилатларини тўлиқ ифодалаш даражасига чиқа олмаслигини таъкид этадилар.

Дилфуза АВАЗОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси