Азизлар! Энг кўп бериладиган саволлардан бири нима учун жадид мактаблари самарали бўлган? Албатта, бирдан жавоб бериш осон эмас, лекин, мисолларга қарасак Қўқонда Абдуваҳҳоб Ибодий ва Муҳаммаджон Холиқий домлалар дарснинг бир қисмини очиқ ҳавода – боғда ўтган ва ўқувчиларини меҳнат асосида маълум касбларга йўллаган. Мунаввар қори домла ҳам танаффус вақтларида баъзан болалар билан копток ўйнаганлар. Дорилфунун ташкил этиш жараёнида эса Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги 30 га яқин мактабни қамраб, ўқувчиларнинг туғма иқтидорларидан келиб чиқиб, уларга келажакда дорилфунунга талабалар тайёрлашни белгилаб берган. Ҳатто, дорилфунун қошида боғча очиб, турли кемалар, самолёт ва бошқа техника воситаларининг макетлари билан безаб болаларнинг ўша соҳаларга қизиқишини, ихтисосини йўналтириб боришга ҳаракат қилган. Мана бу нарса педагогика эмас, кўпроқ педология фанининг тадқиқот доирасидир. Қуйида 1927 йил “Маориф ва ўқитғувчи” журналида босилган мақолани келтираман (қизиқиш яхши бўлса буни давом эттираман):
Педология ва ўзбек ўқитувчиси
Таълим-тарбия оламида кўпдан берили бир фикр бор: “Болаларни тарбия қилмоқ ва ўқутмоқ учун аввалан уларнинг ўзларини яхшилаб ўрганиш керак”.
Болаларни ва ёш ўспиринларни ўрганиш иши кўпдан буён ишланиб келмакда. Ғарбий Оврупода ва Амрикода бошланғон бу иш XX аср бошидан олиб Руссияда ҳам бошланди. Ҳозирги вақтда Маскав, Ленинград ва Русия ҳам Украйнонинг кўп шаҳарларида болаларни ўрганиш тўғрисида жиддий ҳаракат қилинмоқда. Уларнинг фақат жисмоний юксалишларигина ўрганилмасдан, балки уларнинг руҳ ва ҳиссиёт томонлариға ҳам аҳамият берилмакда. Чет эллар ва баъзи бир рус олимларининг бу тўғридоғи кўрилган ишлари, тажрибалари натижасида алоҳида бир илм вужудга келди. Бу педология бўлиб, унинг мақсади болаларни мумкин қадар мукаммал ўрганиб, катта одамларға қороғонда болаларнинг орасидоғи фарқни ажратишдан иборатдир. Аммо оммавий мактабларда иш кўрган тажрибачи ўқитувчилар бу илмнинг бературғон тажрибавий фойдасини тўла тушуниб етган эмаслар ва ўқитғувчиларнинг ўзлари педолог бўла оладилар ва педолог бўлишға тегиш (керак)лар, деган фикрга жуда оз кўникадилар. Яъни, ўзларининг педология йўлидоғи ишлари учун ўзларининг ўқитдиғи шогирдлари орасида уларни оддий суратда ўрганиш ва текшириш ишларини катта муваффақият билан олиб бора биладилар ва олиб боришға тегишдирлар.
Ҳақиқатан ҳам оммавий ўқитғувчининг ишдан бошқа педологияни вужудға келтириш оғирдир. Бу ишни ўткариш учун боланинг юксалишига оид бўлғон омилларни ўрганиш керак. Кўп чоқларда бу текширишларни жуда кўп болалар устида қилиб кўришга керак бўладир. Аммо, бунинг учун бу ишга кўп одамларнинг иштирок қилишлари зарурдир.
Ўзбекистон тўғрисида бўлса, бизнинг юқорида айтганларимиз ўзларининг маъноларини сақлайдирлар. Балки, Руссия ва Украйноға қарағанда оммавий педология ишлари Ўзбекистонда кўпроқ зарурдир. Илгаридан айтиб бўладиким, ўзбек болалари овруполиларникига қараганда ирқ, иқлим, маданият, ижтимоий ва бошқа жиҳатлардан кўп фарқ қиладир.
Масалан, ўзбек болалари овруполиларникига қарағанда тезроқ балоға бўлғонларини дўхтурлар биладирлар. Бу эса болаларнинг умумий юксалишида катта рол ўйнайди; бу аҳвол (балоға бўлиш) боланинг бутун руҳиятини туб томиридан ўзгартиради. Унинг қизиғсинғон ва майл қўйғон нарсалар унинг қобилиятини бошлаб пасайтиради (хотира, зеҳн, фикр юргазиш) унинг изидан ўзларини кўтаради. Тажрибачининг ва ўқитғувчининг бунинг билан ҳисоблашиши керак. Бўлмаса ўзининг ишларида сира бир натижага эриша олмаслиғи турғон гапдир. Болиғ бўлишдаги хусусиятлар, албатта катта бўлсалар ҳам, бу бир бўлимигинадир, бундан бошқа ўзбек боласи ўзининг жисмоний ва руҳан юксалишида бир қанча хусусиятларга эгадир. Бу хусусиятларни ўрганиб, педология ишлари билан мувофиқлаштириш зарур, бу ишда ёлғиз ўқитғувчинингғина эмас, балки мактабларни идора қилотурғон, маориф комиссарлигининг муассасалари ҳам қатнашиб ишлашлари лозимдир. Улар програм тузганда болалар билан бўлғон ишларнинг усулларини ишлаб чиқғонларида бу хусусиятларнинг ҳаммасини назар эътиборлариға олишлари керакдир. Агарда биз савол берсак: бунга ўхшаш ишлар ишланиб кўрилдими, илмий жиҳатдан мунтазам суратда ўзбек боласи ўрганилдими? Албатта, бу саволларға рад жавобини беришга тўғри келадир. Чунки бу ишларни бизда ҳеч ким илмий, режали ва мунтазам суратда юргизган эмасдир. Агарда биз ўзимизнинг таълим-тарбия ишларимизда бу иш орқасида қилғон хатоларимизни бекорга, фойдасизга ўткарган ва офатларимизни ўзимизнинг ва болаларнинг кучларини бекорга сарф қилғонимизни, қанча фойдали ишларни қилмасдан қолдирғонимизни ҳисобға олсоқ ва буларнинг ҳаммасини тўплаб якун қилғонимизда, боланинг ота-онасиға, ўқитғувчиға ва умуман маорифчига бу ишга совуқ қарағонлиқ натижасида болаларимиз, бизнинг келгусидаги кучларимиз ва умидларимиз қошида қандай катта жиноят қилғонимиз очиқ кўринади. Бу фикрни бундан 70 йиллар илгари энг машҳур инглиз олими Испенсер (Спенсер) айтган эди. У айтади: “ҳар бир машинани юргизиш ва идора қилиш учун унинг қандай тузилганлигини билиш керак; уй солиш учун зарур бўлғон материалларнинг хусусиятларини билиш керак; дўхтур бўлиш учун инсоннинг тузилишини ва азала (мускул)ларининг фаолиятларини ўрганиш, билиш керак. Бола эса – тузулиши чатоқ бўлғон поровой машинадан камми? Бизнинг бу ишга (яъни болани ўрганишга) совуқ қарашимиз ақлсизлиқ, аҳмақлиқ эмасми”. Демак бундан бундай натижа чиқади: ҳар бир онгли бўлғон маорифчи кучидан келганича педология ишига, уларга топширилғон болани ўрганишга уруниши керак.
Ҳозирги кунда бизнинг жумҳуриятимизда бу муҳим санолғон ишнинг олдини олиб, раҳбарлик қилатурғон муассасамиз бор. У ушбу йилнинг бошларида Самарқандда ўзбек давлат олий педагогика институтидир. У ҳамма ишларни бирлаштириб, шаҳар ва қишлоқ маорифчиларидан келган ҳамма педологияга оид ишларни, материалларни тўплаб, уларни ишлаб чиқиб, эълон қилиб турғувсидир. Ҳозирги вақтда бу институт қошида ташкил бўлғон педология кабинети бу ишга бошлайди ва ерлик аҳолидан бўлғон ўқитғувчиларға мурожиат қилиб, уларни ишга кўмак беришга чақиради. Бу жуда муҳим ва қизиқ ишда иштирок қилишға истаган, ўқитғувчилар кучларидан келганича уруниб натижаларни билдириб туришлари сўроладир. (Материалларни Самарқанддаги олий таълим-тарбия институтининг педология кабинетининг тўғридан тўғри ўзига ёхуд “Маориф ва ўқитғувчи” журноли идораси орқали юбориш керак).
Албатта, ўқитғувчи ҳар бир педология ишини бажара олмайди. Кўп ишлар учун махсус ясолғон лобороториялар керак. Кўп тайёрлиқ кўрган бўлиш керак. Бу ишга ихтисос ва тажриба ҳосил қилиш керак. Бу сифатлар йиллар бўйинча бўлғон ишлар натижасида топилғусидир.
Аммо, болаларни ўрганиш йўлида бир қанча муҳим ва қизиқ ишларни оддий шаҳар ва қишлоқ ўқитғувчилари, агар истасалар ва майл қўйсалар, бажара билурлар. Бир қанча йиллар иш кўрган тажрибали ўқитғувчи, ўз ишини севган, бола чақаларни яхши кўрган, улар устидан текшириб кузатиб турғон ўқитғувчи педология олимиға жуда кўп муҳим ва фойдалик материалларни сўйлаб беришда ва бу ишда зўр ёрдам беришида шубҳа йўқдир. Янада бундан бошқа оммавий ўқитғувчи мутахассис педологнинг кўргазиши бўйинча бир қанча содда тажрибалар қилиб, бу тажрибаларнинг соддалигига ва устидан қороғонда бошланғич бир нарса бўлиб кўринганига қарамасдан, натижа чиқориш учун жуда қизиқ ва фойдали материаллар бера билади.
Шундай бир тажрибани мисол ўрнида бунда гапириб ўтамиз ва бу ишга қизиқиб, бизнинг таклифимизни амалга оширишға истаган шаҳар ва қишлоқлардағи маорифчи ўртоқлардан бу тажрибани ўз синфларида қилиб кўриб, тўпланғон материалларни юборишларини сўраймиз.
Ҳар бир педологга ва ҳар бир онгли ўқитғувчиға болаларнинг мактаб тошқорисида нималар билан қизиққонлиқларини билишлари ва билишга тиришишлари керак. Ҳар бир ёшда ва ҳар бир ижтимоий гуруҳда болаларнинг ўзларига хос қизиққон нарсалари бўлади. Ўқитғувчи болаларнинг бу майлларини мактаб ишига жалб қилиб, болаларни ижтимоий фойдали ишлар йўлига солиб юбориши лозим ва тегишдир. Ўқитғувчи ўз шогирдларининг устидан юзаки қараб кузатиб туриши билангина болаларнинг майл қўйғон нарсалари тўғрисида натижа чиқара билмайди. Бизнинг таклиф қилғон тажрибамиз мактаб ўқиғувчиларининг майлларини юзага чиқориб бўлади. Чет элларда ва Русияда ҳозирда ўтказилмакда бўлғон бизнинг таклиф қилғон тажрибамиз қуйидоғидан иборатдир.
Ўқитғувчи ўз синфига кириб (2- ё 3-дарсларда бўлиши яхшироқ), ўқиғувчиларға бир қизиқ иш беришини эълон қилади ва бир натижадан қоғоз (дафтардан икки варақ тўрт бетли қоғоз йиртиб олиши мумкин) олишға буюради. Қоғознинг юқорисиға ўқитғувчининг, мактабнинг исмини, синф номерини, ой кун ва числани, қайси жинсдан бўлиши (эркак бола, қиз), ёши, тажрибачиларнинг (ота-она) касби (ишчи, деҳқон, идора ишчиси, онаси – муаллим...) фамилияларини ёзмасалар ҳам бўлади, бўлмаса болалар кўпинча фикрларини эркин айтишга қўрқадилар. Ўқитғувчи болаларнинг дуруст ёзғонларини текшириб чиқади. Бундан кейин ўқитғувчи болаларға қуйидоғи сўзлар билан мурожиат қилади:
– “Болалар, мен сизга бир неча саволлар бераман. Сиз шу саволларға жавоб ёзарсиз. Ҳар бир сўроғни диққатлаб тушунингиз, ёхшилаб ўйлаб олғондан сўнг жавобларини ҳеч бир тортинмасдан, очиқ ва эркин суратда ёзингиз. Сўроғларни ёзмайсиз, жавобларни рақам тартиби билан ёзасиз. Яъни биринчи сўроғнинг жавобини 1 рақами билан белгилайсиз. Иккинчи сўроғнинг жавобини 2-билан ва шу тартибда белгилаймиз. Ишлаганингизда бир-бирларингиз билан гапирмангиз, бирларингизга қараб ёзмасдан ўз бошингиздан ҳар қайсингиз ўз билганингизча ёзасиз”.
– Диққат мен бошлайман. Биринчи савол. 1. Сифрини бир чеккага ёзингиз –
1. Келгусида ким бўлишни истайсан?
2. Нима учун албатта шуни истайсан?
3. Ўзинг истаган, билган одамларингдан қойсисиға кўпроқ ўхшашни тилайсан?
4. Нима учун албатта шу одамга?
5.Ўзингда ниманинг бўлмоғини кўп истар эдинг?
6. Нима учун худди шу нарсани?
7. Дунёда сенинг учун энг қиммат нарса нима?
8. Нима учун албатта шу нарса?
9. Нима тўғрисида кўп ўқишни истайсан?
10. Нима учун албатта шу нарса тўғрисида?
11. Сенинг энг севган ишинг нима?
12. Нима учун албатта шу ишни севасан?
Мана болаларға берилатурғон сўроғлар шулардан иборатдир. Бунда болаларни шошдириб қистаб туриш керак эмас. Балки аксинча, зерикмасдан ҳаммаларининг эркин, очиқ ёзиб битиришларини кутиш керак. Қоғоз озлиқ қилиб бола қисилиб қолмасин. Қоғозни керак бўлганича бериш керак. Сўроғларни бирдан бермасдан, аввали биринчи сўроғни бериб, унга ҳаммалари жавоб ёзиб бўлғонидан кейин иккинчиси берилур ва шу тартибда охириғача давом қилинур. Жавоб қоғозларини териб олғонда болаларнинг ўлтурғон тартибига қараб олиниб, уларни рақамлаб қўйиш керак. Чунки шундай қилинғонда, кейиндан бир-бирларидан фойдаланган ва кўчирганларини билиб бўлади. Тажриба вақтида ўқитғувчи болаларға жавоб топиш тўғрисида қулойлиқ кўргазаман деб, тушундиришлар бермаслиги керак. Бу тажриба вақтида ўқитғувчи болаларни ўқитмайди, балки ўз шогирдларини текширади. Агарда бир бола сўроққа тушунмаса, майли жавоб бермай, “тушунмадим” деб ёзиб кета берсин. Жавоблар ёзилғон қоғозларни териб олиб ўқитғувчи уларга иш шароити тўғрисида илова ёзур: иш вақтида болалар ўзларини қандай тутдилар, қайси саволлар устида кўпроқ вақт сарф қилдилар, бу тажриба учун қанча вақт кетди, болалар бу ишни қандай қарши олдилар, шовқун қилишиб, кулуб ишни бузмадиларми ва бошқалар.
Бу тажрибани саводи чиққан ва ёзишни билган ҳамма синфларда ўтказиш мумкин. Имлосининг хато бўлишидан уёлмасдан ёза берсунлар. Бу тажрибани меҳнат мактабларидагина эмас, ҳатто ёш ўспиринлар ўқийтурғон техникумларда ҳам қилиш керак.
Жавобларни териб олиб ўқуғондан кейин ҳамма қоғозларни тўплаб, юқорида айтилган илова ёзилғон қоғозни қўшуб, посилка қилиб тўлаб олатурғон тартибда почтага солиб юборилсун. Посилканинг устига қуйидагича ёзилғонда юборувчидан ҳеч почта чиқими олинмайди
Дологавая
Г.Самарканд, Булвар Всеобуча, №8. Педагогическому кабинету Висшего Пединститута.
Бунинг остиға юборғувчининг адреси ёзилур. Бу тажрибанинг материалларини юборганда, шу тажрибани қилғон ўқитувчининг исми ҳам кўргазилсун. Бу келган материаллар кўрилиб чиқиб, ишланиб “Маориф ва ўқитғувчи” журнолида босилғувсидир.
Журналнинг келгуси сонларида агар ўқитғувчилар ичидан болаларни ўрганиш йўлида озғина бўлса ҳам ишлашга хоҳлағонлар бўлса, биз улар учун бир қанча бошқа турли тажрибалар тўғрисида ҳам маълумот берамиз.
Биз ишонамизким, бунда кўргазилган тажриба ва келгусидаги тажрибалар бўйинча тўпланғон материаллардан ҳосил бўлғон тажрибалар оммавий муаллимлар учун жуда зарур ва қизиқ бир иш бўлиб, уларни бу ишга жалб қилғусидир. Агарда бунга ўхшаш бир неча тажрибалар натижасида кўп бўлмаса ҳам бир қанчагина бунга урунишга истаган, фаолият кўргазатурғон ўқитғувчиларимиз майдонға чиқсалар, бизга мухбирлик қилсалар, шубҳасиз бизнинг бу бошлағон ишимиз маваффақият қозонғусидир”.
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ