Фарғоналик Достонбек Сиддиқов айни вақтда Ветнам мактабларидан бирида инглиз тилидан дарс беради. Унинг яқинда “Йил ўқитувчиси” мукофотини қўлга киритгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Oyina.uz мухбири Достонбек билан боғланиб, суҳбат тайёрлади.
Достонбек гапни у ерга боришингиз тарихидан бошласак. Риштонлик йигитнинг ветнамлик болаларга инглиз тили ўргатаётгани тарихи кўпчиликка қизиқ? Ҳаммаси қандай бошланди?
2014 йили Фарғона давлат университетини тамомлаганман. Ўқитувчилик фаолиятимни эса 2010 йил яъни 1-курслигимданоқ бошлаб юборгандим. 2017 йилгача турли мактаб ва академик лицейларда дарс бердим. Шундан сўнг айрим сабаблар билан Москвага кетдим ва «Step and level» ўқув марказида иш бошладим. Олти ой давомида бошқа миллат вакилларига инглиз тилидан сабоқ бердим, дарс тўлиқ инглиз тилида олиб бориларди.
Бошқа миллат вакилларини ўқитиш ёқиб қолди. Кўп ўтмай инглиз тили ўқитувчиси сифатида Хитойга отландим. Визамни янгилаш мақсадида қўлимда рюкзагим, иккита футболка, битта жинси шим ва кроссовкам билан Ветнамга келдим. Хитой элчихонаси визамни рад этди. Бошим қотиб қолган эди, бир нечта давлатлар (Лаос, Таиланд, Камбоджа)да ҳам виза олишга уринишларим самарасиз якунланди.
Камбоджадаман, чўнтагимда эса бор-йўғи 20 доллар қолган... Бундай вазиятда Ўзбекистонга ҳам қайта олмайман. Шу пайт Ветнамдан иш таклифи чиқиб қолди. Ўйлаб ўтирмай, қарз-ҳавола билан шартта учиб келдим. Бошида қийналдим, иссиқ ҳавоси, овқатлари, маҳаллий аҳоли тилига ўрганишим осон бўлмади. Нақ бир йил вақтим мослашишга кетди. Кейин аста-секин кўникдим, аҳоли маданияти, тилини ўрганиб олдим. Ветнамдаги халқаро мактабларга ҳужжат топширдим, “Vinschool” ишга таклиф қилди ва ҳозирда шу ерда инглиз тилидан дарс бераман.
Ўзбек йигитининг хорижий давлатда “Йил ўқитувчиси” сифатида тан олингани ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлди. Айтинг-чи, бу ўзи қандай танлов, неча номзод орасидан танландингиз, танловнинг нуфузи қай даражада?
Танловга иккинчи иш жойимдан иштирок этдим. RES (Reliable English School) Ветнамдаги IELTS ўқитадиган жуда катта мактаб. British council, IDP сингари халқаро ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради. Мактаб ташкил этилганига ўн саккиз йилча вақт бўлган ва ҳозирда 40 дан ортиқ филиаллари мамлакатнинг турли шаҳарларида фаолият юритади.
Ҳар йили ўқув йили якунида махсус базм уюштирилади ва йилнинг энг яхши ўқитувчиси, йил янгилиги, йил филиали сингари мукофотлар топширилади. Танловда 500 дан ортиқ хорижлик ва 700 нафар ветнамлик ўқитувчи-муррабийлар орасидан ҳар бир йўналишда 10 нафардан ғолиб танланади.
Йил давомида 6 нафар ўқувчим IELTSдан 8 ва ундан юқори балл, 40 нафардан кўпи 6,5-7 балл олиб, айни вақтда Канада, Буюк Британияда ўқишини давом эттирмоқда. Менимча, ушбу натижалар сабаб мукофотга лойиқ кўришди.
Ветнамда ўқитувчига қўйилган талаблар, мавжуд имкониятлар қандай? Ўзбекистондаги ҳолат билан солиштирган ҳолда нималар дея оласиз?
Ветнамда ўқитувчилар маоши жуда юқори бўлмаса-да, жамиятдаги обрўси жуда баланд. Ўзбекистондаги каби репетиторлик тармоғи ривожланган, шу боис ўқитувчилар жуда яхши маблағ топади. Инглиз тили боғча ёшидан ўргатилади. Бир дўстим 18 ойлик, тили энди чиққан болачаларга дарс ўтади, бу ҳазил эмас!
Мактабларда қоғозбозлик кўп, боиси ҳалиям коммунистик давлат, бюрократия бор. Лекин Ўзбекистондагичалик эмас. Биров ёнингизга келиб, ҳужжат титиб, ишингизни текшириб ўтирмайди. Интернетда махсус тизим бор, ҳамма вазифа, топшириқ, муаммо, саволлар ўша ерда ҳал этилади. Комиссия деган тушунча йўқ эмас, албатта, лекин келавериб безор қилишмайди. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат дўстона, ўзаро ҳурмат асосига қурилган. Педагоглар одатда хуш кайфият юрадилар.
Ветнамда маҳаллий ўқитувчилар 400-500 доллар атрофида ойлик олади, хорижлик ўқитувчилар маоши билим даражаси, тажрибасига қараб 4000 долларгача. Маҳаллий муаллимларнинг инглиз тили кўникмаси пастроқ, аксарияти зўрға гаплашади, болаларга асосан грамматикани ўргата олади.
Хорижлик ўқитувчилар тўлиқ инглиз тилида дарс ўтади, ўқувчилар истаса-истамаса дарсда инглизча гаплашишга мажбур, шу боис чет эллик педагогларга бўлган талаб юқори. Маҳаллий муаллимлар маошни давлатдан олса, хорижлик ўқитувчиларга ота-оналар ойма-ой ёки йиллик қилиб пул тўлайди. Тан олиш керак, бу ерда ота-оналар фарзанди таълими учун жуда катта маблағ сарфлайди.
Ўқитувчига ҳар бир қилинган ортиқча иш, вазифа учун қўшимча ҳақ тўланади.
Ўзбекистонга қайтиш ва шу ерда инглиз тилидан дарс бериш таклифлари ҳам билдирилдими?
Албатта, қайтиш ниятим бор, фақат қачонлиги ҳозирча аниқ эмас. Таклифлар ҳам йўқ эмас. Ўзбекистонга қайтгач, ўқувчиларга инглиз тилидан таълим беришни давом эттираман.
Инобат АҲАТОВА
Oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Yulduz
12:01 / 01.01.1970
Bu xabarni o'qib xursand bo'ldim va men ham pedagog ekanimdan faxrlanaman. Chet elda o'zbek ustozi bilim berayotgani ,albatta , yaxshi . O'z yurtimiz farzandlariga ham bilimingizni ulashish degan umiddaman, yaqin kunlarda. Kasbiy faoliyatingizda ulkan zafarlar yor olloh madadkor bo'lsin.
Yoqut
12:01 / 01.01.1970
Dostonbek, juda xursandman. Siz nafaqat kasbizda eng yaxshisisiz, balki, yaxshi oila boshlig‘i, yaxshi kuyovsiz. Borizga shukur.