Гар мебелинг бўлмаса, етти ямлаб бир ютардим – ўзбекнинг уйдирма удумлари


Сақлаш
02:03 / 09.07.2022 1463 0

Тўйлар мавсуми бошланмоқда. Шу аснода мебелни келин тараф қилиши керакми ёки куёв, деган “азалий ва абадий” баҳсимиз яна қўзғолди. Қизиғи, муҳокамаларда ёш авлод вакиллари тўйни дабдабали ўтказиш ва уйни ҳашаматли жиҳозлар билан тўлдириш тарафдори эмасдек намоён бўлмоқда. Орзу-ҳавасга эш иллатлар эса инерция қонуни асосида давом этиб келаётган кўринади. Ишонмасангиз, Oyina.uz жамлаган фикрларга кўз югуртиринг.

 

Гуландом Тоғаева,

журналист:

 

– Инсон капада ҳам бахт, қувонч топа олади, бунда фақатгина маърифат, ўз ҳолига қаноат керак. Данғиллама тўйлар ёки ҳашамдор мебеллар кўнгилларга бироз файз бағишлаши мумкин, аммо чинакам саодатни меҳр-оқибат, бир-бирини тушуниш фазилати беради. Омон Матжон айтганидек, “Азизим, юлдузлар фалакда бахтли, Инсон ўз қалбида, юракда бахтли...”

 

“Хайрият – жамиятдадир”, дейди машойихлар. Ҳамма ишда ота-она, қариндош-уруғ, келин-куёв бир ёқадан бош чиқаришга интилса, ечими йўқ муаммо қолмайди. “Мен сендан камманми” деган кимўзар эса ҳаётни мураккаблаштиради. Шахсий муаммолар аста-секин жамият дардига айланади. Масалан, иммиграция.

 

Битта хўроз сўйиб тўй қилганларни эшитганмиз. Келин-куёв бирга ишлаб, уй-жойни ҳам, бошқа дав-даскани ҳам олишган, саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб ўстириб, катта тўйлар қилишган. Қайтанга, ёш оила ҳамжиҳатликда эришган неъматларнинг қадри ўзгача бўлади.

 

 

Саййид Ислом,

блогер:

 

– “Мебелни эркак қилиши керак, гиламни эркак қилиши керак, эркак – эркак бўлиши керак”, деб қайтаравериб, қайтаравериб, шу натижага эришдик: йигитлар уй оляпти, таъмирлаяпти, парда, гилам ва бошқа жиҳозлар билан тўлдиргунига қадар ёши ўттизга боряпти...

 

Бир иллатдан қутулиб, ундан баттарига йўлиқдик. Орзу-ҳавасларимизни қайчилаш, жиловлаш ўрнига, дабдабани бир тарафдан олиб, бошқа тарафга юкладик. Бечора куёвлар уй олиш учун беш йил, ремонти учун икки йил Россияда ишлар эди. Энди қўшимча яна икки йил ишлаяпти, қандайдир латта-путта ва мебеллар учун.

 

Кўп танишларим, жиянларим уйланмай юрибди. “Ҳа?”, деса, “Уй-жой қилишим керак, ичини ўзим тўлдиришим керак”, деб. “Келиннинг диванида ётмайман, ўзим сотиб оламан”, деб умри ўтиб кетяпти. Ўзини тутиб, пул топиб, орзуларни рўёбга чиқаргунига қадар бошқа ердан икки болали бўлиб қоляпти. “Куёв аввал яширинча уйланиб олган экан. Фарзанди ҳам бор экан”, дея қизларини ажратиб юбораётган ота-оналарни кўп эшитяпмиз.

 

Ҳадисга мувофиқ, уйлантириш ва эрга беришда шошилиш ўрнига, йилдан йилга вақтни чўзиб боряпмиз. Натижада оилалар бузиляпти. Бир киши мақтаняпти: “Совчи бўлиб келаётганлар ҳамма нарса тайёр, 18 ёшга кирса, паспортини ҳам ўзимиз оламиз деяпти”, деб. Одамлар тушуниб қолди, қиз тараф мажбур эмаслигини. Бир ҳисобда хурсандман. Лекин янги таъмирланган уй, парда, гилам ва мебеллар ҳам шарт эмаслигини тушунинглар энди.

 

Ҳамма нарса тайёр, деб эшик қоқаётган бечора куёвларнинг отнинг калласидай қарзи бор ёки тўйни ўтказибоқ Россияга кетиш учун чиптаси чўнтагида. Ёш келинчаклар парда, гиламли уйда қиммат ётоқ мебелида ёстиқ қучоқлаб ухлаганида, куёвлар мардикорчиликка кетади. Ёлғизликдан келиб чиқаётган машмашаларни эса санамай қўя қолай.

 

Россияда ўн йиллаб ишлаб, уйни тўлдириб, кейин уйланиш шарт эмас. Уйдирма удумлар қурбонига айланаётган ёш умрларга ачинасан. Авваллари келин тараф қарзга ботиб, қизнинг отаси йиллаб Россияда ишлаб сеп йиққан бўлса, энди куёв томон шу ишни қиляпти. Сохта обрў, манманлик, “одамлар кўриб қўйсин”га яшаш жамиятни чиритяпти.

 

 

Рушана Зиядуллаева,

талаба:

 

Доим шу мавзуда гапиришга оғринаман. Мебел, гилам, парда дейишганда жаҳлим чиқади. Инсоннинг оддий бир буюмлар билан қадрсизланиши жуда хунук ҳолат. Ойимга доим турмуш қуришимда ҳеч нарса қилмайсиз, бир-икки кийим оламан, холос, дейман. Ҳазил ҳам қиламан баъзида, мен боргунимча мебелсиз қандай яшаган бўлса, бундан кейин ҳам яшасин, дейман. Кулгу бўлса ҳам, бу аччиқ ҳақиқат.

 

Бирорта йигит ёки қизнинг қиммат жиҳоз олишим керак, деган гапини эшитмадим. Бундай “қадрият”лар ҳали ҳам яшаётганига ота-оналаримиз сабаб бўлса керак. Ойимга қанча уқтирмай, барибир мебел олиб бераман, борган жойингда изза бўлмайсан, дейдилар. Мен эса доим ўзим ҳаракат қилиб эришганман, дадам шунга ўргатган. Эртанги ҳаётимда ҳам уйимга нимаики керак бўлса, турмуш ўртоғим билан бирга эришишни хоҳлайман.

 

 

Рашид Хўжамов,

магистрант:

 

Мебелни ким қилиши керак: келин ёки куёв? Келинг, бошқачароқ савол қўямиз. Мебел аслида шу қадар зарурми? Оилада кичик фарзандман. Опам узатилган, акам уйланган, мен уларнинг тўй ташвишларини, кейинги ҳаётларини кузатиб ўйлаб қоламан: нега биз ўзбекларда мебел, парда ва бошқа алламбалоларга бирламчи эҳтиёж деб қаралади? Масалан, икки томон ҳам ортиқча чиранмасдан (агар молиявий аҳволи кўтарса, майли, хоҳлаганидай яшасин), қарз-ҳавола билан тўй бошламасдан, қурби етганича тайёргарлик кўриб ҳам янги ҳаётга қадам қўйиши мумкин-ку. Икки ёш оила қуриб, оёққа туриб олиб, ўзлари учун ўзлари шароит яратиши оқилона йўл деб ўйлайман.

     

Куёв бола ётадиган диван, келин бола қарайдиган тошойна, иккаласининг кийимлари илинадиган жавону яна бошқа нарсалар учун нега ота-она тер тўкиши керак, нега қизимни узатаман, ўғлимни уйлантираман деб мусофир юртда ишлаши, ҳатто йўл харажатини ўйлаб тўйга келолмаслиги керак? Шундай воқеаларга ҳам гувоҳ бўляпмиз, афсуски...

   

Масаланинг яна бир томони шундаки, айрим оилалар мебел қилиш керак экан деб мутлақо ишлатилмайдиган, уйнинг бир бурчагини эгаллаб, чанг босиб ётадиган матоҳларни ҳам сотиб олишади. Ўзларига қолса, олмасди, аммо қуда томоннинг, айниқса, элнинг маломатидан чўчишади. Бизда ҳар қандай вазиятда асқотадиган гап бор-ку: “Одамлар нима дейди?” Одамлар нима деса дер, сиз оилангиз тинчини, тўйдан кейинги ҳаётингизни ўйланг.

   

Туриш-турмушимизда чет эл ҳаётига тақлид бўртиб кўринади. Кийинишимиз, ейиш-ичишимиз, овқатларимиз, ороланишимиз... Аммо ҳали ҳамон тўйларимиз, тўй харажатларимиз ғирт ўзбекча. Бу масалада ҳам “чириган Ғарб”га тақлид қилсак яхши бўлармиди?!

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

Oyina.uz


Фото: Холида МУСУРМОНОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//