Қорақалпоғистон воқеалари жамиятдаги турли дунёқарашли гуруҳларни бир нуқтага йиғди – Ватан бўлинмасдир! Амалдаги ҳукуматнинг ашаддий танқидчилари ҳам, ҳар қандай вазиятда кўпчиликка тескари гапириши билан танилган “ностандартлар” ҳам ягона ғоя атрофида жипслашди. Oyina.uz ижтимоий тармоқлардаги онлайн жўрнавозликда бир тоифанинг ўзаро ҳамоҳанг овозига алоҳида эътибор қаратди – Ўзбекистонда ўзбеклар билан оға-инидек яшаб келаётган бошқа миллат вакиллари!
Назира Мамбетшарипова,
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист:
– Кеча Қорақалпоғистон ТВда жонли эфир бериб турдик, очиғи, йиғладим мен. Президент «Нега менга вазиятни етказмадинглар», деганда ҳақ эди. Ижтимоий тармоқда одамлар конституцион ислоҳотлар бўйича кўп фикр ва савол беришди. Аммо бирор расмий шахс чиқиб, тушунтирмади, бу лойиҳа экани, халқнинг фикри сўнгги сўз бўлишини айтмади... Ҳўлга қуруқ аралашиб кетди ва бу кимларгадир қўл келди.
Кеча Президент келганида тинчликсевар зиёлиларнинг, ота-оналарнинг руҳи кўтарилди. Улар мамлакатда кечаётган ислоҳотларни маъқуллайди. Қорақалпоқларнинг миллий ўзликни асрашга бўлган интилишини давлат раҳбарининг ўзи ҳам қўллаб-қувватлади. Конституциянинг тегишли моддаларини ўзгартириш борасида ҳеч қандай ўйлов ва иккиланишга ҳожат қолмади.
Кеча эфирда туриб, имконим қадар шуларни айтдим. Бугун ўзбек халқи билан бирга яратган моддий бойликларимизни, шу тинч ҳаётимизни болаларимиз келажаги учун асрайлик, кўчага чиққанлар, ортга қайтинглар, дедим. Тонгда телевидениедан уйга келдим. Ота маҳалламда болалар ўйнаб юрибди, ҳар ким ўз иши билан... Азиза, ўзбек дўстларимизга айтинг, ижтимоий тармоқда ўтириб, ўзбек халқига ҳурматсизлик қилаётганлар қорақалпоғистонликлар фикрини ифодаламайди. Бизда ҳозир интернет йўқ. Уларнинг ким ва қай ғаразда, қаерлардадир ўтириб олиб ёзаётганини мана шу фактнинг ўзи ҳам тушунтиради.
Мен Қорақалпоғистонда туғилиб ўсдим. Фарзандларим Тошкентда катта бўлди. Бирор марта икки томонда ҳам дискриминация нималигини сезмадим. Бутун республика ташкилотлари, жамоатчилиги келиб, Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун ойлаб шу ерда яшаб-ишлаганини кўрдим. Икки дўст халқнинг боласи эканимдан фахрланаман. Азиза, cиз етказинг, биз ўзбекистонликларни яхши кўрамиз. У ерда ҳам, бу ерда ҳам ўзбек-қорақалпоқ бир-бирини севади.
Бахтиёр Шералиев,
биолог, Хитойда Жанубий-ғарбий университет постдок тадқиқотчиси:
– Фарғонанинг Риштонида туғилиб ўсганман. Бу ерда ўзбек, тожик, қирғизлар бир-бири билан аралашиб яшайди. Шунча йилдан бери паспортда тожик деб ёзилгани бирор маротаба бўлсин менга халал бергани ёки миллатим туфайли менга нисбатан қандайдир айирмачилик қилинганини эслай олмайман.
Бутун Ўзбекистон бўйлаб тожик, қирғиз, қозоқ, туркман, татар, уйғур дўстларим бор. Мен ҳам, улар ҳам ўзимизни Ўзбекистоннинг тўлақонли фуқаролари деб ҳисоблаймиз. Шахсан ўзимни Ўзбекистондан айрича тасаввур қила олмайман. Ўзбек миллати ёки ўзбек тили ҳақида гапираётганда бошқа биров ёки бошқа тил ҳақида сўзлаётгандек ҳис этмайман, аксинча, ўзимни ўзбекнинг бир бўлаги деб биламан ва доим шундай бўлиб қолади.
Илмий фаолиятим ортидан республика бўйлаб кўп сафарга чиқаман. Бир гал Қорақалпоғистонга борадиган бўлдим. Ўша ерлик танишим мени уйига таклиф қилар экан, хижолатомуз ёзди: “Бахтиёр, айбга буюрманг, шароитимиз у қадар ҳам яхши эмас...”. “Дўстим, бу гапингиз билан мени ранжитяпсиз. Қорақалпоғистон бу – Ўзбекистон, менинг ватаним, у ердаги муаммо меники ҳам. Одам ўз уйидаги ҳолатдан акаси ёки укасини айбга буюрадими? Бу гапни бир айтдингиз, бошқа айтманг”, деб жавоб ёзганман.
Чиндан ҳам, Қорақалпоғистон бу Ўзбекистоннинг бир қисми, уни бошқача тасаввур қила олмайман. Ўзбекистон барчамиз учун умумий уй ва доим шундай бўлиб қолади. Ҳозир бўлиниш, айрилиш эмас, балки бирлашиш, жипслашиш вақти!
Абдунаби Абдиев,
журналист, ёзувчи:
– Болалигимдан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Маманбий афсонаси”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” романларидан иборат “Қорақалпоқ достони” трилогияси энг севимли асарларимдан бири бўлган. Маманбий, Ойдус бобо, Эрназарбийлар тилидан ҳикоя қилинган теран маъноли афсона ва ривоятларни қайта-қайта мутолаа этишдан чарчамасдим. Аждодлари шундай теран фикрлаган эл бир ҳовуч ғаламисларнинг қутқусига учмаслигига ишончим комил. Кўзингни оч, қорақалпоғим!
Мен жаннатмонанд Ўзбекистонда туғилган туркманман. Ёшим 65 да, лекин ҳали биров “Сен туркменсан!” деб кўкрагимдан итармаган. Шундай бағрикенг, саховатпеша юртни бошқа топиб бўлмайди. Оролбўйида экологик муаммо бош кўтарганда ҳеч ким “Менга нима?!” деб ўзини четга олмагани бағрикенглик маҳсули эмасми? Теран томирларимизга туташ дўстлик ришталарини шу синов дамларда янада мустаҳкам боғлаш бурчимиз эканини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Баҳриддин Чустий,
таниқли ошпаз, Oshxona.uz, Tez Food ва Sal-Sal лойиҳалари асосчиси:
– Cир эмаски, Чустда ҳам тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилишади. Менинг ҳам паспортимда тожик деб ёзилган, аммо бу ҳеч қачон ва ҳеч қаерда Ўзбекистонни севишга, унинг ривожи ва равнақи учун ҳисса қўшишга, хурсандлигида севинишга, қайғули кунларда ҳамдард бўлишга тўсқинлик қилмаган.
Қорақалпоғистонлик ватандошлар, бировларнинг “бале-бале”сига учмасликни, фитналар гирдобида қолиб кетмасликни, Крилов масалидаги оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа каби иш тутмасликни илтимос қиламан. Чунки биз миллатимиз ва элатимиздан қатъи назар, бир юрт фуқаросимиз, шу юртнинг бир бўлагимиз ва унинг бирлиги ва борлиги учун масъулмиз.
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Женисгул
12:01 / 01.01.1970
Мен хам козокман. Шу Узбекистан деган ватанда тугилиб катта булиб хали хам шу ерда яшайман. Давлатимиз Хар доим биз тугри юрсак панохсиз колдирмаган. Коллежимизда 2 та козок миллатиданмиз. Лекин узбек миллатиданм огайнлар Билан опа сингил ,опа укадай Киришиб кетганмиз. Хеч Ким камситмаган. Узбекистан бизнинг ватанимиз! Бизга тинчлик хотиржамлик керак!
Фаррух Ҳамидов
12:01 / 01.01.1970
Ёшим 36 да, шунча вақт давомида бирон маротаба, сен тожиксан деган миллатчиликка йўйиладиган сўзни эшитмадим, ватанга содиқ хизмат қилишга унинг ривожланишига ҳисса қўшишимга паспортимдаги тожик деган сўз ҳеч қачон халақит қилмаган. Айрмачилик, ёки миллатчилик қилгандан кўра ватан равнақига хизмат қилиш авхфзалроқ мен учун.