Тошкентда ҳам, Нукусда ҳам ҳаммамиз бирдек мезбон, ҳаммамиз бирдек меҳмонмиз – ўзбек зиёлилари Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида


Сақлаш
17:07 / 04.07.2022 2975 0

Сўнгги кунларда Қорақалпоғистонда кузатилган нотинч вазият бўйича ижтимоий тармоқларда юртдошларимиз ўз фикрларини билдиряпти. Жумладан, зиёли қатлам – ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, олимлар ҳам бу масалага бефарқ бўлмай, барчани бирдамлик, тинчликка чорламоқда. Oyina.uz айрим мулоҳазаларни бир жойга жамлади.

 

 

 

 

Иброҳим Ғафуров,

Ўзбекистон Қаҳрамони:

 

– Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ер юзидаги энг қадимий, маданий халқлар қаторига киради.

 

Уларни инсоният тарихининг отаси Ҳеродот ўз тарих китобларида баён қилиб кетган ва ер юзига танитган. Ўша сўзлар ҳамон ҳақиқатини йўқотган эмас. Биз 10 минг йилларча оға-ини, қавм-қариндош бўлиб ёнма-ён яшаган жигар халқлармиз. Улуғ дарёлардан бирга об-ҳаёт – тириклик сувини ичганмиз,  юртимизни обод фаровон шону-шарафли қилиб тиклаганмиз. Томирларимиз ажралмас бўлиб туташиб ётибди.

 

Тарих йўлларидан елкама-елка борар эканмиз, бугун елкаларимизнинг куч-қудратини ҳар қачонгидан кўра кучлироқ ишончлироқ сезмоқдамиз. Ғаламислар, халқаро каззоблар, иғвогарлар, йўқ ерлардан низо чиқарадиган қабиҳлар ҳеч қачон ўзларининг машъум ва шум мақсадларига етмагайлар.  Уларнинг ифтиролари ва буҳтонларига қарамасдан биз абадий биргамиз. Бизни енгадиган куч йўқ. Иғвогарлар, низогарлар фақат қонхўрлик ва талотумларни истайдилар. Бегуноҳдан-бегуноҳ одамларни қурбон қилишдан тоймайдилар. Аммо бу йўллар тарихда ҳам сароб бўлган эди, ҳозир ҳам сароб ва келажакда ҳам саробдир.

 

Хўп, Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси экан, ҳар қанча фикр бўлса айтингиз. Дискуссиясига қўшилингиз. Конситуциянинг одил умум Ўзбекистон халқи учун манфаатли қонун-қоидалар билан бойиб боришига ўз ақли хизматларингизни аямай сарфласангиз. Чунки ҳақиқат фақат адолатли баҳслар, мунозаларда юзага чиқади. Ҳозир ақл-идрок ва матонатни заррача йўқотмаслик ҳақида гап бормоқда. Бизнинг бунга ишончимиз тўла ва том. Ортиқча эҳтиросларга берилиш, тинч-фаровон юртда тўзон кўтариш ҳеч қачон ижобий натижаларга олиб келмас!

 

Биз Ўзбеклар ва Қорақалпоқлар ҳамиша биргамиз!

 

Тарих ва табиат буни маърифатли халқларимизга мерос қилиб қолдирган. Зеро, ҳақиқат шундаки, тушунган тушуниб олсин!

 

 

 

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи:

 

– Бовурим – жигарим!

 

Мамбет оғам! “Умр” исмли қуш бунчалар тез учмаса! Тошкент давлат университети журналистика факультетини тугатганимизга роппа-роса 50 йил бўлибди-я! Айтишга осон. Не замонлар ортда қолди, ким насибасини қаердан топди – ўзига аён, лекин Сиз билан биз ўша олий даргоҳда орттирган касбимизнинг этагини бирон кун қўлдан қўйганимиз йўқ: журналистиканинг қаттиқ нонини баҳам кўрдик, бола-чақа боқдик.

 

Талабаликнинг завқ-шавққа тўла қайноқ лаҳзаларидан мерос хотираларимиз шу қадар мўл-кўлки, уларни айтиб адо қилолмаймиз. Йил оралаб гоҳ Тошкентда, гоҳ Нукусда дийдорлашганимизда, тонготар дийдорлашувларда ўша ўсмир ёшлигимизга қайтишларимиз-чи? Дийдор азиз, меҳр-оқибат азиз бўлган жойда азиздан-азиз хотиралар яна ва яна Сизу бизни яқинлаштирди, биродарлаштирди. Қозоқ Жўлдош, туркман Байрам, қорақалпоқ Қуёш, тожикистонлик Ўринбой, қирғизистонлик Музаффар ва бошқа дўстларимиз орасида Сиз ёши улуғимизсиз, шу боис ҳам жўрабошимиз сифатида Сизнинг сўзингиз – сўз, гапингиз – гап, шундай эмасми? Илло, оға, жигитлик сўзини айтиш мавриди келди, шу-унча йиллик дийдорлашув онларида бирон марта ўзбек ва қорақалпоқ миллати орасига заррача совуқчилик тушгани йўқ, манфаатлар тарафкашлиги кузатилмади. Хаёлимизга ҳам келгани йўқ бундай машмашалар, шундай эмасми, Мамбет оға?  

 

Кўриб, кўзимизга, эшитиб, қулоғимизга ишонмадик. Шу ёшга чиқиб кўрмаган-эшитмаган воқеаларимиз юз бераяпти-ку, Қорақалпоғистонда. Устюрт водийсини яёв кезиш, олисдан бўлса-да, Орол соҳилларига нигоҳ ташлашни қўя турайлик, “Кейинги 4-5 йил ичида Қорақалпоғистонда юз бераётган янгиликларни бирга-бирга томоша қилиб толиқиб қолмайсизларми, бовурларим?” дея ичимизга ўт-олов ёқиб, меҳмонга чорлаган ўзингиз.

 

Борамиз ҳам, кўрамиз ҳам, фақат унутманг, Тошкентда ҳам, Нукусда ҳам ҳаммамиз бирдек мезбон, ҳаммамиз бирдек меҳмонмиз!

 

Халқларимиз одатига кўра, чинакам бовурлик шарти ана шундай, Мамбет оға!

 

 

 

Қўнғиротбой Шарипов,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, техника фанлари доктори, профессор:

 

– Куни кеча Нукус шаҳрида бўлиб ўтган нохуш хабарни эшитиб юрагим зирқираб кетди. Бу халқ ўзлари яшайдиган кенгликлар сингари бағри кенг, қалби дарё халқ.

 

Ўрни келганида яна шуни ифтиҳор ва фахр билан айтаман: Қўнғирот туманида туғилганлигим учун менинг исмимни Қўнғиротбой қўйишган. Бизга маълумки Қўнғирот, ўзбек ва қорақалпоқнинг энг қадимий уруғларидан бирининг номи. Биргина шунинг ўзи икки элнинг мангу дўстлигининг мустаҳкам ришталарига ишора. Бу элнинг қалбига қутқу солмоқчи бўлган ёт унсурлар адашади. Бу ёт унсур кимсалар қалби дарё икки халқнинг ошига оғу қўша олмайди.

 

Қаҳрамон шоиримиз Ибройим Юсупов ўз шеъру байтларида ғурур билан эътироф этганидек, қорақалпоқ дўсти сўраса ўзи миниб юрган отини ҳам тортиқ қилиб юборадиган  танти ва ҳотамтой эл. Менинг киндик қоним шу юртга томган, шу юрт тупроғида вояга етганман. Қарич ёшдан шу элнинг ичида ўсганман. Виждон билан шуни айтаман, юраги  қора фитначилар қадим-қадимдан бир-бирига кўрар кўзнинг қорачиғидек вобаста ва камарбаста элнинг кўзига чўп суқаман деса қаттиқ  адашади. Ҳозирги паллада бутун дунё туркийлари ягона маслак, қутлуғ мақсад йўлида бирлашиш ғоясини олдинга сураётган пайтда оға-ини бу халқлар ўртасига қутқу солишига асло йўл қўймаслигимиз лозим.

 

Яқинда иш юзасидан республика маркази Нукус шаҳрида бўлдим, бу ердаги осмонўпар бинолар ва бошқа ишлаб чиқариш иншоотлари, кенг ва равон кўчаларни кўриб кўзларимга ишонмай кетдим. Бироқ бу эртакларга монанд муҳташам иморатлар, замонавий русумдаги енгил машиналар, қатор олий ўқув масканлари бу юртнинг эртаси янада порлоқ эканига кафолатдир. Донишманд ва ижодкор сарбони бор мамлакатнинг келажаги янада нурли бўлишига киши кўнглида эътирозга ўрин қолдирмайди. Чунки амалдаги олиб борилаётган ишлар ана шундай дейишимизга катта асос бўла олади. Зеро бунга заррача шак шубҳа йўқ.

 

 

 

Ҳайрулла Лутфуллаев,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти, ЎзДСМИ профессори:

 

– Қорақалпоғистон менинг иккинчи Она юртим. Чунки умримнинг кўп қисмини, азиз онларимни шу юртда ижодий учрашувлар ва концертлар ўтказдим, эл ардоғига тушдим, обрў-эътибор қозондим. Ўзбек ва қорақалпоқ халқларини бир дарахтнинг икки шоҳига ўхшатаман, бир илдиздан озиқланиб, камол топмоқда. Шундай бўлиб ҳам қолади, бунга ишончим комил. Қорақалпоғистонда менинг ҳамкасбларим, дўстларим ва шогирдларим бениҳоя кўп. Улар билан кўп маротаба туз тотишганмиз. Қорақалпоғистонда маданият ва санъат борасида бўлаётган улкан ўзгаришлар мени ҳурсанд қилади.

 

Мен яхши биламан, қорақалпоқларнинг буюк санъати бор, у узоқ ўтмишга эга. Бу муқаддас маданият намуналарини, санъат дурдоналарини келажак авлодга етказишда Қорақалпоқ элида бунёд этилаётган Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Опера мактаби, ЎзДСМИнинг Нукус филиали, янги ташкил этилган Консерваториянинг Нукус филиалларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Биз бундай эзгу ишларимизнинг рўёби учун бирга меҳнат қилишимиз лозим.

 

 

 

 

Шуҳрат Ризаев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

 

– Бизни ҳеч ким ажратолмайди!

 

Бугун Ўзбекистон шундай шитоб ва маҳобат билан ривожланиб боряптики, унга ёруғ ҳавас билан қараётганлар қаторида қора ҳасад билан қараётган кучлар ҳам кам эмас. Улар мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодиса – Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фитна-фасод қўзғаб, халқимизнинг ҳамжиҳатлигига путур етказишга уринмоқда.

 

Мана шундай вазиятда ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳимлардан-муҳим эканини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Биз Қорақалпоқ халқи билан асрлар оша бир тану бир жон бўлган халқлармиз. Бердақу Ажиниёз Тўлипберген оғаю, Ибройим оғалар ёниб куйлаган мустаҳкам дўстлигимиз бор. Бугун Ўрозбой Абдураҳмонов, Кенесбой Каримов, Бахтиёр Генжамурод каби асл Қорақалпоқ ўғлонлари битикларида бу эзгу анъана бардавомдир. Юртбошимизнинг Қорақалпоқ заминига кўрсатаётган ҳимматини асрлар давомида ҳеч ким қилолган эмас. Ана шу шароитда бундай бағрикенглик ва саховатини билмаслик, шукроналик туйғусини ҳис қилмаслик на Аллоҳга, на бандасига хуш келмас. Биз ташқи ҳасадгўй кучларга фақат аҳиллигимиз билангина қарши туришимиз мумкин. Бизни ҳеч бир куч ажрата олмайди.

 

 

 

Ёдгор Саъдиев,

Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти:

 

– Қорақалпоқ дўстларимизнинг чиройли бир гапи бор. Яъни, улар яхши инсонларга баҳо берганда, “Бул адамнинг жураг‌и қабирғас‌ининг астинн‌ан кўринип туради!” дейдилар. Тили билан дили, сўзи билан иши бир бўлган шундай олижаноб халқ, албатта, юксак ҳурмат ва эътиборга сазовордир.

 

Мен қорақалпоқ элини жуда яхши кўраман. Қорақалпоғистонга борсам, юзи иссиқ, қалби тоза бу одамлар билан соатлаб гурунг қиламан. Келганимда бағрига босиб кутиб олишса, кетаётганимда яна қайта-қайта бағрига босиб хайрлашишади.

 

Биз ҳам шундай: қорақалпоқ иниларимиз, санъаткор дўстларимиз келса, бошимиз осмонга етади. Доим бир-биримизни соғиниб, бир-биримизга талпинамиз.

 

Шундай икки буюк халқнинг қилўтмас дўстлигини кўролмай, четдан фитна уюштирганларни эшитиб, ғазабим келди.

 

Биз бундай найрангларга, турли ахборот хуружларига алданмаслигимиз керак. Аксинча, янада иноқ бўлиб, ҳамжиҳатлигимизни кўрсатиб қўйишимиз лозим.

 

Президентимиз Нукусга бориб, ҳамма масалага аниқ-тиниқ ечим айтди. Конституциявий ислоҳотлар фақатгина халқнинг хоҳиш-истагига қараб амалга оширилишини таъкидлади. Бўлди, бу мавзуда ортиқча гап-сўз, масалага ўрин йўқ. Нуқта қўйилди.

 

Адолатли ва тўғри қарор қабул қилинди. Буёғига биз бир мушт бўлсак, орамизга ҳеч ким нифоқ сололмайди.

 

Ўзбек ва қорақaлпоқ эли яна асрлар давомида бирга бўлиб, юксак марраларни эгаллайверсин!

 

 

 

Абдуқаюм Йўлдошев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

 

– Қорақалпоқ билан ўзбек ҳалқларининг ўхшаш жиҳатлари жуда-жуда кўп. Ахир биз битта халқмиз. Баайни эт билан тирноқ. Эт билан тирноқни эса асло ва асло ажратиб бўлмайди.

 

Бугун, икки қадим-қадимдан илдизлари бир халқ орасига нифоқ солишга уринаётганлар бизнинг азалий, улуғвор қадриятларимизга қарши боришаётганликлари аниқ.

 

Умуман, одам баъзан бундай касларни тушунмай ҳайрон қолади: уларга нима етишмайди ўзи? Икки эл бир бўлиб, дўст-биродар, оға-ини, қариндош-уруғ бўлиб яшаётганини кўролмаяптиларми? Ахир, айниқса, кейинги беш-олти йил ичида қорақалпок қардошларимиз яшаётган замин янада чирой очиб, у ёғи Нукусдан бу ёғи Мўйноққача кишининг ҳавасини келтирадиган масканларга айланганлигини ҳаммамиз кўриб-билиб, ҳавас қилиб турибмиз-ку. Албатта, заҳматкаш қорақалпоқ эли бундан ҳам ортиқ тўкис-фаровон, муносиб яшашга ҳақли. Аммо бундай эзгу истакларга меҳнат ва яна меҳнат орқали эришилади, нифоқ оловини тутатиш, абадий қариндош-биродарлик ришталарига рахна солиш билан эмас.

 

Ҳа, таассуфки, “демократия”, “эркинлик” ниқоблари остида яқин-узоқ хориждан ғоявий-моддий садақа олиб кун кўраётган кимсалар ҳали ҳам учраб турибди. Қўшнининг уйида жанжал кўтарилса, ич-ичидан қувонадиган бадхоҳлар ҳам етарлича топилади. Бироқ бўладиган эл бундай касларнинг иғво-ғийбатига асло учмайди, ҳавойи эҳтиросларга берилмайди. Ит ҳураверади, улуғвор карвон ўз йўлидан оғишмай ўтаверади, улуғвор мақсад манзили томон бораверади.

 

Бугун қорақалпоқ элига зимдан наштар урмоқчи бўлаётганлар, билиб қўйсин, бу оғули наштар аввало ўзбекнинг қалбига санчилади...

 

Юртимиз етакчисининг шахсан ўзи Қорақалпоғистонда бўлиб, вазминлик ва жиддият билан масалани ҳал этаётганлиги эса қардошларимиз осмонида пайдо бўлган қора булут тезда тарқалиб кетишига комил ишонч уйғотади бизда.

 

Биз мард ва танти, меҳнаткаш ва бағрикенг қорақалпоқ халқи билан елкама-елка бўлиб, яқин кунларда бу синовни мардона енгиб ўтишимизга ишонаман!

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

18:04 / 18.04.2024 0 28
Эй қариндошлар!





Кўп ўқилган

Барчаси