Ўтирволиб ёшлар ҳақида фикр билдириш катталарнинг энг мароқли иши бўлса керак. “Эҳ-ҳе, бизнинг давримизда...” деб бошланадиган маърузалар кўпинча “Ҳозирги ёшлар жуда бузилиб кетган”и ҳақидаги афсус-надоматлар билан тугайди.
“Ёшларнинг бузилмаслиги” жамиятда катталар ўрнатган тартиб-қоидаларга қанчалик амал қилинаётгани билан белгиланади. Мабодо навқирон авлод қизил чизиқлардан ҳатлаб ўтишга уринса, аҳволи чатоқ. Бу борада ҳеч кимни аямаймиз. Ҳатто буюк файласуф Суқрот ҳам “ёшларни йўлдан адаштирганлик” учун ўлимга ҳукм қилинган.
Авлодлар ўртасидаги зиддият ҳамиша долзарб бўлиб келган. Ҳамма даврнинг катталарга қулоқ соладиган мўмин-қобил ёшлари билан бирга қолипларни синдирадиган “бузғунчи” ёшлари ҳам топилади. Рухсат этилган доирада яшайдиган, яхши бола ёрлиғини бўйнига осиб юрадиганлар бугун ҳам талайгина. Улар боғчада боғча опасининг, мактабда синф раҳбарининг, университетда домлаларининг, ишхонада раҳбарининг, уйда... хуллас, чизган чизиғидан чиқмайди. Боғчадан бошлаб ҳамманинг эркатойи бўлиб, хўрозқандлар, аъло баҳолар, фахрий ёрлиқлар, қизил дипломлар, имтиёзли мукофотлар, жангир-жунгур медаллар ва албатта катта-катта амалларга эришадилар.
“Ҳамма мақтов сенга бўлсин, бор ситам зорлик менга”, деганларидек, ҳалиги қолипларга сиғмайдиганлар доим эътибор марказидан четда юрадилар. Шу ҳам уларга мустақиллик беради. Анъанавий тартиб-қоидаларни бузиб яшаш эркинлигини қўлга киритадилар. Жамият ҳаётини ана шу тоифа янгилайди, ижтимоий нормаларни ўзгартиради. Мўмин-қобиллар эмас.
Озроқ назария
Инсон – ижтимоий мавжудот, шуниси билан ер юзидаги бошқа жонзотлардан фарқланиб туради. Хулқ-атвор инсонлараро алоқа ҳосиласидир. Янги туғилган чақалоқ тил, маданият, эътиқод, билим, малака ва кўникмаларни атрофдагиларнинг кўмагида эгаллайди. Буларнинг ҳеч бири туғма бўлмайди. Яъники, бир домламиз айтганидек, “Одам одамлар орасида туғилгани ва яшагани учун ҳам одамдир. Йўқса, бошқа ҳайвонлардан ҳеч бир фарқи бўлмасди”.
Табиатда тартибни таъминлашда табиий қонуниятлар қанчалик муҳим бўлса, жамиятда мувозанатни сақлашда ижтимоий нормалар ҳам шунчалик муҳим бўлиб, инсоний муносабатларга ҳатто ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Ваҳоланки, бунда қонунни бузишдаги каби қатъий белгиланган жазо йўқ.
Ижтимоий нормалар жамият аъзоларининг мутлақ кўпчилиги томонидан қабул қилинган қоидалар бўлиб, турли вазиятларда тегишли хатти-ҳаракатларни белгилаб берадиган умумий йўл-йўриқлардан иборат бўлади: нималар қилишимиз кераклиги (масалан, катталарни ҳурматлаш, ёшларни иззатлаш, ҳашарда қатнашиш, тўй-маъракадан қолмаслик, қўшничилик ҳақини адо этиш, келинларнинг эрта туриб ҳовли супириши – гендерчилар қарғайди шу жойига) ёки нималар мумкин эмаслиги (масалан, иккиюзламачи бўлмаслик, ожизларни камситмаслик, ҳамтовоқларни сотмаслик – терпила дермиди, бировнинг ҳақини емаслик ва ҳоказо)ни уқтиради.
Ижтимоий нормалар бир қарашда маиший сатҳда кўринса-да, шахснинг шаклланишида, турли ижтимоий институтларда ўзига муносиб мақом эгаллашида муҳим ўрин тутади. Ижтимоий нормаларни инобатга олмасак, на шахсга, на у мансуб маданиятга, на жамиятга холис баҳо бероламиз. Сурхондарёлик куёв воқеаси шунга зўр мисол. Аммо бу ҳақда сал кейинроқ.
Айрим ижтимоий нормалар узоқ синовлардан кейин ҳамма риоя этиши ва ҳурмат қилиши лозим бўлган қадриятга айланиши мумкин. Шу билан бирга, ижтимоий нормаларни қатъийлаштириш ва идеаллаштириш жамиятнинг кристаллашуви ва муқобил дунёқарашнинг таъқибга учрашига йўл очади. Ривожланиш ва ўзгаришларга тўсиқ бўлади. Баъзи тоифаларнинг жамиятдан бегоналашуви, сиқиб чиқарилиши кузатилади.
Ижтимоий нормалар жамиятнинг умумий интеллект даражасидан келиб чиқиб, воқеа-ҳодисаларга сезгирлиги ҳамда муносабатини ўзида ифодалайди ва муҳофазакор (консерватор)лар қанчалик истамасин, изчил ўзгариб боради.
Бир-иккита мисол...
Қишлоқларда 90-йиллар охиригача бошига рўмол ўрамай мактабга борган муаллимага ҳамма шубҳали қараш қилгани, ахлоқсиздек муносабатда бўлганини айтсанг, бугунги кўпчилик ёшлар ишонмайди. Қиз бола ва ўғил бола кўчада ёлғиз гаплашиб турса, маломатга қоларди. Бугун унақа эмас, ҳамма тўғри тушунади.
Қуёш ботгач, қўшни маҳаллага ёлғиз бориш хавфли эди, ёнингда ўша ерлик шерик бўлиши керак эди. Йўқса, гузарларда ҳар кеч йиғилиб, тунни тонгга улайдиган “шеп”лар турткилаб мазангни қочириши аниқ эди. Мелисабозлик уят эди. Бугун унақа эмас, мелисага берворяпти.
Яна озроқ назария
Ижтимоий нормалар ўзаро суҳбатлар, муайян вазиятда огоҳлантиришлар, ахлоқий тарбия, ибодат, ибрат, турли маросим ва тадбирларда ёшларга сингдирилади. Шу тариқа жамоат жойларида ёки холи қолганда ўзимизни қандай тутишимиз кераклиги чизиб берилади. Ҳатто фарзандимизни қайси пайтда суйиб эркалаб, қайси пайтда ҳис-туйғуларимизни яширишимиз кераклиги ҳам белгилаб қўйилган. Мабодо амал қилмай кўринг-чи, “Болани бешикда суйсанг ярашар, хотинни...” деган мақол қулоғингиз тагида янграйди.
Ижтимоий нормалар жамиятдаги муайян муаммоларни ҳал этиш учун ҳам вужудга келади. Мақбул ечим топилгач эса, ўз-ўзидан унутилади. Ижтимоий нормаларнинг ўзгаришига омманинг ҳаётига таъсир этадиган катта воқеа-ҳодисалар, сиёсий режимнинг қарорлари ҳам таъсир қилиши мумкин.
Яна бир мисол
Синфдаги 18 ўғил боладан 2 нафари сигарета чекмасди (мен ва яна бир синфдошим). Турли байрам, ўтиришларда каминадан ташқари ҳамма алкогол ичарди. Ҳатто гиёҳванд модда истеъмол қиладиган тенгқурлар ҳам бор эди. Мактабни тугатгандан кейин тамаки чекмайдиган фақат мен қолдим. Бошқаларни кимдир мажбурлаганми, йўқ. Оиласи рухсат берганми, йўқ. Аксинча, калтак еган ота-онасидан, акаларидан. Аммо чекарди ва ичарди.
Девиант хулқ-атвор ҳақида гапирилганда асосан боланинг оиласидаги муҳит ва дўстлар давраси айбдор қилинади: уйда яхши тарбия кўрмаган, ота-онаси қарамаган, ўқитувчилари ойлигини ҳалоллаб олиши керак, маҳалланинг роли йўқ... Аслида уларнинг ҳеч бири болаларни чекиш ва ичишга даъват қилмайди. Аммо ичиш, чекиш катта одамларга мумкин, деган қоида ҳамманинг миясига ўрнашиб қолган. Ота-оналар сигарет чеккан ёки ароқ ичган фарзандини “Ҳали сен катта бўлиб қолдингми?!”, “Эркак бўлиб қолдингми?!” деб уришади. Бу болаларга ичиш ва чекиш учун энг кучли мотивация; бу катта бўлганлиги, мустақил бўлганлиги ва эркак бўлганлигининг эътирофи. Ичиб, чекиб, шунинг орқасидан калтак еган болалар эртаси куни мактабда фахрланиб айтиб беради.
Бугун тамакига қарши тарғибот қанча кучли бўлмасин, кашандалар ҳалиям камайгани йўқ. Чунки бизда чекишга нисбатан ижтимоий норма ўзгармади. Алкогол истеъмол қиладиганлар камайди. Нега? Чунки, биринчидан, сиёсатнинг динга муносабати анча мўътадиллашди. Иккинчидан, ёшлар маҳалласидаги мулладан қониқарли муносабат эшитмаган кўп саволларига интернет орқали замонанинг етук уламоларидан жўяли жавоб олмоқда. Энди ароқнинг ўзи ҳаром эмас, қилиғи ҳаром, деган гаплар ўтмай қолди. Учинчидан, пандемия одамларда охиратни ўйлаш ҳиссини кучайтирди. Киши қаригани сари охират ғамини еб, ибодатга берила бошлайди. Коронавирус навқиронлар қалбида ҳам шунақа туйғуларни алангалатди. Пандемиядан кейинги ёшлар ундан олдинги ёшлардан кўра савоб амалларга мойилроқдек, назаримда.
Кузатишлар, фикрлар...
Ижтимоий нормаларни яхши билсангиз, кўпчилик учун ғалати туюлган тушунарсиз ҳаракатлар мантиғини тез англайсиз. Унчалик узоққа бормаймиз. Ҳалиги сурхондарёлик куёвнинг ўзини тутиши ва ҳамма қанчалик “ҳайратланмасин” (нега ҳайратланишганини, тўғриси, тушунмадим), тўйдан икки ёш бирга яшашда давом этаётганининг сабаби ҳам ижтимоий нормалар билан изоҳланади.
“Ғурурли” куёв можароси бутун дунёга овоза бўлди. Чет элликлар унинг хатти-ҳаракатини ёввойилик деб атади. Аммо унақа эмас, ўша йигит сизу биз билган оддий ўзбек қоракўзларидан бири. Афтидан, икки ёш севишиб турмуш қурган, келинбола эса сал эркалик қилгиси келган. Лекин вақти ва жойини нотўғри танлабди, деди бир амаки.
Менталитетимизда куёв келиндан ҳар қандай ҳолатда енгилиши уят саналади. Мабодо шундай бўлса, йигит ҳамма учун ҳазил-мазах объектига айланади. Ҳар эсга тушганда юзига солинади. Одатда тўйдан олдин мусобақаларга уқувсиз куёв чаққон келин билан келишиб олади. Оёқ босиш маросимида ҳам...
Хотин эрдан бир поғона паст бўлиши шарт, хотиннинг жиловини биринчи кундан маҳкам ушлаш керак, хотинни елкангга чиқарсанг, ўзи бошингга чиқиб олади, деган панд-насиҳатлар ичида ўсган ёшлардан бошқа нарса кутиш ҳам ғалати-ку. Масалан, болалигимда тўйда ўйнагани учун сўкиш эшитган келинчакларни кўрганман. Тасаввур қиляпсизми: базм тугаяпти, икки ёш рақсга тушсин деб шўх мусиқа чалиняпти, атрофдагилар ҳадаҳалаб турибди, куёв қўлидан ушлаб ўйна деса, келин бечора эрим рухсат берди-ку дея қўлини қимирлатиб юборади ва сўкиш, йиғи, араз, узр... куёв обрўйини сақлаб қолди.
Эртаси куни маҳаллада дув-дув гап: “Фалончининг ўлдим-куйдим деб опкелган келини тоза юзсиз экан-у. Қўлидан ушлаб ўйна деса, жилпанглаб кетди. Лекин куёв маладес, бир сўкди, жойига туширди...” Ҳозир ўша гапчиларнинг қизлари, ўғиллари бемалол валс тушишяпти.
Нима демоқчиман, Сурхондарёда ўша куёв келиннинг бошига ургани йўқ, анъанавий ижтимоий нормалар замонавий дунёқарашнинг бошига урди.
Давайти, жит дружна (келинглар, дўст бўлиб яшайлик)?
Ёшлар ва ёшуллилар зиддияти ҳақида фикрлашсак, доим бир воқеа эсимга тушади. 2017 йили бир олим фарзандларимиз саводсиз бўлиб кетаётгани, бунинг олдини олиш учун лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувини ўргатишни тўхтатиб, кирилл алифбосига қайтишни таклиф қилди. Каттагина тортишув бўлди.
Ишхонада дипломатияни эндигина тугатиб келган ёш ҳамкасбимиз бир тажрибали устозимиз билан қаттиқ баҳсга киришди. Улар бир-бирини ғарбпарастлик ва советпарастликда айблади. “Социалистик иттифоқ аллақачон гумдон бўлган, – деди ёш йигит. – Сиз кирилпарастларнинг муддаонгиз эса аслида алифбо қийинлиги ёки ёшларнинг саводи эмас, совет носталгияси, бу худди ўлган одамнинг қабрига бориб ёрдам сўрашга ўхшайди”, деди.
Баҳсга нуқта қўйиш учун бошқа устоз қўшилди: “Совет ўлди, аммо руҳи (ғояси демоқчи) тирик. Қачон эшитгансизлар, арвоҳ ўлганини. Аламзада арвоҳ ҳар-ҳар замон хуруж қилиб туради, бунга чидаш керак. Руҳлар билан олишиб, ўзингизни қийнаманг, ҳадемай ўз-ўзидан тинчиб кетади. У бечора ҳам яхши одам, яхши олим, лекин кимнингдир буюртмасини бажарган. Бўлмаса, ўзининг журъати етармиди?! Ҳар хил тортишувларга қўшилиб, ўсадиган кадрлар ўз келажагингизга болта урманг, эҳтиёт бўлинг!”
Катталар жуда эҳтиёткор ва ўзига яратган қулайлигидан воз кечгиси келмайди. Ёшлар шартаки, янгиликка ўч.
Дин, ғоя ва Гераклит
Катталарни ҳам тўғри тушуниш керак. Ҳар бир даврнинг ўз ижтимоий нормалари бўлади ва бу кишиларнинг майл-истаклари, орзу-интилишларини чегаралаб, жиловлаб туради, стереотипларни шакллантиради. Ёшликни эслатадиган эски нарсаларни кўрганда одам ҳаяжонланиши табиий. Ўша пайтдаги хотиралар уйғонади, ёшаради киши. Шу билан бирга, Гераклит ҳам тўғри айтган: “Айни бир дарёга икки марта тушиб бўлмайди”.
Ижтимоий нормаларни ўзгартириш жамият аъзоларининг дунёқарашида, хулқ-атворида, охир-оқибат ҳаёт тарзида ҳам ўзгаришлар ясайди. Муқаддас манбаларда айтилган: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят).
Агар биз ўзгаришни ҳоҳласак, аввало, жамиятимиздаги ижтимоий нормаларни ўзгартиришимиз керак. Орзу-мақсадларимизга мос қоидалар яратишимиз ва уларга амал қилишимиз лозим. Яъни, советча дунёқараш, анъанавий нормалар билан Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланишни уддалай олмаймиз.
Ва ниҳоят ёшлар ҳақида... Декарт ҳақ!
Бугунги ёшларни ўзимнинг тенгқурларим билан солиштираман. Бизнинг болаликдаги орзуларимиз, ҳаётга мўлжалларимиз билан буларники кескин фарқ қилади. Каттароқ, кенгроқ фикрлашларидан хурсанд бўламан, ҳавас қиламан. Баъзан ҳасадим ҳам келади, яширмайман.
Катта-кичик давраларда бизнинг жамият қачон ўзгаради, қачон ривожланади, деган баҳс-мунозара чиқса, 2005 йилдан кейин мактабга борган авлод юқори лавозимларда ишлай бошласа, дейман. Негаки улар ака-опаларидан мутлақо бошқача шарт-шароитда ўсяпти. Замонавий дарсликлар, компьютерлар, интернет, тил ўрганиш марказлари, ўқишга киришда кенг танлов, хорижда ўқиш учун катта имкониятлар, фикр билдириш учун хилма-хил платформалар. Бу беиз кетмайди, албатта.
Бугунги ёшлар дунёни оқ ва қора рангларда кўрмайди. Тасаввури анча кенг. Ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларда, ўзаро суҳбатларда бу ўзига хослик яққол кўзга ташланади. Улар олдинги авлодларга хос бўлмаган бир неча ижтимоий нормаларни ҳаётий аъмолига айлантириб улгурди.
Биринчидан, ёшлар танлов эркинлигини талаб қилади ва бу борада катталар билан муросасиз. Оилавий ажралишлар сабабини ёшларнинг танлов эркинлигидан излаб кўрсангиз, кўп-кўп саволларга жавоб оласиз.
Иккинчидан, фикр билдиришни инсоннинг яшаш ҳуқуқи каби энг муҳим ҳуқуқи деб ҳисоблайдилар. Бирор воқеа-ҳодиса ҳақида мустақил фикри бўлса, буни билдирмаслик улар учун азоб. Ўша гапни бошқалар қандай қабул қилиши иккинчи даражали масала. Илгари катталар гапирса, тўғрими-нотўғрими – фарқи йўқ, хўп бўлади, деб жим туриб эшитиларди, муносабат билдириш чекланган эди. Ҳозир эса фикр айтиш йўллари кўп ва бўғиб бўлмайди. Бу ёшларда олдинги авлодларда бўлмаган катта имконият.
Учинчидан, қарор қабул қилишда мустақиллик ва жавобгарликни ҳис этиш. Бу жуда муҳим фазилат. Аксарият тенгдошларим қишлоғимизнинг катталари қолоқ фикрлашидан нолирди ёшлигида. Чунки ижтимоий нормалар жуда қаттиқ эди: университетни тугатдингми – мактабда ишлайсан; 21 дан ошдингми – уйланасан; мактабни тамомладингми – эрга тегасан ва ҳоказо, ва ҳоказо. Аммо уларга “Ўқишга кир, келажагингни ўзинг ўйлагандек қур!” десангиз, ота-онасига “Йўқ, менинг танловим бошқа, мақсадларим бошқа”, дея олмасди, журъати етмасди. Хоҳиш билан реаллик мос эмасди. Катталарга исён қилган тақдирда ҳам мустақил равишда институтга кириш, кейин иш топиш муаммо эди.
Бугунги ёшлар анча мустақил. Кейинги уч-тўрт йилда 100 дан зиёд ҳамкишлоқлар талаба бўлди, яна бир қанчаси Германия, Польша, Жанубий Корея, Россиянинг нуфузли университетларида ўқияпти. Қолганлари хорижга ишга кетяпти. Энг муҳими, мактабни тугатиб, ота-онасининг қўлига қараб ўтиргани йўқ. Менимча, бошқа қишлоқлар ҳам шунақа.
Тўртинчидан, индивидуал ривожланиш орқали умумий тараққиётга ҳисса қўшиш. Яъни мен ўзимнинг устимда жиддий ишласам, сен ҳам, бошқалар ҳам шундай қилса, жамият шак-шубҳасиз ривожланади.
Индивидуаллик бизда узоқ йиллардан бери танқид қилиб келинади. Ўзбек халқининг ўзига хослиги ҳақида гап кетса, саноқ жамоавийликдан бошланади. Парадоксни қарангки, ҳамжиҳатлигимизни қанчалик мақтамайлик, жамоавий спортда доим орқадамиз. Индивидуалликни қоралаймиз, лекин яккакураш турларида арзигулик натижаларимиз бор (ҳамманинг асабини бузадиган миллионлар ўйинини ҳам мавзуга боғладим-эй). Азиз спорт функционерлари, ижтимоий нормаларни жиддий ўрганинг, муаммолар ечими фақат рағбатлантиришда эмас.
Жамоада ўзини ажратиб кўрсатишга уриниш биз учун ғалати туюлади. Ёқтирилмайди. Масалан, кўпчилик нимадир деса, сизга маъқул келмаса ҳам, хўп дейсиз. Бошқача фикрни айтишдан уяласиз, ҳамма сизга қарайди-да. Аммо бугунги ёшларнинг аксарияти “хўп” демайди. “Мен”и билан ажралиб туришдан уялмайди, аксинча, фахрланади.
Хулласи калом
90-йиллар ва ундан олдинги авлодларнинг дунёқараши нисбатан тор қобиқда, ўзлари яшаб турган кичик жамият таъсирида шаклланган. Бугунги авлод эса интернет, ижтимоий тармоқ орқали дунёни биздан кўра анча эрта ва яхшироқ танимоқда. Яна шу ҳолимизда ёшларнинг кенг оламини ўзимизнинг эски олахуржунимизга тиқиштиришга, сиғиштиришга, сиқиштиришга уринаверамиз?! Бунда ҳам советча усуллардан фойдаланиб бесамара тиришамиз?!
Катта авлод вакиллари ёшларни қоралаётганда шундай дегим келади: сиз мактаб директори, факультет декани билан гаплашганингизда, райком секретари ёки колхоз раиси қўлингизни сиқиб қўйганида ҳафталаб осмонда учиб юргансиз, “Аканг қарағай катта одам бўпкетти”, деб. Бугунги йигит-қизлар эса Илон Маскни танийди. Трамп билан Твиттерда гурунглашади, манаман деган вазирлар, ҳокимларни ижтимоий тармоқда танқид қилади, улар билан тортишади. Шундай экан, ҳозирги ёшларнинг хулқ-атвори, ўзини тутиши бошқачароқ бўлиши табиий, мақсаду мўлжаллари каттароқ бўлиши аниқ. Чунки улар фикрлаяпти. Фикрлаган, фикр билдира олган одам тирик. Ўзгаришларни тирик одамлар амалга оширади. Индаманг, улар ўзига ўхшасин, ўзидан катта авлоднинг нусхаси бўлмасин.
Аббос ЮНУСОВ
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Собирхон Муминов
12:01 / 01.01.1970
Тугри, ешлар, бизни келажагимиз. Берилаетган фикрда "Сизга нима, сиз ухланг, севишганлар уйнасин" деган кушик эсимга тушиб кетди. Барча инсонни фикри бир жойдан чикмаслиги мумкин. Хакикатда биз катталар, ешларга ижобий урнак булолмаганимиз учун улар бизни,катталарни менсимай куйди. Яна ешлигимизга кайтишга мажбурман. Бизга отамизни гапи конун булган. Сиз нимани билардингиз, дада, дейишга оталик хурмати юкори булгани учун гапира олмаганмиз. Нафакат отамиз кучадаги еши катта одамларни панд насихати тугамагунча буйнимизни эгиб турганмиз. Биз кейинги вактларда болаларимизни имкониятларини ошириш, мактаб, институт ва ундан юкорирок даражада укитиш, тузукрок ишга эга булишини уйлаб узимизни хар балога хам ураверибмизу, ота- онани, узидан катталарни хурмат килишни ургата олмадик шекилли. Биз ешлигимизда, деган иборани бизни ота боболаримиз хам айтиб дакки беришган. Бизга екса хам екмаса хам ешини хурмат килиб эшитганмиз, уз дунекарашимизга караб керагини олганмиз. Лекин, хеч кимга сиз нотури айтаяпсиз, демаганмиз. Хозир мени ешим 61да. Лекин баьзи холатларда ешлигимни эслайман. Отам булганларида маслахат олардим, деб кунглимдан утказаман. Хозирги ешлар хам бугунги кунда узини айгани тугрилигини, катталарни маслахати керак эмаслигини, акллар узларига етарли эканини таькидлашади, аммо, бир кун келиб, узлари хам шу катталарни ахволига тушиб колишини уйламайди. Жамиятда инсон уз дунекарашига караб иложи борича ижобий томонларни узига олса, салбий холатлардан хулоса килиб борса албатта хурматли инсон булиб етишади, фарзандлари аллакимлардан эмас, уз отасидан урнак олади. Ушанда оркасига бир караб, уз ешлигини албатта уйлайди. Фарзандларига " Бизни ешлигимизда"- деб нимадир гапларни айтади. Бу дунеда хамма хам шунака булиб келган. Бундан кейин хам булади. Энг асосийси миллий гурур, ота- боболар угити, улардан колган маьнавий меросни уз фарзандларига колдириш, Президентимиз хохлагандек, миллатни келажакда уз урни булишига эришиши булади. Мен ешларга хаетларида кокилмасликни ва доимо омадли булишларини, ота- оналарини дуосини олиб Узбекистонни келажагини буюк килишларига тилакдошман.