Талабаларнинг 70 фоизи диний маълумотларни ўйламасдан қабул қилади – тадқиқот


Сақлаш
21:09 / 01.07.2022 1425 0

 

Дин омилининг кучи ва кўламидан нафақат бунёдкорлик, балки вайронкорлик мафкураси йўлида фойдаланишга уринишлар жаҳон афкор оммасини ташвишга солмоқда. Маълумотларга кўра, 2016 йили терроризм билан боғлиқ 1 787 та теракт содир этилган, оқибатда 13 759 киши ҳалок бўлган ва 16 683 киши оғир тан жароҳати олган. Дин омилининг бузғунчи мақсадларда қўллашни кўзлаган кучлар турли диний манбалардаги ғояларни ўз манфаати йўлида бошқача талқин этиб, бунда етарли ҳаёт тажрибаси бўлмаган ёшлардан қурол сифатида фойдаланиши кўп карра ўз тасдиғини топган.

Жамиятдаги анъанавий диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиёт диний экстремизм деб аталади. Диний экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосий сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллашга қаратилган жиноий фаолият терроризм ҳисобланади.

 

Ёшлар мана шундай нотўғри йўлларга кириб кетмаслиги учун уларга диннинг асл моҳиятини тушунтириш бугунги куннинг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Айни пайтда психолог олимлар диний маълумотларни тушуниш, тушунтириш юзасидан қатор изланишлар олиб бориб, диний манбалар талқини, бу жараённинг психологик қонуниятларини ўрганишмоқда.

 

Когнитив услублар шахснинг атроф-муҳитдан олаётган маълумотларини қайта ишлашининг ўзига хос индивидуал усулларидан бўлиб, бу воқеликни идрок этиш, таснифлаш, таҳлил этиш ва индивидуал равишда баҳолашни қамраб олади. Тадқиқотчилар когнитив услубларни комплекс ҳолда ўрганиб, импулсив ва рефлексив турларини етарлича таҳлил этишган. Импулсив когнитив услубдаги шахслар ноаниқ вазиятларда қарорларни тез қабул қилади ва маълумотларнинг тўғри ё нотўғрилигига камроқ эътибор қаратади. Рефлексив когнитив услубга эга шахслар эса маълум бир ишни бошлашдан олдин ҳар бир вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиб, кейин қарор қабул қилади.

 

Диний мавзудаги маълумотларни шартли равишда учта турга ажратиш мумкин: 1) тушуниш учун шахс маълумотни ўзи қидиради ва қайта-қайта ўқийди; 2) маълумотни тушуниш учун бошқаларга мурожаат қилади; 3) маълумотни тушуниш учун бошқа шу турдаги қўшимча маълумотларга ҳам суянади.

 

Турли динлар ва уларнинг муқаддас манбалар орқали шахснинг қалб ва руҳига таъсири тўғрисидаги қарашлар узоқ вақтлардан бери муҳокама қилиб келинади. Рус психологи В.И. Слободчикованинг таъкидлашича, диний ахборотларни қабул қилишда шахснинг тана ва қалби психиканинг марказини ташкил этади. Бу маълумотларни таҳлил этишга шахснинг тафаккури, хотираси, идроки, ҳиссиётлари ёрдам беради.

 

Тадқиқотни амалга оширишда олимлар бир қатор усуллардан фойдаланилган. Хусусан, Г.Уиткиннинг “Готтштальд шакллари” усули, Ж.Каганнинг “Когнитив услубнинг импулсив ва рефлексив индикаторларини ўрганиш” тести, Ю.В.Шербатихнинг “Диндорликнинг индивидуал структурасини баҳолаш” ҳамда “Диний маълумотларни тушуниш хусусиятларини ўрганиш” сўровномалари ва Ч.Осгуднинг “Семантик дифференциал” усулларидан фойдаланилган.

 

 

Диний маълумотларни тушунишда когнитив услубларнинг ўрнини психологик жиҳатдан таҳлил этиш бўйича тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, талабаларда синалувчиларнинг 69 фоизини когнитив тобе услубдагилар, 31 фоизини эса когнитив мустақил услубдагилар ташкил этган. Аксарият тадқиқот иштирокчиларининг когнитив услуб билан боғлиқ жиҳати тобе хусусиятни акс эттирган. Бу эса уларда маълум бир иш-ҳаракатни бажариш давомида атрофдагилар кўмагига муҳтож бўлиши, ўзи мустақил фаолият юрита олмаслиги ва ташқи таъсирларга тез бўйсуниши каби хусусиятлари билан характерланади. Синалувчиларнинг камроқ қисми когнитив мустақил услубни ташкил қилган, улар турли хил фаолиятларни мустақил бажара олишлари, ўзларини назорат қилиш даражаси барқарор ҳамда мураккаб жараёнларни ҳам тез ва осон тушуниши билан ажралиб туради.

 

Когнитив тобе услуб ташқи таъсирларга мойиллик, ташқи майдонни тўғри идрок эта олмаслик ва мураккаб шаклларни алоҳида тегишли бўлакларга ажратишда қийналиш билан характерланади.

 

 

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, талабаларнинг 51 фоизини когнитив рефлексив услубдагилар, 49 фоизини эса когнитив импулсив услубдагилар ташкил этади. Биринчи турдаги иштирокчиларда рефлексив тафаккурнинг яхши ривожлангани, ахборотни қабул қилишда тафаккурнинг эгилувчанлиги ва тезлиги ҳамда ўзини ўзи доимо ривожлантириши каби хусусиятлар намоён бўлди. Иккинчи тур инсонларнинг ўз устларида кўп ишламаслиги, ҳаракатлари секин, ахборотни нотўғри идрок этишлари мумкинлиги ҳамда қарор қабул қилиш жараёнида қийинчиликка дуч келиши маълум бўлди.

 

 

Талабаларнинг факторли таҳлил бўйича кўрсаткичлари 4 та компонентдан иборат. Биринчи шкалада психологик факторлар: когнитив тобе-мустақил 0,719, когнитив импулсив-рефлексив 0,651, ғайритабиий ҳодисаларни илмий билимдан устун кўриш 0,551, динни ахлоқий жиҳатдан тушуниш 0,430 ва афсун-сеҳрга муносабат 0,476 каби натижалар билан ўзаро фарқланган. Иккинчи шкалада психологик факторлар: афсун-сеҳрга муносабат 0,599 ва динни ахлоқий жиҳатдан тушуниш 0,482 натижалар билан қайд этилган. Учинчи шкалада психологик омиллар: ғайритабиий ҳодисаларни илмий билимдан устун кўриш 0,498 ва динни фалсафий концепция сифатида тушуниш 0,685 даража билан характерланган. Тўртинчи шкалада психологик хусусиятлар: динни фалсафий концепция сифатида тушуниш 0,536 ва динни ахлоқий жиҳатдан тушуниш 0,524 каби бирликларда намоён бўлган.

 

Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, диний маълумотларни тушуниш ва идрок этишнинг ривожи янги асрга келиб, ўтган асрга нисбатан янги тадрижий босқичига кўтарилди. Иккинчидан, диний маълумотларни тушунишнинг тадқиқ этилиши нафақат назарий билимларни ўрганишни тақозо қилади, балки соҳа доирасида фундаментал тадқиқотлар амалга оширилишида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Учинчидан, диний маълумотларни тушунишнинг психологик хусусиятлари соф манбаларга таянган ҳолда ишлашини янги давр воқелиги талаб этмоқда.

 

Алишер ЖАББОР,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//