
Дания бугун дунёда шаҳарларни барқарор ривожлантириш борасида илғор мамлакатлардан бири сифатида тан олинмоқда. Копенгаген ва бошқа йирик шаҳарлар экологик тозаликка, энергия самарадорлигига ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли стратегияларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Бу мақолада Даниянинг барқарор шаҳарсозлик амалиётлари, урбанистик инновациялари ва жамиятда иқлим онгининг шаклланиш жараёнини таҳлил қиламиз.
Копенгаген бугун дунёда «велосипедлар шаҳри» сифатида танилган. Ҳар куни 300 мингдан ортиқ одам иш ва ўқишга велосипедда қатнайди. Бу нафақат экологик тозаликка хизмат қилади, балки шаҳар транспорти юкламасини ҳам сезиларли даражада камайтиради. Шаҳар инфратузилмасида велосипедчиларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар, «яшил тўлқин» светофор тизими ва бепул велосипед тўхташ жойлари яратилган.
Копенгаген бу ёндашув билан 2025 йил охиригача дунёнинг биринчи углерод нейтрал пойтахтига айланишни мақсад қилган. Бу жараён ҳаракатда энергияни тежаш ва транспортдан чиқадиган CО₂ миқдорини кескин камайтиришга хизмат қилади.
Дания шаҳарсозлигида яшил томлар атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш воситаси сифатида фаол қўлланилади. 2010 йилдан бошлаб Копенгагендаги янги биноларда 30 даражадан паст бурчакка эга томлар учун яшил қопламалар мажбурий этиб белгиланган.
Бу томлар ёмғир сувларини ушлаб қолиб, шаҳар дренаж тизимидаги босимни камайтиради ва микроиқлимни яхшилайди. Яшил томларнинг йиллик ёмғир сувини ушлаб қолиш қобилияти 20% дан 50% гача баҳоланади. Шунингдек, улар ҳаводаги чанг ва зарарли моддаларни ютиб, шаҳар ҳудудида ҳарорат ҳаддан ташқари кўтарилиб кетишининг – яъни, иссиқ асфальт ва бетон туфайли ҳосил бўладиган ъшаҳар иссиқлик ороллариʼ эффектининг олдини олади.
Шунингдек, Копенгаген шаҳар режалаштиришида ёмғир сувларини бошқариш бўйича "Cloudburst Management Plan" дастури амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида шаҳар кўчаларида сувни ушлаб қолиш ва секин чиқариш учун махсус яшил зоналар ва сув омборлари яратилган.
Даниянинг энг ёрқин барқарорлик лойиҳаларидан бири – CopenHill (расмий номи: Amager Bakke) ҳисобланади. Бу замонавий чиқиндидан энергия олиш заводи Копенгагеннинг марказида жойлашган бўлиб, унинг том қисми яшил қоплама билан қопланган ва бутунлай оммавий фойдаланиш учун очиқ.
CopenHill нафақат чиқиндиларни ёқиб, энергия ишлаб чиқаради, балки шаҳарнинг иқлим мақсадларига эришишида муҳим роль ўйнайди. Завод ҳар йили 440 минг тонна чиқиндини ёқиб, 150 минг уйни иситиш ва 70 минг уйни электр билан таъминлайди. Энг эътиборлиси, бу жараён атмосфера учун максимал даражада хавфсиз ва замонавий фильтрлаш тизимлари билан жиҳозланган.
Бундан ташқари, CopenHill шаҳарликлар учун спорт ва дам олиш масканига айланган. Унинг устида сунъий чанғи трассалари, пиёда юриш йўлаклари ва альпинизм деворлари мавжуд. Шу тариқа, технологик инфратузилма ва жамоатчилик эҳтиёжлари бир нуқтада бирлашган.
Даниянинг барқарор шаҳарсозлик концепцияси архитектура ва дизайн орқали жамият эҳтиёжлари, экологик талаблар ва иқтисодий мақсадларни бирлаштириш тамойилига асосланади.
Аввало, материал танлаш ва конструкцион ечимлар экологик мезонларга мос ҳолда амалга оширилади. Қурилишда маҳаллий ва қайта ишланган материаллардан фойдаланиш афзал кўрилади. Масалан, Sluseholmen Canal тумани паст энергияли бинолар ва сув йўллари атрофида жойлашган яшаш майдонларининг ёрқин намунасидир. Бу ҳудуд нафақат эстетик, балки экологик ва ижтимоий эҳтиёжларга ҳам жавоб беради.
Nordhavn лойиҳаси эса Даниянинг «беш дақиқалик шаҳар» моделини намоён этади. Ҳудуднинг ҳар бир аҳоли пункти юриш масофасида зарур инфратузилма, иш ўринлари, ўйин майдончаси ва яшил зона билан таъминланган. Бу ёндашув автомобиль транспортига бўлган эҳтиёжни кескин камайтиради ва фуқароларни экологик транспорт турларига, масалан, велосипедда ёки пиёда юришга ундайди.
Superkilen парки шаҳар ижтимоий архитектурасининг ижтимоий интеграция ва маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлашдаги ўрни қандай бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Парк дизайнида 60 дан ортиқ мамлакатларнинг маданий элементлари – скамейкалар, ҳайкаллар, спорт анжомлари акс этган. Бу фуқаролар орасида маданиятлараро мулоқотни кучайтириб, «шаҳар бизники» ҳиссини шакллантиради.
Бу каби ёндашувлар Данияда архитектура ва шаҳар дизайни фақат бинолар ёки кўринишлар мажмуаси эмаслигини, балки одамларнинг ҳаракатлари, кайфияти ва экологик одатларига таъсир қилувчи кучли омил эканлигини кўрсатади.
Данияда шаҳар барқарорлигини таъминлашдаги энг асосий омиллардан бири – фуқароларда экологик масъулият ҳисси юқорилиги. Бу онг болаликдан шакллантирилади. Иқлим ўзгариши, чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия тежаш мавзулари мактабларда алоҳида ўқув дастурларига киритилган.
Катта ёшдагилар орасида эса «жамият учун жавобгарлик» ҳисси мустаҳкам ўрнашган. Ҳар бир фуқаро шахсий истеъмол одатлари ва транспорт танлови орқали шаҳар иқлимига таъсир кўрсатаётганини яхши билади.
2023 йилда Копенгаген шаҳрида ўтказилган Иқлим Ассамблеяси – фуқаролик иштирокининг ёрқин намунасидир. 36 нафар тасодифий танлаб олинган фуқаро бир неча ой давомида иқлим бўйича сиёсий қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этган. Уларнинг жамоат транспорти нархини пасайтириш, шаҳар марказида автомобиль ҳаракатини чеклаш, барча жамоат муассасаларида вегетариан овқатлар таклиф этиш каби тавсиялари шаҳар ҳокимияти томонидан кўриб чиқилиб, айримлари амалиётга татбиқ қилинди.
Бундан ташқари, энергия сарфини мониторинг қилиш, чиқиндиларни ажратиб йиғиш, велосипед маданияти каби оддий, аммо самарали одатлар Дания аҳолиси учун ҳаёт тарзига айланган. Фуқаролар махсус мобил иловалар орқали ўзининг энергия истеъмолини реал вақт режимида кузатиши, чиқиндиларни қачон ва қандай топшириш кераклигини билиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Дания тажрибаси шуни кўрсатадики, барқарор шаҳарсозлик фақат техник инфратузилмалар ёки ҳукумат қарорлари билан эмас, балки жамиятнинг умумий тафаккури ва экологик маданияти билан чамбарчас боғлиқ.
Санъат
Тарих
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ