Сериаллар, оммавий томошалар узоқ муддатли вақтга созланган бомбага ўхшайди – Назар Эшонқул


Сақлаш
12:20 / 04.07.2025 17 0

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбат.

 

– Ҳақиқий ижодкор фақат ўз даври ва давраси учун ёзмайди. Асарлари асрлар давомида яшашини, миллионлаб қалбларни забт этишини истамаган ёзувчи бўлмаса керак. Назар ака, бу истакнинг ижобати сири нимада?

 

– Тўғри айтдингиз, ҳар бир ёзувчи умид билан ёзади. Ёзиш асносида шу кўҳна олам, ўзаро муносабатлар, “қаердан келдик, қаерга кетамиз, вазифамиз нима?” деган башарий саволларга ўз замонида туриб жавоб излайди.

 

Масалан, адабиётни инсоншунослик дейдиган бўлсак, ёзаётган китобимиз инсон ҳақида қандайдир хулоса бериши керак. Ўқувчи мутолаа сўнгида ниманидир англаб етса, мана шунда асарнинг умри узаяди.

 

Одатда, одамлар кўнглидаги саволларга жавоб бера оладиган асарларни тез ва осон қабул қилади. Ёзганимиз кимнидир таъсирлантирса, ҳаяжонга солса ёки ўйлантирса, ана ўшанда вазифамизни бажарибмиз. Агар фикрларимиз Вақт элагидан ўтмаса шунга рози бўламиз-да.

 

– Вазифани муносиб бажараётган экансизки, 2024 йилда АҚШнинг “Mundus Artium Press” нашриёти томонидан “Йил ёзувчиси” деб эътироф этилдингиз. Ана шу муваффақият тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.

 

– Техас университетида “Жаҳон адабиёти” журнали чиқади. Таҳририятнинг ўз нашриёти бор. Улар дунёдаги ёзувчилар ижодини кузатиб боради. Ҳатто, бирорта асари инглиз тилига таржима қилинмаган адибларни ҳам ўқишади. Имконияти бўлса керак-да.

 

Ўша ташкилот вакили ижтимоий тармоқ орқали мени топиб, боғланди ва мукофотга номзодим қўйилишини айтди. Ҳикояларимни гугл таржима ёрдамида инглизчада юбордим. Биласизми қандай жавоб келди? “Сиз асл вариантини жўнатаверинг, ўзимиз таржима қилиб оламиз”, дейишди. Ҳакамлар ҳайъати мукофотлаш сабабини “умуминсоний маданий аутентлиги ҳамда универсал кодларни миллий воқеликда акс эттиргани учун” деб кўрсатишди.

 

Эътирофдан кўра китобимни инглизчага ўгириб, электрон шаклда онлайн кутубхоналарга жойлаштирилиши мен учун қувончли бўлди. Бу орқали инглиззабон китобхонлар замонавий ўзбек адабиёти намуналари билан танишади, тасаввури кенгаяди. Ажабмас, улар орасидан миллий адабиётимизга қизиқувчи таржимонлар чиқса.

 

Ижодкорнинг яқин ва узоқ давлатлардаги катта-кичик муваффақияти ҳар биримизни хурсанд этиши керак. Чунки унинг исми билан бирга жаҳонда Ўзбекистон номи ҳам янграйди. Буям бир тарғибот. Бугунги имкониятлар замонида “икки дарё оралиғида қолиб кетди менинг ўшал овозим”, деб ўтириш вақти эмас.

 

– Китобингиз уммонортида электрон шаклда тарқатилишини таъкидладингиз. Бу жараён бизда ҳам одат тусига кирди. “ZiyoNET” тармоғи, “Ziyouz.uz” портали, “Мутолаа” иловаси ва бошқалар бунинг ёрқин мисоли. Бадиий адабиётлар юз минглаб нусхада чоп этилган даврни кўрган авлод вакили сифатида ахборот-коммуникацион технологиялари китобхонлик даражасига қандай таъсир кўрсатади деб ўйлайсиз?

 

– Менинг қарашимча, салбий таъсир кўрсатмайди. Биз замон шиддати ва глобаллашув таъсирини ҳис қилишимиз керак.

 

Китоб ёзувдан ҳам қадимийроқ тушунча. Муқаддас китоблар, халқ достонлари ва бошқалар қоғозга туширилмасдан олдин ҳам мавжуд эди. Уларни ҳам китоб дер эдик. Кейин оғзаки нутқ ёзма нутққа эврилди. Ёзувлар тош, сопол ва суяклардан тери, ипак, қоғозга ўтгандан бери одамлар босма манбаларга ўрганиб қолди. Энди уларнинг ўрнини электрон китоблар эгаллаяпти. Демак, китоб ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Шунчаки вақт ўтиб шаклини ўзгартиради. Тарих такрорланиш хусусиятига эга. Даврлар ўтиб одамизод яна оғзаки нутқ билан кифояланиши мумкин.

 

Бизни китоб шаклининг ўзгариши эмас, электрон кутубхона базасининг қандай адабиётлар билан тўлдирилаётгани ўйлантириши керак.

 

Авваллари китобни қўлтиқлаб юрардик. Бугун эса ҳамманинг қўлида телефон. Бу дегани замондошларимиз мутолаадан узоқлашди дегани эмас. Ёшлигимда кутубхонама-кутубхона юриб, китоб излардим. Ҳозир эса излаган китобимнинг 95 фоизини интернетдан топаман.

 

Бундай мутолаа бизнинг ёшдагилар учун бироз қийин: кўз чарчайди. Лекин янги авлод шунга кўникиб улғаймоқда.

 

Тараққиёт шу билан тўхтайдими? Йўқ! Кино санъати адабиётнинг ўрнини секин-аста эгаллаб боряпти. Интеллектуал кинолар, модерн кинолар пайдо бўлди. Қараб турсангиз, адабиёт визуал кўринишга кўчиб ўтаётгандек туюлади. Биз буни қанчалик девор қўйиб тўсиб олмайлик, барибир вақти келиб шунга ўтамиз.

 

Шу даражада кенг имкониятга эгамиз. Фақат дангаса бўлиб қоляпмиз.

 

Муаммо бошқа нарсада: шакли қандай бўлишидан қатъи назар адабиёт ўқиляптими? Кимлар ўқияпти? Ким қандай баҳра оляпти? Қандай хулоса қиляпти? Масала шунда. Китоб ҳақида ҳам, ёзувчи ҳақида ҳам информация билан чекланяпмиз. Унинг ичидаги эстетикаси, ичидаги сўзнинг оғриқларини, поетикасини ҳис қилиш йўқ. Бу нарсаларни ҳис қилмаса, одамнинг кўнгли тарбияланмайди. Миямиз фақат информация йиғувчи “хард” бўлиб қолади, холос. ITнинг, темирнинг бир бўлагига айланиб қолиши мумкин.

 

– Сиздан “Ўзбектелефилм” давлат муассаси директори ўринбосари ва бош муҳаррири сифатида кўплаб муштарийларимизни қийнаётган саволларга жавоб олиш ниятидамиз. Бугун нега миллий менталитетимизга, ҳатто, энг оддий касб этикасига зид бўлган кўрсатувлар ва сериаллар телевидениеда етакчилик қилмоқда? Бошловчиларнинг бемалол ўз шевасида гапиришига кўникиб қолгандаймиз. Бу ҳолда телевидениенинг яқин ва узоқ келажагини қандай кўрасиз?

 

– Давлат телеканалларида урф-одатларимизга, нутқ маданиятига ва миллатимизга хос ички жараёнларнинг барчаси жой-жойида кетяпти. Кинолар ҳам, кўрсатувлар ҳам. Лекин хусусий телеканалларда ўзбек ҳаётини акс эттирадиган кўрсатувлар камроқ. Бунинг асосий сабаби – тижорат мўлжалининг руҳий қадриятлардан устун қўйилиши.

 

Сериаллар масаласи эса кўп чайналган, чайналмоқда. Бунга ҳар бир кишининг ҳақи бор. Чунки оммага ҳавола этиладиган томоша билан кўрпа остига кириб олиб томоша қиладиган томошанинг фарқи бор.

 

Телевидениедаги масъуллар, энг аввало нимани кўрсатиш ёки кўрсатмаслик керак деган аниқ мезонга эга бўлиш керак. Бугун “рейтинг” деган кўсаткич гўё ТВнинг асосий мезони саналяпти. Шахсан мен учун бу хато. Сериаллардаги воқеликдан тортиб, оддий кийинишгача бу психологик жараён: уни томоша қилаётганнинг онг остига бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсир қилади.

 

Сизга бир мисол айтай. Америкалик тамакифурушлар тамаки бозори ўзлари кутган натижани беравермагач, буюк психолог Фрейддан катта пул эвазига маслаҳат олишган. Пулга муҳтож психолог жуда оддий маслаҳатни берган. Яъни, кинолардаги одамлар яхши кўриб қоладиган ёки бугунги тил билан айтганда “крутой” қаҳрамонларга тамакингизни чектиринг, дейди. Шундан сўнг Америка киноларида бош ва асосий қаҳрамонлар тамаки чекиб рол ўйнашади. Бу ўз натижасини беради. Икки-уч йилда тамакифурушлик энг фойдали бизнесга айланади.

 

Сиз айтаётган сериаллар қайсидир маънода “тамаки тарғиби” вазифасини ўтаяпти. Сериаллар, оммавий томошалар узоқ муддатли вақтга созланган бомбага ўхшайди, у бирдан портламайди. Сериалларнинг таъсири йиллар ўтгач ўз натижасини беради. Унда балки жуда кеч бўлиши мумкин.

 

“Рейтинг” бу бозор мезони. Аммо у маънавий мезонлар устига қурилиши керак.

 

Телевидение бугунги биз кўниккан кўринишда қолмайди. Тараққиёт ҳалитдан унинг ўрнига вариантлар таклиф қила бошлади. Худди китоб каби ТВ ҳам ўз шаклини ва ифода усулини ўзгартиришга мажбур. Бугун бўлмаса эртага мажбур бўлади.

 

Унутмаслик керакки, телевидение – адабий тил мактаби. Бу ерда сўз, талаффуз, ифода тарзи қатъий қоидаларга асосланган бўлиши шарт. Бошловчи шевахон бўлса, ёш авлод уни шундай қабул қилади.

 

Телевидениенинг келажагига келадиган бўлсак, умидларимиз катта. Ислоҳотлар натижаси яқин келажакда бўй кўрсатади. Биз келажакда “одамни рақам эмас, руҳ деб биладиган” телевизион муҳитни тиклашимиз шарт. Бу, албатта, бизнинг масъулиятимиз.

 

– Самимий ва куюнчак суҳбатингиз учун, Сизга газетамиз ўқувчилари номидан миннатдорлик билдириб қоламиз.

 

Зарнигор Иброҳимова

суҳбатлашди.

 

“Жадид” газетаси 2025 йил 4 июль, 27-сон.

“Адабий тил мактаби қаерда” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19156
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//