
Давр талаблари қандай бўлишидан қатъи назар, санъат – боқийликнинг кўланкаси, абадийликка дахлдор ҳодиса. У шубҳасиз чегарасиз, шу билан бирга ижодкор учун ягона мезон ва чегара ҳамдир. Санъатни ҳаётнинг маънисизлиги қаршисидаги энг яхши ечим, дейиш мумкин. Давр талаби бўйича тақдим қилинган ҳар қандай “ижод” намунаси эса ўткинчи. Шу билан бирга, ижодкорнинг ўз замонаси руҳини англаш йўлидаги изланишларининг маҳсули узоқ вақт яшаб қолади.
Инсоният тарихида бунга мисоллар кўп. “Гилгамеш” достонидан тортиб, Эзопу Ҳомергача, Навоийдан Шекспиргача, Чеховдан Селинжеру Брэдберигача ва баъзи ХХI аср замонавий санъат намояндаларининг ижоди даврлар силсиласида яшашда давом этяпти. Бу бадиийликнинг чексизлиги, унга эришган ижодкорнинг даража-савияси демакдир.
Санъатдаги бундай биполярлик, яъни бадииятнинг чегарасизлиги инсонни ўйлантирадиган ҳолат. Каминанинг шу хусусдаги мулоҳазалари чегарасиз бадииятнинг асосини англашга бўлган интилиш бўлиб, буни кино санъати доирасида кўриш мумкин.
Ўзбек киносида бадиийлик бобида чалғишлар, ўзлаштириш, кўчирмачиликлар кўп, мулоҳаза эса кам, санъатга муносабат арзон, даъволар катта-ю меҳнат деярли йўқ. Ҳозирги пайтда аксарият ижодкорларнинг бирламчи мақсади кино воситасида танилиш. Лекин бу хоҳишларнинг на халққа, на санъатга алоқаси бор.
“Кинони “қўшнинг” учун олмасанг, унда нима кераги бор?” деб қарайдиганлар ва шу қабилда ишлаётганлар савия, асл санъат деган тушунчалар ҳақида ўйлаб кўрмасликлари табиий. Фильм яратишдан мақсад томошабинга “завқ улашмоқ” ва “ўйлантирмоқ” деган гаплар айнан юқорида келтириб ўтилган, ўз фойдаси учун санъатдан фойдаланувчи ҳунарманд тоифанинг ўлчовидан бўлак нарса эмас.
Агар кимнингдир санъат ўзи нима, унинг вазифаси нимадан иборатлигини белгилаб беришга ҳадди бўлса, у камида икки аср умр кўриб, ўз меҳнатининг меваси яшаб қолган-қолмаганини кўрган бўлиши лозим. Шундай экан, бундай ноқис назарияларни кўр-кўрона иддао қилувчи, замонанинг янгилиги, ютуғи, урфи деб биладиган кино ҳунармандлари ҳеч бўлмаганда Эзоп санъати нима учун шунча асрлардан бери яшаб келаётгани ҳақида ўйлаб кўришлари лозим. Гулханийнинг баҳоси унинг ҳунарида эмас, шахс сифатидаги даражоти, тафаккур савиясига боғлиқ эканини англаб етишлари керак бўлади. Шекспирнинг пьесалари, Навоийнинг ғазалларию “Хамса”си, Бобурнинг рубоийларию “Бобурнома”си бошқа даврларда ёзилгани ҳолда, нега ҳозирги давр кишиси руҳиятини ифода этишини, Брэдберининг фантастик асарлари инсоният тарихининг чинакам инъикоси эканини, Анна Франкнинг кундалиги эса ҳеч қандай “завқ улашиш” ёки “ўйлантириш” учун ёзилмаганлигини тушунишлари керак бўлади. Илло, Анна Франкнинг ўзи бу кундалигини “ёзувчи” бўлиш учун ёки танилиш, ўқувчига ёқиш учун ёзмаганини ўзини ижодкор санайдиганлар ўйлаб кўрганлари маъқул. Шундай экан, санъатнинг вазифаси ўйлантириш, завқ беришдан иборат, деган гапларнинг бари сафсата.
Санъатнинг ягона мезони – минг йиллар давомида исботланган ва фақат ҳақиқий ижодкорларгина эриша олган – юксак савия. Башарият тарихига назар солсак, Софоклдан то Чеховгача бўлган катта давр ичида яшаган буюк ижодкорлар ва уларнинг асарларида аввало, инсоннинг ўзлиги, табиати, иқтидори ҳаддини англаш илинжи мавжуд.
Менимча, ҳеч қайси деҳқон харидорга ёқиш учун мева-сабзавот етиштирмайди. Деҳқоннинг меҳнат фалсафаси аниқ ва лўнда: у етиштирган маҳсулот қанчалик сифатли бўлса, нархи ҳам шунчалик баланд бўлади. Энг муҳими, деҳқон завод ё фабрика каби товар ишлаб чиқармайди, у ҳосил олиш учун меҳнат қилади, тер тўкади. Шундай экан, нега санъатга парвариш, меҳнат, сифат, савия деган тушунчалар бегона бўлиши керак? Нега ижодкор ўз кучсизлиги, савиясизлигини, билимсизлигини томашабиннинг талаби баҳонаси билан хаспўшлаши керак? Ижодкорнинг томошабин хоҳиши ортига беркинишга ҳаққи йўқ. Тушунаман, замона зайлига кўра кино ҳам бозор иқтисодига ўтган бўлиши мумкин, лекин нега САНЪАТ қимматбаҳо тошлар, олмосу жавҳарлар дўкони эмас, арзонгаров маҳсулотлар бозорига айланиши керак?
Бунга, албатта, биз ижодкорлар айбдормиз. Афсуски, ҳозирги даврда ижодкорнинг, аввало, кино вакилларининг ўз касбларига бўлган муносабати ачинарли. Томошабинга ёқиш, “юлдуз” бўлиш, танилиш илинжи нима учун санъат соҳасига қадам қўйганини унутиш даражасигача олиб келди. Энди катта-кичик режиссёрлар умрини, кучини инсон ва ҳаётнинг моҳиятини англаш, бадиий асар яратиш йўлида изланишга эмас, балки ўзгарувчан томошабиннинг ўзгарувчан хоҳишларига сарф этишга муккасидан кетишди. Санъат соҳасида савияга эришмоқ машаққатли йўлни босиб ўтишни тақозо этади, узлуксиз меҳнатда риёзат чектиради, баъзан дарбадар, девона қилади, улкан сабр талаб этилади. Боқийликка дахлдор санъат яратиш қурбига ҳамма ҳам эга эмас, бироқ шу мақсад йўлида бўлишнинг ўзи муҳим. Кинонинг машаққатли майдонида нафақат тарихда, бугун ҳам санъатнинг асл моҳиятини очиб бераётган ижодкорлар йўқ эмас. Йўқса, биз аллақачон кино кўришни, китоб ўқишни йиғиштириб қўйган бўлардик. Назаримда, замон талаби ортига беркиниб иш тутиш – нўноқлик белгиси.
Ҳар қандай муаллиф ўз давридан бошқа давр тўғрисида ижод қила олмайди. Ҳатто ака-ука Стругацкийлар ҳам ҳеч қандай фантастик давр тўғрисида эмас, балки ўз даврининг фантастик даражага кўтарилган шарт-шароит ва ақидалари ҳақида тафаккур қилганлар. Ҳеч қайси инсон табиатида дунёни тўлалигича қамраб олиш имконияти мавжуд эмас. Инсонда излаш, борлиқни англаш иқтидори бор. Излаган, англаган нарсасини бўлишиш, ўзаро фикрлашиш, суҳбат қуриш илинжи бор.
Санъатда ҳеч қандай томошабин йўқ – суҳбатдош бор, “ақлли”лар йўқ – ҳамдардлар бор, масхарабозлар йўқ – кўз ёшлари ортидан жилмаювчилар бор. Инсонга суҳбатдош, ҳамдард бўлолмаган, унинг изтиробини, ҳолини ҳис этолмайдиган, ўткинчи ва пуч нарсаларни тарғиб этувчи томошаларнинг санъатга ҳеч бир алоқаси йўқ.
2007 йили мени Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган “Евразия” халқаро кинофестивалининг “Марказий Осиё киноси” блокига таклиф қилишди. У ерда эронлик машҳур режиссёр Моҳсен Маҳмальбафнинг маҳорат дарсига боришга, устани ўз кўзим билан кўришга муваффақ бўлдим. У нутқининг охирида бир саволни ўртага ташлади:
– Қани айтинглар-чи, йигирма йил аввал кино олиш қийинмиди ёки ҳозирми?
Зал бирваракайига “Албатта олдин”, деб жавоб берди. Мен ҳам бу фикрга қўшилдим. Негаки, авваллари фильм олиш учун биринчи навбатда олийгоҳга ўқишга кириш, беш йил ўқиш, сўнг студияга ишга кириб, ё чироқчи, ё ассистент, ё иккинчи режиссёр бўлиб бир неча йил ишлаш шарт эди, мингта чиғириқдан ўтиб, ниҳоят фильм ишлай олишингга кимдир ишонч билдиргандан сўнггина камерага яқинлашишинг мумкин эди. Кино ҳақиқатдан ҳам қиммат санъат бўлган. Ҳозир-чи? Ҳозирги пайтда ҳар зериккан киши кино билан шуғулланиши мумкин.
Тасвирга олиш даставвал плёнкадан видеога, видеодан эса рақамга кўчганидан сўнг, бутун бошли “проявка” деган кимёвий жараён орадан ғойиб бўлди. Маъжозий айтганда, кинонинг “кимё”си йўқолди.
Ҳозирги замонда камера билан экран орасидаги масофа жуда қисқа. Натижага эришиш техник нуқтаи назардан жуда осон. Шу сабаб бугунги кунда Youtube, Instаgram, Facebook ва TicTok “юлдуз”лари кўп. Ҳар хил блогер, влогер ва ҳоказо…
Хуллас, турфа фикрлар, баҳс-мунозарадан сўнг Моҳсен ўзининг нуқтаи назарини баён қилди:
– Менимча, – деди у, – кино олиш ҳозир қийин, тўғри, авваллари режиссёрнинг камерага етиб бориши осон бўлмаган, бу йўлда табиий танлов ишлаган. Яъни, кино олиш учун режиссёр теран фикрлай олиши шарт бўлган, чунки давлат пулни кўкка совуришни истамаган. Хуллас, авваллари кинони кучлилар олган. Ҳозир ижодкорнинг кучи у ишлатадиган техникада эмас, чунки техника ҳаммада, ҳар ерда бор. Қолаверса, продюсер пулни ҳамиша техникага, технологик томошабозликка тикади. Бугунги кунда ижодкорнинг кучи – жавобгарлигида.
Бу фикр менинг постулатларимдан бири бўлиб қоляпти. Кимдир ўз ишидаги техникаю технологияни муҳим ютуқ сифатида кўрсатишга уриняптими, билингки, унинг санъат олдида жавобгарлиги суст. У фақат ўз манфаатларининг хизматкоридир.
Ҳар бир ижодкор ҳамиша ўз гапирган гапи, қўйган кадри, ўйнаган роли, ўқиган шеърининг мазмуни учун жавобгар. Илло техника, технология ҳаммада ва ҳар жойда бор, фақат ижодкорларнинг жавобгарлик даражаси ҳар хил. Пул бўлса техника, технологияни топиш мумкин, аммо санъатни эмас. Шундай экан, санъаткорликнинг энг муҳим ўлчови – даража бўлиб қолаверади.
Жаҳон киносидаги жамики дурдона фильмларнинг бирламчи мезони нима? Бюджетми, техниками, технологиями? Буни яхшироқ тушуниш учун мисолларни кўриб чиқамиз.
1) Чарльз Чаплиннинг 1931 йилда суратга олинган “Катта шаҳар ёнғини” фильми бюджети 1,5 миллион доллар. Пленкада олинган оқ-қора, овозсиз фильм, “Оскар” мукофоти билан тақдирланмаган.
2) Андрей Тарковскийнинг 1974 йилда суратга олинган “Кўзгу” фильмининг бюджети 622 минг рубль. Пленкада олинган, рангли, бир овозли фильм, “Оскар” мукофоти билан тақдирланмаган.
3) Сатъяжит Райнинг 1955 йилда суратга олинган “Йўл қўшиғи” фильми бюджети доллар эквивалентида 30 минг 500. Оқ-қора, бир овозли фильм, “Оскар” мукофотини олмаган.
4) Жеймс Кемероннинг 2022 йилда суратга олинган “Аватар: Сув йўли” фильми бюджети 350-460 миллион доллар. Умумий даромади 2 миллиард 320 миллион доллар. 3D технология/ DCP форматда ишланган, 5:1 овозли фильм. “Оскар” мукофотининг “Энг яхши визуал эффект” номинациясида ғолибликни қўлга киритган.
5) Кристофер Ноланнинг 2023 йилда суратга олинган “Оппенгеймер” фильми бюджети 100 миллион доллар. Пленка, IMAX (комбинация) шаклида ишланган, 5:1 овозли фильм. “Оскар” кино мукофотининг еттита номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган. Бир қарашда фактлар ҳамма нарсани айтиб турибди. Бюджет, техника, технология ва ютуқларининг кўплиги жиҳатдан Нолан ва Кемерон фильмларининг кўрсаткичи юқори. Аммо бу режиссёрларнинг ҳеч бири кино тарихидаги дурдона асарларнинг яратувчиси эмас.
Бу ишни фақатгина Чаплин, Тарковский ва Сатъяжит Рай уддалай олган. Улар орасида Тарковскийнинг фильми Чаплин ва Сатьяджитнинг фильмига қараганда рангли ҳамда овозли бўлгани боис, техник ва технологик жиҳатдан етукроқ кўринади. Чаплиннинг фильми эса, бюджети жиҳатидан Тарковский ва Райнинг фильмларидан устун туюлади. Лекин “Катта шаҳар ёнғини”нинг бюджети “Аватар”ники олдида чойчақа, технологик жиҳатдан анча оддий, “Оппенгеймер”нинг техник критерияси олдида эса умуман ип эшолмайди. Лекин на “Аватар” ва на “Оппенгеймер” Чаплиннинг “Катта шаҳар ёнғини”, Тарковскийнинг “Кўзгу” ва Сатъяжит Райнинг “Йўл қўшиғи” фильмларида оддийгина кадр орқали эришилган бадиийликка, моҳиятга, абадиятга ета олмаган. Инсоннинг руҳий ҳолати, тафаккури ва имкониятлари чексизлигининг мезони бўла олган эмас.
Санъатнинг қадр-қимматини белгилаш нафақат ижодкорга, томошабинга, энг муҳими, вақт тушунчасига боғлиқ. Ҳар бир санъат асарининг даражаси муайян вақт доирасидаги инсон билан ўлчаниши лозим, чунки тенденциялар ўзгарувчан, дунёқарашлар эврилувчи, ҳиссиётлар эса тусланувчидир.
Шундай экан, юқори бюджетли фильм – фақат имконият, юқори технологик фильм – фақат усулнинг ўзгариши, муаллиф ғояси эса технология ҳам, техника ҳам эмас, айнан инсонлик даражаси демак. Режиссёрнинг асар ғоясига муносабати касб эмас, балки унинг инсон сифатидаги танлови, қадриятлари, виждони ва дунёқарашининг бадиий кўринишидир.
Кино – пул, техника ва технология эмас, инсон тафаккури эриша олиши мумкин бўлган абадиятнинг шулар воситасида юзага чиқадиган кўриниши бўлиб, бу чегарасиз бадиийликнинг акси ҳам, амалга оширувчиси ҳам – Инсон.
Афсуски, ҳозирги ўзбек кино ижодкорларининг (шу жумладан менинг ҳам) ўз касби-коримиз ва ҳаётимизга нисбатан муносабатимиз арзон. Жавобгарлик ҳиссимиз ҳаминқадар. Ваҳоланки, аввал бошда ҳеч қайси биримиз ўз вақтимизни беҳуда совуриш, умримизни чойчақага алмашиш, тошойнанинг қаршисида туриб, ўз гўзаллигимиз ҳақида ёлғон қасида тўқиш учун санъат йўлини танлаган эмасмиз…
Ҳар кимнинг баҳонаси – ўз умрига тенг. Шундай экан, танлови ила улуғланган ИНСОН бугун-эрта ўз аксига қараб нимани кўришни танлаши унинг ихтиёрида. Кино ижодкор экранда қаҳрамонларни эмас, балки ўзи ва ўз авлодининг ўн йил, эҳтимол, юз йилдан кейинги тақдирини акс эттиради. Демак, эртага менинг экрандаги аксим қандай бўлиши ўзлигим олдидаги жавобгарлигимни қанчалик ҳис эта билишимга боғлиқ.
Ёлқин ТЎЙЧИЕВ,
кинорежиссёр
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2025 йил 5-сон.
“Чегарасиз бадиият орзуси” мақоласи
Тарих
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ