Ўзбек матбуотини тараққиёт калтаги остидан қандай қутқариш мумкин?


Сақлаш
03:29 / 22.06.2022 1563 0

Ўзбек матбуотининг асосий бошоғриғи обуна бўлиб қолмоқда. Бу фақат иқтисодий муаммо бўлиб қолмай, биринчи навбатда жамиятнинг маънавий-маърифий манзарасига дахлдор масаладир. Oyina.uz касб байрами арафасида соҳа вакилларининг дард дафтарини кавлади.

 

Норқобил ЖАЛИЛ,

“XXI asr” газетаси бош муҳаррири:

 

 

– Ишонсангиз, обуна мавсуми яқинлашаверса, юракка оғриқ киради. Ижтимоий тармоқларда “Газета-журнал ўладими? Мажбурий обуна керакми? Босма китоб қулайми ёки интернет варианти?” деганга ўхшаш чала-думбул саволлар ўртага ташланади. Ўйлаб қоласан киши: хўш, журналистика соҳаси оғир ва машаққатли даврни бошидан кечираётган бир пайтда босма нашрлар бошига бундай маломатларни ёғдириш кимга керак? Дейлик, газета-журналлар турли хил баҳона-важлар билан ёпилса, ижодий фаолияти тўхтаса, ўшанда бозор адабиёти ва журналистикаси гуриллаб кетадими?

 

Босма нашрлар обуна борасида давлат томонидан қўллаб-қувватланмас экан, охири таназзулга маҳкум. Бошқа йўл йўқ. Қолаверса, ОАВларни ислоҳ қилиш учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш фурсати етди. Аниқроғи, номига бирор нашрнинг муассиси ҳисобланадиган нодавлат ташкилот учун бюджетдан ажратилаётган жуда катта маблағлар сметасида ОАВ улуши алоҳида бандда кўрсатилмаса, аҳвол ҳеч қачон ўнгланмайди. Уч-тўрттагина дасти узун ташкилот ўз нашрини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб тургани учун адади нисбатан кўпроқлиги, ходимларининг молиявий аҳволи яхшироқлиги ҳеч нимани англатмайди.

 

Байрам арафасида дардини достон қилибди-да, кўнглида ёруғроқ ниятлари йўқ эканми, дейдиганларга жавобим битта: ҳадеб баландпарвоз оҳангларда мақтанишдан фойда йўқ. Соҳани қайта кўриб чиқиш, ижтимоий-сиёсий йўналишдаги газеталарни ё тубдан жонлантириш, ё бўлмаса бутунлай ёпиб ташлаш керак.

 

Даврон САФАРОВ,

“Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси директори:

 

 

– Ҳақиқатдан даврий босма нашрларга обуна бўлиш сезиларли қисқарган. Чакана савдо орқали газета-журнал харид қилиш ҳам камайган. Бунга сабаб нима, деган саволга кўпчилик электрон ОАВлар ривожини рўкач қилади. Аммо асосий сабаб бу эмас. Обуна ташкил этишдаги носоғлом муҳит, нашрларни етказиб беришдаги чатоқликлар, материалларнинг истеъмолчи талабларига мос келмаслиги, муштарийнинг моддий имконияти... Оммавий обуна мавсумида шахсий манфаатларнинг устун келиши, вақтинча очиладиган ва маблағни ўзлаштиргач ёпилиб кетадиган обуна фирмалари одамларнинг матбуотга муносабатини совуқлаштирган.

 

Энди нашрлар салоҳияти, яъни чоп этилган материаллар қанчалик тош босишига тўхталадиган бўлсам. Бугун аксар газеталаримизда ўқишли мақолалар берилмоқда. Ўзим ўқиган материалларни баъзан бошқа дўстларимга ҳам илинаман. Лекин бу етарли эмас. Матбуотимиз жонланишни эртароқ бошлаши керак эди. Озроқ кечикилди. Ахборот майдони интернет нашрларга бой берилди.

 

Очиқ айтаман, ҳозирги кунда компаниямиз даромадининг катта қисми қўшимча фаолиятдан келади. Фақат нашрларга обуна уюштириш ва сотиш билан чекланганимизда жуда мураккаб иқтисодий ҳолатга тушиб қолишимиз муқаррар эди. Муаммога ечимлардан бири, обуна мавсумида даврий босма нашрларнинг ТВ ва бошқа электрон ОАВ орқали рекламасида имтиёзлар белгиланиши лозим.

 

Беруний АЛИМОВ,

“Янги медиа таълим маркази” ННТ директори,

филология фанлари доктори:

 

 

– Газета журналистиканинг ўқ илдизи, ўқ томири бўлишига қарамасдан, ҳар сафар тараққиётнинг калтаги айнан унинг бошида синади.

 

1950-йиллари телевидение, ундан аввалроқ радио пайдо бўлган пайтда ҳам матбуот бироз четга сурилиб қолган. Сабаби – оддий. Кундалик ахборотларни олиш учун янги манбалар топилган. 90-йилларнинг иккинчи ярмида бу ҳолат яна такрорланди. Интернет ўқувчилар учун қулай ва арзон ахборот воситаси сифатида майдонга кириб келди. Ижтимоий тармоқлар оммалашди. Технологиялар эса шиддат билан ривожланаверди. Бу эса босма сўз ўқувчилари аудиториясини жаҳон миқёсида кескин қисқартириб юборди. Бироқ вақт ўтиб, интернетдаги янгиликлар сифат жиҳатдан талаб даражасида эмаслигини кўпчилик сезиб қолди. Чунки медиа маконда текширилмаган, олди-қочди, фейк хабарлар авж олиб кетди. Медиа саводхонлик эса нафақат журналистиканинг, балки бутун бошли жамиятларнинг бош оғриғига айланиб қолди.

 

Юзага келган жиддий муаммони оддий ўқувчилар ҳам тушуна бошлади. Ур-сур, олди-қочди, ўлди-куйди услубидаги “қайноқ” янгиликларнинг даври ўтганини сеза бошладик. Хўш, бундай вазият газеталарга, ишончли контентга эҳтиёжни қайтадан тиклай оладими? Бу борада жаҳон тажрибаси қандай? Сифатли ахборот ўқийдиганлар даври яна қайтадими?

 

Британиядаги етакчи газеталар 2015 йилдан бошлаб 25-30 фоиз ададини йўқотди. Хусусан, “The Sun” ўқувчилари 1,8 миллиондан 1,37 миллионга, “The Guardian” муштарийлари 179 мингдан 134 мингга қисқарди. АҚШда ҳам бундан ўн йиллар олдин 1,3 миллион нусхада чоп этилган “The New York Times”нинг кундалик тиражи ўтган йили 343 мингга тушиб қолди. “The Washington Post” тиражи кейинги ўн йил давомида қарийб 38 фоизга қисқарган бўлса-да, ҳозирда онлайн обуначилар сони 2,2 миллионга етиб, мамлакатда биринчи ўринга чиққан.

 

Осиё газеталари адади дунё бўйича етакчилигича қолмоқда. Бу, биринчидан, аҳоли кўплиги билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, халқда газетхонлик маданияти яхши шакллангани билан изоҳланади. Япониянинг “Yomiuri Shimbun”, “Asahi Shimbun” ва “Mainichi Shimbun” нашрлари жаҳондаги энг катта тиражли нашрлар қаторида турибди. “The Times of India” дунё миқёсида инглиз тилида чоп этиладиган энг кўп ададли газета саналади. Муҳими, улар анъанавий босма форматдан ташқари “Broadsheet”, “Compact”, “Berliner” ва “Online” тарзда ҳам иш олиб бормоқда. Демак, хорижий тажриба кўрсатадики, йирик газеталар ҳозирги цивилизацион тўсиқлардан анча осон сакраб ўтмоқда. Адад нисбатан қисқарган бўлса-да, рақамли муҳитда ҳам муносиб ўрин эгалламоқда. Турли замонавий форматларда яхши натижаларга эришишмоқда.

 

Кейинги ўн-ўн беш йил давомида мамлакатимиздаги босма нашрлар ҳам жиддий синовларни бошидан кечиряпти. Бироқ туннелнинг охирида ёруғлик кўринганидек, газеталар ҳам қайта кучга кириши, асосийси, сифатли ахборот ўқийдиганлар даври яна қайтишига умид бор. Чунки одамлар интернетдаги саёз материаллардан кўра тўлақонли, таҳлилий мақолаларни қидира бошлашди. Бу, албатта, яхши тенденция. Биз ҳозирги ривожланган Осиё мамлакатларидан ҳам олдинроқ газета чиқара бошлаган, бу борада 150 йиллик тажрибага эга миллатмиз. Бундан ҳар доим фахрланишимиз, газетачиликни нафақат асраб қолишимиз, балки янада ривожлантиришимиз керак.

 

Ҳабибулла ҒАФУРОВ,

Денов тумани маданият маркази бадиий раҳбари:

 

 

– Илгари (ўттиз йиллар аввал) матбуот нашрлари сони кам бўларди, лекин тираж катта эди. Ойликдан беш-ўн сўм ушлаб қолиб, ўзингиз истаган газета ёки журналга обуна қилишарди. Почтачи йил давомида уйга етказиб берарди. Одамлар матбуот сўзи, кучига ишонарди. Ичида иллати бор раҳбарлар, бюрократлар, порахўрлар журналистдан чўчиб турарди.

 

Бугун газеталарнинг сони ва тури кўп. Лекин сифат паст, кўпчилик газеталар танқиддан узоқ. Албатта, мен ҳамма матбуотдан ҳайиқиб туришини ёқламоқчи эмасман. Лекин журналист сўзи салмоқли, юкли бўлиши тарафдориман, газета маънавиятимиз-маърифатимизни кўтариши керак. Битта нашр танқид қилган одамни эртаси иккинчиси мақтаб чиқса, сўзнинг тутуриғи қоладими? Обуна қилиш ё реклама ундириш илинжида бирор ташкилотга ҳамду сано ёғдираётган матбуотни ким ҳурмат қилади?..

 

Яна айтаман, матбуот жамиятни олдинга етакловчи куч бўлиши шарт. Газеталаримиз маънавий жиҳатдан ҳам, моддий жиҳатдан ҳам эркин, мустақил бўлса, омма дилидагини топиб ёзса, обуна ҳам бош оғриқ бўлмайди.

 

Шубҳасиз, газеталар ҳеч қачон буткул ёпилиб, жамият бутунлай коллапс ҳолатида қолмайди. Эҳтимол, бугунги оғир вазият оқибатида соҳада ўзига хос селекция жараёни кечар ва газета-журналлар ахборот майдонига янада кучли бўлиб қайтар. Давра суҳбатида билдирилган фикрлар умумлаштирилса, газета мазмун-мундарижаси, таҳририят жамоаси ҳамда матбуот тарқатишгача бўлган бутун тизимда туб ислоҳотлар талаб этилмоқда. Бу ўзбек матбуоти келажагини ҳал этади. 

 

Абдумажид АЗИМОВ

oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//