Туркистонда аёл ҳуқуқлари озодлик ғоясими ёки сиёсий инструмент? Журналистик тадқиқот


Сақлаш
19:16 / 18.05.2026 20 0

Чор мустамлакачилиги даврида аёллар масаласи «маданиятлаштириш» ва руслаштириш сиёсатининг воситасига айлантирилган бўлса, совет ҳокимияти даврида у янги тузумни мустаҳкамлашнинг муҳим инструменти сифатида талқин қилинди. Айниқса, совет даврида аёлларни «озод қилиш» сиёсати кўпинча уларни анъанавий оилавий муҳитдан ажратиш, уй-рўзғор ва фарзанд тарбиясидан «ижтимоийлаштириш» номи остида узоқлаштириш билан бирга кечди.

 


Маълумки, Туркистон(Ўзбекистон)да матбуот чор Россияси босиб олгандан кейин, Туркистон Россиянинг битта губернаси деб белгиланиб, генерал-губернаторлик ташкил этилганидан кейин мустамлакачилар манфаатларини кўзлаб чиқарилди.


Илк даврий нашрлар – «Туркестанские ведомости», «Туркистон вилоятининг газети» (1870–1917) генерал-губернатор фон Кауфманнинг ихтиёридаги нашр бўлиб, унда ўлка ҳаётига оид турли мавзулар қатори хотин-қизлар ҳуқуқи ва уларнинг жамиятдаги ўрнига бағишланган ўнлаб мақолалар чоп этилган.

 

Россия империяси ва кейинчалик большевиклар ҳукмронлиги даврида ҳам Туркистон (Ўзбекистон) аёлларига нисбатан давлат сиёсати мустамлакачилик мафкураси ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди.

 

Матбуотда ҳам бу мавзуга хотин-қизлар манфаатлари эмас, балки мавжуд жамиятнинг сиёсий-ижтимоий манфаатларидан келиб чиқиб ёндашилди. Россия империяси аввал бошданоқ Туркистонни бутунлай забт этиш учун аёллардан унумли фойдаланишни кўзда тутган. Таниқли рус академи Бартолд асарларидан бирида «Туркистон аҳолиси ичида рус маъмуриятининг энг ишончли таянчи савдогарлар, деҳқонлар ва аёллардир», дейди.

 

Империя генерали Королков Россия императорига мактубида ўлка хотин-қизлари ва болаларини русча ҳаёт тарзига ўргатиш ҳақида ёзаркан, «Туркистон ўлкасида олий миссия ўтказишга чақирилган рус халқининг шифокор аёллари ўзбек хотин-қизларининг эрксиз, нурсиз ва ҳуқуқсиз турмуш тарзига ўзга тушунчалар олиб киради ва бошқача интилишлар уйғотади», дейди.

 

«Туземканинг, – деб ёзади генерал, – насроний аёл билан бир жойда яшаши, у билан доимий ва яқин алоқаси ҳаёт тарзини рус аёллариникидек яхшилаш фикрини аста-секин уйғотади, насроний тасаввурларни сингдириб боради ва бу ҳол фарзандларини тарбиялаш жараёнига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Бундай аёлнинг ўғил-қизлари мусулмон бўлмаганларга нисбатан муросасиз ва душман бўлмайди».

 

 

Ушбу мақсадни амалга ошириши учун Королков ўлкада хотин-қизлар амбулаторияларини кўпайтиришни таклиф қилади. Шунингдек, Туркистон хотин-қизларига «православ рус қарашларини сингдириш учун» Россиядаги аёллар монастирларини хизматга жалб этиш заруратини ҳам таъкидлаб ўтади. Шу сабабданми, Туркистонда очилган амбулаториялар ҳақида аксарият муҳаррирлари ҳарбийлардан иборат бўлган «Туркестанские ведомости» газетасида мунтазам ҳисоботлар бериб борилган. Улар кўпинча газетанинг 2-3 саҳифасини эгаллаган.

 

Ҳисоботни амбулатория мудираси ёзиб, аёллар ва болаларнинг касалхонага мурожаати, улар ўртасида кенг тарқалган касалликларнинг сабаблари, беморларнинг миллий таркибини кўрсатиб борган.

 

Масалан, Тошкент шаҳар аёллар ва болалар амбулаторияси мудираси А.В.Пославскаянинг ҳисоботида қайд этилишича, 1885 йили амбулаторияга 1 749 нафар аёл мурожаат килиб, улар касалхонага 3 812 маротаба қатнаган. Беморларнинг миллий таркиби қуйидагича бўлган: ўзбеклар ва тожиклар 1 674 нафар бўлиб, умумий мурожаатчиларнинг 95,5%ини, қозоқлар 49 нафар (тахминан 2,9%), татарлар 18 нафар 1,02 %), яҳудийлар –8 нафар (0,4%)ни ташкил этган.

 

 

Ушбу мақоланинг тўлиқ шакли янгича — конвергент (аудио, видео, матн) журналистик форматда тақдим этилган бўлиб, у билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34753
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//