Сармишсойдан менгача – миллат босиб ўтган йўл


Сақлаш
10:43 / 20.05.2026 15 0

Ҳар бир инсон қалбининг туб-тубида ўзига ва Оллоҳгагина маълум ардоқли ўйлари, умидлари бўлади. У бу эзгу ҳисларни бировга айтмайди, ёлғиз қолганида пичирлаб, кулимсираб ёдлаб юради. Бу ўйлар, умидларнинг қачондир рўёбга чиқишига қаттиқ ишонади. Пинҳон ва гўзал ушбу сир унинг ҳаётига маъно, руҳига қудрат бағишлаб туради мудом. Ва бир куни бу умид амалга ошади. Ана шу воқелик, шу одам умрининг мағзи бўлади. 

 

Халқнинг ҳам худди шундай эзгу, бировларга бергусиз, яширин турган миллий хазиналари бор. Уни ҳамиша ҳам ҳамма билавермайди. Шу маънода, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Халқ денгиздир” деган ташбеҳи жуда терандир. Бу денгиз қаърида жуда катта дафиналар бор. Уни бир кун келиб моҳир ғаввосгина олиб чиқиши, хабарини ўзгаларга етказиши мумкин.

 

* * *

Ўзбекистон давлатчилиги тарихида бемисл маданий ҳодиса содир бўлди!

 

Тошкенти азимда Ислом цивилизацияси маркази қад ростлади. Тўққиз йил муддатда, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва қарорига кўра вужудга келган бу марказ ўтмиш ва келажак туташган, уч минг йиллик давлатчилик тарихимизни ўзида жамлаган, чин маънода халқимизнинг ифтихори тимсоли бўлди десак, асло ошириб юбормаган бўламиз.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши ҳақидаги хушхабар биринчи марта давлат раҳбарининг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон аҳлига эълон қилинган эди. Ва ниҳоят бугунги кунга келиб бу ният амалга ошди. Эзгу орзу рўёбга чиқди.

 

10  гектарлик майдонда барпо этилган марказ биносининг узунлиги 161 метр, эни эса 118 метр бўлиб, у уч қаватдан иборат. Марказдаги гумбаз баландлиги 65 метр. Бино 1,8 гектар жойни эгаллаган, фойдаланиш ҳудуди 42  минг квадрат-метр.

 

* * *

Тешиктош ғоридан топилган неандертал одам суякларининг ёши ДНК текширувларидан кейин 70 минг йилдан зиёд экани аниқланди. Шу ғор топилгунча нафақат юртимиз тарихига, балки Марказий Осиё халқлари ўтмишига нисбатан Ғарбда беписанд қарашган. Даъво қилишларига кўра, асл тарих биздан бошланган, бизда цивилизация пайдо бўлганида бошқа жойларда ҳаётнинг асари ҳам бўлмаган деган орийларча қараш илмий доираларда бот-бот такрорланар эди. Бироқ археолог Алексей Окладников бошчилигидаги экспедиция топган бу ғор ва ундаги ашёлар бутун дунё эътиборини Марказий Осиёга, Ўзбекистонга қаратди. Бу манзил-маконларда илк одамлар қадимдан яшаган экан деган тўхтам тан олинди ва Зовталашган дараси фан тарихига кирди.

 

Бу сўзларни бита туриб, узоқда эмас, шундоқ Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги Ислом цивилизацияси марказининг мавжудлиги кишига ёқимли туш каби туюлади. Аммо бу туш эмас, айни ҳақиқат. Бу манзилга бутун халқимизнинг босиб ўтган йўли, бутун тарихимиз йиғилиб келган.

 

...Эй, Окс ва Яксарт, Жайхун ва Сайхун, Амударё ва Сирдарё... эй, номи ўзгарса ҳам қисмати ўзгармаган, сувлотидан душманлари сув ичса-да, қуриб қолмаган, муқаддас бурчини унутмаган она дарёлар... Юқори ва қуйи ўзанларида қадим аждодларим капа тиккан, боболарим давлат қурган, ўтмиш карвонлари сув ичиб, чанқови қониб бугунгача етиб келган. Донишманд шоир Абдулла Орипов “Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ” деб ёзганди. Ҳақрост: ушбу дарёлар бўйида яшаб келган аждодларимизнинг қони бугун ҳам шу дарёлар каби шарқираб оқмоқда.

 

Ҳазрати Имом мажмуасининг кенг ҳаворига тарихнинг уч минг йиллик йўлни босган вазмин карвонлари келиб тўхтаганга ўхшайди ҳозир. Нафақат уч минг йиллик, балки одамзод атак-чечак бўлган даврдан то бугунгача бўлган вақт ҳосиласи шу ерда тўпланган.

 

Гулхан ёқиб ўтирган неандертал бободан тортиб 80 минг йил аввал ясалган ўқ-ёйларгача (Обираҳмат ғори. Бўстонлиқ туманидан топилган), 100 минг йил давом этган Мусте даври тасвири санъати бўлмиш Сармишсой қоя суратларигача, Исломгача бўлган қадимги давлатлар – Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Чоч ва Парканадан (Довон давлати. Фарғона) Ислом дини кириб келгандан кейинги тараққиёт босқичларигача...

 

Сўнгра жаҳон тарихига биринчи ренессанс номи билан кирган, Мовароуннаҳр фарзандлари дунёга довруқ солган шонли ўтмиш – ўнлаб улуғ номлар, юзлаб жаҳоний кашфиётлар даври бошланиб кетади.

 

“Миқёс ан-Нил” қурилмасини яратган Фарғоний асарларини чуқур ўрганган Христофор Колумб Американи топиб борганига тарих шоҳид бўлса, Берунийнинг Колумб сафаридан 462 йил бурун ёзилган “Ҳиндистон” асарида бу макон ҳақида аниқ маълумотлар берилган эди. Ер радиусини, меридианини, Ой ва Ер ўртасидаги масофани ХI асрдаёқ аниқлаган бу аллома яшаган даврни замонамизнинг йирик олими америкалик Фредерик Стар бежиз “Беруний асри” деб баҳоламаган.

 

Биринчи ренессанс даври шу қадар тиғиз ва бойки, битта манзил-маконда, бир неча асрда бу қадар улкан юксалишлар бўлишига инсоннинг ақли бовар этмайди. Зеро, бепоён вақтнинг олдида уч-тўрт аср дегани сониядек гап.

 

Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Форобий, Бухорий, Термизий, Ғиждувоний, Яссавий каби зотларнинг башарият хирмонига қўшган ҳиссалари бетимсолдир. Уларнинг ҳар бири битта маънавий юксалиш даврини бошлаб беролган.

 

Иккинчи ренессанс даври Амир Темур билан бошланади. Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”сида битилгани каби тарихда тождорлар кўп ўтган. Аммо энг обод, маърифатпарвар империяни тузиш ва уруш ҳамда жаҳолат йўлини эзгулик томон ўзгартириш уларнинг ҳаммасига ҳам насиб этмаган. Шу маънода Амир Темур ягонадир. Темурдан бошланган иккинчи ренессанс даври Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Шайбонийхон, Мирзо Бобур, Камолиддин Беҳзоддек аждодлар фаолияти билан катта бир даврни қамраб олади. Айни пайтда дунёнинг 16 та давлати ҳудудида Амир Темур ва темурийлар давридан қолган обидалар аниқланган.

 

* * *

Узоқ тарихни ёдлаб, ўтмиш зотлар ва буюк эврилишларни хотирлаб туриб, беихтиёр улуғвор марказдаги залларга кириб келасиз. Худди тарих тулпоридан тушиб, бугуннинг ҳудудига кирган каби. Тўмарис ва Эрон шоҳи Кирнинг тарихий жанглари манзараси, ўша даврга оид экспонатларни кўрасизми, ХХ асрдаги маърифатпарвар жадидлар жасорати акс этган тасвирлар, уларнинг асарларининг асл нусхасига дуч келасизми, ҳамма-ҳаммаси бизники деган ўй юракни, туйғуни баландлатади, кўтаради.

 

Марказнинг асосий эшиги устида Алақ сурасининг 1-ояти – “Яратган Роббинг номи билан ўқи” сўзлари битилган. Шундай илоҳий даъват билан бошланган саёҳат давомида инсон жуда катта даврни бошдан кечирган каби ўзгача ҳолатга киради.

 

Марказдаги Сармишсой қоятош суратларидан бугунгача – бизнинг давргача бўлган йўл ҳар қандай йўловчини ҳоритади. Аммо бу ҳорғинлик замирида жуда катта ҳордиқ ҳам бор. Бу фахру ғурурга, ўзликка қайтиш, ўзни таниш, тафаккур этиш ҳордиғидир.

 

Марказдаги асосий зал – Қуръони карим зали. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – VII асрда қўлда кўчирилган, халифа Усмон розийоллоҳу анҳунинг қутлуғ қони сачраган Усмон мусҳафи жойлаштирилган. Бу зал деворла­рида Мусҳаф оятлари туширилган саккизта ипак гилам тўртта равоқда намойиш этилган. 65 метр баландликдаги гумбаз остида 50 тонналик йирик қандил ўрнатилган ва у бир миллиондан ортиқ қимматбаҳо тош билан безатилган. Бу ерда дунё фондларида сақланаётган Ўзбе­кистонга дахлдор 114 Қуръон лойиҳасига киритилган қўлёзмалар кўрсатилган.

 

* * *

Тарих орқага қайтиб келгандай. Ўтиб кетган аждодлар баайни ҳаётга қайтдилар. Ўртадаги вақт девори олиб ташлангандек... Уч минг йиллик буғу ҳайкали ҳам, Ибн Сино асарининг ХV асрда кўчирилган нусхаси-ю Сароймулкхонимнинг ҳаводор либоси ҳам шу ерда. Шу ерда энг қадимги шахмат тошлари-ю жадид боболарнинг асл ашёлари... пахтакор, пиллакор, чорвадор, елкаси қаварган халқнинг яқин ўтмишдаги ҳаётидан тасвирлар ҳам гўшада мужассам.

 

Қанча босқинлар ва зулм остида давр ўтказган бўлмасин бу миллат улуғ денгиз каби ўз қаъридаги жавҳарларини асраб қололган экан. Бугун миллат хазинаси ўз ўрнини, қимматини, муносиб жойини топди. Юзлаб қўлёзмалар, осори атиқалар хориждаги кутубхона ва музейлардан сотиб олиб келинган. Ҳали тағин қанчаси олис ўлкаларда турибди. Масалан, Мирзо Улуғбекнинг нефрит пиёласи Британия музейида, Навоийнинг илк девони (1465 йилда кўчирилган) Россия миллий кутубхонасида, ҳазратнинг ҳаёт пайтида кўчирилган Хамса Буюк Британиянинг Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда...

 

* * *

Марказнинг “Янги Ўзбекистон – Янги ренессанс” экспозицияси ҳар бир томошабиндан алоҳида эътибор талаб қиладики, бунда мамлакатимизда сўнгги тўққиз йилда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, ташқи ва ички сиёсатнинг устувор йўналишлари ёритиб берилади.

 

Бир сўз билан айтганда, Ислом цивилизацияси маркази ватанимиз учун тарихий, сиёсий, диний, маънавий жиҳатдан олтин узукка қўйилган кўздек муносиб, бағрида тарих ҳам, келажак ҳам яшайдиган улкан обида бўлди.

 

Минг эшитгандан бир бора кўрган афзал деганларидек, бу марказни ҳар бир элдошимиз келиб кўриши, зиёрат қилиши керак. Зотан, ватан зиёрати ҳар кундир!

 

* * *

Қачондир қилиниши керак бўлган, амалга оширилмаса асл мақсадга етишиб бўлмайдиган, юрт истиқболига дахлдор ишлар бор. Ҳар бир халқнинг тақдирида бундай юмуш-вазифа мавжуд. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ана шундай асрий орзулар рўёби, халқимиз узоқ вақтлардан буён кутиб юрган улуғ иш, вазифа эди. Ана шу бурч бажарилди.

 

Собир ЖУМАЕВ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

“Сармишсойдан менгача...” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34784
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//