“Диплом фабрикалари”: таълим сифатига яширин таҳдид


Сақлаш
11:39 / 19.05.2026 13 0

Бир неча ҳафта ичида, имтиҳонларсиз ва жиддий ўқиш жараёнисиз университет дипломини қўлга киритиш айримлар учун жозибали имкониятдек туюлиши мумкин. Аммо бу ҳолат, аслида, олий таълим тизимига бўлган ишончни емирувчи хавфли муаммонинг белгисидир.

 

Сўнгги йилларда олий таълим глобал миқёсда мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Онлайн дастурлар сонининг ортиши ва университетларнинг халқаролашуви миллионлаб инсонлар учун таълим олиш имкониятларини сезиларли даражада енгиллаштирди ва шубҳасиз, янги имкониятлар эшигини очди. Бироқ шу билан бирга, таълим тизимининг ишончлилигига путур етказувчи фирибгарлик амалиётлари учун ҳам шароит яратди.

 

Диплом фабрикалари нима?

 

Шундай амалиётлардан бири — “диплом фабрикалари” (diploma mills) деб аталувчи ташкилотлардир. Улар пул эвазига академик жиҳатдан ҳеч қандай ҳақиқий қийматга эга бўлмаган диплом ва сертификатларни таклиф қилади.

 

Бундай ташкилотлар, одатда, фақат интернет орқали фаолият юритади. Улар тезкор “сертификация”ни ваъда қилади, аммо талабадан на тўлиқонли таълим жараёни, на билимни баҳолайдиган бирор-бир ҳужжат талаб этади. Расман тан олинмаган бўлишига қарамай, улар ўзини қонуний таълим муассасасидек кўрсатиш мақсадида сохта аккредитациялардан фойдаланади.

 

Академик тан олиш ва таълим мобиллигини қўллаб-қувватловчи халқаро ENIC-NARIC Network тармоғи маълумотларига кўра, бундай муассасалар юқори маблағ эвазига бир неча ҳафта ичида диплом беришга тайёр. Бу эса нафақат талабаларни чалғитади, балки ҳақиқий дипломларнинг қадрсизланишига ҳам олиб келади.

 

Webster луғатида эса бундай муассасалар давлат назоратисиз фаолият юритувчи ва амалда ҳеч қандай академик қийматга эга бўлмаган фирибгар тузилмалар сифатида таърифланади.

 

Сифат назорати нега муҳим?

 

Бу муаммога қарши курашда Европанинг Олий таълим сифатининг кафолати реестри — EQAR муҳим аҳамият касб этади. Реестр ишончли аккредитация агентликлари рўйхатини шакллантиради ва Европа олий таълим ҳудудида таълим тизими яхлитлигини ҳимоялашга хизмат қилади.

 

EQAR фаолиятининг асосий аҳамияти шундаки, у сохта таълим провайдерларининг нуфуз қозонишига тўсқинлик қилиб, талабалар, университетлар ва жамиятнинг таълим тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

 

Сохта университетни қандай аниқлаш мумкин?

 

EQAR ўз тавсияларида “диплом фабрикалари”га хос бир қатор белгиларни келтиради. Уларга қуйидагилар киради:

 

  диплом ёки илмий унвонни осон “сотиб олиш” имконияти;

  текшириб бўладиган аккредитациянинг мавжуд эмаслиги;

  ўқитувчилар ҳақида очиқ маълумот берилмаслиги;

  аниқ жисмоний манзилнинг йўқлиги;

  ЮНЕСКО ёки Европа Кенгаши каби ташкилотлар томонидан “тан олингани” ҳақидаги шубҳали даъволар.

 

Аслида эса мазкур ташкилотлар университетларни аккредитация қилмайди. Бундан ташқари, жуда қисқа муддатда диплом бериш, нуфузли университетлар номига ўта ўхшаш номлардан фойдаланиш ва иш тажрибаси учун ҳаддан ташқари осон академик кредит ажратиш ҳам хавотирли сигнал сифатида баҳоланади.

 

Кўпқиррали муаммо

 

“Диплом фабрикалари” ҳақидаги халқаро қўлланмаларда бир қатор муҳим саволларга эътибор қаратиш тавсия этилади:

 

  дипломни пул эвазига олиш мумкинми?

  ўқиш жараёнисиз фақат иш тажрибаси инобатга олиняптими?

  тўлов миқдори мутаносибми?

университет раҳбарияти ва ўқитувчилари ҳақида очиқ маълумот мавжудми? 

 

Бу саволлар содда туюлиши мумкин. Бироқ улар ортида тез мослашувчи ва доимий равишда такомиллашиб бораётган фирибгарлик механизми ётади.

 

Андорра тажрибаси

 

Андоррада Олий таълим сифати кафолати агентлиги — AQUA мамлакатда академик яхлитликни ҳимоя қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Агентлик Глобал академик ҳалоллик тармоғи (GAIN) аъзоси сифатида бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Бироқ жамият хавфни англамаса, ҳеч қандай назорат тизими етарли самара бермайди.

 

Шу боис масъулият фақат сифат назорати агентликлари зиммасида эмас. Талабалар, оилалар, иш берувчилар ва давлат ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши зарур.

 

Чунки дипломнинг ҳақиқийлигини текширмасдан қабул қилиш, шунчаки техник масала эмас. Бу меҳнат бозори сифатига, меритократия тамойилларига ва жамиятдаги ишонч муҳитига бевосита таъсир кўрсатади.

 

Ишончни сақлаб қолиш масаласи

 

Глобаллашган дунёда ташқи кўриниш осонгина алдаши мумкин. Шунинг учун университетнинг аккредитация мақомини расмий манбалар орқали текшириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. “Диплом фабрикалари” ҳам чеккадаги майда муаммо эмас, билим, меҳнат ва академик нуфузга асосланган тизим учун тўғридан-тўғри таҳдиддир.

 

Бу таҳдидни инкор этиш таълим қадрсизланишига йўл очади. Уларга қарши кураш эса аслида, олий таълим сифати ва жамият ишончини ҳимоя қилиш демакдир.

 

Сарвар РАҲИМИЙ таржимаси,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34753
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//