“Қарғалар”, “Ғайра-ғайра”, “Омон-омон” – ОАВда илк марта машҳур қўшиқларнинг қирқилмаган тўлиқ матни


Сақлаш
18:27 / 20.05.2026 11 0

“Қарғалар”, “Ғайра-ғайра”, “Омон-омон” каби машҳур қўшиқларнинг қисқартирилмаган, ўзгармаган тўлиқ матнини Oyina.uz биринчи марта ўқувчилар эътиборига тақдим этади.

 

Халқ қўшиқлари – асрлик дарду ҳасратлар, қувонч ва изтиробларнинг бадиий ифодасидир. Уларда оддий инсон ҳаёти, орзу-умидлари билан бирга бутун бир миллатнинг кечинмалари ҳам ўз аксини топади. Шу жиҳатдан қараганда, халқ қўшиқлари нафақат мусиқий мерос, балки миллат дардини авлоддан авлодга етказувчи маънавий кўприк ҳамдир.

 

Жадид тараққийпарварлари Ғулом Зафарий ва Элбеклар томонидан 1925 йил Тошкентда чоп этилган “Ашулалар” тўплами бугунги кун ўқувчиси учун юз йил олдинги Туркистон халқининг ўй ва кечинмалари, армонлари, ижтимоий ҳаёти ҳамда миллий руҳиятини англашда муҳим манба вазифасини ўтайди.

 

Тўплам яратилган пайтда Элбек (Машриқ Юнусов) Ўзбекистон Жумҳуриятининг Халқ маориф комиссарияти ҳузуридаги Билим кенгашининг бошлиғи, Ғулом Зафарий эса фаол драматург сифатида қизғин ижод билан банд эди.

 

Халқ қўшиқларининг кишилар ёдидан кўтарилиб кетишидан қўрққан Шокир Сулаймон 1923 йилдаёқ “Фарғона” газетасида чоп этилган “Халқ адабиёти” номли мақоласида “Фарғонада ўтмиш қўрбошилар, беклар, уларнинг кечирмиш кунлари, хотиралари ва шу замонда ҳукуматга қарашлари, уларнинг тилаклари ниҳоят ўлишлари, битишлари – ҳаммаси айнан нуқтама-нуқта ўзининг уста, маҳоратли тўқиғувчилари тарафидан тўқилиб қолинмишдур ва тўқилмоқдадур. Бир неча йиллар давом этган ўзининг куйли, жонли ҳазин овозлари билан Фарғона чўлларида, саҳроларида, тоғларида, далаларида эшитилар-да тарихнинг шошиғчилиги орқасида жонли куйлари, исмлари тез унитилур. Мана шу кун сайин, соат сайин ҳар қишлоқда, ҳар шаҳарда чиқиб турган ва турадурган халқ адабиётининг куйларин нотага олдириш қўлимиздан келмаса, бўлдира олмасақ ҳам, ақалли, сўзларин, қийматли борлиқларин сақлаб қолиш биз ёшлар, қалам аҳллари учун фарзи айндир”, деб куйиниб ёзган ҳолда, халқ қўшиқларини кишилар оғзидан ёзиб олишга даъват этган эди.

 

Шокир Сулаймоннинг чақириғига жавоб ўлароқ Элбек ва Ғулом Зафарийлар томонидан Билим ҳайъатининг бевосита ҳомийлигида Фарғона водийси бўйлаб илмий экспедиция ташкил этилди ҳамда маҳаллий аҳолидан бебаҳо қўшиқлар ёзиб олинди.

 

Бироқ “Ашулалар” тўпламининг сўнги саҳифасида келтирилган изоҳга кўра, китоб гарчи 1923 йилда тайёрланиб топширилган бўлса-да, икки йил мобайнида нашриётда ётган. Қизиғи шундаки, “Ашулалар” китоби дастлаб “Эл адабиёти” номи остида чоп этиш учун Ўрта Осиё давлат нашриётга топширилган.  Нашриёт изоҳини ўқиймиз: “Эл адабиёти” Ўрта Осиё давлат нашриётига бундан икки йил муқаддам топширилған бўлса ҳам, ҳозирға қадар Ўрта Осиё давлат нашриёти уни босдира олмаған. Сўнгги кунда Ўзбек илмий шўроси мана бу китобни 1922 йилда берилган ҳолида (!) босдирилишини сўради. Биз ҳам илмий шўронинг фикрига қўшилиб, халқ ашулаларидан иборат бўлған бу китобни босишни мувофиқ топдиқ”.

 

Ўрта Осиё давлат нашриётининг изоҳидан кўриниб турибдики, большевиклардан иборат таҳририят – биринчидан китоб номини ўзгартириш орқали унинг ижтимоий таъсирини пасайтиришни, иккинчидан унинг ичидаги баъзи халқ қўшиқларини олиб ташлашни талаб қилган. Ҳарқалай, нашриёт томонидан келтирилган “1922 йилда берилган ҳолида (!) босдирилишини сўради” изоҳи бизни шундай хулоса қилишга ундайди. Демак, китоб нашрга тайёрланиб, у чоп этилгунига қадар ҳам парда ортида миллий зиёлилар ва большевиклар ўртасида ўзаро кураш кетган.

 

“Ашулалар” тўпламининг кириш қисмида Элбек сўнгги чоғларда Туркистон халқи ичида бошланган илмий изланишлар жадал ривож топаётгани, қолаверса, мактабларни турли ўқимлиқлар [дарслик ва китоблар] билан таъмин этиш иши долзарб аҳамиятга эга бўлиб турган бир пайтда, эл орасида куйланиб келинган ашулаларнинг ўз вақтида тўпланиб чоп эттирилиши ҳам ниҳоятда фойдали бир иш эканлигини урғулайди. Бундан ташқари Элбек кириш сўзида: “Албатта, биз учун бундан сўнг ҳам янадан халқ адабиётини тўплаш ва тўпланғанларини кечиртирмасдан бостира бориш лозимдир. Табиий, бу ишларни бошқариш учун элимизнинг қизиққон ва муташаббус (ташаббускор) йигитларнинг кўмаклари керакдир. Ҳозирча биз қўлимизда бўлғон, эл орасида айтилиб келмакда бўлғон қирқдан ортғон эски ва янги куйларимизни тўплаб, бостира бошладиқ. Табиий, бунда истар (хоҳ) тузилиши, истар терилиши ёғидан туб (асл) ашулага қарши бўлғон бир қанча сатрларни учратарсиз. Бироқ, биз мунга қараб ўлтирмадиқ. Олдин бизга китобнинг майдонға чиқиши шартдир. Китоб майдонға чиқғач, унинг янглиш ёқларин секин-секин тузата олармиз”, деб ёзади. Элбекнинг кириш сўзига эътибор қаратсак, муаллиф халқ ашулаларини оддий кўнгилочар восита эмас, балки халқнинг тарихий хотираси ва руҳий оламини ифодаловчи маънавий бойлик сифатида баҳолаб, бу эзгу ишни амалга ошириш учун ташаббускор йигитларни ёнига чорлайди ҳамда халқ адабиётини йиғиш ва нашр қилиш иши умумхалқ вазифаси эканлигини таъкидлайди.

 

Элбек “Олдин бизга китобнинг майдонға чиқиши шартдир” сўзлари билан китобни мукаммаллаштиришни кутиб ўтирмасдан, миллат манфаатига хизмат қилувчи ҳар қандай маърифий ишни тезроқ амалга ошириш зарурлигини, бу эзгу ишни кечиктириш Туркистон халқининг зарарига ишлашини ҳам қистириб ўтади.

 

“Ашулалар” тўплами. 1925 йил, Тошкент.

 

“Ашулалар” тўпламида жами 28 та қўшиқ мавжуд бўлиб, уларнинг мавзуси хилма-хилдир. Хусусан, тўпламда “Бегижон укам”, “Ажаб ёрларим”, “Андижонга борай дедим бора олмадим”, “Липимиш”, “Айланай ёрларим”, “Яллама ёрим”, “Омон ёр”, “Нор” каби пок ва самимий муҳаббат туйғулари куйланган қўшиқлар билан бирга, “Қўзижон”, “Ал-Омон”, “Маллахон”, “Дўст Худойим”, “Омон-Омон”, “Марғилонда ишчи олинғанда айтилган” каби тарихий ҳамда ижтимоий-сиёсий мазмундаги қўшиқлар ҳам ёзиб олинган. Элбек ва Ғулом Зафарийнинг тўпламни тузишдаги пухта ишларидан яна бири, қайси қўшиқ нечанчи йилда айтилгани тўғрисида ҳам маълумот бериб кетган.

 

Тўпламни ўрганиш жараёнида биз бугунги кунда кўнгилочар бир қўшиқ сифатида куйлаб келадиган ашулаларимиз аслида Туркистон халқининг оғир ижтимоий ҳаёти, мустамлака зулми, айрилиқ, ҳижрон ва миллий дардларини ўзида мужассам этганига, шунингдек уларнинг асл варианти ҳозирги шаклидан тубдан фарқ қилишига гувоҳ бўлдик.

 

Масалан, тўпламдаги “Ғайра-ғайра” қўшиғига эътибор берайлик:

                   1

Қош агар пайваста бўлса,

Ўсмани гардон қўяр,

Ғайра-ғайра дам-бадам

Ширин забонимсан менинг.

Ёр агар нодон эса

Ошиқни саргардон қўяр.

                 2

Ҳавода парча булут,

Ёмғир ёғиб ўтған йўқ.

Дунёда ошно тутиб,

Муродига етған йўқ.

                 3

Қоши қора қайрилма қош,

Ўсма унга даркор эмас.

Уйда ёрим бор менинг,

Бегона ёр даркор эмас.

Бир адашим бор менинг,

Бегона ҳол даркор эмас.

               5

Мен кетарман бош олиб,

Икки қўлға тош олиб,

Меҳрибоним қолди, деб

Икки кўзимга ёш олиб.

 

Мазкур халқ қўшиғи 1908 йилда куйланган бўлиб, гарчи ушбу қўшиқда севги, ҳижрон, садоқат ва айрилиқ мотивлари етакчи ўрин эгалласа-да, улар орқали халқнинг руҳий олами, турмуш тарзи ҳамда давр кишисининг ички изтироблари намоён бўлади. Айниқса, “Ёр агар нодон эса, ошиқни саргардон қўяр” мисраларида инсоний муносабатлардаги беқарорлик ва руҳий изтироб образли тарзда ифодаланган. Бу ерда “саргардон” образи фақат ошиқ ҳолатини эмас, балки ўз бахти ва армони ўртасида қолган туркистонликнинг кечинмаларини ҳам англатади.

 

 

Иккинчи банддаги “Дунёда ошно тутиб, муродига етғони йўқ” сатрлари эса халқнинг ҳаётий тажрибаси ва фалсафий қарашларини акс эттиради. Шоирона ифода орқали инсон орзу-умидларининг доимо ҳам ушалавермаслиги, ҳаётнинг армон ва синовлардан иборат экани таъкидланади.

 

Умуман олганда, ушбу халқ қўшиғи оддий лирик кечинмалар доирасидан чиқиб, Туркистон халқининг руҳий дунёси, маънавий қадриятлари ва тарихий ҳаёт тажрибасини акс эттирувчи бадиий манба сифатида ҳам катта аҳамиятга эгадир. Яна бир гап: “Ғайра-ғайра” қўшиғининг халқ томонидан куйланган асл шакли [тан олиб айтиш жоизки] бугунги биз билган “Ғайра-ғайра”дан анча савияли бадиий мазмунга эгадир.

 

Тўпламда эътиборимни тортган яна бир қўшиқ “Ўртоқ” бўлиб, у 1900 йилда халқ томонидан айтилган:

 

Юринг, ўртоқ, далага, ўртоқ жоним-о,

Қўйнимиз тўлсин лолага.

Айтинглар, айтайлик, ўртоқ,

Тўлса, тўлсин лолага,

Биз қолайлик балога.

Юринг, ўртоқ, ўйнайлик.

Дарёларни бўйлайлик.

Балиқларга роз айтиб,

Биз Худога йиғлайлик.

Тегирмоннинг тошиман,

Қиз болалар ёшиман.

Отам мени ўқитса,

Қирқ йигитнинг бошиман.

 

Мазкур қўшиқда ўзбек халқ оғзаки ижодининг анъанавий поэтик хусусиятлари мужассам бўлиб, унда ёшлик завқи, табиатга яқинлик, инсоний кечинмалар билан бирга Туркистон қизининг ижтимоий орзу-интилишлари ҳам бадиий жиҳатдан акс эттирилган. Айниқса, қўшиқ матнидаги “Отам мени ўқитса, қирқ йигитнинг бошиман” мисраси ашуланинг асосий ижтимоий ғоясини очиб беради. Ушбу сўзлар билан Туркистон қизининг илм олишга бўлган интилиши, ўз салоҳиятига бўлган ишончи ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш орзуси бўртиб кўринади. Қўшиқдаги “Қирқ йигитнинг бошиман” ибораси халқона муболаға воситаси бўлиб, агар имконият берилса, Туркистон қизлари ҳам йигитлардан қолишмаган ҳолда катта ишларни амалга оширишга қодирлигини урғулайди.

 

Тўпламда бизнинг эътиборимизни тортган яна бир қўшиқ “Омон-омон”дир. Тўплам муаллифларининг изоҳига кўра, у 1918 йилда Қўқонда Мухторият ҳукумати йиқитилгач, армани дашноқлар томонидан халқ ўлдирилган чоғда омонлик тилаб айтилган экан. Эътиборли жиҳати шундаки, гарчи арман дашноқлари томонидан Қўқонда даҳшатли қатлиом юз берган бўлса-да, халқнинг юрагини қўрқув бутунлай эгаллаб ололмаган. Ҳатто ўлим хавфи қаршисида ҳам халқ ўзлигини, иродасини ва Ватанни ҳимоя қилишга бўлган қатъиятини йўқотмаган. Шу жиҳатдан қаралганда “Омон-омон” қўшиғи оддий омонлик тилаб айтилган ашула эмас, балки Туркистон халқининг фожиа қаршисида ҳам қуламаган метин иродасининг акси сифатида кўрилиши зарур. Шу маънода тўплам муаллифларининг ашулага берган изоҳига ҳам эҳтиёткорона ёндашиш мақсадга мувофиқдир. Қўшиқдан парча:

 

Бул тоғлар баланд тоғлар,

Ғариб йўлини боғлар

Бул тоғларда ким ётған?

Аскар йигитлар ётған,

Ёнбошиға тош ботған, омон - омон,

Оҳи худоға ёққан.

Асаканинг йўлида,

Илон кўрдим чўлида.

Минг жон бўлса берармиз,

Юртимизнинг йўлида.

Эшигингда жой борми,

Тожихўроз эккали.

Қандай раҳминг келадир

Аскарларни сўккали?

Дарё тошқин, сувлар тўлқин ўтолмайман,

Отим ориқ манзил узоқ етолмайман.

Отгинамни ориқ қилған шул майда тош,

Рангинамни сариқ қилғон шул қалам қош.

 

Тўпламдан ўрин олган яна бир муҳим қўшиқ “Марғилонда ишчи олинғанда айтилған” ашуласидир. Маълумки, 1916 йилда император Николай II томонидан “Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги қўшин туманларида, ҳарбий иншоотлар ва шунингдек давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш” фармонига мувофиқ Туркистоннинг барча шаҳарлари қатори Марғилондаги эркаклар ҳам мардикорликка олинган.

 

Туркистон ўлкасида мардикорликка олиш жараёни жуда оғир ва кескин ижтимоий оқибатларга сабаб бўлган. Жумладан, Сирдарё вилоятидан 87 минг, Самарқанддан 38 минг, Фарғонадан эса 50 минг киши мажбурий меҳнатга юбориш учун белгиланган. Ушбу кўрсаткичлар ҳар бир вилоят бўйича аҳолига тақсимланиб, бажарилиши шарт режа сифатида қўйилган.

 

Айниқса, Фарғона вилоятида мардикорларни йиғиш жараёни янада оғир кечиб, ҳар беш хонадондан биттасидан бир эркакни олиб кетишга тўғри келган. Бу ҳолат халқ ҳаётига жуда катта зарба бўлган, оилаларнинг боқувчисиз қолишига, аҳолининг очлик ва қийинчиликка юз тутишига олиб келган.

 

Бундан ташқари мардикорликка олиш жараёнида маҳаллий маъмурият вакиллари томонидан адолатсизликларга йўл қўйилган. Рўйхат тузишда пора ва таниш-билишчилик каби иллатлар кенг тарқалган бўлиб, бадавлат оилалар кўпинча ўз ўғилларини пул эвазига рўйхатдан чиқариб юборишга эришган. Аксинча, камбағал оилалар эса оғир аҳволига қарамай, ҳатто оилада ягона эркак бўлса ҳам, мажбурий рўйхатга киритилган. Ушбу қўшиқ ана шу сиёсатга исён сифатида халқ тарафидан яратилган. Қўшиқда Саидаҳмад образи марказий ўринда туриб [афтидан у Чор ҳукуматининг Марғилондаги маҳаллий вакилларидан бири бўлган], у орқали йигитларни урушга жўнатиш жараёнидаги адолатсизлик ва зўравонлик танқид қилинади. Қўшиқнинг умумий руҳида мотам, алам ва исён оҳанги ўзаро уйғунлашиб, халқнинг оғир ижтимоий аҳволи жонли тасвирланади. Қўшиқдан парча:

 

Саидаҳмад, томинг баланд-о,

Томингдан номинг баланд-о,

Йигитларга қўл қўйған

Падаринга минг ланат-о,

Падаринга минг ланат!

 

Ўзини ўзи чоғлаған

Белини маҳкам боғлаған

Ночор кетган йигитлар.

 

Бахмал пўстин оғир деб,

Отга солған Саидаҳмад.

Йигитларни ёмон деб,

Хатга солған Саидаҳмад,

Хатга солған Саидаҳмад.

 

Ўзини ўзи чоғлаған-а,

Белини маҳкам боғлаған,

Ночор кетган йигитлар.

 

Сув ичига чўп тушди-ё,

Йигитлар хатга тушди,

Онасини йиғлатиб,

Йигитлар йўлга тушди-ё,

Йигитлар йўлга тушди.

 

Сой ичида сув оқар,

Сув тегида қум оқар.

Урушга кетган йигитнинг

Онасини ким боқар.

 

Оқ олма оқиб келди-ё,

Йигитларга есин, деб,

Оқ подшодан хат келди-ё,

“Талабгори келсин!” деб-о,

“Талабгори келсин!” деб.

 

Сандиқ устида бўхча,

Йигитлар гулғунча,

Ўлгур подшо қўймайдир,

Гул бўлиб очулғунча,

Гул бўлиб очилғунча.

 

Ва ниҳоят тўпламдаги яна бир муҳим қўшиқ “Ал-омон”дир. Тўплам муаллифларининг изоҳига кўра ушбу қўшиқ халқ томонидан 1905-1906-йилларда Андижонда айтилган. Бу қўшиқнинг бошланишини бугун ҳар бир ўзбек билади: “Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига…”. Ҳа, бу ўша биз билган машхур қўшиқ. Ушбу қўшиққа тўйларда мириқиб рақс тушганмиз. Афсуски, бу ашулага қулочимизни кенг ёйиб рақс тушар эканмиз, аслида ватан учун азиз жонларини берган боболаримизнинг жасадлари устида “ҳиром этаётганимизни” билмаганмиз.

 

 

Советнинг чиркин сиёсати сабаб қўшиқ халқ томонидан яратилганидан сўнг бир неча маротаба ўзгаришларга учраб, миллий мотам руҳидаги қўшиқ рақспоб ашулага айланиб қолди, унинг асл матни буткул ўзгаришга юз тутди. Хусусан, ашула матнидаги қарғалар сўзи турналарга “айлантириб” юборилди. Хўш, Марғилон сари халқни қатлиом қилиш учун учиб кетаётган қарғалар ким эди ўзи? Бу саволнинг жавобини топиш учун Абдулҳамид Чўлпоннинг “Куз чоғи” шеърини ўқисангиз кифоя.

 

Шу бугунгача қўшиқнинг асл матни йўқолиб кетган деб ҳисобланар эди. Аммо Сиз бугун тараққийпарвар жадид боболаримиз Элбек ва Ғулом Зафарийларнинг фидокорона хизматлари сабаб унинг асл вариантидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. 

 

Элбек (Машриқ Юнусов).

 

Қўшиқнинг халқ томонидан куйланган асл матни қуйидагича:

 

Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига,

Ҳиди келса маст бўлайлик, ҳандалакнинг бўйига,

Ал-омон, ё раббано, қандай замон бўлди, дариғ.

 

Ҳандалак бўйлигинам, сен унда зор, мен бунда зор,

Иккаламиз тўти қушнинг боласидек интизор,

Ал-омон, ё раббано, қандай замон бўлди, дариғ.

 

Интизорлик торта-торта, танда тоқат қолмади,

Чўл чибиндек сарғайиб учарга ҳолат қолмади,

Ал-омон, ё раббано, қандай замон бўлди, дариғ.

 

Чўл чибиннинг ҳолини ўтган йўловчидан сўранг,

Мен ғарибнинг ҳолини ақли расо ёрдан сўранг,

Ал-омон, ё раббано, қандай замон бўлди, дариғ.

 

Мен ғарибнинг ҳолини ақли расо ёр билмаса,

Кўз ёши дарё бўлиб оққан балиқлардан сўранг,

Ал-омон, ё раббано, қандай замон бўлди, дариғ.

 

         Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34784
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//