Ўрта асрлардаги “хавфли вазифа” – айғоқчилар қандай фаолият юритган?


Сақлаш
18:03 / 19.05.2026 19 0

Урушлар ва йирик тўқнашувлар тақдирини фақатгина лашкарнинг кўплиги ёки жангчиларнинг маҳорати белгиламайди. Тарих бизга исботлаганидек, зафарнинг ярим калити душманнинг ҳар бир қадамини олдиндан билишдадир. Шу боис, тарихий ҳарбий қўлланмаларда, хусусан, Фахриддин Муборакшоҳнинг бизгача етиб келган “Одоб ал-ҳарб ва шужоат” асарида қўшин хавфсизлигини таъминлаш ва яширин ахборот тўплаш масаласи давлат хавфсизлигининг энг олий нуқтаси сифатида эътироф этилган. Асардаги нафақат айғоқчилик ва жосуслик, балки барча ҳарбий иш масалалари мўғуллар босқинигача бўлган даврни ифодалайди. Муаллиф асарни 1236 йили Деҳли султонлигида, форс тилида ёзган.

 

Биз бугун хавфсизлик хизмати ёки тезкор кузатув гуруҳи деб атайдиган тузилмаларни ўша давр ҳарбий бурч эгалари айғоқчилик бўлинмаси деб юритишган. Бундай махсус бирликлар форслар тилида талоя ёки дидбон деб номланиб, улар моҳиятан бутун бир лашкарнинг ҳимоячиси ва асосий қўшиннинг кўзи ҳамда қулоғи ҳисобланган.

 

Мазкур асарда лашкар хавфсизлигини таъминлаш учун тузиладиган энг мукаммал ва самарали айғоқчилик бўлинмаси эса 40 кишилик таркибда бўлиши лозимлиги ёзилади.

 

Агар олий қўмондонлик томонидан ўта муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган тезкор топшириқ юклатилса, у ҳолда мақсадли ҳудудга жўнатиладиган бўлинма сон жиҳатдан оз, аммо ҳаракатланишда шиддатли шамол каби чаққон ва тезкор бўлиши керак. Улар керакли нарсани ёки стратегик ахборотни қўлга киритиб, ортиқча вақт йўқотмай, зудлик билан ортга қайтиб келмоғи лозим бўлган.

 

Умумий армия тизимида қўшинларнинг энг яхши ҳолатда ва бошқариш учун мақбул сони 4 000 (тўрт минг) кишидан иборат бўлгани ҳисобланади. Шу билан бирга, “тарих тажрибаси шуни кўрсатади-ки, агар бир-бирига чин дилдан содиқ бўлган ва мақсади бир нуқтада муштарак бўлган 12 000 (ўн икки минг) отлиқ жангчи бирлашса, уларни дунёдаги ҳеч қандай куч ва ҳокимият енга олмайди” дейилади асарда.

 

Илғор айғоқчилик бўлинмаси жўнатилаётганда, жангчиларнинг отлари алоҳида назоратдан ўтказилиши, бу отлар пухта синовлардан ўтган, тез юрувчи, ҳеч қандай қайсарлиги ва итоацизлиги йўқ ҳамда туёқлари ҳар қандай тоғ-у тош ва нотекис йўлларга бардош берадиган даражада мустаҳкам бўлиши зарур эди. Айғоқчилик мақсадида йўлга чиққан бўлинма ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзи билан ортиқча юк олиб юрмаслиги ва ўзбошимчалик қилиб душман билан жангга киришмаслиги ҳам энг муҳим жиҳат ҳисобланган. Улар фақат ўзларига зарур бўлган қурол-аслаҳа, қуруқ озиқ-овқат ва сувни меъёрда, яъни фақат эҳтиёж даражасида олиб юришлари лозим бўлган.

 

Айғоқчилик бўлинмасига раҳбар (командор) тайинлашда ҳам ўзига хос жиҳатлари бўлиб, кам сонли бўладими ёки кўпми – бундан қатъи назар, бўлинмага раҳбар сифатида албатта ҳаёт тажрибасига эга, ҳар қандай кутилмаган вазиятда ҳушёрликни йўқотмайдиган ва синовлардан ўтган тажрибали йўлбошчи тайинланмоғи лозим. Бундай махсус бўлинма оддий қўшинлар каби оддий ҳарбий саф тартибида юрмаслиги, жангчилар вазиятга қараб баъзан баланд тепаликларга чиқиб атрофни кузатиши, баъзан эса сездирмаслик учун отдан тушиб, пиёда юриши зарурият ҳисобланган.

 

Агар узоқдан душман кўзга ташланса ва хавф пайқаб қолинса, дарҳол ўзаро бир-икки белги орқали имо-ишора билан огоҳлантириш, ҳеч қандай шовқин-сурон кўтармай ва чанг-тўзон чиқармай, жимгина ортга чекиниш лозим бўлган.

 

Душман кўринганда вазиятни бўлинмадаги бошқа оддий аскарлардан мутлақо сир тутган ҳолда, бўлинма ичидан фақат бир ёки икки нафар фаҳм-фаросатли, ақлли аскарни олдинга юбориб, бош қўмондон ва ҳукмдоргагина воқеани хуфиёна етказиш керак бўлган. Чунки қўшин ичидаги ҳеч ким бу хабардан ваҳимага тушмаслиги учун ушбу сирдан огоҳ бўлмаслиги муҳим саналган.

 

Агар айғоқчилар томонидан шошқалоқлик қилиниб, ўз қўшини турган ўрдугоҳ (ҳарбий лагер)да беҳуда шовқин ва асоссиз хавотир уйғотилса, бу бутун қўшинда тартибсизлик бошланишига олиб келиши мумкин ва тарихда айнан мана шундай ваҳима сабаб кўплаб йирик қўшинлар урушсиз мағлуб бўлган. Айғоқчилик бўлинмасининг тажрибасизлиги, беҳуда қий-чуви ва нотўғри, тартибсиз ҳаракатлари оқибатида, кўпинча асосий қўшиндаги аскарлар руҳан сингган, қўрқувга тушган ва оммавий равишда қочиши мағлубиятга олиб келган ҳолатга айланмаслиги асосий мақсад қилинган.

 

Агар айғоқчилик бўлинмаси душман ҳисобланган кучларнинг яқинлашаётганидан мутлақо бехабар қолиб, кутилмаганда жанг бошланиб қолса, айниқса, ўрмон ичида ёки нотекис, тоғли ерларда қўрқувга тушиб дарҳол қочиб кетиш қатъиян ман этилган ва бундай вазиятда мардлик билан жанг қилиб, аста-секин ортга чекинмоғи керак бўлган.

 

Тўсатдан жанг бошланган фавқулодда ҳолатда, бўлинма таркибидан бир ёки икки аскар зудлик билан бош қўмондон ва ҳукмдор ҳузурига югуриб бориши, у ерда майдондаги оғир аҳволни қисқа фурсатда етказиб, марказдан тезкор ёрдам сўраши ва яна кечиктирмасдан ўз бўлинмаси бағрига қайтиб, жангга кириши бурч ҳисобланган.

 

Ўрта асрлар ҳарбий тизимида фақатгина очиқ тўқнашувлар эмас, балки парда ортидаги кўринмас курашлар ҳам давлатлар тақдирини ҳал қилган. Бу жараёнда махсус топшириқ билан ҳаракат қилувчи жосусларнинг ўрни беқиёс бўлган. Улар зиммасига қўйилган бош талаб – душман қўшини ичига мутлақо феъл-атворини билдирмай, сездирмай кириш ва худди шундай билдирмасдан у ерни тарк этиш эди. Жосуснинг шахсияти ва у бажараётган сирли амалиётдан лашкардаги оддий аскарлар эмас, балки фақатгина ҳукмдор ва бош қўмондон хабардор бўлиши кифоя қилган.

 

Фахриддин Муборакшоҳнинг “Одоб ал-ҳарб ва шужоат” асарида айғоқчилик, шунингдек, жосуслик фаолияти ва уларга қўйилган талаблар ҳақида ҳам сўз боради. Лекин уларни муаллиф ҳам “айғоқчилар” ҳам “жосуслар” деб, аралаш ҳолатда номлаганини кўришимиз мумкин.

 

Бу хавфли вазифани бажариш давомида кутилмаган ҳолатлар юз берганда тезкор мослашув талаб этиларди. Агар душман ўрдугоҳида (ҳарбий лагерида) жосусни кимдир шубҳа билан кўриб қолиб, сўроққа тутса, у ҳақиқий мақсадни яшириш ва рақибни чалғитиш учун, ҳатто айтаётган гаплари асл воқелликка зид бўлса ҳам, фақат яхши ва тинчлантирувчи хабарларни айтиши лозим эди. Бироқ ўз ҳукмдори ҳузурига қайтганда, жосус мутлақо ақлли ва ростгўй бўлиши, эшитган ва кўрган яхши-ёмон барча маълумотларни бошлиғидан яширмай етказиши шарт эди. Шундагина олий раҳбар реал вазиятни тўғри баҳолаб, оқилона қарор қабул қила олган.

 

Ҳарбий тизимда ахборотнинг аниқлиги қўшиннинг руҳий ҳолати учун жуда муҳим ҳисобланган. Зеро, лашкар ичида ишончсизлик ва шубҳа пайдо қилиш жуда осон, лекин армиянинг барқарор жанговар руҳини сақлаб туриш ғоят мушкул иш саналган. Халқ орасида Йиқитиш осон, аммо тиклаш мушкул дейилганидек, қўшиндаги психологик муҳит жуда нозик бўлган. Шу сабабли, шахсий манфаат ёки қўрқоқлик туфайли қасддан ёлғон ва сохта хабар тарқатиб, аскарлар орасида ваҳима уйғотган ёки ўз сафдошларини хиёнат кўчасига бошлаб, хавф остида қолдирган кимсалар қаттиқ жазога тортилган. Бу жазо бошқалар учун ибрат бўлиши ва ҳар бир жангчи ўйлаб иш тутишни ўрганиши учун қўлланилган.

 

Жанг майдонидаги бевосита айғоқчилик бўлинмасининг ҳаракатланиш ҳудуди (ареали) ҳам қатъий белгилаб қўйилган. Улар асосий қўшиннинг олди, орқаси ва икки ён томони бўйлаб доимий назорат олиб боришлари, аммо ҳарбий қароргоҳдан 2 ёки 3 фархасдан, яъни тахминан 12 – 18 километр масофадан ортиқ узоқлашмасликлари зарур эди. Агар айғоқчилик бўлинмаси таркибидаги жангчилар сони оз бўлса, улар бир нуқтада туриб қолмасдан, тўрт томонни тинимсиз айланиб, душманнинг ҳаракат йўналиши ва жойлашувини аниқлашлари керак бўлган.

 

 

Рақиб билан тўқнашиб қолганда келадиган хабарларнинг холислиги ҳам қатъий назорат қилинган. Тасодифан душман билан кичик тўқнашув юз берса, бўрттиришларсиз ва сохта мақтанчоқликларсиз аниқ ахборот бериш талаб этилган. Масалан, шон-шуҳрат илинжида Душман отлиларини учратдик, уларни енгиб қувиб чиқдик, ҳатто уларнинг лагеригача етиб бордик каби асоссиз даъволарни тўқиш қатъиян ман этилган. Бундай уйдирма сўзлар бошқа аскарларга салбий таъсир кўрсатиб, уларни кузатувчиларнинг сохта шон-шуҳратига алданишга, ҳушёрликни йўқотиб, лагерни бепарво ташлаб чиқишга ва оқибатда душман қўлига асир тушишга ундаган. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ёлғондан тийилиш ва фақат ҳақиқатни сўзлаш лозим бўлган. Ишни тоза ният билан, Яратганнинг номи билан бошлаш уларнинг асосий эътиқоди бўлиб, бу уларни бало-қазолардан ҳимоя қилади, деб ишонилган.

 

Интизом – қўшиннинг устунидир, шу боис кузатувдаги жангчиларга ҳеч қандай ҳолатда май ичиш (спиртли ичимликлар назарда тутилмоқда) ва ғанимларга нисбатан ноўрин муомалада бўлмаслик мажбурияти юкланган. Тарихда кўплаб қўшинлар айнан ичимликка ружу қўйиш ва мастлик оқибатида ғафлатда қолиб, мағлубиятга учраган ва асирликка тушган.

 

Ушбу асар муаллифи Фахриддин Муборакшоҳ ўз фаолияти давомида бу каби аянчли фожиаларни ўз кўзи билан кўрганини алоҳида баён этади. Бундай оғир вазиятга тушмаслик учун ҳар куни маълум бир гал ва навбат билан душман томонга янги кузатувчилар бўлинмаси юборилган. Бу тизим жанг бошланишидан олдин аскарларнинг жисмонан чарчаб қолмаслигини таъминлаган ва улар берилган топшириқни юксак бурч, керак бўлса қувонч билан бажаришган.

 

Айғоқчилик ва кузатув вазифасига жўнатилаётган ҳар бир кишига масъулиятли сафар олдидан албатта руҳлантирувчи яхши сўзлар айтилган ва уларга муносиб мукофотлар ваъда қилинган. Агар бирор ўта стратегик вазифа юзага келса, бунинг учун энг маъқули 400 (тўрт юз) нафар отлиқдан иборат кузатувчилар бўлинмасини сафарбар этиш бўлган ва улар ҳаракатда шиддатли шамолдек тезкор бўлишлари лозим эди. Бу бўлинма аъзоларининг барчаси ягона бир бошлиққа ёки амирга сўзсиз бўйсуниши шарт бўлиб, бу тизим буйруқларнинг дарҳол ва аниқ ижро этилишини таъминлаган. Бўлинма жангчилари ўзаро мукаммал тотувлик ва ҳамфикрликда ҳаракат қилишлари керак эди.

 

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида бўлинма тўхтайдиган жой (лагер) сифатида атроф яққол кўриниб турадиган баланд тепаликлар танланган ва у ердан назоратни кучайтириш учун отлиқлар икки томонга кузатувга жўнатилган. Кундалик тушлик ва нонушта вақтлари ҳам ўта тартибли равишда, навбатма-навбат ташкил этилган: бўлинманинг ярми овқатланаётган вақтда, қолган ярми қатъий навбатчилик (қўриқчилик) вазифасини бажарган. Намоз вақтида ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб навбат билан намоз ўқишган ва намоз ўқимаётган бошқа гуруҳлар намозхонларни ўзаро бир-бирларини ҳимоя қилган ҳолда қўриқлаб турганлар.

 

Кузатувчилар бўлинмаси қаерга борсалар ҳам, заррача бўлса-да эҳтиёткорлик ва бепарволик қилишларига йўл қўйилмаган. Аҳоли яшайдиган осойишта ҳудудлардан ва қишлоқлардан ўтаётганда, маҳаллий халқдан ҳеч кимга озор етказилмаслиги ва уларнинг мол-мулкига дахл қилинмаслиги шарт бўлган. Агар бирор озиқ-овқат ёки маҳсулотга зарурат туғилса, ҳеч нарса тортиб олинмасдан, пул тўлаб сотиб олинган. Ҳаракат давомида кузатувчиларнинг ўзларини шу ерлик (маҳаллий) аҳоли қилиб кўрсатишлари, яъни ниқобланишлари энг фойдали усуллардан бири ҳисобланган. Нотаниш жойда йўл сўраш керак бўлса, ўта мулойимлик билан сўралиб, шубҳа уйғотмаслик учун: Биз ана у яқин атрофдаги қишлоқданмиз, бу ерда бизга ер улуши ажратилган, деб айтиш тавсия этилган.

 

Жойлардаги камбағаллар ва муҳтожлар билан самимий муомалада бўлиш, ҳар қандай ишларда Худога таваккал қилиш ички тартиб-қоидаси эди. Борилган ҳудудда агар қулай ва хавфсиз имконият бўлса, бирор хайрли иш ёки кузатув вазифаси бажарилган, акс ҳолда, агар вазият мураккаб ва хавфли бўлса, ўз ҳаётини беҳуда хавфга қўйиб ўтирмасдан, дарҳол ортга марказга қайтиш талаб этилган. Агар яқин атрофда баланд тоғ тизмалари мавжуд бўлса, у ҳолда тоғнинг этагидан (пастки қисмидан) яшириниб қайтиш лозим бўлган, бироқ ҳаракат давомида ҳар бир соатда баланд тепаликларга чиқиб, атрофни синчиклаб кузатиш ва олий даражадаги ҳушёрликни сақлаш ҳарбий мажбурият ҳисобланган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Фахриддин Муборакшоҳнинг “Одоб ал-ҳарб ва шужоат” асари мўғуллар босқинигача бўлган давр ҳарбий санъатида айғоқчилик, жосуслик ва қўшин хавфсизлигини таъминлаш давлат мудофаасининг энг устувор ва тизимли йўналиши бўлганини, ғалабага эришиш ва қўшин барқарорлигини сақлашда эса қатъий интизом ҳамда ахборотнинг холислиги бош омил саналганини кўрсатади.

 

 

 Акобир ТОИРОВ,

 

ЎзР ФА Тарих институти илмий ходими

 

 

Фойдаланилган манба:

Фахриддин Муборакшоҳ. Одоб ал-ҳарб ва шужоат. Аҳмад Хонсорий нашри. Теҳрон. “Сепеҳр” нашриёти. Шамсий 1346 йил (милодий 1967 йил). (فخرالدین مبارکشاه. آداب الحرب و الشجاعه. به تصحیح احمد خوانساری. تهران. چاپخانه سپهر. ۱۳۴۶ شمسی (۱۹۶۷ میلادی))

 

       

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34764
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//