Журналист қудратига шуҳба қиладиганлар учун 5 фильм


Сақлаш
06:35 / 20.06.2022 1703 0

Журналистика дунёдаги энг хавфли касблар рейтингида ҳамиша юқори ўринларни банд қилиб келади. Бу жуда кўп тилга олинадиган факт бўлса-да, лекин негадир ишониш қийиндек туюлаверади. Айниқса, Ўзбекистон шароитида...

Аслида эса айнан шундай, ҳақиқий журналистика хавфли! Қачонки газетачи ноқонуний йўллар билан бойиётганлар ҳақида мақола тайёрлай бошласа. Қачонки телерадиочи ҳеч ким айтолмаётган рост гапни гапира бошласа...

Журналистиканинг кучи ҳам ҳақиқатпарастлигида, оғзига толқон солиб ўтиролмаслигида (тилини тийиб яшаётган журналистика эса, аксинча, энг хавфсиз касблар рўйхатида доимо пешқадам бўлса керак). Биргина мақола ёки кўрсатув сабаб ўнлаб наркобаронлар қўлга олиниши, заҳарли заводлар ишдан тўхташи ва ҳатто президент истеъфо бериши мумкин...

Oyina.uz жамиятни ўзгартирган журналистлар ҳақида ҳикоя қилувчи, реал воқеалар асосида суратга олинган фильмлар бешлигини тақдим этади.

Махфий мақола

Американинг Вьетнам урушидаги иштироки тўғрисида махфий ҳужжатларни қўлга киритган “New York Times” газетаси қанчалик хатарли бўлмасин, бор ҳақиқатни эълон қилишга жазм этади. Мақолада Америка ҳукумати 30 йил давомида халқни ва жамоатчиликни алдаб келгани фош қилинади. Урушда қатнашган 70 фоиз аскар президентнинг шунчаки қайсарлиги сабаб қурбон бўлгани каби маълумотлар бутун мамлакатни ларзага солади. Шундан сўнг ҳукумат газетани судга беради ва фаолиятини тўхтатишга эришади. Ана шундай вазиятда “The Washington Post” газетаси ходими маълумотларнинг қолган қисмини қўлга киритади. Бироқ уларни эълон қилиш таҳририят келажагини хатарга қўйиш дегани эди. Ёзмаслик эса қўрқоқлик, касбга хиёнат. Бош муҳаррир ва газета ношири қийин қарор қаршисида қолади... Доимо ўзаро рақобатда фаолият юритадиган журналистлар, таҳририятлар керак пайтда касбий бирдамликка ҳам эриша олиши ниҳоятда муҳимлиги “Махфий мақола” фильмининг ошкора хулосасидир.

Президент одамлари

Ушбу фильм “Махфий мақола”нинг узвий давоми бўлиб, АҚШ тарихидаги машҳур сиёсий можаро асосида суратга олинган. “The Washington Post” махфий ҳужжатлар асосида мақола эълон қилади. Сўз эркинлигига қарши қатор сиёсий ўйинларга қарамай, якунда АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон истеъфо беришга мажбур бўлади. Бу журналистика тарихида мисли кўрилмаган натижа эди. Газета мухбирларининг иши эса журналистик суриштирувнинг олтин стандартига айланди. Фильм бизга жамият ҳаётида ҳақиқат ва адолат энг биринчи омил экани, ундан ҳеч ким устун бўлолмаслигини эслатиб туради.

Эътибор марказида

Католик черковидаги педофилия ҳақида ҳеч ким билмасди. “The Boston Globe” журналистлари руҳонийларнинг болаларга қилган ўнлаб жинсий зўравонлиги ҳолатларини аниқламагунча. Ибодатхонадаги махфийлик, отахонлар обрўси ва диний босим ҳақиқатни овоза қилиш йўлидаги катта тўсиқ эди. Аммо журналистлар бунинг уддасидан чиқа олишади. Фильмда мана шу касбий машаққатлар бор бўйи билан кўрсатилган. Режиссёр Том Маккарти ва сценарий муаллифи Жош Сингер кинокартина ўша жирканчликни амалга оширган кимсалар ё ташкилот ҳақида эмас, балки сўз қудрати ва журналистик матонат ҳақида эканини бир неча бор таъкидлаган. Талабалар учун маҳорат дарсларида фойдаланиш тавсия этилган.

 

Минамата

ХХ аср ўрталари. Фотограф Уилям Южин Смит “Life” журнали таҳририятидаги ишини йўқотаётган кекса мутахассис. Каттагина қарзи бор, ичкиликка ружу қўйган, камига фарзандлари ҳам гаплашмайди... Кун келиб мана шу журналист олган аянчли суратлар бутун дунёга шов-шув бўлади. Япониядаги завод йиллар давомида саноат чиқиндиларини сувга оқизиб келиши оқибатида маҳаллий аҳоли фалажланаётган эди. Гўдаклар симоб таъсирида “Минамата” касаллиги билан туғилади: бурушиқ қўл-оёқлар, кар-соқовлик, ҳаракатлар чекланиши... Компания бошлиғи фотожурналистга барча муаммоларини ҳал қилиб, умрининг охиригача роҳат-фароғатда яшашга етадиган пул таклиф этади. Фақат суратга туширган ҳақиқатларини ошкор этмаса бўлгани. Шундай вазиятда кўпчилигимиз мақбул кўрадиган йўлни эса ўша алкаш фотограф танламайди.

Вероника учун ов

Фильм ўсмирлар ҳаётини заҳарлаётган жиноятчилар ҳақида суриштирув бошлаб, бир неча бор жонига суиқасд этилган журналист аёлнинг матонати ҳақида ҳикоя қилади. “The Sunday Independent” газетаси мухбири Вероника Гуэрин Дублинда гиёҳванд моддалар савдоси кучайиб бораётганидан ташвишга тушади. Унинг журналистик текшируви оддий ўсмир бангилар муаммосидан чўғ олиб, охири йирик наркобаронларгача тақалади. Бироқ жасур газетачи ортга қайтмайди. Оқибатда “Вероника учун ов” буйруғи берилади.

БОНУС! Сурайёнинг тошбўрон қилиниши

Фильм воқеалари Эроннинг олис қишлоғида француз журналисти машинаси бузилиб қолишидан бошланади. У автомобилини тузатишга бериб, қаҳвахона томон кетаркан, маҳаллий одамлар наздидаги “жинни”га дуч келади. Аёлнинг гапларини ишониб-ишонмай ёзиб олишга киришади. Заҳро бегуноҳ жияни Сурайёни разил кимсалар шариат аҳкомларидан моҳирона фойдаланиб тошбўрон қилиб ўлдиришгани ҳақида сўзлаб беради... Ҳақиқатнинг устига тупроқ тортиб бўлмайди. Журналист эса фаол ишлаётганида эмас, шунчаки бекор қолганида ҳам хавфлидир! Охирги сўз қўштирноқ ичида.

Феруза ХАЙРУЛАЕВА

oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14912
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//