Яқинда журналист ҳамкасбларимиздан бири билан ҳайвонларга муносабат, уларга нисбатан меҳрни болаликдан шакллантириш ҳақида узоқ суҳбатлашиб қолдик. У айтиб берган икки ҳаётий ҳикоя мени анча ўйлантириб қўйди. Воқеалар бир-бирига яқин: ваҳшийлик қуроли ҳам бир хил, жоҳилларнинг жазоси ҳам ўхшаш. Ҳамсуҳбатим хоҳишига кўра исмлар ўзгартирилди. Зеро, унинг тилидан айтилган ушбу икки ҳикояда исмлар аҳамиятсиз, воқеалар ўқишли, хулосавий.
Биринчи воқеа
Болалигим ўтган ҳовлида ён қўшнимиз Шарифа момо бўларди. Бир девор қўшнимиз, битта ариқдан сув ичамиз. Уларнинг баргидан ҳосили кўп, жуда ширин нашватиси бор эди. Уйимиз ҳамиша болаларга тўла, амакиваччаларим билан ҳовлини тўлдириб ўйнардик, ариқда чўмилардик. Сувда оқиб келаётган нокларни талашиб ердик. Қўшни аёл касалманд, зўрға юрар, энгашиб қадам ташлашидан гавдасини “S” шаклига ўхшатар эдим. Шу аҳволида ҳам мевалар биз томонга оқиб ўтмаслиги учун ариққа инқиллаб банд қўярди. Жуда ёш эдим, кампирнинг бу ишини ҳайрон кузатардим. Ўзи касалманд бўлса, дарахт эса табиатнинг неъмати, барибир ҳосили ерга тўкилиб чириб кетади-ку. Бу манзарадан қаттиқ таъсирланганман, у мевага эмас, меҳр ва одамгарчилик чегарасига банд қўяётгандек эди гўё. Хуллас, набиралари тенги қўшни болаларга ҳатто ерга тўкилган меваларни ҳам раво кўрмайдиган инсон эди.
Ёшлигимиздан ҳайвонларга меҳр қўйиб улғайганмиз, қўй, мол, эшак, от, мушук, итларимизнинг ҳар бирига меҳримиз бўлак эди, уларга исм қўярдик: Олача, Шоҳпарча, Қайроқча, Зуккоча... Қўшнилар томорқалари ўртасига девор кўтармасди. Кўпчилик хонадонларда дарвоза ҳам бўлмаган. Уларнинг сигири, қўй-қўзиси бизнинг томорқага, бизники уларникига ўтиб кетиши одатий ҳол эди.
Бир куни сигиримизнинг қорнига ўроқ тиқилган даҳшатли ҳолда ҳовлига кириб келганини кўрдик. Ўроқ сигирнинг қорнига санчилгану осилганча туриб қолганди. Ўша манзарани эсласам, ҳали ҳам титраб кетаман, қайси бераҳм инсон шу ишни қилди, дея опа-сингиллар ҳўнграб йиғлаганмиз. Яқинда болалайдиган сигиримизни бу алпозда кўриш осон бўлмаган. Жонивор минг азобда ўлди. Кейин билсак, сигирга ваҳшийларча ўроқ урган кимса Шарифа момо экан...
Касалманд, ўзи зўрға юрадиган одам ўроқни шундай зарб билан урганки, тик юришга топилмаган куч ваҳшийлик қилишга қандай топилганига ҳайратланасан. Ўзи ҳам она бўлган аёл, қанақасига эрта-индин туғадиган сигирни бу аҳволга солиши мумкин?! Отам раҳматли ҳайвонга ҳеч қачон озор берманглар, дерди. У қўшни билан тортишмади, сан-манга ҳам бормади. Ҳатто бир оғиз нега бундай қилдингиз, деб сўроққа ҳам тутмади. Отам бизга “Забонсиз ҳайвонга озор беришнинг оқибати яхши бўлмайди, бераҳмларга Оллоҳ кўрсатади, кўрасизлар ҳали”, деб қўйдилар.
Чиндан ҳам, орадан кўп ўтмай Шарифа момо тўшакка бутунлай михланиб қолди. Эшитишимизча, кенжа фарзандини дунёга келтираётганда кўп қон йўқотган ва йиллар давомида бу ўз таъсирини кўрсатган экан. Қарангки, аёлга қон берадиган одам топилмади. Эри эса қон қуйдириш зарур бўлган вақтда пул беришдан қочиб даволатмаган. Яқинлари кўра-била туриб ёрдам бермади, улар шунчаки аёлнинг ўлимини жим кузатишди. Оиладагиларнинг хасислик, шафқатсизлик, меҳрсизлиги одамни сескантирар даражада эди.
Момо узоқ муддат қаровсиз, парваришсиз тўшакда ётди. На фарзандлар, на эр бир марта бўлсин шифохонага олиб бормади. Шунда хаёлимдан “Оллоҳ ваҳший инсонларнинг яқинлари, атрофидагиларини меҳрини ҳам унга нисбатан совитиб қўярмикин”, деган фикр ўтган. Шу воқеа сабаб тошюрак инсонлар ҳақида илк тасаввурим пайдо бўлди. Ҳайвонларга ваҳшийлик жазосиз қолмайди, айниқса, онанинг ваҳшийлиги!
Иккинчи воқеа
Рўзғоримиз катта, қўй-молимиз кўп, бир нечта эшак ҳам бўларди. Уларга озуқа етказиш осонмас. Баҳорда уйимиз ёнидаги қир-адирлар, тепаликларга арқонини узун қилиб боғлаб қўярдик, жонивор кун бўйи тепаликда ўтлаб, қорнини тўқларди. Эшакларни далага ўтлаш учун эркин қўйиб юбориб бўлмайди. Чунки дарвоза илгакларини ҳам оғзи билан очиб кириб, ҳовлидаги экинлар, дарахтларни кемириб кетиши, идишдаги ичимлик сувларни ичиб булғаши мумкин.
Одатдаги кунларнинг бирида эшакни тепаликка боғлаб қайтдик, ҳар уч-тўрт соатда қараб, жилдириб (жойини ўзгартириб) келамиз. Ўша куни Узунқулоқнинг қорнига қўшнимизнинг акамлар тенги ўғли ўроқ тиқиб кетибди. Онам кечга томон зўрға нафас олаётган, оғриқнинг зўридан азобланаётган жониворни уйга етаклаб келди. Қорнига ўроқ санчилиб турган, ҳаммаёғи қон эшагимизни кўриб даҳшатга тушдик.
Мушук ва эшакнинг жони қаттиқ бўлади, деб айтишади-ку, дея тирик қолишига умид қилдик. Жонивор бир ҳафта яшади. Шу муддат ичида жуда қаттиқ азоб тортди. Биз опа-сингиллар эрталабдан мактабга кетиш олди молхонага бориб, эшакни кўздан кечирамиз, дарсдан кела солиб тирикми дея яна ёнига чопамиз. Жониворни силаймиз, сийпалаймиз. Бечора на сув ича олди, на емиш еди. Жони қаттиқ оғриса, эшак оёқ қоқар экан, қийналганидан шунчалар қаттиқ оёқ қоқардики, бу ҳолатни кўпчилик тасаввур ҳам қила олмаса керак.
Ҳар нарсадан ибрат топа оладиган раҳматли отам бу вазиятда ҳам бизга ҳеч қачон ҳайвонларга озор бермаслик кераклигини, улар билан дўст бўлишни уқтирган. Қўшнимиз Нодирдан нега бу ишни қилганини сўради. У эшакни шу аҳволга солганини тан олди, лекин нега бундай номаъқулчилик қилганига бирор тайинли гап, сабаб кўрсата олмай ғулдиради. Бу сафар ҳам отам қўшнилар билан сан-манга бормади, Нодирга бошқа ҳеч қачон бундай ваҳшийлик қилма дедилар, холос. Отам бизга доим “Ҳайвонга озор берган, ваҳшийлик қилган инсон ҳеч қачон бахтли бўла олмайди”, дерди ва у пандлар ҳамон қулоқларим остида.
Эшагимизнинг ўлимидан сўнг мен неча йиллар қўшни йигитнинг ҳаётини обдон кузатдим. У меҳнат қилишда эшакдан ҳам ўтди, муттасил ва жуда оғир ишларни қилди. Тирикчилик дардида чет элларда санғиди, қанча одамлардан алданди, иши ҳеч олдинга силжимади, оиласи пароканда бўлди, боши жанжалдан чиқмади. Кейин ўзим учун хулоса қилдим, эшак бир ҳафта азобланиб ўлди. Сен эса у еган азобни бутун умр тортяпсан. Ҳақиқий ҳайвон сен экансан, деган фикрга келганман. Одам жониворларга қанчалик ваҳшийлик қилса, унинг қарғиши ураркан. Ҳаётим давомида бунга жуда кўп мисоллар кўрдим.
Инобат АҲАТОВА
оyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Базархан
12:01 / 01.01.1970
Жуда таъсирли ва ибратли хикоя экан. Болаларни озор бермасликка тарбияловчи хаётий мисоллвр.
Sanjar
12:01 / 01.01.1970
Juda ta'sirli hikoya ekan.