Қорақалпоқнинг фаол, ташаббускор ва илмли тарғиботчиси


Сақлаш
21:05 / 17.06.2022 1149 0

Бугунги кунда мамлакатимизда “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари!” шиори остида “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғоясининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар белгиланиб, улар мунтазам равишда ижрога қаратилмоқда. Бунда ташкилотчилик қобилияти шаклланган ёшлар фаоллик кўрсатишмоқда. Қорақалпоғистонлик Гўзал Ибройимова шундай ёшлардан биридир.

 

 

“Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир: ҳеч қачон ўчиб кетмайди” дея таъкидлашган аждодлар. Чиндан ҳам, илм шу қадар қудратли кучдирки, у қанча сарфлангани билан камайиб қолмайди. Билъакс, янада мустаҳкамланиб, тўлишиб  сайқал топаверади. Гўзал Ибройимова илм йўлини тутиб, билганларини ўқувчиларга ўргатишдан чарчамайди. У 2022 йил 15-16 май кунлари Тошкентда ўтказилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус туманида жойлашган 19-умумий ўрта таълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида фаолият юритаётган Гўзал Ибройимова 1991 йилда Чимбой туманида туғилган. 2011-2015 йилларда Нукус давлат педагогика институтида таҳсил олган. Ўша пайтлардаёқ ижодкорлик лаёқатини намойиш этиб, “Президент асарлари билимдони”, “Энг юксак маънавиятли авлод” республика танловларида фахрли 1-ўринга лойиқ топилган. “Камолот-2011”, Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендиялари совриндори бўлган. Ижодий ишлари, тарғибот-ташвиқот тадбирларидаги фаоллиги ҳамда билим доираси кенглиги инобатга олинган ҳолда, у 2015 йили Қорақалпоғистон давлат университети магистратура босқичига имтиҳонсиз қабул қилинган.

 

 

Университетни тугатган ёш ўқитувчи дастлаб Кегейли туманидаги ўрта мактабда  қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан дарс берди. 2009 йилда “Ойдин йўл”, 2013 йилда эса “Умр фасллари” номли шеърий тўпламларини эълон қилди. Бундан ташқари, долзарб мавзулардаги 30 дан ортиқ публицистик мақолалари ва 35 га яқин шеърлари вақтли матбуотда ёритилган.

 

“Ҳар бир ижодий ишим нашрдан чиққанида ич-ичимдан қувонаман, буни сўз билан таърифлаш қийин. Айниқса, мактабда ижодкор ёшлар билан ишлаганимда ва уларнинг ижодий машқлари республика нашрларида эълон қилинишига озми-кўпми ҳиссамни қўша олганимда уларнинг умидли юз-кўзларидаги  қувончларини кўриб,  ишимдан қониқиш ҳосил қиламан, дейди Гўзал Ибройимова самимият билан.

 

Мақоламиз қаҳрамони жорий йил март ойида “Кўришайлик, Бўзатов” номи билан ўзининг учинчи китобини нашр эттирди. Йигирмадан ортиқ илмий ишлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Гўзал Ибройимова қорақалпоқ адабиёти ҳақидаги илмий иши билан Грецияда ўтказилган танловда олий сертификат билан тақдирланган. Ҳозирда у Қорақалпоғистон давлат университетида докторантура босқичида “Мактабда 5-9 синф ўқувчилари учун қорақалпоқ поэзияси методикасини ўргатиш” мавзуидаги илмий иш устида изланиш олиб бормоқда.

 

 

Ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас, инчунин, севимли буюмларимиз эскириб, қийматини йўқотади. Истасак-истамасак, болалик завқ-шавқи бир куни хотирага айланади-қолади; аввалига қадрдон мактабимизни, сўнгра дорилфунунниям тарк этамиз. Демак, фақатгина ўрганган билим ва ҳунарларимиз бизга бир умрга содиқ ҳамроҳ бўлиб қолади.

 

“Баъзида ота-онам, яқинларим куйинчаклик билан: “Сен чарчамайсанми? Ҳамма танловларда қатнашишинг шарт эмас-ку, фақат асосийларига қатнаш, етади” деб айтишади. Мен эса сира эринмай турли  танловларда қатнашаверардим, ҳаттоки, кетма-кет 6 йил давомида Зулфия номидаги давлат мукофотига ҳам қатнашиб, республика босқичигача борганман. Балки бугунги ютуқларга эришишимга шундай тинимсиз саъй-ҳаракатларим сабабчи бўлгандир”, дейди Гўзал Ибройимова  ўз муваффақиятлари сабаби хусусида мулоҳаза юритар экан.

 

 

Гўзал бир гапни кўп такрорлайди: “Ҳозир ўрганаётган ҳар бир нарсамиз албатта, келажакда ўзининг катта сабоғини беради!. Бу унинг шиори, таъбир жоиз бўлса, ҳаётининг дастур-ул амали. Шу боисдан  у қайси  ишга қўл урмасин,  ишлари барорли, фаоллиги эса шундоққина кўзга ташланиб туради. Ундан ибрат олишга ошиқинг, изланувчан ёшлар!

 

Беҳруз ХУРРАМ,

ЎзДЖТУ талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14912
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//