Туркистон ўлкасида совет тузумини қарор топтириш учун большевиклар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллагани тарихдан маълум. Шу боис миллий давлат тарафдори бўлган маҳаллий зиёлилар вакиллари сиёсий бошқарувдан мутлақо четлатилган эди. Оқибатда совет тузумига мухолиф яширин ташкилотлар вужудга кела бошлади. Жумладан, 1919 йили Мунавварқори ва Садриддинхон Шарифхўжаев ташаббуси билан Тошкентда “Миллий иттиҳод” деб номланган сиёсий ташкилот тузилди. 1920 йилдан унинг Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шуъбалари ҳам ташкил қилинди (Каримов Н., Ражабов Қ. “Миллий иттиҳод”. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 5-жилд. Тошкент, 2003. 661-бет). Жумладан, Бухоро шуъбасини тузишда Файзулла Хўжаев, Наманган шуъбасини ташкил этишда Носирхонтўра Саидкамолхонтўра жонбозлик кўрсатди.
Ўша йилнинг ўзида жадидлар ҳаракати пешволаридан бўлмиш Аҳмад Закий Валидий Туркистонга келиб Бухоро, Хоразм ва бошқа ҳудудлардаги истиқлолчиларнинг сиёсий марказини ташкил этиш тадоригига тушади. Натижада 1921 йил 2–5 августда Бухорода бўлиб ўтган Миллий Бирлик конгрессида Ўрта Осиё мусулмон миллий жамиятлари федерацияси тузилади. Кейинчалик у “Туркистон Миллий Бирлиги” номи остида фаолият юритган (Ражабов Қ. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918–1924). Тошкент, “Yangi nashr”, 2015. 73-74-бет).
1921 йилнинг 23 декабрида Туркистон Марказий Ижроқўми ҳузуридаги инқилобий трибунал “Миллий иттиҳод” Тошкент бўлими раҳбари Садриддинхўжа Шарифхўжаев ва унинг аъзолари Ориф Каримов, Юсуфбек Қурбонов, Муҳаммадёр Муҳаммадумаров, Рустамбек Ниёзбеков ва Абдуллажон Зиёмуҳаммедовни “миллатларни бирлаштирув қўмитаси байроғи остида аксилинқилобий уюшма” тузиш ва совет ҳукуматига қарши курашган Фарғона “босмачилари” билан алоқа боғлаганликда айблаб, тергов иши бошлайди. 35-сонли ушбу ишни шахсан Туркистон АССР Марказий Ижроқўми ҳузуридаги олий инқилобий трибунал терговчилар комиссиясининг раиси Дубинский олиб боргани мазкур ҳаракат большевикларни жиддий хавотирга солиб қўйганидан далолат беради (Инқилобий сўроғ // Қизил байроқ.1921 йил 27 декабрь. 125-сон).
“Истиқлолчилар” устидан уюштирилган суд жараёни маҳаллий омма орасида катта шов-шув қўзғаган. “Мазкур кун эрталабдан халқ ижроқўм биноси эшигига тўплана бошлади. Халқнинг орасидағи ишчи ва камбағалларга нисбатан зиёлилар кўпроқ кўринар эди. Кўриш учун рухсат қоғозлари бергувчи идоранинг олдида халқнинг тўпланиб туруви, рухсат ола-олмағонларининг афсуслар билан кўчада юрувлари кўрилди” (ўша манба).
“Миллий иттиҳод” аъзоларига қўйилган айбномада айтилишича, улар шўро ҳукуматига қарши курашмоқ ниятида Хитойнинг Ғулжа шаҳридаги Британия ва Япония ҳукумати вакилларига иккита хат ёзган. Тергов жараёнида бу хатлар ким томонидан ва нима мақсадда ёзилганини аниқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хатда Туркистон ҳукуматининг ҳолати тўғрисида батафсил маълумот берилиб, Англия ва Япония ҳукуматидан Фарғона водийсида совет тузумига қарши курашаётганларни пул, қурол ва кураш учун зарурий жами ашёлар билан таъминлаш сўралган. Совет тузумига қарши курашаётганлар “Фарғона миллий аскарлари” деб аталган. Мактубларга Фарғона миллий аскарлар қўмондони бошлиғи Шермуҳаммедов, Бухоро миллий ишлар қўмитаси раиси Музаффариддин, Хива истиқлолият қўмитаси раиси Олимбек Имомқулов, “Миллий иттиҳод” шуъбаси раҳбари Садриддинхўжалар номидан “бутун миллатларни бирлаштирув” муҳри босилгани таъкидланади.
Мактубни Ғулжага олиб кетиши лозим бўлган Ориф Каримов ва Юсуфбек Қурбоновга Садриддинхўжа Шарифхўжа ўғли 150 мингдан марказ оқчаси ва ўттиз минг сўмдан Керенский оқчаси берган. Шунингдек, Абдуллажон Зиёмуҳаммад ўғли уларни улов билан таъминлаган. Бироқ улар Ғулжага етиб боролмаган. Авлиёотага борганида қизил аскарлар ҳибсга олиб, Тошкентга қайтарган. Садриддинхўжа Ориф Каримов ва Юсуфбек Қурбонов қўлга тушганини эшитиб, совет тузумига қарши курашаётган Раҳмонқул қўрбоши ҳузурига боради, уч ой унинг хизматида бўлиб қайтгач қизил аскарлар томонидан ҳибсга олинади (Инқилобий сўроғ // Қизил байроқ. 1922 йил 3 январь. 128-сон).
“Миллий иттиҳод” ташкилотининг бошқа аъзолари ҳам кейинчалик ҳибсга олинган. Биргина Абдуллажон Зиёмуҳаммедов Фарғонада Раҳмонқул қўрбоши билан қолиб, курашни давом эттирган. Тергов чоғи Садриддинхўжа барча айбни бўйнига олиб, бошқалар айбсиз эканини кўрсатишга ҳаракат қилган бўлса-да, суриштирув жараёнида зикр этилган мактублар 1921 йилнинг 9 март куни айнан Абдуллажон Зиёмуҳаммедов ҳовлисида ёзилгани аниқланган.
“Миллий иттиҳод” аъзолари устидан қўзғатилган жиноий иш 1921 йил 23-24 декабрда бўлиб ўтган суд билан якунланади. Ўша давр матбуотида ташкилот аъзолари қандай жазога ҳукм этилгани ҳақида аниқ хабар йўқ, лекин ҳукм ўқилгач, ўлим жазоси қамоқ жазосига алмаштирилгани ва айбланувчиларнинг айримлари озод этилгани ҳақида маълумот келтирилган. “Йиғилғон халқнинг ҳаммаси кечасини деярлик уйқусиз ўтказиб ўтира бердилар. Кундуз ҳукм ўқилғон вақтда халқ яна кўпайди. Бу вақтда ҳамма жамоат бўлиб турар эдики, бир пашшанинг “ғинг” этиву ҳам қулоққа кирардай эди. Ҳукм орасида ўлим жазоси деган сўзлар ва бунинг афви умумий бўйича қамоққа айлантирилуви ва баъзиларининг бўшатилиши раис томонидан ўқилғонда эшитиб турғон халқнинг қандай аҳволда бўлғонлиғини ёзиш жуда қийиндир. Шу ҳолда бўшатмағон уч кишини кўчадан олиб ўтдилар, айбдорлардан ўлим жазосиға ҳукм этилиб афв бўйича қолғон икки кишининг юзида шодлиқ аломати зоҳир бўлиб, кулиб, суюнч билан кетар эдилар” (Инқилобий сўроғ // Қизил байроқ. 1921 йил 31 декабрь. 127-сон).
Айтиш лозимки, Тошкент бўлими устидан уюштирилган суд билан “Миллий иттиҳод” ташкилотининг фаолияти барҳам топмаган. 1924 йил охирларидан Тошкент яна ташкилот фаолиятининг марказига айланди. Лекин унинг аъзоларига нисбатан босим мунтазам кучайиб борди. Ўзбекистон ССР ташкил топгач эса ГПУ томонидан қаттиқ сиқувга олинган “Миллий иттиҳод” 1925 йил бошларида тарқатилганини эълон қилади.
Кейинчалик унинг негизида ташкил этилган “Миллий истиқлол” уюшмаси 1926–1929 йиллар давомида фаолият кўрсатиб, бунда С.Тиллахонов деган шахс муҳим роль ўйнаган. Бухоролик ва фарғоналик миллий иттиҳодчилар ҳам мазкур ташкилотга қўшилгани маълум. “Миллий истиқлол” ташкилоти нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиёда демократик бошқарув тамойилларига асосланган республика тузуми ўрнатишни ўз фаолиятининг асосий мақсади деб ҳисоблаган. Бироқ совет тузуми мустаҳкамланиб боргани сари ташкилот фаолияти заифлашиб, охир-оқибат барҳам топган.
Мазкур ташкилотга алоқадор шахслар ҳам қаттиқ таъқибга дучор бўлди. Жумладан, 1929 йил ноябрида Тошкентда Мунавварқори бошчилигидаги 38 киши (кейинчалик уларнинг сони 87 тага етган) ушбу ташкилотнинг аъзоси сифатида қамоққа олиниб, улардан 15 нафари 1931 йилда Москвада отиб ташланди, қолганлари эса узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилди.
1930 йили “аксилинқилобий ташкилотлар” тугатилганига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Акмал Икромов бундай дейди: “Бу аксилинқилобий ташкилотнинг бошлиқларидан Мунавварқори айтади: “Бизнинг мақсадимиз шўролар ҳокимиятини Ўзбекистонда йиқитиш эди. Майли, шўролар ҳокимияти яна 5-6 йил давом этсин, бу оралиқда биз ўз кучларимизни тайёрлаймиз, кейин эса бир ҳарбий тўқнашув бўлажак ва биз ҳам ҳокимиятни ўз қўлимизга олажакмиз”. Улар шўро аппаратидан фойдаланишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун улар қуйидаги уч йўлни белгилайди: 1) шўро аппаратига кириб, давлат ишларини ўрганиш, буржуа ҳокимияти қайтарилгач, уни идора учун тайёрланган хизматчиларга эга бўлиш тилагида шўро аппаратига ўз кишиларини қўйиш; 2) порахўрлик, бузуқчилик ва бошқа йўллар билан шўро ҳукуматини обрўсизлантириш; 3) Ўзбекистоннинг миллий ташкилотларини мустаҳкамлаш учун шўроларнинг жамоат ташкилотларидан фойдаланиш...” (Мустафо Чўқай ўғли. Мафкура майдонида кураш // Yas Turkestan. №12. 1930. Ayaz Tahir. Yas Turkestan. 1929-1930, (1–13 sayilar). 1-cild. Istanbul, 1997).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Миллий иттиҳод” ва унинг вориси “Миллий истиқлол” ташкилотига аъзо бўлган юртнинг асл фарзандлари – зиёлилар мустақил давлат барпо этиш йўлида курашиб, жон фидо этди. Истиқлолга эришилгач, ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар номи оқлангани, улар хизматлари эътироф этилгани алоҳида аҳамиятлидир.
Ойбек РАШИДОВ,
ЎзМУ Тарих факультети
ўқитувчиси
“Tafakkur” журнали, 2017 йил 4-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ