“Рассомлар ночор одамлар эмас” – импрессионист ўзбек рассоми


Сақлаш
17:02 / 01.04.2025 31 0

Умар Ражабовнинг картиналарини биринчи бор кўрганимда Ўзбекистонда ҳам импрессионист рассомлар бор экан, деб ҳайрон бўлгандим. Аслида рассомни Ўзбекистондан кўра кўпроқ Россияда танишади. Сабаби ижодкор асосий кўргазмаларини ушбу мамлакатда ўтказган. 1985 йили Хоразмнинг Ҳазорасп туманида туғилган Умар Ражабов болалигиданоқ расм чизишга қизиқар, лекин ота-онаси фарзанди ҳаётини ижод билан боғлашига қарши эди. Биринчидан, бу юқори ҳақ тўланадиган фаолият эмас, иккинчидан, санъатни ҳамма ҳам тушунавермайди, деб ҳисоблашарди улар.

 

Бироқ рассом умидини сўндирмади ва расм чизишда давом этди. 16 ёшли Умарнинг суратлари 2001 йили Чехияда ўтказилган “Ёш истеъдодлар” танловида олтин, орадан бир йил ўтиб, Ҳиндистонда ўтказилган худди шу тадбирда кумуш медалга сазовор бўлади. Камолиддин Беҳзод номидаги Тошкент рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган Умар Ражабов айни вақтда шу ерда талабаларга дарс беради.

 

 

“Аввалига Иля Репиндан мерос қолган реализмни яхши кўрардим. Лекин аста-секин бу жанрдан зерикиб кетдим. Табиатимда сабрсизлик бор, ҳар доим ҳамма нарсани тез бажаришни хоҳлайман. Реализмда эса сиз узоқ вақт ёлғиз ўтиришингиз керак. Ва мен импрессионизм билан танишдим. Мане ва Дега каби шу услубда ишлашга аҳд қилдим”, дейди у ўз услуби ҳақида гапираркан. Рассомнинг қўшимча қилишича, 10 йилдан кейин унинг услуби яна ўзгариши ва бошқа йўлда расм чизишни бошлаши мумкин. Аммо ҳозирча Умар Ражабов импрессионизм тарафдори. Унинг фикрича, ҳозир санъат мафкураси жуда ўзгарган. Илгари рассомлар кўрганларини тасвирлашарди. Ҳозир эса рассом тафаккур, ғоя, тушунчани ифодалайди.

 

"Оила банки" 

 

Умар Ражабов жамиятда рассомлар ҳақида нотўғри фикр шакллангани, шунинг учун аксар ота-оналар фарзандини бу йўлдан кетишига қаршилик қилишлари мумкинлигини айтади:

– Одатда режиссёрлар ҳам, ёзувчилар ҳам асарларида рассомларни камбағал, картиналарини сота олмайдиган ночор инсонлар сифатида тасвирлашади. Аслида ҳар доим ҳам ундай эмас. Масалан, Пабло Пикассо ойда бир неча марта очиқ эшиклар куни ўтказиб турган. Унга кириш учун юзага келган навбат қатори жуда узун бўлган. Бир куни Пикассо шериклари билан ўтирган зиёфат якунида гиргиттон ҳисобни олиб келади. Шунда рассом қоғоз сочиққа расм чизиб, “Мана бу ҳисобнинг пули” дейди. Буни кўрган ресторан хўжайини "Жаноб Пикассо, расмга имзо қўймабсиз" деса, буюк ижодкор “Мен ресторанингни сотиб олмоқчи эмасман, бу фақат еган-ичганимиз ҳисоби" – деб жавоб беради.  Бугун ҳам бундай машҳур ва пулдор рассомлар дунё бўйлаб етарлича топилади”.

 

Рассомнинг "Озод қалблар" номли суратига томошабинлар "Ғазо болалари" деб ном берган. Рассомнинг ўзи эса картинани дунёнинг барча нотинч ҳудудларидаги болаларга бағишлаган. 

 

зод қалблар" 

 

"Йўқотилган болалик" номли сурат ҳақида гапираркан, у “Бу дунёда ҳар бир боланинг бахтли яшашга ҳаққи бор. Фарзандларимизнинг болалиги суратнинг ўнг томонидагидек ёрқин рангларда бўлишини хоҳлаймиз, аммо аксарият давлатларда беғубор болалик йўқолган”, дейди.

 

 

"Йўқотилган болалик"

 

Ижодкорнинг миллийлик руҳи йўғрилган "Мерос" номли картинанинг асосий марказида кекса инсон ва унинг набираси туради. Орқа фонда миллий анъаналаримиз акс этган бош кийимларимиз. Улар турли минтақаларимиз услуби бўйича тикилгани сабаб айрича маъно юклайди суратга.

 

"Мерос" 

 

 

"Шарқ гўзаллари" 

 

 

"Ўзбек отахонлари"

 

Ушбу картиналар сериясида асосий мавзу – ўй. Инсон улғайгани сари кўп ўйлайдиган, сукунатни ёқтирадиган бўлиб қолади. Рассом ана шу лаҳзаларни суратларга муҳрлаган.

 

"Тинчлик"  

 

 

"Ўткинчи дунё" 

 

 

"Йўқолаётган тарих"

 

Чешир мушуги ҳақида эшитгансиз. У секин-аста руҳи йўқолиб борувчи мавжудот. “Тарихимизнинг бир бўлаги ҳисобланган ушбу обида ҳам гўё Чешир мушуги каби йўқолиб бормоқда. Тарихимиз ёзувлари ўчиб бормоқда”, демоқчидек рассом бу асарида. Рассомнинг картиналари сизни бирмунча вақтга болаликка қайтаради, ўйлашга мажбур қилади, эстетик завқ беради ва санъатнинг қудратини ҳис қилишга кўмак беради.

 

 Жўрабек МЕҲМОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17411
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//