Disney'ни енгган япон қандай қилиб анимени санъат даражасига кўтарди?


Сақлаш
17:39 / 01.04.2025 50 0

Шундай бир дунёни тасаввур қилингки, унда шамол дарахтлар орасидан шивирласин, ўтлар майин тебрансин ва булутлар осмон бўйлаб сузиб юрсин. Бу оддий тасвир ортида Ҳаяо Миязаки – жаҳон анимациясида туб бурилишни амалга оширган, 11 та тўлиқ метражли фильм яратган, “Оскар” мукофоти соҳиби ва аниме жанрини болаларнинг оддий кўнгилочар фильмидан теран фалсафий санъат даражасига кўтарган афсонавий режиссёрдир.

 

Анимация санъати бир асрлик тарихга эга, аммо унинг ичида Миязаки феномени қандай пайдо бўлди? Қандай қилиб у Spirited Away va the Boy and the Heron фильмлари билан “Оскар” мукофотини 2 марта қўлга киритиб, Disney империясининг монополиясига соя солди? Нега унинг Studio Ghibli томонидан яратилган фильмлари 1,5 миллиард доллардан ортиқ даромад келтириб, 35 дан ортиқ тилларга таржима қилинди?

 

Миязаки ижоди маданий чегараларни осонликча кесиб ўтиб, бутун дунёда эътирофларга сазовор бўлди. Ушбу мақолада биз унинг ижодий оламига чуқурроқ назар ташлаймиз, табиат, инсон, жамият ва технология ўртасидаги мураккаб муносабатлар ҳақидаги фалсафасини таҳлил қиламиз.

 

 

Миязаки: Уруш фарзандидан орзулар бунёдкорига

 

 

Ҳаяо Миязаки 1941 йилда, Иккинчи жаҳон уруши авж олган пайтда Японияда туғилган. Болалигида урушнинг даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган бу инсон кейинчалик ўз ижодида тинчлик ва табиат билан уйғунлик ғояларини марказий ўринга қўйди. Унинг отаси авиация қисмларини ишлаб чиқарувчи завод раҳбари бўлган – бу эса кейинчалик The Wind Rises фильми яратилишига туртки бўлди.

 

Миязаки аниме саноатида анъанавий услубларни сақлаб қолишга қатъий интилди ва аксарият ҳолларда рақамли анимациядан воз кечди. 1985 йилда у Исао Такаҳата билан бирга Studio Ghibliни ташкил этди – бу студия кейинчалик жаҳон анимация санъатининг маёғига айланди.

 

У ўз фильмларини яратишда мукаммалликка интилувчи қатъий ёндашуви билан ажралиб туради. Ҳар бир кадр унинг шахсий назоратидан ўтади, кўпинча асосий анимациянинг катта қисмини ўзи чизади ва энг майда деталларни ҳам назардан қочирмайди. 2023 йилда чиққан The Boy and the Heron унинг “сўнгги фильми” бўлиши керак эди, аммо аввалги “нафақага чиқишлар”и каби, бу ҳам узоққа чўзилмаса керак.

 

Миязакининг ҳаёт йўли бевосита унинг фильмларида акс этган. Уруш фарзанди қандай қилиб тинчлик ва мувозанат тарафдорига айланди? Отаси авиация заводида ишлаган бола нима учун технология ва табиат ўртасидаги мувозанатни ўз асарларининг марказий ғоясига айлантирди? Қуйида Миязаки анимени қандай қилиб оддий кўнгилочар воситадан фалсафий санъат даражасига олиб чиққанини кўриб ўтамиз.

 

Асосий масала: Миязаки анимени қандай янги босқичга кўтарди?

 

 

Ҳаяо Миязаки анимацияни нафақат бадиий жиҳатдан юксалтирди, балки унга фалсафий ва маънавий унсурларни қўшди. У Ғарбнинг анъанавий Disney-моделидан қочиб, Шарқ фалсафаси ва табиий мувозанатга асосланган бетакрор олам яратди. Унинг фильмларида эзгулик ва ёвузлик мутлақ тушунчалар эмас – ҳар бир қаҳрамон мураккаб ва ўзига хос табиатга эга.

 

Миязаки фалсафасининг асосий унсурлари:

 

Табиат ва инсон ўртасидаги боғлиқлик – у экологик мавзуларни санъат даражасида ифодалайди. Princess Mononoke фильмида ўрмон руҳлари ва саноат шаҳри ўртасидаги тўқнашув, My Neighbor Totoroда эса табиат билан уйғун яшаш гўзаллиги акс этган;

 

Мустақил ва кучли аёл қаҳрамонларНаусиcаä, Сан, Чиҳиро, Сопҳие каби қаҳрамонлар орқали Миязаки анъанавий гендер ролларини қайта кўриб чиқади. Унинг аёл образлари – ўз йўлини ўзи танлайдиган, жасорат билан синовлардан ўтадиган кучли шахслардир;

 

Инсон мураккаблиги ва ўзгариш имконияти – Миязаки дунёсида мутлақ ёвузлик йўқ. Howls Moving Castle филмида Ҳовл дастлаб масъулиятдан қочади, аммо Сопҳие (София) билан учрашгач, ўзгаради. Princess Mononokeдаги Ладй Эбоши ўрмонни йўқ қилаётган бўлса-да, бу шунчаки шафқатсизлик эмас – у ўз халқининг фаровонлиги учун курашмоқда;

 

Носталгия ва йўқотиш туйғусиLaputa: Castle in the Skyда йўқолган цивилизация афсонаси, The Wind Risesда эса орзу ва реаллик ўртасидаги кураш тасвирланган. Миязаки фильмларида баъзан ҳеч қандай ҳаракат ёки гап бўлмайди, лекин айнан шу жимжитлик ва бўшлиқ ҳиссиётларни чуқурроқ етказади. Бу япон маданиятида “ма” деб аталади;

 

Фантазия ва реализм уйғунлиги – у фантастик дунёларни яратади, бироқ улар ҳақиқий ҳаёт қонуниятларига бўйсунади.  Унинг фильмларида сеҳр ҳаётнинг рамзий ифодаси бўлса, ҳаётнинг ўзи эса сеҳр каби мўжизаларга тўла.

 

Миязакининг фалсафий қарашлари мавҳум назариялар эмас – улар ҳар бир фильмида жонли тасвирлар, унутилмас қаҳрамонлар ва чуқур маъно орқали гавдаланади. Энди унинг энг машҳур асарларини таҳлил қилиб, бу ғояларнинг қандай жонланишига назар ташлайлик.

 

 

Фильмлар таҳлили: Миязаки фалсафасининг жонли намуналари

 

1. “Spirited Away” – Ўсиш ва ички ўзгаришлар рамзи

 

 

Spirited Away - Official Trailer

 

Бу фильм 2003 йилда “Оскар” мукофотини қўлга киритган ва Миязакининг энг машҳур асарларидан бири ҳисобланади. Ҳикоя марказида – Чиҳиро исмли оддий қиз. У тасодифан руҳлар оламига тушиб қолади ва у ердан чиқиш учун жасорат топиши, ўзини ўзгартириши керак бўлади. Фильм шунингдек, замонавий жамиятнинг истеъмолчилик маданиятига танқидий ёндашади. Масалан, Чиҳиронинг ота-онаси очкўзлиги туфайли чўчқага айланади. Фильм япон халқ эртаклари ва ғарбий қаҳрамонларнинг ўз кучини топиш мотивларини бирлаштириб, бутун дунё учун тушунарли бўлган қадриятларни кўрсатади.

 

 2. “Princess Mononoke” – Табиат ва тараққиёт тўқнашуви

 

 

Princess Mononoke Official Trailer

 

Бу фильмда табиат ва технология ўртасидаги кураш тасвирланган. Режиссёр томошабинга ҳеч ким мутлақ ёвуз ёки мутлақ яхши эмаслигини кўрсатади. Сан – ўрмон руҳларини ҳимоя қилувчи жангчи қиз. Ладй Эбоши эса ўз шаҳридаги заиф одамларни (камбағаллар, касаллар) ҳимоя қилиш учун табиатни йўқ қилишга мажбур. Ашитака эса бу икки қарама-қарши томон ўртасида мувозанат топишга ҳаракат қилади. Миязаки бу фильм орқали биз тараққиёт ва табиат ўртасида муросага келиш йўлини топишимиз кераклигини уқтиради.

 

3. “Howl's Moving Castle” – Эркинлик ва ҳақиқий гўзаллик

 

 

Howl's Moving Castle Official Trailer

 

Бу фильм одамнинг ўзлигини англаш ва ички гўзаллик ҳақида. Сопҳие сеҳр туфайли қарияга айлангач, у жамиятнинг ёш ва ташқи гўзалликка боғлиқ баҳолашларидан халос бўлади. Ҳовл эса бошида фақат ўз гўзаллиги ҳақида қайғурадиган ва худбин сеҳргар бўлса, кейинчалик олдин топмаган нарсаси – соф севгини топиб, ҳақиқий қаҳрамонга айланади. Фильм уруш саҳналари орқали инсонлар ўртасидаги можаролар бефойда эканини кўрсатади. Миязаки гўзал ва сеҳрли дунё яратибгина қолмай, бу дунё ичида жамият ва инсон ҳақидаги чуқур фикрларни ҳам ўрганади.

 

4. “The Boy and the Heron” – Йўқотиш ва Янги бошланиш

 

 

THE BOY AND THE HERON | Official English Trailer

 

Миязакининг иккинчи “Оскар” олган сўнгги фильмида урушда онасини йўқотган Маҳито исмли ўсмирнинг ҳикояси тасвирланган. У сирли минора ва ғалати қуш орқали бошқа дунёга саёҳат қилади. Фильм инсон ҳаётидаги йўқотишлар, янги ҳаёт бошлаш ва ижоднинг аҳамияти ҳақида. Бу асар орқали режиссёр ўз ҳаётидаги тажрибаларини ифодалайди ва келажак авлод ҳикоячиларига ўз фалсафий хулосаларини қолдиради.

 

Миязаки фильмларида фақат сўзлар эмас, балки тасвирлар ҳам катта аҳамиятга эга. У ўз ғояларини диалоглар ёки сюжет орқали тушунтириш билан чекланиб қолмай, балки визуал санъат орқали ҳам етказади. Бу эса унинг анимацияларини янада таъсирли ва ўзига хос қилади.

 

 

Миязакининг визуал тили

 

Миязакининг визуал услуби унинг фалсафаси билан чамбарчас боғлиқ. Рақамли анимация даврида ҳам у анъанавий қўлда чизилган услубга содиқ қолди. Унинг фильмларида ҳар бир дарахт, ҳар бир ўсимлик, ҳар бир тош гўё ўз ҳаётига эга. Масалан, Totoro фильмидаги улкан дарахт, Spirited Awayдаги шифосиз дарё руҳи ёки Princess Mononokeдаги буюк ўрмон руҳи – табиатнинг қудратини акс эттирувчи муҳим рамзлардир.

 

Бу майда деталлар ортида mono no aware – япон эстетик тушунчаси ётади. Бу тушунча ҳаётнинг гўзаллиги ва ўткинчилигининг фарқига бориш, ҳар бир лаҳзанинг қадрига етиш деган маънони англатади. Миязаки ўз фильмларида бизни табиатга меҳр билан қарашга, ундаги нозик гўзалликни ҳис қилишга ундайди.

 

Шунингдек, унинг фильмларида ҳаракат ва сукут ўртасидаги мувозанат муҳим роль ўйнайди. “Нафас олиш лаҳзалари” деб аталувчи бу эпизодларда ҳеч қандай воқеа рўй бермайди – қаҳрамонлар шунчаки атрофни кузатади, фикрга толади. Totoroфильмида Сатсуки ва Меи автобус кутаётган саҳна ёки Spirited Away фильмида Чиҳиро поездда кетаётган саҳна шулар жумласидандир. Бундай лаҳзалар томошабинга шошмасдан ўйлаш, ҳис қилиш ва тасвирланган оламни чуқурроқ англаш имконини беради.

 

 

Тепадаги расмда Миязакининг фильми “Рапунзель” фильми билан солиштирилган, кўриб турганингиздек, чап томондаги Миязаки тасвири бизга табиийроқдек туюлади.

 

 

Шарқ ва Ғарб фалсафасининг уйғунлиги

 

Миязаки асарларининг энг ажойиб жиҳатларидан бири – Шарқ ва Ғарб фалсафий анъаналарининг ноёб уйғунлиги. У бу икки дунёқарашни бирлаштириб, янги, универсал фалсафий тизим яратади.

 

Миязаки фильмларида япон Шинто анъаналарининг таъсири яққол сезилади. Princess Mononoke Hime ва Spirited Away фильмларида табиатнинг ҳар бир элементи ўз руҳига эга эканлиги акс этади. Бу ками (табиат руҳлари) тушунчаси Шинто динининг асосий ғояларидан биридир. Бироқ Миязаки бу тушунчаларни идеализация қилмайди. Масалан, Spirited Away фильмида Ҳаку дарё руҳи ўз дарёсини йўқотгани орқали режиссёр замонавий урбанизацияга танқидий қарашини ифодалайди.

 

Миязаки mono no aware (ҳаётнинг ўткинчилиги), wabi-sabi (номукаммаллик гўзаллиги) ва ma (бўшлиқнинг аҳамияти) каби япон тушунчаларини бутун дунё аудиторияси тушунадиган шаклда ифодалайди. Масалан, Howl's Moving Castle фильмида Сопҳиеънинг кексайиши орқали вақтнинг ўткинчилиги ва ўзгаришларни қабул қилиш зарурлиги кўрсатилади.

 

Шу билан бирга, Миязаки Ғарб қаҳрамонлик анъаналарини ҳам ўзига хос тарзда бойитади. Унинг қаҳрамонлари ташқи душманни енгишга эмас, ички мувозанат ва табиат билан уйғунликка эришишга интилади. Porco Rosso ва The Wind Rises фильмларида технологик тараққиётнинг икки томони ёритилади – у инсонни эркинликка элтиши мумкин, бироқ айни пайтда уруш қуролига ҳам айланади.

 

 

Миязаки мероси

 

Ҳаяо Миязаки шунчаки анимацион режиссёр эмас – у замонамизнинг муҳим фалсафий овозларидан биридир. У анимацияни “жиддий санъат” даражасига олиб чиқди ва унинг теран фалсафий ғояларни ўрганиш учун кучли восита бўлиши мумкинлигини исботлади.

 

Миязаки ўз фалсафасини қуйидагича изоҳлайди:

 

“Мен ўғил ва қиз бир асарда пайдо бўлгани учун, улар ўртасида севги муносабати бўлиши керак, деган ёзилмаган қоидага шубҳа билан қарайман. Аксинча, мен бироз бошқача муносабатни тасвирлашга ҳаракат қиламан – улар шунчаки бир-бирини тушунишни ўрганадиган, ҳатто бир-бирини севса ҳам, бир-бирисиз яшай оладиган муносабатни”.

 

Бу фикр Миязакининг анъанавий қолипларни рад этиш ва янги имкониятларни очиш истагини яққол акс эттиради. Унинг дунёқараши қаҳрамонларининг саёҳатида намоён бўлади – улар белгиланган ролларга эмас, балки ўзаро тушунишга асосланган мазмунли муносабатларга интилади.

 

Миязакининг мероси бизга қарама-қарши кучлар: фантазия ва реаллик, табиат ва технология, анъана ва тараққиёт ўртасида уйғунлик топиш муҳимлигини кўрсатади. Унинг фильмлари дунёни ҳар хил тоифаларга бўлиш ўрнига, меҳр-шафқат ва англаш орқали тушунишга чорлайди – зеро, дунёни ўзгартириш сеҳр ёки қудрат билан эмас, балки бир-биримизни англашга бўлган чуқур ва самимий интилиш билан бошланади.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17411
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//