Адабиёт
Ўтган асрнинг дастлабки ярми ва учинчи чорагидаги ўзбек ҳикоячилиги хирмони, асосан, реалистик руҳдаги ҳикоялардан таркиб топган. Ҳикояларнинг композициясидан тортиб сюжет ва образларигача умумийликни кузатиш мумкин. Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар давридан бошланган ўзбек ҳикоячилиги, кейинчалик Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов ва бошқа атоқли ёзувчиларнинг ҳикоялари билан янада такомиллашиб борди. Бу ҳикоялар ёзувчининг индивидуал маҳорати ва услубидан келиб чиққан ҳолда хилма-хил бўлса-да, ғоя, мавзу ва композиция жиҳатидан бир йўналишга мансуб. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб, насрда янгиланиш сезила бошлади. Янги авлод ёзувчилари воқеликни бошқача ракурсда кўрсатиш, фикрни асар тагматнига беркитиш, ўқувчини образли тафаккурга чорлаш билан насрга янгича об-ҳаво олиб киришга ҳаракат бошлашди. Шу даврда яратилган Олим Отахоннинг “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза”, Нурилла Отахоновнинг “Оқ бино оқшомлари”, Шодиқул Ҳамронинг “Суратдаги аёл”, Нодир Норматовнинг “Бир куни чумоли бўлиб” каби ҳикоялари ўзига хос тажриба маҳсули ўлароқ, ўзбек ҳикоячилигини янги босқичга кўтариш учун ташланган дадил қадам эди, деб айтиш мумкин. Шу рўйхатда Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси ҳам олд қаторлардан жой олганди.
Назар Эшонқул ўзбек адабиётига ўзгаларга ўхшамаган йўлдан кириб келган. “Маймун етаклаган одам ким эди?”, деган савол ўзбек адабиётида ўттиз йилдан бери ечилмай келмоқда. Бунинг боиси ёзувчи воқеанависликка ўрганган китобхонни воқелик ичида туриб, шу воқеликни ташқаридан кузатишга ва фикрлашга ундайди. Бу ўйин шартларига рози бўлмаган китобхон Назар Эшонқул асарларини ўқимай қўя қолади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ёзувчининг ижоди хос китобхонларга мўлжалланган, десак хато бўлмайди.
Ёзувчининг “Уруш одамлари”, “Тун панжаралари”, “Момоқўшиқ”, “Қора китоб” қиссалари, “Гўрўғли” романи китобхонларнинг маънавий мулкига айланиб улгурган. Биз ушбу мақолада ёзувчининг йирик асарларига адабий хамиртуруш вазифасини ўтаган ҳикоялари хусусида мулоҳаза юритмоқчимиз.
Еру осмон аро
Ҳикоя насрнинг кичик жанри деб қаралса-да, ҳажм ўлчами маъно ва моҳият кўламига соя солмайди. Ёзувчи ҳикоянинг адабий мезонларини яхши билиши, асар тили ва композициясига жиддий ёндашиши, воқеани бадиий идрок қилган ҳолда тасвирлай олиши муҳим жиҳат саналади. Техник тарафдан бу жараён худди уй қурилишига ўхшайди. Аввал уйнинг тарҳи чизилади ва қурилиш шу тарҳ асосида олиб борилади. Ёзувчининг ижодий фаолияти ҳам шундай кечади. Асар композициясини бошидан белгилаб олмаса, мақсадсиз йўлга чиққан йўловчи манзилга ета олмаганидай, адиб ҳам қаламни қўлга бемақсад олган бўлади.
Назар Эшонқул ҳикоялари эса пухта тарҳ асосида бунёд бўлган. Ёзувчи ўзи нимани кўзда тутаётгани, асар скелетини қандай ишлагани ва ҳикоя қай тарзда ривожланиб бораётганини яхши билиб туради. Ёзувчининг ижодий кредоси ҳақида яхлит хулоса бериш мушкул. Лекин ҳикояларини таҳлил қилиб, фикрларни умумлаштирганда Назар Эшонқулнинг ижодий кредоси, ёзувчи ижодининг бош бадиий-эстетик ғояси ҳақида муайян тасаввур пайдо бўлади.
Аввало, адибнинг ҳикояларини услуб жиҳатидан икки турга бўлиш мумкин:
а) Фольклор ва жаҳон адабиётидаги хос тенденцияларнинг қоришуви (синтези) ўлароқ ёзилган, миллий руҳ акс этадиган ҳикоялар;
б) Соф модерн руҳда, онг остида кечаётган жараённи бадиий идрок этишга йўналтирилган, битта метафора асосига қурилган ҳикоялар.
Шу классификация асосида ёзувчи ҳикояларини яна турли жиҳатларига кўра алоҳида таснифлаш мумкин. Образлар тизими, сюжет, композиция ва ҳоказо нуқтаи назардан таснифлаганда ҳам юқоридаги классификация эътиборга олинади. Чунки асардаги барча элементлар ёзувчининг танлаган услубидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Фольклор ва жаҳон адабиётидаги хос тенденциялар бадиий синтез қилинган, миллий руҳ балқиб турадиган ҳикояларда ёзувчи нигоҳи ўзбек китобхонига таниш макон ва замонда юз берадиган воқеликка қаратилади. Шу муҳитдан улгу олиб, қаҳрамонлар ҳам атрофимиздаги таниш қиёфаларга ўхшаб кўринади. Китобхон бу персонажлардан бегонасирамайди. Ёзувчи бадиий тил жиҳатдан ҳам, тасвир томонлама ҳам шу руҳиятдан келиб чиқиб ёндашади. Бу типдаги ҳикояларга “Шамолни тутиб бўлмайди”, “Қултой”, “Бепоён осмон”, “Очилмаган эшик”, “Бевақт чалинган бонг” каби ҳикояларни киритиш мумкин.
Соф модерн руҳда, онг остида кечаётган жараённи бадиий идрок этишга йўналтирилган, битта метафора асосига қурилган ҳикояларда эса ёзувчи қабариқ тасвирларга берилади. Сюжетдан тортиб, қаҳрамонларгача тўлиқ битта метафорага хизмат қилади. Яъни муаллиф ғояни бир метафорага сингдириб, бутун ҳикояни шу асосга қуради. Бу типдаги ҳикояларга “Маймун етаклаган одам”, “Баҳоуддиннинг ити”, “Зулмат салтанатига саёҳат”, “Тобут шаҳар”, “Хароба шаҳар сурати”, “Озод қушлар”, “Ўлик мавсум”, “Хаёл тузоғи” каби ҳикоялар киради. Мазкур ҳикояларда муаллиф тимсоллар тилида гапиради. Бунда китобхон тафаккур қилишга мажбур бўлади – у асарнинг воқелигида кўриниб турган нарсани эмас, матн остида беркинган фикрни ўқиши керак. Бу типдаги ҳикояларни ўқиш давомида тасаввур имкониятлари маълум маънода қисқаради. Йўналишдан келиб чиққан ҳолда адабий макон ва замон ҳам мавҳумроқ тасвирланади. Аммо улар яхлит картина сифатида ечим топади. Масалан, “Тобут” ҳикоясидаги шаҳарнинг тобут шаклида қурилгани, “Баҳоуддиннинг ити” ҳикоясида қаҳрамоннинг алал-оқибат итга айланиб қолиши, “Маймун етаклаган одам” ҳикоясидаги икки хил сурат: аввал навқирон одам маймунни етаклаб кираётгани, кейин эса маймун кекса одамни етаклаб чиқаётгани, “Оғриқ лаззати” ҳикоясида оғриқдан лаззат олаётган маҳкумлар, “Ўлик мавсум” ҳикоясида талабаларга сабоқ берган ўлик каби деталлар туфайли бу ҳикояларнинг ягона метафорага бўйсундирилганини кўришимиз мумкин ва уларнинг ҳар бири яхлит картина сифатида ўқувчи кўз олдида намоён бўлади. Уларнинг тили ҳам нисбатан оғир, узун жумлалар, қайта ўқишга мажбурловчи тасвирлар кўп учрайди.
Онг остидаги жараёнларни таҳлил қилишга урғу берилган ҳикояларда характерлар яққол кўзга ташланмайди. Асосий қаҳрамон ёки ровий (унинг ўзи қаҳрамон бўлса)нинг характеринигина яққол илғаб олиш мумкин. Ёзувчининг миллий руҳдаги ҳикояларида характер бўртиброқ кўринади. Айниқса, бу типдаги ҳикояларда аёлларнинг характери ниҳоятда жонли, табиий ва таъсирли чиқади. Масалан, “Бепоён осмон” ҳикоясидаги Амманинг характерини қуйидаги парча орқали кўришимиз мумкин. “Аммам бирдан ғариб, беҳол кўринди менга: йўқ, энамга ачингани туфайли эмас, бир умр койиган, танбеҳ берган, эртадан кечгача маломат қилиш учун яшаган, маломат қилиш умрининг мазмунига айланган аёлнинг энди бу дунёда йўқлиги сабабли умрида ҳам мазмун қолмагандай, шунинг учун ҳам бирдан қариб қолгандай туюлди менга”. Амма бутун умри давомида акасининг бефарзанд яшагани учун бош айбдор деб билган янгасини, у вафот этиши билан ҳурмат ила тилга олади. Аслида эса унинг қўрс ва жоҳил характери ўзгармаган, фақат бу характерини кўрсатувчи объект энди йўқлиги туфайли у ўзгариб қолди.
Образлар олами
Ёзувчи ҳикояларида асардан асарга кўчиб юрадиган деталлар мавжуд. Масалан, кўпгина ҳикояларида қаерда жойлашгани мавҳум бўлган “майдон” образини учратамиз. “Оғриқ лаззати” ҳикоясида қаҳрамон маҳкумлар даҳшатли тарзда қийноққа солинаётган майдонга бориб қолса, “Қайтиш” ҳикоясида ҳам қаҳрамон айнан шундай майдонга дуч келади. Юқоридаги майдондан фарқли жиҳати, “майдон четидаги байроқ осилган муҳташам бинода тенглик ва инсонпарварлик ҳамда фан тараққиёти тўғрисида қандайдир даъваткор шиорлар осилган”, майдондаги одамларнинг кийими ҳам алланечук ғалати кўринади, “кўпининг эгнида эскириб кетган нимдош мундир осилган, аёллар эса бундан қирқ-эллик йил бурунги андозада одмигина кийинишган, лекин ҳаммасининг кўзларида саросима, таҳлика ва гумон аралаш бир қўрқув қотиб қолган”. Икки ҳикоядаги “майдон” ҳам оломон томонидан ўраб олинган. “Майдон” икки хил маънода: ҳукм ўқилган, қилмиш учун ҳисоб-китоб қилинадиган жой ва оломон томошабинга айланадиган ҳар қандай воқеликнинг рамзи сифатида қўлланган дейиш мумкин.
Шунингдек, “ўлик” образини ҳам муаллифнинг ҳикояларидаги “сайёр образ”лар қаторига қўшсак бўлади. “Ўлик мавсум” ҳикоясида бутун сюжет ўлик билан боғлиқ. Ҳикояда зоҳиран қараганда ўлик таълим системасидан сабоқ олувчи жамият тасвирланган. Аммо бу талқин баҳсталаб, чунки ўлик устознинг талабаларга айтадиган фикрлари ниҳоятда соғлом инсоннинг мулоҳазалари бўлиб, у соғлом тафаккур соҳиби сифатида гавдаланади. Кейинчалик ёзувчи шу мотивни “Қора китоб” қиссасида давом эттирган. Энди у шайтоннинг рамзи бўлиб, Чўққисоқол образида ривожлантирилади. “Тобут” ҳикояси ўлим билан бевосита алоқадор сюжетга эга. “Ажр” ҳикоясида эса жисман ўлик бўлган ота ва ўғил образини кўрамиз. “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясида ҳам асосий сюжет чизиғи Замон отбоқарнинг ўлими билан боғлиқ бўлиб, Байна момонинг характерини очиб беришга хизмат қилувчи детал ўлимдир. Яъни, момонинг Замон отбоқарни ўлдириб, эри ва ўғли учун қасос олгани ҳикоянинг кульминациясидир. “Хароба шаҳар суврати”, “Тўзон” ҳикояларида ҳам қаҳрамонлар сирли тарзда ўлим топган бўлади. Ровий уларнинг ўлимига элтувчи йўлни ахтаради. Бу йўл тафсилотлари хаёлий ва мистик бўлиб кўринса ҳам, ёзувчи ровий билан бирга марҳумларнинг онгостидаги жараёнларни таҳлил қилиб боради. “Ўлик” ва “ўлим” образларининг кўп қўлланиши мифларга бориб тақалади. Бунинг негизи халқ оғзаки ижодининг энг йирик қаҳрамонларидан бири Гўрўғлига дахлдордир. Биламизки, Гўрўғли ҳам гўрда туғилган. Ёзувчи ҳикояларидаги “ўлик” ва “ўлим” образларини ривожлантириб, кейинчалик “Гўрўғли” романида ўзининг ўлмаганини исботлай олмайдиган ғайриоддий қаҳрамонни пайдо қилди.
Назар Эшонқул ҳикояларида “бемор” ва “шифохона” образлари ҳам тез-тез учрайди. Беморлик билан боғлиқ деталларнинг асосида инсон руҳиятидаги бузилишлар ва миядаги конфликтлар ётади. “Хаёл тузоғи”, “Хароба шаҳар суврати”, “Муолажа” ва “Ўпқон” ҳикояларидаги қаҳрамонлар айни шу жиҳати билан бир-бирига ўхшайди. Ёзувчи жисмонан азобланаётган беморларни эмас, руҳан ва ақлан оғриётган хасталарни ўрганиш устида тажриба ўтказади.
“Маймун етаклаган одам”, “Оғриқ лаззати” каби ҳикояларда муаллифнинг санъат хусусидаги ўйлари бадиий ифода қилинади. “Азоб санъат асари яратишнинг энг қулай воситаси эканлигини маҳкумлар ҳам, назоратчилар ҳам ҳис қилишар, шу сабабли назоратчилар оғриқ ва азоб беришни ўзларининг бурчлари дея ҳисоблардилар”, деган фикрни ўртага ташлайди муаллиф (“Оғриқ лаззати” ҳикоясидан).
Назар Эшонқул ижодида “шаҳар” макони катта ўрин тутади ва бу образ даражасига кўтарилган. Баъзи ўринларда шаҳар ёзувчининг ўша ҳикоя учун танлаган метафорасининг асоси бўлиб хизмат қилган. Фикримизга яққол мисол “Тобут” ҳикоясидир. “Хароба шаҳар суврати” ҳикоясида эса хаёлий Турсория шаҳри тилга олинади. Ёзувчи ижодида “шаҳар” маконининг бадиий-эстетик вазифасини ўрганиш алоҳида бир тадқиқотга арзийди.
Эгизак ҳикоялар
Ёзувчининг бадиий тасвирларида ҳид ва ранг масаласини алоҳида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Назар Эшонқул ижодининг умумий қиёфасида қора ранг ва бадбўй ҳид устуворлик қилади. Муаллиф ҳикояда бадбўй ҳидни шунчалик батафсил ва таъсирли қилиб тасвирлайдики, ўқувчи ўша воқеликнинг ичига қандай кирганини сезмай қолади. Ҳикояларда зулмат ва тун билан боғлиқ эпизодлар кўп учрайди.
Назар Эшонқул ҳикояларини кузатар эканмиз, баъзи ҳолатларда муаллиф “эгизак ҳикоялар” яратганини кўришимиз мумкин. Бунда ҳикоялар ҳам композиция, ҳам ғоя, ҳам образлар нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшайди, қолаверса, бири иккинчисини тўлдиради. Муаллиф айтмоқчи бўлган ғоясини ривожлантириш ёки тугаллаш учун ҳам шу усулни амалга оширгандай туюлади. Масалан, “Қултой” ва “Бепоён осмон” ҳикояларининг эпилоги ўхшаш. Иккисида ҳам бутун умр хўрланган, қадр топмаган, оёқости бўлган образ бор ва ҳикоя сюжети шу образ атрофида шакллантирилади. Қолаверса, ҳикоялардаги қаҳрамонларнинг исмлари ҳам халқ достонларидаги номларга уйқаш қилиб танланган. “Озод қушлар” ва “Қайтиш” ҳикояларида ёзувчи танлаган услуб бир-бирига ўхшайди. Иккала ҳикояда ҳам қаҳрамон иккинчи шахсда гапира туриб, аслида ўзига мурожаат қилади, ўзининг ҳаётидаги воқеликни баён этади. “Тўзон” ва “Хаёл тузоғи” ҳикоялари қаҳрамоннинг ёзиб қолдирган кундалик ва қўлёзмалари орқали унинг ҳалок бўлиш сабабларини излаш мотиви асосида шакллангани билан бир-бирига яқин. “Оғриқ лаззати” ва “Муолажа” ҳикоялари ҳам “эгизак ҳикоялар”га ўхшайди: азоб ва оғриққа гирифтор қилинган образлар билан умумийлик касб этади. Бу усул ўзбек адабиётида бошқа бир ёзувчида учрамайди. Айтиш лозимки, корейс кинорежиссёри Ким Ки Дук ижодида шу каби “эгизак фильм”ларни учратиш мумкин. Муаллиф бир фикрни бошқа асарда давом эттиришга ва тугал хулосани беришга маънан ҳақли. Ёки бир ғояни икки талқин орқали кўрсатиш тажрибаси ҳам адабиётимизда янгилик дейишимиз мумкин. Кузатувларимиздан маълум бўлдики, “Тўзон” ҳикояси композицияси, ғояси жиҳатидан ёзувчи Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” қиссасини ёдга солади. Асарда мистикадан фойдаланиш, хаёлий душман, инсон миясига ғайриоддий таҳлика мотиви бу фикрга асос беради.
Ёзувчи ижодида Терсота адабий макони ҳам салмоқли ўрин тутади. Аммо шуни айтиш керакки, Терсота хронотопи муваффақиятли бошланиб, ёзувчининг кейинги ижодий босқичларида унутилган адабий макондир. Ёзувчи Терсотадан бошқа жойда юз берган ҳикояларида мавҳум маконни танлайди ёки маконга урғу бермайди. Кўпинча воқелик қаҳрамонларнинг онгостида кечган жараёнлар билан боғлиқ ҳолда ривожлангани учун асарнинг маконини тасвирлашга эҳтиёж туғилмайди.
“Ғояни ўлдириб бўлмайди, у янги авлод билан бирга янги мазмун кашф этиб туғилаверади”, деб ёзади ёзувчи “Ўлик мавсум” ҳикоясида. Дарҳақиқат, ёзувчининг умуминсониятга дахлдор ғоялари ҳикояларда турли ракурсда сингдирилган. Янги авлод учун бу ғоялар янгича бир мессежлар бериши шубҳасиз. Айни пайтда ёзувчининг ҳар бир асари, у қўллаган тимсоллар ва образлардан келиб чиққан ҳолда каттароқ тадқиқот қилишга эҳтиёж борлигини кўрамиз.
Хулоса
Назар Эшонқул – ўзбек адабиётининг кимёгари. У ҳеч қачон тажриба қилишдан чўчимайди. У – бутун ижодий умри тажрибалар устида ўтаётган ёзувчи. Унинг лабораториясини ўрганиш келгуси авлод учун ҳам катта адабий-илмий мактаб бўлиши турган гап.
Назар Эшонқул жамиятдаги зоҳиран носоғлом, ботинан қараганда ички руҳий конфликтлар гирдобида қолган одамларга ташхис қўйиб юрган шифокорга ўхшайди. Бугун инсон руҳияти оғир талотўплар орасида қолган бир пайтда бундай шифокорнинг борлиги руҳият озуқаси бўлмиш адабиёт учун ниҳоятда зарурдир.
Хуршид АБДУРАШИД
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ