ХХI аср романини Назар Эшонқул ёзса керак – адабиётшунос


Сақлаш
03:16 / 15.06.2022 1503 0

Бўлимда докторантлардан малакавий имтиҳон бўлаётган эди. Улардан бирига Назар Эшонқулнинг ижоди билан боғлиқ савол тушибди. Докторант билганича жавоб берди. Шунда ҳамкасбларимиздан бири “Ёзувчи ижодининг ютуқ ва камчиликлари хусусида нима дея оласиз, бу борада шахсий фикрингиз қандай”, деб сўради. Тадқиқотчи дабдурустдан “Ютуғи – унинг миллийлигида”, деди-ю, у ёғига ўзи айтган жавобини изоҳлаб бера олмади. Уни тинглаб турганлардан бири “Балки камчилиги ҳақида гапираётгандирсиз, асарларида ғарб оҳанги кучли-ку”, деб қолди. Бу эътироз баҳона ёзувчи ижоди ҳақида мунозара, тўғрироғи, фикр алмашинув бўлиб ўтди. Имтиҳон иштирокчиларидан бири “ёзувчи асарларида миллий руҳ масаласи иккинчи планда, у адабиётга универсал одам образини олиб кирди, унинг идеали миллат ва дин масаласидан юқорига кўтарила олган умумбашарий ғоялар ташувчисидир”, деган жўяли мулоҳазани қўшди. Ўйлашимча, бу ҳам баҳсли фикр. Ҳамма ўз сўзини айтди, кимдир қарши, яна кимдир оқловчи, хуллас, қарашлар турлича...

 

Ўртага ташланган саволни ўзимча таҳлил қилдим. Назар Эшонқул ҳақидаги билганларимни қайтадан тафтиш қила бошладим. Тасаввуримда ёзувчининг ижодий қиёфаси билан боғлиқ бир қанча мулоҳазалар бор эди. Кўз олдимда ғарб адабиётига ихлос қўйган модернист, ҳаётий воқеликни борича ҳаққоний йўлда тасвирловчи реалист, жаҳон адабиётининг зукко билимдони, бадиий-фалсафий мулоҳазалари ила тафаккурни ҳайратга солиб фикрлашга ундовчи маҳоратли эссеист, дунё маданиятининг улкан билимдони, халқ оғзаки ижодини яхши билувчи зиёли, кино маданиятидан яхшигина хабардор мутахассис каби қиёфалар намоён бўлди. Бу турли қиёфалар биргина Назар Эшонқул сийратида жам бўлади. Ёзувчи сийратида файласуф олим ва модернист ижодкор “мен”и ўзаро уйғун тарзда кўринади. Асар ортида турган муаллифнинг теран тафаккурини, кенг қамровда фикрлашини, поэтик тафаккур тарзини англаш мушкул эмас. Ҳали булар биз англаганимиз, англамаганимиз кўпроқдир балки... Қиёфалар ўз йўлига, аммо ёзувчи ижодида миллийлик масаласи мулоҳазали савол эди. Ўзимча, таниган ва идроким етганича англаганим Назар Эшонқул ижодида миллийлик категорияси қай даражада аксланади?

 

Замонавий ўзбек насрида Назар Эшонқул ижоди ўзига хос салмоққа эга. Ёзувчи услуби, воқеликка ёндашуви, тасвир ва талқиндаги ўзгачалиги билан замондошларидан фарқланиб туради. Муаллиф асарларида ўзлигини англаш йўлида ўз-ўзи билан рақобатга киришган Шахс қиёфаси, жамият ҳаётида ўз ўрнини топа олмаган аламзаданинг маънавий қиёфаси, унинг англамлари, ҳиссий кечинмалари тамомила янги ракурсларда кўрсатилиши эътиборга лойиқдир. Адибнинг “Маймун етаклаган одам”, “Ажр”, “Очилмаган эшик”, “Муолажа”, “Тобут”, “Оғриқ лаззати”, “Қўл”, “Баҳоуддиннинг ити”, “Қултой”, “Шамолни тутиб бўлмайди” каби ўнлаб ҳикоялари, “Тун панжаралари”, “Қора китоб” қиссалари, “Гўр ўғли ёхуд ҳаёт суви” романи ўзбек замонавий насрининг гўзал намуналарига айланди.

 

Унинг ўзбек фалсафий эссеистикасини шакллантириш йўлида қилган маърифий хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ.  Жаҳон адабиёти дурдоналари ҳақидаги маърифий мақолалари ўзбек бадиий тафаккури такомилида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур мақолалар фақатгина ахборот, маълумот тарзида эмас олимга хос бўлган чуқур адабий таҳлил ва талқинларга бойлиги билан ажралиб туради.

 

Назар Эшонқул ҳақида адабиётшуносликда турлича қарашлар мавжудлиги сир эмас. Бу адибнинг шахсияти ва ўзига хос табиати билан боғлиқ бўлса керак. Унинг табиатида маддоҳлик ва ялтоқлик, шуҳратга ўчлик, амалга интилиш каби ҳолатлар сезилмайди. Ижодини кузатсангиз, давр талабларига “мослашиш”, унвону мартабалар таъмасида лаганбардорлик каби иллатлар кўзга ташланмайди. Ва энг муҳими, унинг қаҳрамонлари ҳам айнан шу кайфиятдаги кимсалардир. Муаллиф реализмда ва модернизмда ҳам кучини синаб кўрди, иккаласида ҳам ўқувчи ишончини оқлади, назаримда. Ҳар икки йўлда ижод қилган ёзувчи шахсиятидаги совуққонлик деб ўйлаганим, аслида бағрикенглик, манманлик эса камтарлик, кибр хокисорлик эканини кейинчалик англадим.

 

Ёзувчи асарлари биз кўникиб одатланган адабий қолипларни бутунлай парчалади. Ҳали ҳам бунга “рози” бўлганимиз йўқдай, англашимча... Шунинг учун билиб-билмай, ўқиб-ўқимай қоралашга тушамиз, ўзимиз учун қулай йўл излаймиз. Ҳар қандай янгиликнинг қабул қилиниши осон кечмайди. Ҳамма гап “янгилик”да, унинг адабиётга алоқасида, фойдаси ёки зарари ҳақида. Бинобарин, ёзувчининг ижодидан ҳаяжон, завқ туйиш, таъсирланиш унчалик ҳам ҳавас қилгудек  эмас. Лоқайд, совуққон оҳанг, бадбин кайфият, жамият ҳаётида қадр топмаган аламзада, ижтимоий муаммолар гирдобидаги қаҳрамоннинг фалсафага тўйинган ўй-хаёллари одамни изтиробга соладими ёки бездириб қўядими, буни айнан айтиш осон эмасдай.

 

Бадиий асарнинг бадиий эстетик қиймати нима билан ўлчанади? Ёхуд ўлчам ва мезонлар ўзгардими?.. Ҳаётнинг фақат қоронғи томонларини кўрсатиш инсонни умиддан узоқлаштириб қўймайдими? Наҳот шундай катта истеъдод эгасининг шунчаки адабий “олифтагарчилик” қилиши, мураккаб тасвир, фикр ифодасининг бўёқдорлиги ва метафорага тўйинган талқинлари “атайин” танланган усулми, маъносидаги сўровлар ортиб кетади ва янгидан фикрлашга туртки беради. Муаллифнинг қотиб улгурган адабий анаъналардан воз кечиб янги ижодий қирғоқларни кашф этишдан бошқа хизмати ҳам борми, деган савол одамни иккилантирарди. Бу саволларга  ёзувчининг публицистик мақолаларини ўқиганимдан сўнг жавоб топгандай бўлдим. Ёзувчи асарларини гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмай юрган пайтимда Жаббор Эшонқул муаллифнинг “Мендан менгача” номли китобини совға қилди.

 

Китобнинг “Мендан менгача” деб номланиши, ички тартиб, композицион яхлитлик – барчасини ёзувчи ижодида шаклий жиҳатдан янгиланишнинг ўзига хос намунаси дейиш мумкин. Китобни мутолаа қилган ўқувчи бутунлай кутилмаган ракурсдаги ёндашув усули, жаҳон адабиёти дурдоналари билан бирга улкан ёзувчилар ҳаёти, уларнинг ижоди билан боғлиқ чуқур таҳлилий мақолалар билан танишади. Ёзувчининг мазкур мақолаларини ўқиган ўзбек китобхони ўзининг қадрли, маърифатпарвар, фидоий олимини топгандай бўлади. Назар Эшонқул “Мендан менгача”ни эълон қилиши билан китобхонлар даврасига бир қадар яқинлашди ва, назаримда, уларнинг “ўзиникига” айланди. Китоб ўзбек ўқувчиси учун жуда керакли ва зарур маърифий қўлланма вазифасини бажариши билан бирга муаллифнинг биз ҳали англаб етмаган қирраларини намойиш қилди. Мазкур асар ёзувчининг интеллектуал салоҳияти ва ўзбек адабиётини жаҳон адабиётининг бир бўлаги сифатида кўриши, дунё эътиборидаги ижодкорлар ҳаётини асарлари билан параллел равишда ўрганиши каби жиҳатлари билан эстетик қиймат касб этади.

 

Биринчи навбатда китобнинг номланишига тўхталиб ўтиш жоиз. “Мендан менгача...” ном жуда қизиқ ва эътиборни тортади. Мендан менгача, демак “мен” ўзини аёвсиз тафтиш қилади, коинот қадар парвоз қилади  ва яна ўзига қайтади. Бу жуда оғир руҳий жараён. “Дан” ва “гача” оралиғидаги ҳодиса инсон қисматини ҳал қиладиган лаҳза, воқелик, аслида. Китобни ўқиган китобхон кўз ўнгида миллат адабий диди ва маърифати йўлида масъулликни зиммасига олган ўзбекнинг фидоий Зиёлиси жонланади. Бунда адибнинг янги қиёфаси бўй кўрсатади, яъни ижодкор сифатида миллатпарвар жадидларнинг маърифий ишини янгича усулда давом эттираётгани кўринади.

 

Инсон ўзини, ўзлигини англаши... уни билиш, тушуниш, кўндириш... бу тартибни узоқ давом эттириш мумкин. Инсоннинг макро ва микро оламдаги ўрни, тириклик моҳияти, коинот ва  ҳатто чексиз коинотдан ҳам кенг бўлган инсон қалби суратлари, зиддиятли ҳаётий манзаралар, жамият ҳаётидан қониқмаслик ҳисси – барча-барчаси китобда ўз аксини топган. Одамзот ўз “мен”ини кўпам англайвермайди ёхуд истамайди, ёки ўзини олиб қочади. Муаллиф биз “қочган” англаш азобига яқинроқ келади, юзма-юз, қаршисида туради, моҳиятнинг илдизларига назар солади.

 

Тўғри,  ижодкорнинг ҳамма фикрларини бирдай қабул қилмаслик ёки баҳслашиш ҳам мумкин. Айниқса, ғарб ва шарқ файласуфларини ўзаро муқояса қилишда бир оз зўракилик ҳам сезилади. Энг муҳими, китоб ўқувчини ўйлашга, фикрлашга, таҳлилга чорлайди, янги мушоҳадаларга йўл очади. Ёзувчи учун асар сюжети ва воқелик юз берадиган адабий макон – бу Инсон қалби. Бутун нигоҳ ва тафаккур инсон кўнгли томон юзланади. Унинг қаҳрамони кечинма ва изтироб. Шу боис ёзувчи суҳбатларининг бирида шундай ёзади: “Адабиёт, аввало, бизни ичкаримизга боқишга, ўз қалбингиз, хаёлингиз, эркингиз эгаси бўлишга ўргатади: ичкарингизда ҳали ўзингизники бўлмаган жуда кўп нарса бор. Китоб ўқилган сайин ичкарингиз коинотдан ҳам кенгроқ ва бепоёнроқ эканига амин бўласиз. Сиз, аввало, ичкарингиздаги жаҳолатни ўлдирмай туриб, ташқи жаҳолатни ўлдира олмайсиз”. Унинг учун ижод мана шу руҳ эркинлиги ва сўз мустақиллиги демакдир.

 

Ёзувчининг “Гўрўғли” романини, тўғриси, ўқишга анча қийналдим. Тимсол ва рамзларга яширинган моҳият, маъни қидириш, англаши қийин кечган метафорик талқин, тасвирдаги мураккабликлар берк кўчага кириб қолгандай таассурот уйғотади. Аслида, ёзувчи асарлари замирида иқрор ва тавбалар, ўз “мен”ига сиртдан қараш, ўзига нисбатан ниҳоят даражада талабчанлик, ҳатто ўз “мен”ининг тобелиги устидан кулишгача бўлган руҳий зўриқиш ўқувчига ҳам босим ўтказади. Ровийнинг доимий танқидий нигоҳи ўқувчига ҳам ўз “мен”и билан ўзаро мулоқотга киришишига йўл очади. Қаҳрамон кечинмалари одамни эзиб ташлайди. Ҳикоя қилишдаги бир хил услуб, биз ўрганган сюжет йўқлиги, ҳикоячининг бир хил оҳангда сўзлаши, ишқилиб, аввалдан кўникканимиз сингари воқеалар ортидан эргашиб кетиш қийин масала. Қаҳрамон изтироблари сизга таъсирини ўтказа бошлайди, ўзингизнинг жамият ҳаётида тутган ўрнингизни ўйлаб кўришингизга ундайди. Умидсизликдан нажот, маънисизликдан мазмун қидирилади. Хуллас, романни бир текисда ўқиб чиқиш сабр талаб этади. Қолаверса, асарни ўқиш учун махсус бир тайёргарлик керак эканлигини билсам-да, аммо бунинг туб сабабини тушунмасдим. Нима учун бадиий асарни ўқиш учун махсус тайёргарлик кераклигини қабул қила олмасдим. Бадиий асарни ўқиш учун “махсус” тайёргарлик йўқ, адабий дид ҳаминқадар бўлганлиги учунми, романни тушунишга барибир “тишим ўтмади”, “хос” бўла олмадим. Аммо кўнглимда қандайдир ишонч бор эдики, ХХI аср романини Назар Эшонқул ёзса керак...

 

Орадан вақт ўтиб устоз олим Иброҳим Ҳаққулнинг романни мутолаа қилиб ўтирганига кўзим тушди. Домладан китоб ҳақида сўрадим. Аввал тўлиқ ўқий олмаганини, энди иккинчи марта ўқишга чоғланганини айтдилар. “Аввал ҳам ўқиганман, аммо бир оз малол келган эди. Энди жиддийроқ талаб билан ўқисам, асарнинг кучи унга юклатилган ижтимоий юки, залвори билан белгиланган экан. Мустақиллик арафасида тарихий вазият жуда кўплаб зиёлиларни синовдан ўтказди, кўпчилик осонгина таслим бўлди. Орамизда иккиланганлар ҳам йўқ эмасди. Аммо Назар Эшонқул ягона ишонса бўладиган Шахс эканлигига ўша йиллари гувоҳ бўлганман. Мен асарни ўқиш жараёнида ўтган асрнинг 90-йиллар воқеаларини қайтадан бошдан кечирдим, Ватан ва миллат қайғусидаги ҳаракатлар, эшик остонасида сарғайиб ўтиришлар, қачон сени чақиришларини ҳадик билан кутишлар, ўзингнинг одам эканлигингни исботлай олмай довдирашлар – барчаси яна кўз олдимда қайтадан жонлангандай бўлди. Ўша оғир кунларнинг руҳини ва аламларни янгилади. Даҳшат, сизлар ҳам бир ўқинглар, бир ўтириб гаплашамиз” дедилар. Нима учундир домла айтган руҳ менга бегона эди...  Демак, воқеликни кўрган, билган, бошдан кечирган одамга асарнинг таъсири ўзгача бўлиши ҳам бир бадиий қонуният. Асарнинг рецепция жараёни, тарихий воқеликнинг бадиий фонда берилиши каби поэтик унсурларни ҳам эътиборда сақлаш лозим экан.  Лекин афсуски, асарни ўқиган ҳамма ўқувчи ҳам воқеликнинг гувоҳи бўлавермайди... Хуллас, қовушмаган ўй-хаёллар билан карантин туфайли орадаги узилишлар бўлиб асар хусусида гаплашиш имкони бўлмади.

 

Мавзудан чалғигандай бўлдик, аммо булар адиб ижоди моҳиятини, сийратидаги муаллиф “мен”ини англаш истагидаги ўқувчининг мулоҳазаларидир. Романга ёки кичик бир ҳикояга юкланган ижтимоий дард, унинг залвори, қадр-қиймати поймол этилган инсон қисмати, қадриятларидан йироқлашган қаҳрамон хаёлотнинг чексиз сарҳадларида парвоз қила олиши ёзувчи услубидаги оригиналликни кўрсатади. Биргина “Маймун етаклаган одам” ҳикоясида бутун миллат фожиасининг хронологик тартиби бадиий рамзларда очиб берилади ва ўзбек миллати тарихидаги юз берган миллий фожиаларни бир қатор ипга тизади. Ҳар бир расм остига рақамлар қўйилади. Бутун романга арзигулик воқеликни ёзувчи кичик бир ҳикояга сиғдиради, рамзлар орқали фикрини ифодалайди. Муаллиф “Ижод илоҳиётга дахлдорликдир” мақоласида ҳикоянинг тарихи ҳақида шундай ёзади: ”Менга “Одам ўз умрининг рассоми, ҳар ким қандай яшаса, шундай суврат чизади, кунларни, умрни, умрнинг фаслларини чизади” деган фикр келиб қолган”.  “1957”, “1947”, “1937”, “1928”, “1926”, “1921” йиллар санаси Туркистон тарихидаги қизғалдоқ рангига бўялган саналар. Миллат тарихининг аламли кунларини қисқа ва лўнда тарзда айта олиш, тасвир ва талқиндаги ўзига хослик ёзувчининг маҳоратидан хабар беради. Ҳар бир суврат ва рақам остидаги ёзувда муаллиф қалбидаги аламли яраларнинг изи аксланган. Бу каби хусусиятлар чинакам миллат фидойиси, маърифатли зиёлисининг ижодий қиёфасини кўрсатади.

 

Шахсий бутунлик, шахсият ва адабий виждон масаласи ёзувчи ижодий позициясида бирламчи аҳамият касб этади. Унинг қаҳрамони озодлик учун очиқ ташвиқот юргизмайди, курашга чорламайди, аксинча, фикрий уйғоқликка чақиради. Руҳий ҳуррият, фикрий мустақиллик ёзувчининг ижодий шиори дейиш мумкин. Унинг асарларида қандайдир бир эркинликнинг ўзига хос эпкинлари бор. Муаллиф асарларида жамият ҳаётида ўз ўрнини топа олмаган, тўғрироғи топишдан маҳрум қилинган Инсон қиёфаси акс этади. Жамият томонидан таҳқирланган, ўзлигини унутишга маҳкум этилган, қадриятлари поймол этилган, эрки камситилган Шахснинг фожиаси кўрсатилган. Қаҳрамон ва муаллиф ҳаётини параллел равишда кузатсак, жамият ҳаётида ўрнини топа олмаслик ва қадрсизлик масаласи муаллифнинг ўзига ҳам бегона эмасдай...

 

Ёзувчи асарлари тадрижий равишда кузатилса, унда ёритилган асосий воқелик ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келади. Миллатнинг истиқлолга етишиш йўлида олиб борилган ҳаракати, зиёлиларнинг фаоллиги, она тили учун курашдаги жонбозликлари ёзувчи асарлари учун замин бўлиб хизмат қилган.  Қолаверса, адиб мана шу курашлар ичида жонли гувоҳдан ташқари иштирокчи бўлгани, фидоийлик кўрсатганлигини унутмаслик лозим. Муаллиф ҳар бир асарида инсон кўнглини шунчаки тасвирлаб қўймайди, балки унинг кечинмаларини тадқиқ этади, тадқиқни талқин қилади. Шу боис унинг учун “Адaбиёт инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот” ҳисобланади. Муаллиф асарларида инсон қалбини кенг қамровли файласуфнинг нигоҳи билан чуқур тадқиқ этади, унинг ҳолатларини бамайлихотир ҳикоя қилади. Айнан мана шундай “бамайлихотир” бўлиш учун катта қалб, бағрикенглик керак. Бу эса ақл даражаси жуда юқори бўлган файласуф нигоҳини англатади, менингча.

 

Назар Эшонқул бадиий-фалсафий тафаккурнинг энг юқори поғоналарида сўзлайди, юксак пардаларда фикрлайди, дунёвий кўламда хулосалайди. Муаллиф Инсон зотининг изтиробларидан, азобларидан ҳикоя қилади. Бунинг тагзамирида ёзувчи инсоннинг эъзозланиши ва қадр топишини истайди. Ёзувчи элни, миллатни маърифатга чақиради, жаҳолатни қоралайди. Миллатпарварлик нимадан бошланади, жаҳолатга қарши курашган ва нафси устидан ғалаба қозонган Шахснинг ўзга миллат вакилларини камситмасдан, ўз миллий қадриятларини авайлаб, миллий ғурур ва миллий бирлик туйғусини намоён этишидир. Ёзувчи ижодида миллатпарварлик тушунчаси унинг ижодий концепциясининг асл мағзини ташкил этади.

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 32
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10393
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//