Буюк мутафаккир олим Aбу Райҳон Беруний “Инсоннинг қадр-қиммати ўз вазифасини аъло даражада бажаришдан иборат: инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни эса қилган меҳнати билан белгиланади, инсон ўз мақсадига меҳнат ва курашиш туфайли эришади”, деган эди. Минг йиллар аввал айтилган бу фикр ҳаётда такрор ва такрор ўз тасдиғини топаверади. Инсоннинг олдига мақсад қўйиши ва унга интилиши, ҳаракат қилиши эса, албатта, мевасини беради. Ўз мақсади сари интилаётган ва муваффақият қозонаётган шундай фидойи ёшлардан бири Ҳулкар Ғаффоровадир.
Ҳулкар Ғаффорова 1985 йил 5 майда Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида туғилган. 2015 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. У ҳозирги пайтда Навоий шаҳридаги 16 умумий ўрта таълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида ишламоқда.
Ҳулкар 2022 йил 14-15 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг яхши тарғиботчи” танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Aлбатта, бу босқичгача келиш ва унда ғолиб бўлиш кучли билим ва шижоат, катта иқтидор ва тажрибани талаб этади. Aйниқса, оламнинг нозик ҳилқати саналмиш аёл учун ҳам ишлаш, ҳам оила, фарзанд тарбиясини тенг йўлга қўйиш анчагина машаққатли экани ҳеч кимга сир эмас.
Навоий давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетини тугатган Ҳулкар Ғаффорова дастлаб “Камолот” ЁИҲ Навоий вилоят кенгашида иш бошлаган. Ўша пайтлардаёқ унинг ёзган мақолалари ва ижодий ишлари тез-тез марказий ва вилоят нашрларида чоп этиб турилган.
Дарвоқе, Ҳулкар Ғаффорова ушбу танловдан олдин ҳам бундай беллашувларда иштирок этган. Хусусан, у ишдаги фидоийлиги, ташаббускорлиги боис, 2012 йилда “Камолот” ЁИҲ томонидан таъсис этилган танловда “Йилнинг энг яхши хушмуомала ва одобли аёл ходимаси”, 2013 йилда эса “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” номинацияларини қўлга киритган.
Бир неча йиллар давомида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашида фаолият юритган Ҳулкар Ғаффорова 2019 йилнинг декабр ойидан бошлаб Республика Ёзувчилар уюшмасининг Навоий вилояти бўлимида бош мутахассис лавозимида иш бошлади. Қисқа фурсатда у ижодкор ёшларнинг бошини бир жойга қовуштириб уюшма вилоят бўлими қошида “Ёш ижодкорлар” клубини ташкил этди. Ҳулкар клуб ишини олиб бораркан, аввало ижодкор ёшларнинг ижодий ишларини тўплаб, вилоят ва республика нашрларида чоп эттиришга алоҳида эътибор қаратди. Клуб иштирокчилари бўлган Машҳура Нормаеванинг “Баҳор ҳеч кетмасайди”, Гулифар Тўхтаеванинг “Aтиргулга айтар сўзим”, Моҳинабону Тешаеванинг “Баҳор” каби шеърий тўпламларини нашр этишга бош-қош бўлди.
Ҳар бир қаламкашга ўз битикларининг мухлислар қўлига етиб бориши муҳим. Бу таъбир жоиз бўлса, ижодкорга қанот бағишлайди. Буни яхши англаган Ҳулкар ўтган йили ўзи фаолият юритаётган мактаб ёшларининг машқларини тўплаб, “Илҳомимга қанотсан – Ватан” номли китобни нашр эттиришга муваффақ бўлди. Ёшларни адабиётга, матбуотга қизиқтириш мақсадида “Ренессанс” номли мактаб ички газетаси нашрини йўлга қўйди.
– Клубимиз машғулотларида 30 нафар бўлажак шоир ва носирлар иштирок этмоқда, – дейди Ҳулкар Ғаффорова биз билан суҳбатда. – Булардан ташқари, матбуот, радио-телевидение мухбирлигига қизиқувчилар ҳам бор. Ижодий-маданий масалар бўйича тарғиботчиларнинг мактабга келиши ижод аҳли билан ёшларни янада яқинлаштирди. Ўқувчилар билан таниқли ижодкорлар, Зулфия мукофоти совриндорлари ўртасидаги учрашувлар мунтазам тус олди. Жумладан, “Саодат” журнали бош муҳаррири, таниқли шоира Мунаввара Усмонова ҳамда нафақат вилоятимиз, балки республикада танилган Одил Ҳотамов, Шойим Шерназар каби устозлар билан учрашувлар ёшларимизда адабиётга, китобхонликка катта қизиқиш уйғотди. Ҳозир мактабимизда 102 нафар китобхон ўқувчи бор. Мактабимиз ўқувчиси Машҳура Ҳакимова шу йил “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичига чиқди. Биз бу ютуқлар билан чекланиб қолмаймиз, олдинда қиладиган ишлар кўп. Умуман, бугунги ёшларни адабиётга, китобга жалб этиш борасида биз тарғиботлар олдида катта вазифалар турибди.
Ҳулкар Ғаффорованинг шеърлар ва бир нечта ҳикоялардан иборат китоби эса 2021 йилда “Дилбоғим” номи билан нашр этилган. Ўтган йили таниқли журналист Aбдукарим Мирзаев томонидан ташкил этилган “Биз билмаган ҳикоялар” танловида “Катта ҳовуз” ҳикояси билан иштирок этган Ҳулкар Ғаффорова “Мухлислар эътирофи” номинацияси ғолиби деб топилган.
Ёш ижодкорнинг кейинги ишларида куч-қувват, шижоат ва ғайрат тилаб қоламиз. Ҳаёт интилганларни севади, ҳаёт ўзига ишонганларни севади. Шунчаки ҳаракатдан тўхтаманг, ҳаракат ортидан натижа ва ютуқлар келаверади.
Беҳруз ХУРРАМ,
ЎЗДЖТУ талабаси
Адабиёт
Санъат
Тил
Адабиёт
Жараён
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ