Жамила севгани билан куппа-кундузи қочиб кетди, урушдан қочиб келган биринчи киши қирғиз бўлиб чиқди – Чингиз Айтматов миллати шаънини ерга урганми?


Сақлаш
22:22 / 13.06.2022 1559 0

1974 йили Тошкент давлат – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини битираётиб, Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида машҳур адиб Чингиз Айтматов билан учрашишга муяссар бўлганман. Чингиз оға республиканинг бош кутубхонаси раҳбарларига “Ушул жигитге жардам қилингиз” деган мазмунда хат ёзиб берди. Икки ҳафта столдан бош кўтармай, ёзувчининг маҳаллий газеталарда рус ва қирғиз тилларида эълон қилинган мақолаю суҳбатларини ўқиб чиқдим, керакли маълумотларни тўпладим. Ишим битгач, ийманибгина у кишининг идорасига бордим. Чингиз оғанинг ёрдамчиси шоир Жўлон Мамитов адиб билан яна бир бор кўришишимга кўмаклашди. Минг хижолат билан ичкарига кирдим. Чингиз оға муқовасига “Бунин” деб ёзиб қўйилган китобни ўқиб ўтирган экан.

 

– Хўш, жигит, ишларинг битдими, маға қандай суроо бар? – деди мен билан сўрашар экан. Биринчи учрашувимизда қирғиз тилида сўзлашишга озроқ ҳаракат қилганимдан хурсанд бўлиб, “Тил билуу абдан жақши”, дея янги китобига “Иним Ахматжан Мелибаевга журналистик майданда ийгилик тилеймин” деб дастхат ёзиб берди.

 

Саволларим кўп эди. Ҳаяжон босиб турибди. “Правда” газетасида эълон қилинган “Бу сизнинг айбингиз, ҳамқишлоқлар” фельетонидаги жабрдийда Асилгулни эсладим, унинг кейинги тақдирига қизиқдим. Чингиз оға бўлган воқеани гапириб берди. Асилгул ҳозир овулда яхши яшаётгани, яқинда ундан мактуб олганини айтди.

 

– “Сарвқомат дилбарим”даги Асал образининг прототипи шу Асилгул бўлса керак, – деб сўрадим.

 

– Асал тўқима образ, аммо сен тўғри пайқабсан, Асилгулнинг Асалга ўхшаган жойлари бор, – деди Чингиз оға. Бу гапдан сўнг бир оз дадиллашдим: “Момо ер”даги Тўлғаной очеркингиз қаҳрамони Телегей Алмамбетовнага ўхшаб кетади...

 

– Буни-да яхши пайқабсан.

 

Ёзувчи ёндафтаримга фикрларини ёза бошлаганимни кўриб, тушунтира кетди:

 

– Сен жигит, яхши билишинг керак, ёзувчи бадиий асар устида иш бошлар экан, ҳаётда бўлиб ўтган, ўзи гувоҳ бўлган воқеалар, одамлар тақдири, қийинчиликлар, адолатсизликлар кўз ўнгидан ўтади. Асар сюжетини ишлашда шу воқеаларнинг таъсири бўлади, албатта. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ёзган китобларни ўқиган бўлсанг керак, уларнинг энг йирик полотнолари тўғридан-тўғри ҳаётдан олинган. Тошкентга борганимда Ойбек менга Алишер Навоий тўғрисида роман ёзишдан аввал бу генийнинг ҳаётини чуқур ўргангани, илмий мақолалар ёзганини айтиб берган. Менда ҳам шундай бўлган, буни тўғри сезибсан. Лекин бундан бадиий асарда фақатгина ҳаётда юз берган воқеалар акс этади, асар қаҳрамонларининг жонли прототиплари бўлади, деган фикр келиб чиқмайди. Бу тўғрида олимларнинг фикри бошқача бўлиши мумкин, бироқ, менинг ўйимча, бадиий асар ёзувчи ички сезимининг меваси.

 

– Яхши журналист бўлиш учун нима қилиш керак? – деб сўрадим суҳбат якунланаётганини сезиб.

 

– Ой, бунинг “правиласи” йўқ. Бироқ, сенга айтарим шуки, журналист кўп ўқиши, эл орасида юриши, дардини билиши, қувончларига шерик бўлиши керак. Устюртда мухбирлик қилиб юрганимда, газчиларнинг ҳаётини ўргандим, абдан қийин, унча-мунча одам дош бера олмайдиган иш. Шу ерда газ қувури портлагани, еру осмон қўшилиб ёна бошлагани, темир платформалар сариғёғдай эриганини кўрдим. Тасаввур қиласанми: ажал олови аждаҳодай ҳамла қилиб турибди, яқинига йўлатмайди. Жаҳаннамнинг ўзи дейсан, ундан-да хатарли. Шунда ҳам азамат кончилар, ўт ўчирувчилар, мутахассислар ҳаётини таҳликага солиб, юз-кўзлари қизариб-қорайиб, кийимларига ўт илашганига ҳам қарамай, жон ҳолатда у ёқдан бу ёққа чопиб ишламоқда, оловни ўчиришга уринмоқда. Мана буни қаҳрамонлик деса бўлади. Пахта ҳақида ёзган мақоламни ўқиган бўлсанг керак (“Правда” газетасида 1964 йили эълон қилинган “Пахтанинг ойдин йўли” мақоласи кўзда тутилмоқда – А.М.), уни ёзиш учун, билсанг, о-ойй, Мирзачўлни бошдан оёқ кезиб чиқдим, Тошкент, Андижон, Бухорою Самарқандда бўлдим, кино архивида ишладим, тарихий обидаларни кўрдим, ноёб ҳужжатларни кўздан кечирдим. Таниқли одамлар билан суҳбатлашдим. Ойдин кечаларда тележкалар турнақатор бўлиб, ўзбек деҳқонлари етиштирган ҳосилни пахта омборларига ташиётгани, бу иш одамларнинг қон-қонига сингиб кетгани мени илҳомлантирди. Пахта етиштириш нақадар машаққатли иш эканини ҳис қилибгина қўлимга қалам олганман. Зарафшон дарёси тошиб, қирғоқларини ювиб, атрофга ғулғула солганини ҳам кўрганман. Жувалида буғдой ўримини кузатганман. Биз нон ҳиди деймиз, аммо буғдой ҳиди демаймиз. Ҳозиргина комбайн бункеридан тўкилган буғдойни кафтингга олиб, унинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган ҳидини туйганмисан, буғдой доналарининг олтиндай товланишини-чи, кўрганмисан? Бир ҳовуч буғдой ундириш учун қанча меҳнат сарф бўлишини ўйлаб кўрганмисан? Мана, яхши журналист бўлишнинг сири қаерда, иним. Агар мен бу воқеаларни ўз кўзим билан кўрмаганимда, таҳликали пайтларда одамлар ўзини қандай тутишига гувоҳ бўлмаганимда, қанча ёзмайин, мақтовни келиштирмайин, чиройли сўзларни маржондай тизмайин, журналистлик бурчимни бажара олмаган бўлардим. Бизда мухбирлар кўпинча хоналарида чойнакнинг қопқоғини ўйнаб ўтириб, ичидан тўқиб-чатиб ёзади. Мақолага, у катта бўладими, кичикми, ёлғон қўшилмаслиги керак...

 

Ҳар гал қўлимга қалам олганимда адибнинг шу сўзлари ёдимга тушади. Маркесни эслайман: “Журналистика ялқовликни унутишга ёрдам беради. Журналистика мени елиб-югуришга ундайди, ёзув столига ўтирғизиб, ёзишга мажбурлайди, қандай шароит, қанақа муҳит, ҳатто меҳмонхонада бўлсам ҳам... Журналистиканинг ёзувчига берадиган кўмаги ишдаги жонли мисоллардангина иборат эмас. У сўз билан доимий алоқада бўлишга кўмаклашади”.

 

Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, у дастлаб газеталарда эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолалари билан эътиборга тушди. Болалиги уруш йилларига тўғри келган, ҳаётнинг не-не синовларини бошдан ўтказган, хуш-нохуш воқеаларга гувоҳ бўлган, эл-юрт кезиб чарчамаган Айтматов қаламига мансуб мақолаларда ҳаётнинг аниқ-тиниқ манзаралари, реал тақдирларга, бизга худди аввалдан таниш одамларга (Илёс, Танабой, Сеит, биринчи муаллим, Олтиной) дуч келамиз, юзаки, ҳиссиз фикр-мулоҳазалар, қуруқ баёнчилик учрамайди, аксинча, муаммолар ошкора кўрсатилади, йўл қўйилаётган камчиликлар рўй-рост таҳлил этилади. Журналист Айтматовнинг қаҳрамонлари – оддий одамлар, аммо уларнинг ҳар бири ўз оламига, бошқаларникига ўхшамаган тақдирига эга. Жонли ва содда тилда ёзилган, миллий туйғу билан суғорилган, чуқур лирик кечинмалар, романтик бўёқларга бой “Газетачи Дзюйдо”, “Ашим”, “Қизил олма”, “Сепоячи”, “Оқ ёмғир”, “Рақиблар”, “Байдамтол соҳилларида” каби ҳикоялари, “Жамила”, “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз” қиссаларида буни аниқ сезиш мумкин. Адиб уларда инсон ҳаётига доир муҳим ижтимоий-маънавий муаммоларни қирғиз адабиётида (бошқа миллий адабиётларда ҳам) шу кунгача устунлик қилиб келган анъанавий талқин усулларидан тамомила бошқача тарзда кўтариб чиқишга журъат этди. Бу – қирғиз адабиёти остонасида янги истеъдод соҳиби турганидан далолат эди. Чиндан ҳам дастлабки китоби – “Тоғ ва дашт қиссалари” Айтматовни машҳурлик чўққиси сари етаклади. Тадқиқотчилардан бири “Қирғиз халқи жаҳон маданияти хазинасига “Манас” эпосини, энди эса Чингиз Айтматовни бердики, бу икки буюк ҳодиса ушбу халқ тўғрисидаги тасаввуримизни янада бойитди” деб ёзган, қирғиз адиби Мар Бойжиев эса “Чингиз Айтматовнинг миллий мавзуда асар ёзиш маҳорати бизга халал беради. У бу ишни шу қадар баланд чўққига кўтариб қўйдики, эндиликда биз бу мавзуга қўл урадиган бўлсак, Айтматовдан ўтказиб ёзишимиз керак. Бунинг сира иложи йўқ”, деган эди. Адиб кичик бир миллат мисолида ҳам бутун инсониятга тегишли муаммоларни кўтариб чиқиш мумкинлигини исботлади.

 

Айтматов ижоди, Асил Рашидов таъкидлаганидек, “ўз-ўзидан, қуппа-қуруқ заминда юзага келмади. Аксинча, бир халқ иккинчисидан, ёш авлод кекса авлоддан, бир ёзувчи иккинчи ёзувчидан сабоқ ўрганиб келгани сингари, унинг ноёб истеъдоди ҳам мавжуд ижтимоий шароитда ва янги тарихий заминда юзага келди ва тез суръатлар билан равнақ топа билди”. Айтматов сўз санъатига қирғиз адабиётидаги, бу қадим тупроққа ёндош бошқа миллий адабиётлардаги илғор тажрибаларни чуқур ўзлаштирган, мағиз-моҳиятини чаққан ҳолда кириб келди, десак хато бўлмайди. Муҳими шундаки, Чингиз оға собиқ тузумнинг қон-қонимизга, онг-шууримизга сингиб кетган мафкуравий қадриятларидан воз кечиш пайти келганини бошқалардан кўра эртароқ сезди. Бу сезимини дастлаб танқидий мақолаларида, сўнг бадиий асарларида баён эта олди. Танқидчи Қ.Бобулов айтганидай, “Айтматов ўзидан олдинги касбдош оғаларнинг юмшоқ бешигида улғайган бўлса-да, ижодкор сифатида бундан буён бу бешикда бамайлихотир ётавериш мумкин эмаслигини пайқаган эди”. Адабиётшунос К.Асаналиев Айтматов ижодидаги бир хусусиятни бундай изоҳлайди: “Чингиз Айтматов ўз сўзига, ижодига ёлғон аралаштирмаган, ҳақиқат қанчалик аччиқ бўлмасин, уни бутунича, таг-тугигача айта олган ёзувчилар сирасига киради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у аёвсиз чинчи (ҳақиқатчи), ростгўй ёзувчи. Қаҳрамонларига нисбатан аёвсизлиги ёзувчига хос оқ ниятдан, турмушда учраб турадиган зиддиятларни суваб-сийпаламай, тараб-бутамай асл ҳолича айтиш мақсадидан келиб чиқади”.

 

“Жамила” қиссаси муаллифни оламаро машҳур қилди. Бу тўғрида кўп ва хўб ёзилган. Аммо айни шу асари учун муаллиф эшитмаган танбеҳ қолмаган. “Жамила” чоп этилганида ўзимизнинг туппа-тузук ёзувчимиз бирдан унга ёпишиб қолди, – дея хотирлайди адиб. – Қиссани фирқа мажлисида, жамоатчилик кўз ўнгида ер билан яксон қилди. У ўзининг қиссага қўйган айбларида бадиий ижодда маъно ва мазмун партия сиёсатига уйғун бўлиши, ижодкор социалистик реализмдан чекинмаслиги, идеологиянинг бошқа қатъий талаблари ҳақида узоқ сафсата сотиб, охири оиланинг бузилиши коммунистик ахлоқ принципларига катта зарба эканини таъкидлади. Оила бирлиги ва аҳиллиги партия ва жамиятнинг асосини ушлаб турган муҳим таянч эканини урғулаб, ниҳоят, менинг қиссам ана шу ғояларга мос келмаган сюжет асосида ёзилганини “фош” этди”. (Айтматов Ч. “Болалигим”. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-ижодий матбаа уйи. Тошкент, 2008. 71–73-бетлар).

 

Айтиш зарурки, бундай эътирозларнинг ўзига яраша “сабаблари” бор эди. Жамила урушда қон кечиб юрган эрини ташлаб, бошқа биров билан, яна денг, қайниси Сеит хайрихоҳлигида қочиб кетади. “Бўтакўз” ҳикояси қаҳрамонларига эътибор беринг: “академик” лақабини олган, “ҳозиргача араванинг шотисини ҳам, бўйинтуруқни ҳам ушлаб кўрмаган” Камолнинг сўзлари: “Нега таҳқирланган, хўрланган мен бу аччиқ шувоқзор, шўр босиб ётган кенгликларни кезиб чиқишим керак экан? Қаёққа назар ташлама – қуп-қуруқ, жонсиз биёбон, яйдоқ дала. Бу ерда одамзод учун нима бор? Унинг яшаши учун бошқа жой қуриганми?”

 

Шу ҳикоядаги Абубакирнинг таърифи: “Мунча баджаҳл, мунча заҳар бўлмаса. Юзи анча хунук, ёноқ суяклари бўртиб чиққан, қўллари арслон панжасидай бақувват, аммо ўзи анча хушқомат, кўзлари бўлса важоҳатли, совуқ, сал нарсага қонга тўлади. Жони бўғзига келади. Бундай пайтларда эҳтиёт бўлмасанг ғажиб ташлайди.”

 

Садабекнинг хотини Алдей (Садабек билан Абубакир уришиб қолганда Абубакирга): “Қани, тегиб кўр-чи! Кўзларингни ўйиб олайки, ўзингни ўзинг танимай қолгин.”

 

Сақмончи қиз: “Ўзимнинг ҳам оқин сувларни кўргим келиб кетди. Қўзиларим ҳам зилол сув қанақа бўлишини билсин дедим! Қўзиларни боқиб, катта қилиб чўпонга топшираман, кейин университетга ўқишга кетаман...” Камол: “Вақти-соати етса, мен ҳам ўқимоқчиман. Бироқ мен механизация мактабига кираман...”

 

Бир қарашда, Чингиз Айтматов ҳақиқатан ҳам адабиётда ўша йилларга хос анъаналардан четга чиқаётгандай, уларни менсимаётгандай. Ахир, қаёқдан келиб қолди бунақа “дурагай” қаҳрамонлар – ўзи қирғиз бўлса, овулда яшаса-ю, шу чоққача бўйинтуруқни билмаса? Қачондан бери яйдоқ дала, шувоқзору янтоқзорлар унга бегона бўлиб қолди? Қаёққа кетмоқчи? Ҳамма кетаверса, ҳамма университетда, механизация мактабида ўқиса, яйловда ким қолади, чорвани ким боқади? Бу ҳам майли, қирғизлар шунақами – заҳар, баджаҳл, кўзлари важоҳатли, сал нарсага қонга тўлади. Аёл киши “кўзингни ўйиб оламан” деб турибди. Жамила куппа-кундузи қочиб кетди, Алиман бировдан ҳомиладор бўлиб қолди. Қайнонаси Тўлғаной бир нима деяётгани йўқ. Урушдан қочиб келган биринчи киши қирғиз бўлиб чиқди. Бу нима? Миллат шаънини ерга уриш эмасми?

 

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари Чингиз Айтматов ҳар чорраҳада, ҳар йиғинда айни шу саволларга, таъсирчан “ғоявий зарба”ларга дуч келар эди. Адибнинг уларга жавоби танқидга учраган асарларининг мағзидан келиб чиқади: ҳаёт, одамлар, турмуш тарзи ўзгармоқда. Дунёвий воқеа-ҳодисалар онг-шууримизда ўз ифодасини топаётир. Инсоният тақдири ягоналик томон юз бурмоқда. Буни англамаслик мумкин эмас. Ҳар бир миллий адабиёт олдида умуминсоний, умумбашарий вазифалар билан бирга, фақат шу адабиётга хос бўлган миллий вазифа ҳам туради. Аммо “миллийлик” тушунчасини тўғри англамоқ лозим: “миллий вазифа” замирига “миллий маҳдудлик” тушунчасини сингдириш, бир миллатнинг иккинчи бир миллатдан улуғлигини исботлашга уриниш каби ҳаракатларни оқлаб бўлмайди. Бундай ҳаракатлар, охир-оқибат, маънавий қашшоқликка олиб келади. Борди-ю, гап бирор миллатнинг қадим мозийдан то шу кунларгача етиб келган урф-одатлари, маънавий-ахлоқий қадриятлари, айни шу халққа, шу миллатга мансуб турмуш тарзи, таомиллар, тил, иймон-эътиқод ва сажия, яъниким миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш ҳақида бораётган бўлса, бу ҳаракатни умуминсоний тараққиёт манфаатларига мос келмаслик деб баҳолаш мутлақо ўринсиз.

 

Айтматов адабиётга соф миллий ёзувчи сифатида кириб келди ва узоқ йиллар айни шу позицияда қатъий турди. Унинг ҳар бир асари адабиёт ихлосмандлари билан бирга, бошқа касб эгаларини ҳам оҳанрабодек ўзига тортади. Бунинг боиси, ёзувчи қаламига мансуб роман ва қиссалар, ўткир мушоҳадали публицистик мақолалар, нуфузли анжуманлардаги мағзи тўқ маърузалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, негаки, уларда наинки бугуннинг, айни чоқда эртанинг, яқин келгусининг, бир миллат ёки мамлакатга эмас, бутун инсониятга, Ер юзида тинч-тотув ҳаётни сақлаб қолишга бевосита тааллуқли ҳақиқатлар, бошқалар айтишга журъат эта олмаётган муаммолар куюнчаклик ва журъат билан тадқиқ этилади.

 

1990 йили Ўш ва Ўзганда қонли қирғин содир бўлганида Чингиз Айтматов шу чоққача минбарларни бўшатмай келаётган айрим адиблар сингари ўзини четга олмади. Можародан жафо чеккан ҳар икки томоннинг дардига дарддош, қайғусига қайғудош бўлиб, улар ёнида турди. Икки туркий қавмни тўқнаштириш аслида кимларга керак бўлиб қолганини куюниб, ички бир изтироб билан тушунтирди, телевидениеда чиқиш қилди, матбуот саҳифаларида мақолалар ёзди.

 

“Известия” газетасининг 1991 йил 189-сонида эълон қилинган “Жаҳаннам узра қарғалар фарёди” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1991 йил 9 август) сарлавҳали эссе фикр қамровига кўра бадиий асар даражасида ёзилган десак муболаға бўлмайди. “Мен учун бу мақолани ёзиш осон бўлмади, бундан кўра бошқа бир мавзуда йирик полотно яратишим осонроқ бўларди, – деган эди Чингиз Айтматов ушбу сатрлар муаллифининг саволига жавоб бериб. – Аммо менга, балки янада каттароқ шон-шуҳрат келтириши, баҳс-мунозара туғдириши мумкин бўлган навбатдаги китобимдан кўра, шу мақолани ёзиш зарурроқ эди. Қўлимга қалам олишим билан кўз ўнгимда Ўш воқеалари, юзидан қон қочган, кўзлари ола-кула, нигоҳида мубҳам алам қотиб қолган... одамлар гавдаланади. Қулоқларимда қарғаларнинг нолали фарёди акс садо бераётгандай бўлади. Қаламни суриб қўяй, бошқа мавзуга ўтай десам, Ўшда кўрганларим ёзувчилик виждонимни дўзах азоби янглиғ қийноққа солади. “Ёзишим керак, безовта юрагимни бўшатишим керак, мен айтишим керак бўлган гапларни икки томон бирдек кутиб турибди, жабрдийдаларнинг нигоҳи менга қаратилган. Менинг нима дейишим, фожиа илдизини қандай очишим, кимнидир балки айблашим ва бу хунрезликдан қандай хулосага келишимга кўп нарса, чунончи, Ўшдаги ҳаётнинг бундан кейинги тақдири ҳам боғлиқ, ҳиссиётга берилиш мумкин эмас, мутлақо мумкин эмас, дейман-да, озғин-тўзғин жумлалар туза бошлайман. Худди бошловчи қаламкашдек, ёзаман, ўчираман, ёзаман, ўчираман. Асабим дош бера олмаган эди ўшанда...”

 

Эссе шундай бошланади: “Олис ўсмирлик чоғим – қирқ иккинчи йилнинг кўкламида бир куни каллаи саҳарлаб қарғалар безовта қағиллаб фарёд кўтарди. Улар овул атрофида шанғиллаб айланарди. Ёнбағирдаги чуқур жарликка тоғ сурон солиб қулаган, одатда шу яқин атрофдаги болалар ўйнаб юрадиган жойни бутунлай босган эди. Эрталабдан бу ерга қўйларини ҳайдаб чиққан подачи бола билан унинг қўйлари ер тагида кўмилиб қолиб кетган эди. Қушлар ва одамларни ана шу фалокат даҳшатга солган эди... Ўша дамда нималарни бошдан кечирганим, қанчалар ларзага тушганим ҳамон ёдимда: кўзлари ола-кула бўлиб кетган хотинлар сочларини юлиб, телбанамо қичқиришар, тоғнинг худди асов отдай жаҳаннамга қулаши яхшиликдан дарак бермайди, худонинг қаҳри келди, қиёмат қоим бўлди, деб уввос солишарди... Қарғалар ҳам уларнинг бошларида тинмай чарх урар, тинимсиз қағиллаб, нола қилиб, юракларни ўртар эди... Неча ўнлаб йиллар ўтгач, бу даҳшатли нолалар яна қайта аламли садо берди. Ўтган кулфатзада йилнинг (1990) июнь ойи бошларида Ўшда бўлганимда, ўша ноумид нола қилган қарғалар тушимга кириб чиқди. Москвадан Тошкентга, Тошкентдан Ўшга оғир ўйлар ичра учиб келган, кутилмаганда бир зум кўзимни уйқу босганида, назаримда, мен қағ-қағ қилиб, оламни бузаётган қарғалар билан бирга ер узра чарх уриб учаётгандай, аламимдан ҳўнграб йиғлаётгандай, жон ҳолатда қичқираётгандай эдим. Пастда эса гўё тоғни ўз қаърига ютган ер ҳамон кўкка тўзон кўтариб, тўзғиниб, гувраниб ётарди. Бошяланг аёллар сочларини юлар, дод-фарёд кўтарар эди. Ўша олис йилларда бўлиб ўтгани каби, юрагим алам ва оғриқдан санчар, тун зулмати мени бўғарди... Ўқ овозлари, бақирган-чақирган товушлар эшитилар, ҳаммаёқдан қўнғироқ қилишар – теваракда, шаҳар атрофларида, туманларда, айниқса, Ўзганда ўлганлар ва ярадор бўлганлар кўп, ҳаммаёқда ёнғин, босқин, одамлар жонини қутқариш учун қочиб борардилар... Тарихдан “Варфоломей кечаси” ҳақида ўқиганмиз, бу – ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги “Варфоломей кечаси”, яъни қирғин-чопқин кечаси, қисматимизнинг қора туни эди...”

 

Бу “қора тун” ҳақида жуда кўп ёзилди, мишмишлар баланд тоғ чўққиларидан ҳам ошиб кетди, ростга ёлғон аралашди, аҳвол шу даражага етиб бордики, жабрдийдалардан кўра бу хунрезликни ташкил этганларга ён босувчилар ҳам топилди. Фикри тиниқ, идрок кўзи тийраклар учун ҳам Ўш воқеаларини туб илдизигача тушуниб етиш учун вақт керак бўлди. Товламачилар, сиёсий найрангбозлар, буюртмачилар бундан фойдаланиб қолди. Чингиз Айтматов фикр айтишга шошилмади. У роса бир йилдан кейингина сўз олди: “Ниҳоят, мана, бир йил ҳам ўтди. Қирғизлару ўзбекларни қўшиб ҳисоблаганда бугун Ўш халқи мана шунчалик қонли фожиаларни бошдан кечириб, оғриқ, аламларни ичига ютиб, муросаю мадора йўлига ўтганда ва, шу билан бирга, туркигўй Фарғонанинг қадим марказида тоғликлар ва водийликлар ўртасида азалдан мавжуд бўлган шу халқларга хос тарихий бирликнинг моҳиятига кўра ягона асрий анъаналарини тиклаётган бир пайтда, ўзбеклару қирғизлар бир-бирлари билан борди-келди қилаётган, бир ёқадан бош чиқариб, ўч, қасос олиш каби ибтидоий истакларни енгиб ўтиб, бу йўлдан воз кечиб, вайрона деворларни биргаликда тиклаётган бир маҳалда эски яраларни тирнагиси келмайди одамнинг...

 

Ўтган йилнинг аламли воқеалари ҳақида рости ҳам, ёлғони ҳам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам етарлича айтилди. Бемаъни зиёнкорлик селининг дами қирқилди... Зимистон кунлардан, ҳар икки халқ азоб-уқубатларидан сабоқ чиқариб ўйлайдиган, тавба-тазарру қиладиган фурсат етди. Шунга имкон туғилганининг ўзида биз учун халоскорлик бор, қайнаб турган қаҳр-ғазаб, ваҳшиёна қасос туйғуларини енгиб ўтиб, ақл-идрок йўлини танлашда биз учун халоскорлик бор... Буларни англамаслик ёхуд уларга менсимай қараш, боз устига, одамларни яна кин-адоват чоҳига ташлашга уриниш эндиликда нақадар хатарлидир. Бу – насл-наслларимизнинг қарғишига қолиш билан тенг. Шу маънода мен қаламкаш дўстларим, ўзбек ёзувчилари – Пиримқул Қодиров ва Одил Ёқубов билан ўз ватандошларимиз тақдиридан ташвишланиб Ўшга шошилган ўша оғир, хафагазак кунларда бошдан кечирганларимиз ҳақида ўртоқлашмоқчиман. Эҳтимол, бизнинг тажрибамиз миллий зилзилалар алғов-далғов қилиб турган мамлакатимизда жанжалли вазиятларни англашда қўл келар. Зиёлиларга қарата буни яна бир бор айтаяпманки, улар кўп ҳолларда шундай вазиятларни зўрайтирувчи ва жунбушга келтирувчи куч сифатида юзага чиқмоқдалар; бу куч эса васваса, қутқуга солувчи иблисона қувват касб этиши ёхуд фойдали томонга – бирлаштирувчи инсонийлик қувватига эга бўлиши ҳам мумкин. Жойлардаги ватанпарвар ғояларнинг эгалари кўпмиллатли ҳамжамият қучоғида миллий ўзликни англашни юқори ўринга кўтариш мутлақо тарихий эҳтиёждан келиб чиқади, деб эълон қилган қайта қуриш сиёсати тафаккуридаги нозик бир жиҳатни илғаб олиб, ўз давраларида қандай бўлмасин, бир халқнинг иккинчи халқдан гўёки азалий устунлиги, гўёки баланд мавқеи ҳақида тўхтовсиз сафсата сўқиб юрар эканлар, вазиятдан фойдаланиб, низо оловини ёқиш, худбин манфаатларини кўзлашга уринардилар ва бу, охир-оқибатда, аввал Ўш, сўнг бутун вилоятда табақалараро тўқнашувларга олиб келди, вилоят ерларига бир-бирлари билан жиққамушт қилиб қўйилган қирғизлару ўзбекларнинг қони тўкилди. Ўрмонга ўт кетди, ҳўл-қуруқ баравар ёнди”.

 

Собиқ тузум инқирозга юз тутгач, иттифоқдош республикаларда миллий ўзликни англаш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш, сохталаштирилган тарихни тозалаш ҳаракатлари бошланди. Бу ҳаракатларни миллатчилик деб баҳолаб, бир мамлакатда, бир жойда муқим яшаётган турли миллат ва элат вакиллари орасига низо солишга уринишлар авж олди. Бу жуда хатарли эди. “Миллий низолар шуниси билан қўрқинчлики, ҳар бир тараф одамлар бошдан кечираётган азоб-уқубатларни фақат миллий белгига, ўз йўқотишлари ва даъволарига кўра қабул қилади ва шу боис, кўр-кўрона ўч олиш истаги ўз-ўзидан жўш уради, – деб ёзади Чингиз Айтматов. – Бу истак даҳшатли юқумли касаллик – нафрат вабосини урчитади. Нафрат вабо каби урчиганидан сўнг, худди тоғдан тушиб келаётган сел оқими каби бир зумда асрлар давомида шаклланган ақл-идрокни босиб-янчиб, суриб кетади. Халқнинг фожиаси шунда. Бундай ҳолатда қасос олишга интилган тарафлар ўртасига тушган ҳар ким, улар учун ҳам, булар учун ҳам душманга чиқади. Яраштирувчининг фожиаси шунда”.

 

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталарида қирғиз матбуотида Чингиз Айтматовнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти хусусида танқидий мулоҳазалар ҳам билдирила бошланди, бу баъзан беодоблик даражасигача етиб борди. Адиб ўзига хос вазминлик билан уларга жавоб қайтарди: “Ҳа, менга нисбатан саволлар ҳам чиқиб қолди. “Айтматов коммунист бўлган, коммунистик тузумга садоқат билан хизмат қилган, Горбачёвни қўллаган...” ва ҳоказолар. Нима дейишим мумкин? Бизнинг авлод совет замонида туғилиб, шу замоннинг мафкураси таъсирида вояга етди. Шу замоннинг мактабларида ўқидик, китобларидан таълим олдик. Бизни танқид қилаётган, ўша йиллари ёзган у-бу сўзларимизни бугун юзимизга солаётган айрим синчилар ўттизинчи, эллигинчи йилларнинг даҳшатли суронлари ортда қолганидан кейин туғилган. Бу – уларнинг бахти. Сиёсат одамнинг қон-қонига сингиб кетган эди. Партиянинг ҳар бир сўзи бутун эл учун, жамият учун ўзгармас қоида бўлган. Бошқача яшаш, ҳаёт деганлари бундан айричароқ ҳам бўлиши мумкинлигини жуда оз киши ўйлаган. Шунга қарамай, бугун ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатаётганлар оз эмас. Майли, бу уларнинг виждонига ҳавола. Менга келсак, сизлар публицистика деб атайдиган кўплаб мақолаларим Москва газеталарида босилган. Битта мен эмас, эл-юртнинг кўз ўнгида бўлганларнинг ҳаммаси шундай қилган. Буни инкор этиб бўлмайди. Бугун мен ўзимга нисбатан айтилаётган кинояларга жавобан: “Қалп (ёлғон) сўйлаб қўйган эканман, кечириб қўясизлар, оғайнилар”, десам, кулгили аҳволга тушиб қолишим мумкин, бу билан бирор нима ўзгармайди ҳам. Совет даври менга тенгдош авлод ёзувчилари ҳаётининг бир қисми, уни истасанг ҳам, истамасанг ҳам умр баёнингдан ўчириб ташлай олмайсан. Тарихда содир бўлган ҳеч бир воқеа орқага қайтмайди. Биз бўлсак, одам боласимиз, ахир. Одам боласи бўлганингдан кейин янглишасан, баъзан ҳис-ҳаяжонга бериласан, тўғрими? Сиёсат парҳез таом эмас, жуда чигал нарса. Менинг ўйимча, буни алоҳида урғулаб айтмоқчиман: янглишиб, сўраб-суриштириб, онг-сезим билан ҳам ҳақиқатга етиб борса бўлади. Гап одамнинг кўз қарашлари бир жойда қотиб турибдими ё атрофида, жамиятда, дунё кенгликларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар таъсирида ўзига аён бўлмаган нарсаларни, янги билимларни эгаллашга ҳаракат қилмоқдами – мана шунда! Тарихда бунга мисоллар кўп. Коммунистик мафкура нималигини тушуниб етиш учун етмиш йил керак бўлди. Ҳаммасини вақтнинг ўзи ҳал қилди. Менинг айтарим шуки, бизнинг бу сохта замондан, сохта иттифоқдан, унинг ғоявий тушовларидан инсоний қадр-қимматимизни йўқотмай, иймонимиздан айрилмай, эл-юрт назаридан қолмай чиқиб олганимиз чўнг ғалаба, жуда чўнг ийгилик (ютуқ)”.

 

Чингиз Айтматовнинг сўнгги йигирма йиллик умри Европада ўтди. “Касандра тамғаси”, “Қулаётган тоғлар” асарлари шу йиллари ёзилди, қайта-қайта нашр этилди, саҳна асарларига айланди, шу билан бирга, жиддий мунозараларга сабаб ҳам бўлди. “Касандра тамғаси”ни мен Европада яшаётганимда, “қайта қуриш” даврини ўтаб бўлганимизда ёздим, – дейди адиб. – Шунданмикан, билмадим, ҳарқалай бу романда умуминсоний йўналиш мавжуд. Унда бирор халққа бевосита дахлдор бўлган муҳит, тарих қатламлари йўқ. Мен инсоният учун мос келадиган умум бир бадиий шакл топишга интилдим. Мақсадимга етдимми, йўқми – китобхонга ҳавола. Лекин шундай изланиш бўлди. Бу жараён осон кечмади. Асар мавзуи, воқеалар тизмаси ва уларнинг китобдаги талқини умуминсоний масалалар билан боғлиқ. Шу боис, бу асарнинг мухлислари камроқ бўлиши ҳам мумкин. Лекин мен учун бу асар бир босқич сифатида зарур бўлди. Бу асардан кейин она замин мавзуига қайтиш зарурлигини тушуниб етдим”.

 

Танқидчилар қитъа адабиётида бугун ғоят урф бўлган саргузашт-фантастик ифода услубини адиб ижодининг янги қирраси дея баҳолади. Бу фикрга қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин. Аммо бир вақтлар қалбимизга қўшиқдай ёқимли сингган соф миллий қиссалар муаллифи Айтматов билан янги аср бошларида Европа бағрига анча чуқур сингиб кетган, ўз юртида меҳмон ҳам бўлиб қолган Айтматовнинг наинки бадиий ифода тарзи, балки фикрлашида ҳам жиддий фарқ борлиги аниқ. Бу адибнинг ўзига ҳам маълум хусусият эди. У миллий туйғулардан узоқлашаётганини англаб, бу соҳилга яқинлашишга имкон қадар уринар, аммо вақт ўз ишини бажариб бўлган эди. Ҳаётининг сўнгги йилларидаги суҳбатларидан бирида, кутилмаганда, яқин-яқингача миллий республикаларда вилоят, шаҳар ва туман фирқа қўмиталарининг иккинчи котиблари маҳаллий миллат вакилларидан эмас, бошқа миллатга мансуб кишилардан тайинлангани, бу эса жуда тўғри ва адолатли иш бўлганини таъкидлайди. Яқин ўтмишимизга назар ташласак, айни шу “иккинчи”ларнинг аксарияти маҳаллий халқ тили, урф-одати, миллий ва диний қадриятларига беписандлик билан қаради, калондимоғлик қилди, чексиз-чегарасиз ваколатларидан худбинларча фойдаланиб, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишини бутунлай барбод қилди.

 

Ўзбекистонда ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида кўплаб атоқли олимлар, маданият ва санъат арбоблари тазйиқ остига олиниб, раҳбарлик лавозимларидан, илмий-ижодий фаолиятдан четлаштирилди, уларнинг ўрнини ўша “иккинчи”ларнинг яқин гумашталари эгаллади. Айтматовнинг бундан бехабарлигига ишониш қийин. “Дунёдаги кўпгина пойтахтларда ўрнатилган ҳайкалларга қаранг: ҳарбий саркардалар от устида савлат тўкиб турибди... Бугунги замонавийликка асосланиш ўрнига, бутун эътибор ўтмишга қаратилмоқда”, дейди бошқа бир суҳбатида.

 

Яна бир фикри: “Тақдир шундай кечдики, менинг асрим совет замонига тўғри келди. Бизнинг бу замондаги ҳаётимиз анча чекланган эди. Бу даврда ҳатто эътиқодимизда ҳам маълум чекланиш мавжуд бўлиб, ҳамма ҳақиқат фақат бизнинг тарафда деб ҳисоблар эдик. Бугун менда совет замонида биз нималарга эришганимиз билан дунёда нималар мавжудлигини ўзаро чоғиштириш имконияти мавжуд. Англаш ва тушуниш диапазони, табиийки, кенгайди. Бу кенгайишнинг инсонга кераги борми? Бор, албатта! Айниқса ижодкор одамга... Шундай бир шароитда ҳам мен миллий туйғулардан узоқлашиб кетаётганим йўқ. Европа нечоғли яхши бўлмасин, қалбим, айниқса, Москвада бўлганимда, иссиқ бир ҳарорат билан қопланади. Шу боисдан ҳам, мен Евроосиё – бизнинг қитъамиз деганимда, тушуниш ва ҳис этишнинг умумийлигини кўзда тутаман...”

 

Бу фикрларни шарҳлашга ҳожат йўқ. Уларнинг ўзи шарҳсиз ҳам кўп нарсани айтиб, англатиб турибди. Айтматов адиб сифатида ўткир қалами, зукко нигоҳи, онг-тафаккури билан бир ижодкор эришиши мумкин бўлган жамики марҳаматларга эришди, бу ёруғ оламнинг кенг ва равон, тош ва чағир, ойдин ва зулумотли йўлларида, ҳавас ва ҳасад кўчаларида, мартаба ва улуғворлик мавзеларида унинг қутлуғ излари қолди. Тоғ ва даштдан бошланган ижоди Иссиқкўлда, Устюртда, Анорхойда, Жувалида, Мирзачўлда, Париж ва Брюсселда давом этди, ижодий маҳорат бобида фазовий кенгликлар қадар юксакликка кўтарилди, икки туркий қавм устига қонли тоғ ўпирилиб, “қарғалар жаҳаннам узра чарх урганида” иймон ва виждони синовдан ўтди, собиқ империя тутдай тўкилиб, ота юрти сиёсий талотўплар исканжасида қолганини, ўзи меҳр қўйган Горбачев жанобларининг “қайта қуриш”, “жадаллаштириш” сиёсати чок-чокидан сўкилиб кетганини афсус-надомат билан узо-оқроқдан кузатиб турди. Аммо, нима бўлганда ҳам, беадоқ ифтихоримиз шундаки, тақдир бизни бу улуғ мутафаккир билан замондош бўлиш, унга эргашиш бахтига муяссар этди. Ўкинчимиз шундаки, “Мангу қайлиқ” асари “Қулаётган тоғлар” деб ҳам номлангани маъносини бир оз кеч, адибнинг ўзи ҳам тоғ каби қулаганидан кейингина тушуниб етдик.

 

Аҳмаджон Мелибоев,

Tafakkur журнали, 2018 йил 3-сон.

“Чингиз – денгиз демак” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//