Ўқитувчи мактаб боласини урди, ота-она муаллимни калтаклади, ўқувчи директорга сув сепди... – муаммонинг илдизи қаерда?


Сақлаш
17:06 / 13.06.2022 2609 2

Ёзги таътил бошланганидан сўнг муаллимлар енгил нафас олиб, болалар ҳам мактабдан озод бўлганидан қувонгандир, эҳтимол. Жорий ўқув йили давомида ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги можаролар аввалги йиллардан кўра кўпроқ кўзга ташланди.

 

Афсуски, таълим масканларида устоз-шогирдлик ўртасидаги меҳр риштаси ўрнига ўзаро адоват, ҳурматсизлик, нафрат кучайиб бораётгандек. Oyina.uz бунинг сабабларини суриштириш, мақбул ечимларини излаб топиш мақсадида вазиятнинг ичидан биладиган мутахассисларни саволга тутди.

 

 

 

Исроил Тиллабоев,

Республика таълим маркази директори ўринбосари:

 

– ХХI аср болаларини бошқариш қийинлашиб кетдими? Икки-уч йил олдин нохуш хабарларни кам эшитаётган эдик. Менимча, аввал ҳам бўлган-у, лекин телефонга олишга улгурмай қолганмиканмиз, деб ўйлайман. Ўтган ўқув йилида эса ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги конфликтлар шу қадар кўп бўлдики, суриштирсангиз ҳар бирининг ўз тарихи бор, охир оқибат жамоатчилик ҳам қайси томоннинг тарафини олишни билмай қолди. Масалан, Сурхондарёдаги инглиз тили ўқитувчисининг ўқувчини ургани роса ижтимоий тармоқда қаттиқ қораланди, ваҳшийлик деган тамға босилди. Кейинги видеолардан англадикки, ўзи боланинг тарбияси оғир бўлиб, устозни қуюшқондан чиқишга атайин мажбур қилишгача борган.

 

Жиззакилик, бетгачопарлик, худбинлик, манманлик, калондимоғлик ва, умуман олганда, тарбиясизлик ҳозирги ўқувчиларда нега лоп этиб юзага чиқмоқда, бунинг салбий оқибати қандай, нима қилмоқ керак? Айтилавериб увадаси чиқиб кетган бўлса ҳам, бир хақиқатни яна такрорлашдан чарчамайман: буларнинг бари оилада тарбия нотўғри берилгани ва ёки умуман берилмаганидан келиб чиқяпти. Оилада ота-онанинг сўзи ўтмаслиги, боланинг келажакда ё ўқимишли бўлишга, ё бирор касбни эгаллашга мотив берилмагани, нурсиз келажак, мақсадсиз яшашга ташлаб қўйилгани... Тан оламанки, ўқитувчиларнинг баъзисида тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлаш методикаси, педагогик қобилияти йўқлиги ҳам сабаб, чунки баъзи тўполончи болалар қайсидир фанда жим ўтиради, қайсидир фанда ўйин кўрсатади.

 

Салбий оқибатлари эса жудаям катта, педагогларнинг обрўсини тушириши бир тарафи бўлса, ўқитувчини ўқитувчиликдан бездириши, ҳаттоки ишдан бўшашига ҳам мажбур қилиши яна бир жиҳати. Бундай болалар синфидаги ўқувчилар тарбиясига, ўзлаштиришига ҳам таъсир ўтказади. Ишкалчи ўғил-қизларни тўғри йўлга солишнинг қатъий чоралари кўрилмаса, бу ҳолат юқумли касаллик каби газак олиб кетаётгандек тасаввур уйғотиб, юрагимни ғулғула босмоқда.

 

Ўқувчилар таълимида ютаётгандирмиз, лекин тарбиясини бой бериб бораётгандекмиз, назаримда. Аввало, ота-она масъуллигини ошириш керак, хулқи ёмон ўқувчиларнинг ота-онасининг иш жойида мазкур масалани кўриб чиқишга расмий талабномалар киритиш зарур. Ўқувчининг мактаб низомига риоя қилмагани учун ота-онасини моддий жавобгарликка тортиш механизмини йўлга қўйиш лозим. Шундай тартиб жорий қилиш керакки, ўқитувчи асабини бузмасин, фақатгина таълим билан шуғуллансин. Ўқувчи синфдаги бошқа ўқувчилар ва ўқитувчисига халақит берувчи ҳаракатлари учун муқаррар жазо кутиб турганини ҳис қилсин.

 

Ўқитувчининг шаъни, обрўси ва асабини давлат ҳимоясига олиши зарур. Хитой, Жанубий Корея, Япониядек тартибни қаттиқ ушлай олмасак, бугун мактаб директорига сув сепишга журъат қилган ўқувчи эртага бир челак мазғава ағдаришдан ҳам қайтмайди.

  

 

Ҳусан Карвонли,

“Маърифат”-“Учитель Узбекистана” газеталари бош муҳаррири:

 

– Мактабдаги нохуш ҳолатларнинг урчиб бораётганида ўқитувчининг ўзи, ота-оналар, ўқувчиларнинг ҳам айби бор. Энг асосий айбдор эса давлат, жамият.

 

Агар ўқитувчининг маоши камида минг доллар бўлганида мактабни ташлаб кетган кучли муаллимлар, эркак педагоглар таълимга қайтарди. Кучли ўқитувчи дарсини қойиллатиб ўтса, ҳеч бир ўқувчи ё ота-она унга қўл кўтариш тугул, гап ҳам қайтаролмасди.

 

Мактабнинг, устознинг обрўсини тиклаш керак. Бунинг учун биринчи навбатда мактабларни “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратиш амалиётидан воз кечиш керак!

 

Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши мактаб имижини белгилашда асосий кўрсаткич бўлиши мумкин. Қачонки, ўқувчилар чиндан мактабда олган билими билан ўқишга кирса. Ҳозир эса бу масалада репетиторлик соҳасининг улуши кўпроқ. Хоҳлаган мактабга бориб кўринг, ҳозир 10, айниқса, 11-синфда давомат қоғозда 100, амалда эса жуда-жуда камлигини кўрасиз. Болалар мактабда сиртдан ўқияпти...

 

 

Нигора Рашидова,

Сергели тумани 300-ДИУМ директорининг маънавият-маърифат ишлари бўйича ўринбосари:

 

– Тўғри, ҳозирги кунда ўқувчиларнинг ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлиги кўпайиб бормоқда. Бунга асосий сабаб оиладаги тарбия деб ўйлайман. Агар ота-она муаллимга ножўя муносабатда бўлса, фарзанд ҳам худди шуни такрорлайди. Шу боис аввал катталарни тарбиялаш зарур. “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикматли сўзни оилада кўпроқ ишлатиш керак.

 

Мустақилликка эришганимиздан сўнг иқтисодий ва сиёсий жараёнларга кўпроқ эътибор қаратилди. Мактаб эса ўқитувчи ва директор зиммасида қолди. Тозалик, таъмирлаш ишлари, пахта териш, кўчаларни тозалаш билан овора бўлди улар. Таълим сифати тушиб кетди. Педагог мактабни таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғишга мажбур бўлди. Ана шу нарса ўқитувчини обрўсизлантирди.

 

Шукрки, 2017 йилдан бошлаб бунга чек қўйилди. Ўқитувчининг мақоми оширилишига доир бир қанча қарорлар, лойиҳалар ишлаб чиқилди. Энди педагоглар фақат ўз устида ишлаши, малакасини ошириши ва ўқувчиларга сифатли таълим бериши керак.

 

 

 

Гулчеҳра Муродова,

Янгиқўрғон туманидаги 10-ДИУМнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси:

 

– Университетнинг 5-курсида ўқирдим. Орада дарс бўлмагани боис курсдошларимиз билан кинотеатрга кирдик. Фильм тугаб, ташқарига чиққанимизда узоқроқда кетаётган мактабимиз директори ва ёши улуғ ҳамқишлоғимизни кўриб қолдим. Зудлик билан ўзимни дугонамнинг панасига олдим. “Ўртоқ, мени яшир. Директоримиз кўриб қолмасин”, дедим унга. “Кўрса нима бўлади?” деди дугонам. “Ахир мени дарсга кирмай, кинома-кино юрган экан, деб ўйламайдими?” деб хижолатдан ўлиб-тирилгандим. Ҳозир шундай залвор ва салобатга эга устозлар йўқ, деб ўйлайсизми? Бор, албатта. Лекин уларнинг сафи тобора камайиб бораётгани ачинарли ҳол. Ҳар қандай ўқувчи ҳам бундай ўқитувчига гап қайтариш тугул, юзига тик боқишга журъат этолмайди.

 

Бирёқлама мулоҳаза юритмоқчи эмасман. Кимнидир айбдор қилишдан осони йўқ. Мақсад муайян муаммони бартараф этиш бўлса, энг аввало, ўша масаланинг илдизини – асл сабабини топиш ва муолажани ўша ердан бошлаш зарур. Ўқитувчи-ўқувчи ўртасидаги барча зиддиятларни ҳам бир хил сабаб билан изоҳлаб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири – алоҳида ҳодиса. Шу боис ташхиси ва чора-тадбирлари ҳам ўзига хос бўлиши табиий. Кўпинча воқеликка нисбатан умумий муносабатлар билдириляпти ва, шунинг учун ҳам, ҳаммаси қоришиб кетяпти. Ёппасига ўқитувчини ёки ўқувчини айблаш мумкин эмас.

 

Тўғри, бугунги болалар беш-ўн йил аввалгилардан кескин фарқ қилади. Лекин бу тафовут фақат ўқувчига тегишли эмас. Худди шундай ўзгариш ўқитувчида ҳам кузатилади. У ҳам беш-ўн йил аввалги касбдошидан фарқланади. Назаримда, ҳар бир инсон, аввало, ўзини тарбия қилиши даркор. Албатта, бунда фақат одоб-ахлоқни назарда тутмаётганим тушунарли бўлса керак. Эҳтимол, мазкур вазиятда “тарбият” сўзи кўпроқ мувофиқ келар. Дарҳол ҳазрат Навоийнинг машҳур байти ёдингизга тушдими? Балли! “Тарбият қилмоқ”ни “ҳар жиҳатдан камол топтирмоқ” маъносида қабул қилиш ўринли.

 

Юзага қалқиб чиқаётган муаммолар – айсбергнинг кўзга кўриниб турган кичик бир қисми. Сув тубидаги катта қисми эса назардан четда қолмоқда. Шукрки, айни кунларда давлатимиз раҳбари ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мақсадга эришиш учун эса бир кишининг бонги етарли эмас. Ҳамма ва ҳар бир киши бу борада ўзини масъул деб ҳисобламас экан, марра тобора узоқлашиб бораверади.

 

 

 

Азамат Қуллиев,

Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейи тарих фани ўқитувчиси:

 

– Мактабларимизда одоб-ахлоқ масаласи анча оқсаётганини охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолар ҳам исботлаб турибди. Шундай воқеаларнинг якуни билан қизиқсангиз, “тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди”, “тегишли тартибда чора кўрилди” каби хулосалар берилади. Савол туғилади: муаммоларни қачонгача қоғозда ҳал қиламиз? Масаланинг илдизи билан қачон қизиқамиз, яна такрорланмаслиги учун қандай чоралар ишлаб чиқамиз?

 

Аҳвол бўйича шахсий мулоҳазаларим: биринчи сабаб – аҳолининг катта қисми доимий иш ўрнига эга эмаслиги. Оқибатда оила боқувчилари – эр-хотин пул келадиган манбалар ортидан қувишга, эркаклар хорижга кетишга, қолганлари мавсумий юмушлар билан шуғулланишга, аёллар эса ҳатто мардикорлик билан шуғулланишга мажбур бўлади. Иш вақти чегараланмаган, меҳнат хавфсизлиги кафолатланмаган шароитда уззукун тер тўкиб чарчаган эр-хотин бола тарбиясига вақт ажрата олмаслиги аниқ. Фарзандлар ота-онасининг аҳволидан тўғри хулоса чиқарса хўп-хўп. Хулоса чиқармаса-чи?

 

Иккинчи сабаб – иш ҳақининг пастлиги. Кейинги йилларда ўқитувчиларнинг ойлиги оширилди дейишингиз мумкин, лекин бу ҳали етарли эмас. Кўпгина мактабларни тушдан кейин бориб кўринг, ўқитувчи иш вақтим соат тўртгача деб мажбуран ўтирган бўлиши мумкин, лекин ўқувчини учратмайсиз. “Фан тўгараклари мунтазам ишлаяпти”, деб интервью берадиган директорларимиз уялишса бўларди.

 

Ислоҳотлар яқин истиқболда доимий иш ўринлари кўпайишига, иш ҳақлари миқдори доимий ошиб боришига умид беради, лекин унгача қандай қилиб мактаб ўқувчисининг тарбиясини қаттиқроқ назоратга олсак бўлади?

 

Таклифим – психология йўналишида ўқиётган истеъдодли талабаларни мактаб таълимига йўналтириш, умуман, бу фаннинг олий таълимда ўқитиш услубини қайта кўриб чиқиш. Мактабларда психолог-руҳшунос штатлари сонини кўпайтириш ва ойлигини ошириш (иложи бўлса, ўқув, маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар ойлиги миқдорича). Биринчи синфдан битирувчи синфгача бўлган ўқувчилар руҳиятини чуқур ўрганган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқиш ва бу тавсияларни ўқитувчи, раҳбарият, ота-онага етказиш.

 

Биз журналларга ота-онасининг касби деган жойга “ишчи”, “вақтинча ишсиз”, “уй бекаси” деб ёзадиган ўқувчилар дарсдан кейинги қўшимча пулли машғулотларга қатнашгиси келса-да, деярли қатнашолмайди. Сабаби аниқ – маблағ йўқ. Бу эса жуда кўп ўғил-қизларимизнинг дарсдан кейин бекор қолишга сабаб бўлади. Бекорчи каллага эса турли хил бўлмағур хаёллар келиши табиий.

 

Мактабларда дарсдан кейин ДТМ фанлари доирасида машғулот ўтувчи тажрибали ўқитувчилар учун ойлик тўланадиган штатлар жорий этиш (иложи бўлса, фанларнинг ҳар бири учун иккитадан), имконияти бор мактабларда спорт тўгараги ўқитувчиси штатини очиш, замонавий касблар ҳақида дастлабки тушунчалар берувчи марказлар ташкил қилиш керак. Иқтисодчилар қўлига калькулятор олиб, “Сенинг таклифинг давлатга қанчага тушишини биласанми?!” дея ўшқириши мумкин. Лекин мен бутун бошли мактаб жамоаси учун эмас, келажак авлодимиз бўлган бола тарбияси билан шуғулланадиган инсонлар учун пул сўрадим.

 

Менинг таклифим эртага амалга ошиб, ҳамма болалар дарсдан кейин мактабга, фан тўгаракларига чопиб бормаслиги аниқ. Лекин ишонаверинг, ҳозир қандайдир чора кўрмасак, ТВ, ижтимоий тармоқларда ҳафтада ҳеч бўлмаганда бир марта юртимизнинг қайсидир жойидаги масъул ходимнинг юқорида айтилгандай “тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди”, “тегишли тартибда чора кўрилди” каби хулосаларини кўраверамиз. Кўчада “разбор” қилаётган ўқувчи қизларимизга, ўқитувчисини, мўйсафид, ўзидан ёши катта инсонларни масхара қилиб видеога олаётган ўсмирларга, олий таълимни амал-тақал битириб, бола билан умуман ишлаш қобилияти йўқ “ўқитувчи”ларнинг мактабларда бемалол ишлаётганига гувоҳ бўлиб юраверамиз. Бизга қайси маъқул?

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

оyina.uz

2 Изоҳлар

Собирали

06:01 / 01.01.1970

Айтса гап кўп, айтмаса дард. Ун ғалвирдамас, элакда эланиши керак. Юқори синф ўқувчиларига бир синф рахбарлик тўловини иккига бўлиб бўлса ҳам қиз болалар учун алоҳида аёл синф рахбар, ўғил болалар учун алоҳида эркак синф рахбарлиги тайинланса яхши бўларди деб ҳисоблайман. Яна бир иккита гаплар борда.. оч қорним тинч қулоғим..

Gulnora Haqberdieva

06:01 / 01.01.1970

Bu yerda aytilgan fikrlar 100 foiz to'g'ri.to'garaklar deyarli bo'lmaydi.o'quvchi bn ishlash tizimi yuq.bor qog'ozda.ustama uchun.oliygohga kirayotgan o'quvchilarni o'quv markaz tayyorlayapti.maktabda o'qib hech qachon kirolmaydi.lekin ustamani fan o'qituvchisi olyapti ko'zini pirpiratmasdan.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси