Адабиёт
Рус шеърияти кумуш асри даҳоларидан бири Анна Ахматова (Горенко) ҳаёти аёл бардоши ва матонатининг инсон идрок эта олмайдиган асрорларидан бирига ўхшайди. Шоира чекига ўта оғир, зиддиятли ва долғали замонда яшаш тушди. Иккита жаҳон уруши... инқилоб кўплаб тақдирлар қаторида унинг ҳам ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Яқинлари ўлими, қамоқ, йўқотиш, таъқиб ва тазйиқлар шоира қалбига ўчмас жароҳатлар солди.
Анна Ахматова 1889 йили 11 июнда Одессада туғилган. Царское Селодаги Мариинск қизлар гимназиясида ўн олти ёшигача таълим олди. 1910 йили истеъдодли шоир Николай Гумилёв билан оила ришталарини боғлади. 1912 йили чоп этилган “Оқшом” илк шеърий тўплами шоирага шуҳрат тожини кийгизди. Шу йили ўғли Лев Гумилёв (атоқли туркийшунос олим) дунёга келди. 1914 йили эса – “Тасбеҳ” тўплами. Янги истеъдодга Владимир Маяковский “Анна Ахматова шеърлари яхлитлиги билан эътиборга моликдир, улар ҳар қандай танқидга дош бера олади, ҳар қандай тазйиқда дарз кетмайди”, дея таъриф берганди.
Шоира Октябрь инқилобини қабул қила олмайди, айни чоғда Ватанни тарк ҳам этолмайди. 1918 йили Николай Гумилёв билан ажрашишга тўғри келди. 1922 йили санъатшунос Николай Пунинга турмушга чиқди. 1921 йили Инқилоб душмани сифатида собиқ эри Николай Гумилёв отилди. Николай Пунинни эса 1922 йили ҳибсга олишди. Бешафқат ҳаёт зарбалари кетма-кет давом этди. 1938 йили ўғли Лев беш йилга қамалди. Урушга кўнгилли бўлиб жангга кетганига қарамасдан, қайтгач яна ўн йил қамоққа ҳукм этилди. 1956 йилдагина озодликка чиқарилди. Шоира ўғлининг ортидан неча йиллар давомида қамоқхона эшикларида сарғайди. Бошига тушган бу мислсиз мусибат ва изтироблар кейинчалик “Марсия” поэмасида ўз аксини топди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентга кўчирилган рус адабиёти ва санъатининг атоқли арбоблари – Алексей Толстой, Константин Симонов, Корней Чуковский, Фаина Раневскаялар орасида Анна Ахматова ҳам бор эди. У қамалда қолган Ленинграддан 1941 йил ноябрида Тошкентга келди. Дастлаб Карл Маркс кўчаси (ҳозирги Махтумқули) 3-уйга жойлашди. Кейинчалик Жуковский (ҳозирги Содиқ Азимов) кўчаси 54-уйга кўчди. Абдулла Қаҳҳор, Темур Фаттоҳ, Владимир Луговской, Ксения Некрасова каби ижодкорлар билан бақамти яшади. Ўн тўққиз поғонали тик ёғоч зина орқали икки хонали болохонага кўтариларди. Манқалли ҳовлига қараган иккита деразадан улкан тут ва ўрик дарахти, тунлари “кумуш ой” кўриниб турарди. Умр бўйи НКВД жосуслари таъқибида, очлик ва хор-зорликда яшаган шоирага Тошкент ҳаловат ва хотиржамлик берди.
Уруш туфайли ота-она, уй-жойидан айрилган қаровсиз болалар ҳар куни эшелонлаб Ўзбекистонга келтириларди. Ўзбек оилалари аёллар, қариялар ва етимларни иссиқ бағирларига оларди. Анна Ахматова бу ҳақда шундай ёзади: “Ўша оғир йилларда СССРда яшовчи барча миллат вакилларини Ўзбекистонда учратиш мумкин эди. Битта заводда ёки суратга олиш майдончасида руслар, белоруслар, украинлар, молдаванлар, ўзбеклар, поляклар, литваликлар, греклар, болгарлар ёнма-ён ишлашарди. Немислар оккупация қилган ҳудудлардан келтирилган қанчадан-қанча етим болалар Ўрта Осиёда ўз ота-оналарини топди. Жўжабирдай жон оилалар турли миллат фарзандларига бошпана берди. Бир парча нони, бир луқма оши ва бир пиёла сутини улар билан баҳам кўрди. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслигини истар эдим...”
Шоира билан тез-тез мулоқотда бўлган тошкентлик журналист Светлана Сомова ўша кунларни хотирлаб шундай ёзади: “Тошкент бозори қайноқ ҳаёт оғушида яшарди – туялар лабларини чапиллатар, саллали қария анорни кесар, бармоқларидан қип-қизил шарбат томчиларди. Ахматовага бир жулдур бола илашиб олди, чўнтагини писка билан кесмоқчи бўлди, шекилли. Боланинг қўлидан ушлаб танбеҳ бердим: “Ҳой, нима қилмоқчисан? Бу ленинградлик меҳмон, ўзи оч-ку”, дедим. У кўздан ғойиб бўлди. Бирпас ўтиб яна бизга тўқнашди. Намунча ёпишиб олмаса, милицияга топширсамми, деб ҳам ўйладим. Бола кутилмаганда Анна Андреевнага кир латтага ўралган қип-қизил перашкани узатди ва “е” деди. Ўзи эса оломонга аралашиб кетди. “Наҳотки менга олиб келган бўлса”, деди Ахматова. “Албатта, у ахир буни сиз учун ўғирлаган”. “Мен бозор ўғриваччасининг бу бебаҳо совғаси – перашкани ҳеч қачон унутмайман”, деди шоира кўзда ёш билан”.
Шоира Тошкентдан туриб “Правда” газетаси таҳририятига “Мардлик” шеърини телефон орқали диктовка қилди: Биз биламиз тарозига қўйилмиш нима, Бу куннинг ҳам мазмуни аён...
Яна Светлана Сомова хотираларидан: “Бу воқеа ёз бошида, эҳтимол, 1944 йил майида бўлган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси коридоридан бўзранг костюм, паст пошнали туфлида Ахматова келарди. Шоира қаршисидан Ғафур Ғулом чиқиб, Ахматовага мурожаат қилди: “Сизнинг номингиз Анна, ўзбекчада бу Эна – Она дегани. Мен билан қишлоққа, Янгиерга юринг, деди. Ахматова бу илтимосни рад этди. Лекин Ғафур Анна Андреевнанинг тирсагидан ушлади-да: “Она сифатида, сиз албатта боришингиз керак”, деди. Ахматова миннатдорона табассум қилганча: “Ахир мен ўзбекчани билмасам, қандай бўларкин?” деди. Ғафур Ғулом Саида Зуннуновани чақириб, “Мана таржимон, у сизга ёрдам беради”, дея шоирага далда берди.
Чўлнинг гармсел шамоли юзларимизни очиқ печка оловидек куйдиради. Ғафур ҳар галгидек хушчақчақ, бу ҳолат бошқаларга ҳам юққанди. Умар Хайёмдан рубоий ўқий бошлади. Саида уни русчага ағдарарди. Шу пайт Ахматова секин товушда шивирлай бошлади. Буни Саида сезиб жим қолди. Ғафур ҳам орқасига ўгирилиб тинглай бошлайди. Шоира нималарнидир шивирлар экан, тўсатдан:
Если пьешь ты вино, только с умным дели его, друг.
Иль с красавицей тюльпаноликой, стыдливою, друг.
Много лучше не пей и грехов своих не открывай,
Пей один, пей тайком эту чашу счастливую, друг, –
дея мазкур рубоийни рус тилида ўқиди. Рубоий Саида Зуннунованинг ўзбекча урғули русча тилида ва, ниҳоят, рус тилида Ахматова таржимасида аниқ шакл касб этди. Сафар давомида қишлоқларда, ўзбеклар яшайдиган пахса уйли хонадонларда бўлдик...”
Шоира Тошкент муҳитида самарали меҳнат қилди. Госпиталлар, болалар уйлари ва мактаблардаги учрашувларга борарди. Ўтган 20 йилда ҳар йили 20-30 тадан шеър ёзган бўлса, Тошкентда қисқа муддатда 200 га яқин шеър битди. Йигирма йиллик танаффусдан кейин шоиранинг янги тўплами чоп этилди. Шоира илғор ўзбек зиёлилари ва адабий муҳитига таъсир кўрсатди. Ойбекнинг Ахматовага бағишлаб ёзган ушбу сатрлари фикримизнинг тасдиғидир:
Бир ёз куни, кучга кирган саратон чоғи
Зўр майдонга дов капалак сайрга тушди.
Қанотларнинг ранги майин – Беҳзод бўёғи...
Ҳансиради бир зумда у, тани буришди.
Асфалтда гул барги каби куйди қанотлар,
Гупурар бензин, ароқ ва тер, ҳаво дуд-тўзон.
Халқ дувури, елни силкиб учган пўлатлар,
Радионинг суронлари... айланар майдон!
Капалакнинг хотирида жонланди бу зум
Дарёларнинг яйдоқланган кумуш тўлқини.
Тоғларнинг қор салласидан ўчган табассум,
Чаманларда қуёш базми, нурлар ўйини...
Ситилганда дарддан кўзлар қора соққаси,
Парвоз учун интилди у – бемажол, забун.
Моторларнинг суръатидан маст куйик нафас,
Ногоҳ ютди, ҳатто ундан қолмади кукун!
Анна Ахматова ёш Ойбекни жуда яхши кўрар ва уни “менинг лўлигинам” деб атарди. У ҳатто хайрлашув шеърида ҳам Чустий, Ойбек номини тилга олганди.
Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,
Раҳмат ва хайр сизга, азизлар.
Дуррачамни силкийман кулиб,
Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий!
Раҳмат, Тошкент! Кечир, мени кечиргил,
Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.
Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,
Ёш ва дилбар қора сочли оналар,
Ширин кулчалар тутган болалар,
Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!
Саккиз юз куним – мўъжизавий сас,
Шу мовийранг чексиз осмон остида,
Шу ложувард тубсиз уммон остида
Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,
Эй, оташин боғ…
Меҳр-муҳаббат ва самимиятга йўғрилган сатрларда Ахматованинг ўзбек халқи ва заминига эҳтироми кўриниб турибди. Шоира Ленинградга қайтгач, “Айнан Тошкентда ёнаётган жазирамани, дарахтларнинг соясини, шилдираган сувлар товушини ва инсоний тафтни ҳис этдим”, дея ёзганди.
Наздимда кимнингдир қудрати ила
Тўсатдан ёришиб қолди бу шаҳар.
Ҳар битта ҳовлига хаёлот ила
Оппоқ нур киргандай бўлди сарбасар.
Нурларки, нафаси сўзлардан аъло,
Ярашиқ бу нурлар мовий ва қизғин.
Осмондан таралиб келиб аввало,
Ариқлар тубига етмоқда лекин.
Ёдимда абадий сақланажакдир,
Чароғон хонадон шод қий-чувлари.
Қорасоч кокилдор ёш оналарнинг
Қўлида кичкина баранчуклари.
Ушбу шеърда халқимиз боласини “қўзичоғим” деб эркалаши “баранчук” сўзи орқали ифодаланган. Урушдан кейинги йилларда ҳам шоирага осон бўлмади. “Знамя” журналида эълон қилинган туркум шеърлари учун 1946 йили коммунистик партия марказий қўмитасининг қарори билан сиёсий жиҳатдан қораланиб, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилди. Шеърлари, китоблари таъқиқланди. Мағрур шоирани бу ҳам синдиролмади. 1951 йили уюшма аъзолигига тикланди. Ҳали-ҳануз дарбадар шоирага, ниҳоят, 1955 йили Комарово шаҳарчасидан дала-уй берилди.
Кумуш аср шеъриятининг яккаю ягона “тирик” вакили ҳузурига келувчилар кети узилмасди. Анна Ахматова касалланиб ётиб қолгани боис ҳамма ҳам унинг ёнига қўйилмасди. Аммо тошкентлик қадрдонларга эшиги ҳамиша очиқ эди. Дилбар Рашидованинг хотирлашича, шоира “Агар Тошкентдан келишган бўлса, дарров олдимга киргизинглар”, деб талаб қиларкан.
1960 йилларга келиб Анна Ахматова жаҳоний эътироф ва шуҳратга эришди. Номзоди Нобель мукофотига қўйилди. Италиянинг нуфузли Этна-Таормин адабий мукофотини олди. Оксфорд университетининг фахрий доктори этиб сайланди.
Мамлакатимизда шоира ижодига қизиқиш ҳамиша кучли бўлган. Унинг шеърларини Ойбек, Зулфия, Азиз Абдураззоқ каби катта авлод вакиллари ҳамда замондошларимиз Гулчеҳра Нуруллаева, Абдулла Шер, Хуршид Даврон, Мирпўлат Мирзо, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова, Гулноз Мўминова ўзбек тилига ўгирган. 2000 йили Ўзбекистондаги Рус маданият маркази ва Россия илм фан ва маданият маркази ҳамкорлигида Тошкентда Анна Ахматованинг “Манқалли ҳовли” клуб-музейи очилди. Ўтган йили “Ўзбекистон” НМИУда “Рус адабиёти дурдоналари” туркумида чоп этилган 100 жилдлик тўпламдан шоиранинг ҳам китоби ўрин олди.
Абдумажид АЗИМОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Архипов Бахром
12:01 / 01.01.1970
Тасаннолар булсин укиб мазза килдим Буюк шоира хакида йиглаб укидим, таьзйиклар гирдобида ижод килган аел таьзимдамиз