Адабиёт
Бугун Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг таваллуд куни. У юмор ва дард қоришиқ асарлари туфайли халқимизнинг севимли адибига айланган. Оyina.uz портали “Китобхонлар давраси”дан адиб асарларидаги энг эсда қолган эпизод ва ибораларни ёзиб қолдиришни сўради.
Лобар Хайруллаева: “Орадан анчагина вақт ўтди. Тиллаев ҳассага таяниб кўча айлангани чиқди. Бир маҳал қараса, кўчанинг нариги бетида Қурбонбой Қоплонни етаклаб юрибди. Чақирса ит қаради-ю, Қурбонбой қарамади. Ўша куни янги директор ўғлининг туғилган кунига ўтириш қилиб бераётган экан. Тиллаевга машина юборибди. Эр-хотин боришди. Дарвозадан киришлари билан йўлакда ётган Қоплон уларни кўриб, думини ликиллатиб эркаланди.
– Бизнинг ит қалай? – деди янги директор.
– Бу итни танийман, – деди Тиллаев ва нарироқда янги директорнинг чарм тўнини туфлаб артаётган Қурбонбойга бир қараб, уйга кириб кетди” (“Қоплон” ҳикояси).
Персона Грата: “45 кун”да Азизхон Лутфинисани ўғирлаб қочадиган саҳна ёқади. Агар охирида Лутфи ўлмаганида эди, асарни дунёдаги энг гўзал севги қиссаси дердим. Яна шу китобдаги “Исмингни бошпўртингда ёзилганидек айт”, деган жумлага меҳрим бўлакча.
Наргиза Ибодатова: “Қоракўз Мажнун”даги Саодат аянинг ўлими олдидан ҳам қошларига ўсма қўйиши айрича ёдимда қолган. “Собиқ” ҳикоясидаги машҳур теримчи йигитнинг мажлисма-мажлис юравериб, асосий ишини қилолмай қолиши эса ҳозирги замондаги машҳурларни эслатади.
Умму Хайр: Жезқозғонни тарк этаётган Қори аканинг ўз ёпинчиғини ёзувчига ташлаб кетиш саҳнаси...
Зебо Матякубова: Менга Саид Аҳмаднинг ҳамма асарлари ёқади. “Қоракўз мажнун” ҳикоясидаги эгасига содиқ итнинг жон талвасасида ётган тасвирини кўз олдимга келтирсам, ҳар сафар бир йиғлаб оламан. Ҳатто дарс пайти бир ўқувчим қаттиқ таъсирланиб, ўзини йўқотиб қўйганди. Онаси ҳамшира эди. Дарров чақириб, уйига юборгандик. Адиб асарларини завқ-шавқсиз, таъсирланмасдан ўқишнинг ҳеч иложи йўқ, менимча.
Аббосбек Раҳматов: “Киприкда қолган тонг”даги Ўлмас Умарбековга берган тарифлари ёқади. Яна, қандай ош қилиб ейишгани ҳақида ҳам ёзган, қачон ош есам, шу эсимга тушади:
“Унга бир ишқибоз ошпазнинг паловга берган таърифини айтиб бердим. “Девзиранинг гуручи, қора қўчқорнинг гўшт-ёғи, қурбақа минмаган сабзи, чумчуқ сиймаган ўтин топсанг, ош ошдек бўлади”. Бугун шу одам айтган ош бўлади-ёв!
Ўлмас билан икковимиз тунука ўчоққа қозон қўйиб, ошга уриниб кетдик. Бундан бирор ой олдин ёғли қўчқор гўштини зиралаб, музлатгичда сақлаб юрардим. Ўшандан тўрт бўлагини олиб чиқдим. Доғланган ёғда қизартириб олиб қўйдим. Вақирлаб қайнаётган зирвакда то шўри чиқиб кетгунча қайнатиб, яна олиб қўйдик.
– Ошни ўзим дамлай, майлими, – деди Ўлмас. – Анчадан бери капгир ушламагандим.
Дамлашга етилган гуруч устига сур гўштларни қўйиб, ноёб қашқар зирасидан бир чимдим сепди. Ҳамма ёқни хушбўй зира ҳиди тутиб кетди”.
Феруза Файзуллаева: “Ота қарғиши мисоли ўқ – у охиратда эмас, шу дунёнинг ўзида нишонга тегади” (Нонкўр, хоин ўғил ва олим ота ҳақидаги “Сароб” ҳикояси).
Мұғалім Қыз: “Раис бўлиб, машинада керилиб ўтиришни билмаса, печать деганни аввал оғизнинг ҳовури билан намлаб, кейин босишни билмаса, подписи ҳам кўримсиз, қизил қалам турганда кўк сиёҳга бало борми?” (“Ходивой”дан парча).
Мехрибан Қуўанышбай Қызы Қартбаева: “Уфқ” менга қаттиқ таъсир қилган. Ушбу асарни иккинчи марта ўқиётган бўлишимга қарамай, Турсунбойнинг отаси вафот этганида йиғлаворай деганман. Мен қорақалпоқман, лекин айнан шу эпизодида ўзбек тилида “Э, Худойим” деб бақириб юборганман.
Мафтуна Холмурадова: “Уфқ” трилогиясини жуда яхши кўраман... Иноят оқсоқолнинг ҳўкизини сотиб келаётган қўшнисини тўхтатиб, пулини олиб, қўйнига солиб, бирам мазза қилиш саҳнаси эсимда қолиб кетган. Шу жойини раҳматли онам билан бирга ўқиб, мириқиб кулишгандик.
Ирене Адлер: “Бола ҳатто кексайиб неча-неча боланинг отаси, бобоси бўлганда ҳам боши ёстиққа етгудек бўлса, тани сал оғригудек бўлса, даставвал “она” деб чақиради. Аллақачон қабрга қўйилиб, тупроғи совиган онасини чақиради” (“Уфқ” триологияси).
Саид Аҳмад ижодини ўзбек китобхонлари бугун ҳам нафақат яхши кўриб ўқияпти, балки қалбию онгида авайлаб-асраяпти. Бу эса ноҳақ зулмлар остида синмаган, қайғуларини кулгу билан ҳам енга олган ёзувчининг матонати ва маҳоратига берилган энг катта баҳо, энг юксак мукофотдир, эҳтимол.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ