
“Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи – бахт. Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Кишида мақсад бўлса, унга эришиш йўлида курашиш, машаққат чекиш, таъна-дашномлар эшитиб куйиб-ёниб юриш бўлади. Аслида ана ўша ҳам бахт...” – Эркин Воҳидовнинг гапи тўғри: ўз олдига мақсад қўйган инсон ҳаётда интилиб яшайди. Кимдир спорт бўйича жисмоний машғулотларга киришиб кетса, яна биров илм йўлида риёзат чекишдан ҳузурланади. Қайси йўлни танлашидан қатъи назар, эртанги кундаги муваффақияти ҳозир қилаётган ҳаракатига бевосита ва билвосита боғлиқ бўлаверади. Изчил саъй-ҳаракатлари орқали ғолибликка эришаётган инсонлардан бири Абдуваҳоб Зариповдир.
Абдуваҳоб Зарипов 1990 йил 25 майда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида дунёга келган. У шу йилнинг 14-15 май кунлари ўтказилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловида 1-ўринни қўлга киритди. Ғолиб бўлиш ташқаридан қараганда осон туюлиши мумкин, лекин йиллар давомида қилинган меҳнат, чекилган заҳматларни эса ўша инсоннинг ўзича ҳис этиш қийин кечади. Ҳозирги пайтда филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бораётган Абдуваҳоб Зарипов шу кунгача қандай ютуқларга эришди? Бу савол соҳада фаолият олиб бораётган, айниқса, мазкур танловда унга рақобатчи бўлган ҳамсафларига қизиқарли бўлиши табиий ҳол.
Қўшработ туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида фаолият олиб бораётган Абдуваҳоб Зарипов 2013 йили СамДУ филология факультети бакалавриатини тугатиб, магистратурага ўқишга қабул қилинган. Ўша йилдан бошлаб тўрт-беш йил мобайнида СамИСИ қошидаги академик лицейда “Камолот” етакчи лавозимида ишлайди. 2013 йили “Йилнинг энг фаол тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол қатнашган. 2016 йили эса “Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган энг яхши мақола” танловида 1-ўринни қўлга киритган. Абдуваҳоб 2017–2019 йилларда ўрта мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берган. Бу фаолияти давомида ҳам қатор лойиҳаларда иштирок этди.
– Аслида, биринчи синфлигимдан тадбирларда фаол бўлганман. Ҳамма олган дипломларим қизил. Мактаб ҳам, бакалавриат ҳам, магистратура ҳам. Ичида битта ҳам кўки йўқ. Ҳозир докторантурада таҳсил олаяпман, – дейди қаҳрамонимиз суҳбат чоғида. Айни кунда Абдуваҳоб Зарипов филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун “Ижодкорнинг руҳий-психологик эволюцияси” мавзуси устида изланиш олиб бормоқда.
Яхши ижодкор умидли шогирдларни тайёрлайди. Унинг ўқувчилари ҳам бир қатор танлов ва лойиҳаларда фаол. Салкам ўн йиллик фаолияти жараёнида кўплаб шогирдлар етиштириб, бу меҳнатлари учун ҳам тақдирланган. “Устозингга раҳмат дейишса, жуда фахрланаман”, дейди ғолибнинг ўзи. Абдуваҳоб бундан кейин ҳам бу ишни кучли иштиёқ ва ғайрат билан давом эттирмоқчи эканини таъкидлади.
Ҳа, дунё яралибдики, фақатгина курашганлар ғолиб бўлади, хатолардан қўрққанлар эмас. Хатолар бизни тарбиялайди, қачонки тўғри хулоса чиқара олсак. Зеро, касб-корнинг ёмони бўлмайди. Айниқса, ёш авлодга илм сирларини ўргатиш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш ўта масъулиятли ва савобли амаллардан ҳисобланади.
Ўзингизга ёққан бир ишни бошланг-да, бу йўлда то кутилган муваффақиятга эришмагунча тўхтаманг! Бу – Абдуваҳоб Зариповнинг шиори!
Беҳруз ХУРРАМ,
ЎзДЖТУ талабаси
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ