Адабиёт
Санжай номи билан танилган қўшиқчининг шоир Усмон Азим билан боғлиқ можаросини кўп қатори мен ҳам эшитдим. Дастлаб эътибор қилганим йўқ. Турли гап-сўзлар бўлаверади, вақти-соати билан босилиб кетади, деган вазмин тўхтам билан қарадим.
Воқеани ҳамма билса-да, бот бир эслатай: Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Бахшиёна” туркумида ёзилган, улуғ ҳофиз Шерали Жўраев томонидан маромига етказиб ижро этилган “Карвон кўрдим” қўшиғини хонанда Санжай шеър муаллифидан рухсат олмасдан ўз йўсинида ижро қилди. Куйлаганда ҳам, миллий бойликка айланган мазкур қўшиқни жуда ёмон айтиб чиқди. Бу ижро нафақат қўшиқ шинавандаларида, балки адабиёт ихлосмандларида ҳам нохуш таассурот уйғотди. Ва Ўзбекистон Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги бу иши учун Санжайни судга берди. Суд ҳам адолатли қарор чиқарди: Санжайга жарима пули тўлашни белгилади.
Санжай эса бу маблағни миллий валюта ўзбек сўмининг тангаларида тўламоқчи эканини айтиб, ижтимоий тармоқларда мақсадини эълон қилди.
Воқеа шу! Гўёки, ҳаммаси қонунийдек!
Бироқ, фаросати бор киши сезадики, Санжай отаси тенги шоирни масхаралаш йўлини тутмоқда. Имкони бўлса, даъвосидан воз кечишини истамоқда. Акс ҳолда, бундай йўл тутмасди.
Менга таъсир қилган нарса эса катта бир шоирнинг шеърини, машҳур қўшиқни ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиб, тағин жарима пулини тангада тўлашни маъқул деб билаётган Санжайнинг халққа, жамият кишиларига, айниқса эндигина ҳаётга кириб келаётган ёшлар онгига салбий таъсир қилишини кўриб-билиб туриб жим турганимиздир.
Ахир, Усмон Азим деган ном адабиётда пайдо бўлганига роппа-роса ярим аср бўлди. Ўтган даврда беназир истеъдод соҳиби адабиёт хирмонига ўзининг катта улушини қўшди. Унинг шеърияти миллат маънавий иқлимини янги йўлга буриб юборди. Унинг адабиётга берган шиддатли турткиси кўплаб истеъдодларнинг майдонга чиқишида катта роль ўйнади. Усмон Азим яратган пьесалар неча ўн йилларки, мана шу халқ фарзандлари учун маънавий маёқдек хизмат қилиб келаётир. Улуғ ватандошларимиз Ҳаким ат-Термизий, Амир Темур, Чўлпон, Ойбек, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев тимсолларининг қайта жонланиши маънавий бойлик бўлмай нима?
Достони бор халқ сифатида бизнинг кўксимизни кўтариб турган Алпомиш образи айнан шу фидойи инсоннинг хизмати сабабли қайтадан ҳаётимизга кириб келди. Алпомишни, миллий ғурурни қайтариб берди бу шоир. Унинг прозаси эса алоҳида мавзу.
Хуллас, атоқли бир шоиримиз, жаҳон шеъриятида ўз ўрнига эга бўлган сўз устасининг шеърини билганича куйга солиб, билганича талқин қилиб, яна тағин масхаралашга ўтган Санжайга чора кўрадиган ташкилотлар нега жим турганига ҳайронман.
Мамлакат раҳбари қарийб ҳар бир чиқишида МАЪНАВИЯТ дея бонг ураётган, миллат болаларини оммавий бетамизликдан асраб қолишга ундаётган бир пайтда бу юзсизликни қандай баҳолаш керак?
Қонун ҳамма учун баробар! Шундай бўлгач, Санжайнинг миллий валютага ҳурматсизлигини ҳам, маънавий асосларга қилган ҳурматсизлигини ҳам қиёслаб ўрганадиган, жавобгарликка тортадиган қонуний бандлар наҳотки бўлмаса...
Ачинарлиси, Санжайнинг халқ мулкига айланган қўшиқни таҳқирлашга, уни ёзган катта ижод кишиси билан беллашишга йўл қўйиб берганимиздир. Бу ҳолат бизнинг тараққиётимиздан дарак бермаса керак.
Андишанинг номини қўрқоққа чиқармаслик керак. Баъзилар Усмон ака Санжайни судга берибди, деганда истеҳзо қилишди: "Катта шоирга нега керак бир қўшиқчи билан талашиб?" Менга эса бу ҳодиса Бальзакнинг "ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуб"ини эслатди. Бальзак шу хати сабаб судда ютиб чиққан ва муаллифлик ҳуқуқи деган қонуний ёрлиққа эга бўлган эди. Бу ерда эса вазият сал бошқача: Усмон Азим моддий жиҳатдан бойиб қолмоқчи эмас, балки савия, миллий дид деган пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарсани ҳимоя қилаяпти. Ваҳоланки, қўшиқчилигимизнинг ажойиб дурдоналарига айланган юзлаб қўшиқлар муаллифи бўлган бу шоир бирор марта санъаткорлар билан "сен-мен"га бормаган. Унинг бор-йўқ истаги яхши шеърнинг ёмон ижросининг олдини олиш! Қолгани судга, адолатли ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳавола.
Ким қандай қабул қилади, билмайман. Аммо миллат ўз улуғларини таниши, эъзозлаши керак. Акс ҳолда, олий мақсадлардан тобора узоқлашиб кетаверамиз. Устоз шоирни, адабиётимизнинг бугунги кундаги тирик бир хазинасини ҳар кўринган кимса таҳқирлашига индамай қараб туриш, бизнинг маънавий инқирозимиздир. Шуни унутмайлик!
Шодмонқул САЛОМ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
3 Изоҳлар
Холмурод Исанов
12:01 / 01.01.1970
Санжай деган кушикчининн тингловчилари бор экан-ки, демак хали маданий савиямиз тугрисида хам бош котиришимиз керакка ухшайди. Бу эса, яна тарбия, тарбия ва тарбия масаласидир....
Abduxamid Muxtarov
12:01 / 01.01.1970
Бу замон хўп қизиқ замон бўлди. Ўғри шоирнинг, ўғри ноширнинг, ўғри ҳофизнинг, ўғри мусиқачининг, ўғри мафкурачининг куни туғди. Қўлидан тутиб кетига икки тепки, тумшуғига икки тарсаки тушириб бўлмайди. Қонун борда, қонун. Йўқсааа... Ўғрини тутиб, қонун билан бурчакка қисиб ўғрилаганингни ҳақини қайтар, десанг аламига чидолмаган лўлига ўхшаб "ма, бош кўзимдан садақа", деб шаддалик қилмоқ бўладир. Ҳе сендақа, ўғри танноздан ўргилдим...
Боходир
12:01 / 01.01.1970
Аслида бу холатдан йиглаш керак. Иккинчи томондан АРТИСТдан яна кандай ма'но кутиш керак деб уйлайсиз. Санжайни хам тушунаман. Унинг савияси шуда.