Бутун умри қўзғолон, миллий озодлик курашлари билан ўтган Усмонхўжа


Сақлаш
03:23 / 11.06.2022 967 0

Жадидчилик ҳаракатининг атоқли вакилларидан бири Усмонхўжа Боғчасарой, Боку, Қозон, Истанбулда нашр этиладиган газета ва журналларни мунтазам ўқиб, дунёдаги воқеа-ҳодисалар ҳамда ўзгаришлардан хабардор бўлиб улғайган.

 

Бухоро зиёлилари, тадбиркорлари ва савдогарлари жадид мактабларига молиявий ёрдам бериш мақсадида 1909 йил март ойида “Ширкати Бухорои Шариф” жамиятини тузади. Бу ширкат жадид мактабларини дарсликлар билан таъминлаб, истеъдодли ёшларни замонавий таълимининг янги усулларини ўрганиш учун хорижга юбора бошлайди. Жумладан, Усмонхўжа ва Ҳомидхўжа ушбу ширкат ҳомийлигида янги усул мактаблари билан яқиндан танишиш учун Боғчасарой ва Истанбулга жўнатилади. Улар Боғчасаройда Исмоилбек Ғаспарали ёнида бир йил туриб, Қримдаги жадид мактабларидаги янги таълим-тарбия тизими ва услубини кузатиб, чуқур ўрганади. 1910 йилда эса Истанбулга келади. Ёш жадидларнинг Туркия сафари Россиянинг Истанбулдаги элчисини ташвишга солади ва Россия императори Николай II ни бу воқеадан хабардор қилади. Император ўз навбатида, Бухоро амири Абдулаҳадхондан Усмонхўжа ва Ҳомидхўжа ҳақида маълумот сўраганда, амир: “Улар ёш болалардир. Туркияга таҳсил олиш учун борганлар”, деб жавоб қайтаради.

 

Ўша пайтда Aбдурауф Фитрат ва бошқа бухоролик ёшлар ҳам Истанбулдаги мадрасаларда таълим олаётган эди. Усмонхўжа, Абдурауф Фитрат ва бошқалар Туркияда ўқиётган ватандош ўқувчи-талабаларга ҳам иқтисодий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатиш, Бухоро ва Туркистондан талабалар келишини кўпайтириш мақсадида 1909 йил 26 октябрда “Тарбияйи атфол” ташкилотининг “Бухоро таъмими маориф жамияти” (Бухоро умумий хайрия жамияти) Истанбул шаҳобчасини тузади.

 

Усмонхўжа 1913 йилда Туркиядан ўз юртига қайтиб, Бухоро шаҳрида жадид мактаби очади. Шунингдек, Бухоро жадидларининг “Тарбияйи атфол” (“Болалар тарбияси”) ташкилоти фаолияти ҳамда “Бухорои шариф” ва “Турон” газеталарини ташкил этишдек хайрли ишларда ҳам иштирок этади.

Усмонхўжа мактабида болаларни ёшларига қараб синфларга бўлиш, бир кунда 4-5 соатдан ортиқ дарс ўтмаслик, ҳар бир дарсдан сўнг ўн дақиқалик танаффус жорий қилиш, диний ва дунёвий фанларни баробар ўқитиш, ҳар йили болаларга икки ойлик таътил бериш, ўқувчилардан вақти-вақти билан имтиҳон олиб туриш каби янги тартиблар жорий қилинган. Дарс жараёнларида миллий ўқув қўлланмалар ва дарсликлардан ташқари, Туркиядан олиб келган ўқув қуроллари, глобус, хариталар, турк тилига таржима қилинган Европа адабиётлардан ҳам кенг фойдаланилган.

 

Россия империясининг Бухородаги амалдорлари жадид мактабларининг халқ орасида тобора шуҳрат топиб боришидан хавотирга туша бошлайди ва уларни ёпиш учун мутаассиб уламолардан фойдаланишга қарор қилади. Ўзларини Бухоро ёшларига хайрихоҳ қилиб кўрсатиб, аслида уламоларни уларга қарши гижгижлайди.

 

Уламолар ва сарой амалдорлари жадид мактабдорларига катта миқдорда пул ва юқори лавозимлар беришни таклиф қилишга уриниб кўрганларини тарихий манбалар тасдиқлайди. Садриддин Aйнийнинг ёзишича, Бухоро қозикалони Бурҳониддиннинг вакили Мулла Қамариддин Усмонхўжага: “Aгар сиз ўз ихтиёрингиз ила мактабингизни боғласангиз, тилаган ерингизда қози ёки раис қилдирмоқни қозикалон томонидан ваъда бераман”, дейди. Шунда Усмонхўжа: “Муаллимлик қилишимиз, очликдан ёки мансабга етиша олмаганлигимиздан эмас, балки халққа ва юртимизнинг болаларига бир оз фойда еткузармиз деб мунча машаққатларни бошимизга юкладик, тутган муқаддас маслагимизни дунё мансабига сотмаймиз”, деб жавоб беради.

 

Россиянинг Бухородаги сиёсий агенти ёрдамчиси Шульга Усмонхўжа мактабига огоҳлантирмай бориб, у ердаги шароитларни кўриб, лол қолади. Унинг ёзишича, Усмонхўжа ўз уйининг ички ҳовлисида биринчи ва иккинчи қаватда жуда кенг иккита синф хонаси ташкил қилган бўлиб, уларда Европа ва Бухорода ишлаб чиқарилган стол-стуллар, девор ичидаги жавонларда икки-учта глобус ҳамда Самарқандда нашр этилган кўплаб китоблар, талабаларга берилган дафтарлар мавжуд бўлган. Шульга “... мактаб жуда озода бўлиб, эски усул мактаблари билан солиштирганда жуда тараққий этган эди”, деб тан олган. Ўзини Бухоро ёшлари ва жадид мактаблари ҳимоячиси қилиб кўрсатган Шульганинг бу ташрифи аслида мактаблар ёпиб қўйилганда, Россиянинг Бухородаги сиёсий агентлигини айбсиз қилиб кўрсатишдан иборат бўлган.

 

Усмонхўжа маориф соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга, Туркистон минтақасида содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ҳам фаол иштирокчиси эди. Жумладан, Биринчи жаҳон уруши даврида Россия императори Николай II нинг фронт ортидаги ишларга туркистонлик 16 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркакларни мардикорликка олиш ҳақидаги 1916 йилги фармони эълон қилингач, кўтарилган халқ қўзғолонларининг ғоявий етакчиларидан бири Усмонхўжа бўлди. Туркистон жадидларининг етакчилари Мунавварқори, Паҳлавон Ниёзий, Усмонхўжа, Қори Комил, Обиджон Маҳмуд ва бошқалар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқанддаги уйида йиғилиб, император фармонига қарши норозилик билдириш ва Туркистон учун кўпроқ эркинликлар талаб қилишни келишиб олади. Улуғ маърифатпарвар кейинчалик Самарқанддаги мазкур йиғин ҳақида шундай ёзган эди: “Мен Бухорода эдим, Маҳмудхўжа Беҳбудий менга телеграмма юбориб, зудлик билан Самарқандга келишимни сўради. Шундай қилиб, мен 1916 йилги қўзғолонни режалаштириш йиғилишида қатнашдим”.

 

1920 йил сентябрда Бухоро амирлиги тугатилгач, Усмонхўжа янги ҳукумат таркибида молия вазири сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Дастлаб Давлат назорати нозири, сўнг Бутун Бухоро марказий ижроия қўмитасининг раиси лавозимларида ишлайди. Фаолияти даврида Бухоро Республикасида вақф ерларини ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш, маданий-маърифий марказлар очиш, меъморчилик обидаларини таъмирлаш, 50 минг кишилик қизил қўшинни Бухородан чиқариб юбориб, миллий армияга асос солиш, мустақил ташқи сиёсат юритиш, мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш ва ўзбек тилини давлат тили сифатида расмийлаштириб, ҳаётга татбиқ қилиш учун курашади.

 

Маълумки, Бухоро Республикаси тузилган пайтда мамлакатда бошланган миллий озодлик ва қаршилик ҳаракатлари 1921-1922 йилларда кучайиб кетади. Совет раҳбарлари озодлик курашчиларини тинчитишда Усмонхўжа сингари обрў-эътиборли арбоблардан фойдаланишга киришади. 1921 йил 10 мартда Бутун Бухоро марказий ижроия қўмитасининг Шарқий Бухоро бўйича фавқулодда ишлар вакиллиги тузилиб, Усмонхўжа раис этиб тайинланади. Усмонхўжа Шарқий Бухорода юрган даврида қизил қўшинларнинг халқни аёвсиз талаётганини ўз кўзини билан кўради ва ушбу воқеадан сўнг баёнот эълон қилиб, аҳолини мустақиллик учун қурол кўтариб, рус аскарларига қарши курашишга чақиради: “Ҳаммамизнинг юрагимиздаги энг катта орзу Туркистонда ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ҳукмронлик қилиб келаётган душманнинг тажовузидан халос бўлиш орқали озодлик ва мустақилликка эришишдур. Энди бу мақсадга эришиш вақти келди. Мен қўлларида қуроллари бўлганларни ва қурол ишлата оладиганларни ушбу шарафли вазифага таклиф қиламан. Яшасин озодлик ва мустақиллик!”

 

1921 йил 9 декабрда Усмонхўжа ўз ёрдамчилари ҳарбий ишлар нозири муовини Али Ризобек, Термиз ҳарбий қўрғони қўмондони Ҳасанбек ва Дониёлбек ёрдамида миллий ҳарбий қисмлар иштирокида Душанбе ҳарбий қўрғонидаги қизил аскарларни қуролсизлантиради. Бу пайтда Душанбе яқинидаги Иброҳимбек қўрбоши қароргоҳида турган туркиялик ҳарбий саркарда Анвар Паша ўз ёрдамчилари Ҳожи Сомий (Салим Паша) ва Усмон Афандини бир гуруҳ аскарлари билан Усмонхўжага ёрдам бериш учун юборади. Бироқ Иброҳимбек билан тил топиша олмаган Усмонхўжа Боботоғ томонга чекиниб, 1922 йил январ ойи бошларида ихтиёридаги миллий ҳарбий қисмлар билан Беҳбудий (Қарши) шаҳрига келади. Бу ерда шўролар билан бутунлай алоқани узиб, истиқлолчилар томонга ўтади. Миллий озодлик ҳаракатлари мағлубиятга учрай бошлагач, чет мамлакатлардан ёрдам сўраш учун Кобулга жўнайди. Кобулда 1922 йил 29 апрелда Бухоро Республикаси раҳбарларидан бири сифатида Афғонистон амири Омонуллахон билан Россияга қарши кураш олиб бориш учун шартнома имзолайди.

 

Усмонхўжа кейинчалик Бухорога қайтмоқчи бўлганида, Файзулла Хўжаев унга мактуб юбориб, юртга қайтмаслигини, мабодо келса, большевиклар томонидан қўлга олиниши мумкинлигидан огоҳлантиради. Усмонхўжанинг Афғонистонда қолиши узоққа чўзилмайди. У Ҳиндистон орқали Туркияга отланади. 1923 йил сентябрда Истанбулга етиб боради ва Туркия ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Усмонхўжани ўз меҳмонидек қабул қилган Мустафо Камол унга эндигина шаклланиб келаётган ёш Туркия Ресубликаси ҳукуматида масъул вазифада ишлашни таклиф этади. Бу таклифга жавобан Усмонхўжа бундан кейин Туркистон маданияти масалалари билан шуғулланиш мақсади борлигини айтади. Мустафо Камол Усмонхўжага маънавий ва моддий мадад беришини айтиб, унга Туркия мамлакати миқёсидаги нафақа белгилайди. Ушбу нафақани Усмонхўжа умрининг охиригача, вафотидан сўнг эса хотини оладиган бўлди.

 

Усмонхўжа Туркияда ўзбек ва туркий халқлар маданиятини тарғиб қилувчи, большевикларнинг босқинчилик сиёсатини қораловчи махсус газета “Янги Туркистон”га асос солади. Натижада Усмонхўжанинг советларга қарши ғоявий курашидан норози бўлган большевиклар Туркия ҳукуматига тазйиқлар ўтказишни бошлайди. Усмонхўжа Туркия Вазирлар Кенгашининг қарори билан 1938 йил октябрь ойида Туркиядан чиқиб кетади ва аввал Польша пойтахти Варшавада, Иккинчи жаҳон уруши даврида Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида яшайди. Совет жосуслари ўзбекнинг улуғини Эронда ҳам излашади. Усмонхўжа 1944 йили Туркияга қайтса-да, тақдир тақозосига кўра 19511957 йиллар оралиғида Покистонда яшайди ва у ерда “Туркистон” жамиятини тузади. 1957 йили яна Истанбулга қайтади ва умрининг охиригача шу ерда яшайди. Умри қўзғолонлар, миллий озодлик курашлари билан ўтган Усмонхўжа 1968 йил 28 июлда Истанбулда вафот этади.

 

Мухтасар айтганда, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири Усмонхўжа бутун умрини мустақил давлатчилигимизни тиклаш, миллий тараққиёт учун курашга бағишлади. Халқни маърифатли қилишда ташаббускор бўлди. Дастлаб Россия империяси, кейинчалик большевиклар ҳукуматига қарши озодлик ҳаракатларида иштирок этди. 1938 йилда бошланган катта қирғин сиёсати хорижда яшаб турган Усмонхўжани ҳам четлаб ўтмади. Доимий равишда совет жосуслари таъқибида бўлди. Шундай бўлса-да, ўз маслагидан ва мақсадидан воз кечмади, қисматига битилган ватанжудолик ҳасратида Туркия тупроқларида мангу қўним топди.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ЎзРФА Тарих институти докторанти,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

“Халқ сўзи” газетаси, 2022-йил 4-июн сони.

 “Миллий истиқлол ва тараққиёт курашчиси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//