Қашқадарёлик Ўғилой Қиличова ёшлигидан қассоблик билан шуғулланади. Oyina.uz мухбири нозик хилқат вакиллари учун ноодатий касбни танлаган аёлнинг ҳаёт тарзи билан қизиқди.
“Ота қиз” дейишарди
Оилада олти фарзандмиз, мен учинчисиман. Қассоблик бизга отамерос касб. Умрим кушхонада, қонялоқларнинг бошида ўтган, десам хато бўлмайди. Эрталаб уйқудан кўз очишимиз билан қўй сўйишни бошлардик, ярим кечаси ишимизни тугатиб, уйқуга чўзилардик. Биз томонларда эркаклар учун жонлиқ сўйишни билмаслик уят. Аёл қассоблар ҳақида эса эшитмаганман...
Ҳозир 34 ёшдаман. Онамнинг айтиб беришича, чақалоқлигимда мени болалар аравачасига солиб, кушхона олдига олиб бориб қўйиб, рўзғор иши билан шуғулланган. Биз фарзандлар шу манзарани томоша қилиб катта бўлганмиз, ҳаммамизнинг кўзимиз ўрганиб кетган.
Дадам қўй сўяётганида ёрдам бериб улғайдим. Эс-эс ёдимда: 5-6 ёшимда ҳам пилдираганча қарашиб юрардим. Пичоқ олиб келиш бўладими, қўлларига сув қуйишми, опаларимга ҳеч йўл бермаганман. Шу сабабли мени “Ота қиз” деб чақиришарди. Қассобликка қизиқишим ўша вақтдан бошланган.
Катта опамнинг гўшт дўкони бор эди. У биз сўйиб, етказиб берган гўштни сотарди. Дадам тандир гўшти тайёрлаб, Қаршига сотиб келар ва шунинг орқасидан рўзғорни тебратар эди. Биз томонларда дадамни кўпчилик яхши танийди, қассоб ва тандир гўшт устаси. Доимий мижозлари кўп.
Биринчи марта мустақил қассоблик қилганимда 3-синфда ўқирдим. Уйда бир ўзим эди, дадам қўйни сўйиб, тандирга тайёрлашимни тайинлаб кетган. Бу ишни қойиллатиб уддалаганман.
8-синфда биринчи марта сигир сўйганман
Қассобхонамизда байрам кунлари 50 тагача қўй сўйиларди. Маълум қисмидан тандир гўшти пиширсак, қолганини сотардик. Мижозлар кўплиги учун деярли ҳамма фарзандлар отамга қарашганмиз. Ҳатто акам қўйни сўйиб, тайёр ҳолатга келтиришда менга етолмасди.
Ёдимда бир кунда 50 та қўй сўйилса, 20 га яқинини мен сўярдим. Одатий кунлари 6-7 тадан тўғри келарди. Уларнинг ҳам кўпини мен сўйиб, мучалаб, сотувга тайёрлардим. Опам, ойим, укаларим зираворларни ҳозирлаб, пиширишга шай туришарди. Қассоблик қилаётганимни кўрган қўни-қўшнилар роса ҳайратланган.
Ёдимда, мактабда ўқиб юрган вақтларим бир куни уйда ёлғиз қолдим. Ёзнинг жазирамаси, орқа ҳовлида сигиримиз ипидан ечилиб кетган. Уч-тўрт соат бўкиб беда еган. Чиқиб қарасак, даҳшатли даражада шишиб кетган. Ё тезда сўйиш, ё ҳаром ўлишига қараб туриш керак.
Қўшниларни ёрдамга чақирганмиз, сигирни ерга йиқитиб сўйишга тайёрлаб беришди-ю, лекин сўя олмасликларини айтишди. Шарт пичоқни қўлимга олганман-у, биринчи марта сигир сўйганман. Энг қизиғи, ўшанда ҳам заррача қўрқув ҳис қилмаганман. Эсласам, ўшанда 8-синфда ўқир эдим...
Жониворни ортиқча қийнамаслик керак
Барча касбларнинг ўзига яраша қоидалари бўлганидек, қассобликнинг ҳам эътибор бериш керак бўлган томонлари бор. Жонлиқнинг тўғри келган ерига пичоқ тортиб кетилавермайди.
Билмаган одам жонлиқни сўйишда хато қилиши ва ҳайвонни янаям қийнаши мумкин. Терисини арчишда эътиборли бўлиш муҳим, билмаган одам терини бир қаватини қўшиб шилиб олиши ҳеч гап эмас.
Жон томири бўлади, ундан бошлаб сўйилмаса, жонивор тезда ўлмайди, жуда қийналади. Яна бир жиҳат, одатда семиз, боқилган қўй сўйилади. Озғин, нимжонларини сўймаслик керак, гўшти ҳам қаттиқроқ бўлиб, тандири ширин чиқмайди. Аввал боқиб, семиртириш керак.
“Уялмайсанми?” деб кўп сўрашади
“Бу ишни қандай қиласан, одамлардан уялмайсанми?” деб кўп сўрашади. Яширмайман, бундай ҳолатлар ҳам бўлган.
Қассобхонамиз мактабга яқин, йўлнинг юзида жойлашган эди. Байрам кунлари иш кўплиги учун дадам билан бирга қўй сўйиб турсак, йўлдан ўтиб-қайтаётган синфдошларим кўрарди ва қассоб қиз деб баланд овозда кулиб масхараларди. Алам қиларди, бу иш айб эмас-ку, ахир деб йиғлагим келарди.
Одамлар қанча масхараласа ҳам, тенгдошларим устимдан кулса-да, барибир ишимни тўхтатмаганман. Сабаби, бу касбга қизиққанман, мени ҳеч ким шу ишни қил, дея мажбурламаган ёки ёрдам сўрамаган. Ўзим мустақил қўй сўя бошлаганимни кўрган баъзи одамлар динда бу қораланган деса, айримлар қиз болага уят дерди. Мен учун эса асосийси, ишимга масъулиятли бўлиш, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, мижозларни алдамаслик. Одамлар ортингдан рози бўлиб алқасин, ҳар хил гапларга эътибор бермайман.
Яширмайман, исмимга мос одатларим кўп, жайдари, дангалман. Ҳозиргача товуқ, хўроз, эчки-улоқ, қўй-қўзи, бузоқ ва сигир сўйганман. Бу рўйхат ҳали кенгайиши мумкин.
Эрим кўнгилчан инсон, мол сўя олмайди
Турмуш ўртоғим узоқроқ қариндошимиз эди. Бизникига кўп борарди, қўй сўйишларимни кўриб, менга роса ажабланиб қарарди.
Оила қурганимиздан кейин ҳам “Қандай сўясан, қўрқмайсанми?” деб кўп сўрарди. Бошида бу касбни қилишимни истамаган, кейинчалик кўникиб кетди. Биргаликда ошхона очдик, қўйни сўйиб, хўрандаларга тандир пишириб берар эдик. Эрим ҳозир ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади. Ўзи табиатан кўнгилчан, меҳрибон инсон, шунинг учун бўлса керак, сигир, қўй сўя олмайди.
Ҳозир қассоблик билан доимий шуғулланмаяпман. Кенжа қизим туғилгач, унга қараш билан овора бўлиб ишимдан бироз узоқлашдим. Лекин рўзғоримиздаги мол-қўйни ёки қўни-қўшниларникини сўйиб бераман.
Яқинда кичкинам мактабга чиқади, шундан сўнг ўзим қассобхона очмоқчиман, насиб қилса. Молларни бозордан олиб келиб, сўйиб, гўштини ўзим сотишни ният қилганман. Ҳозирча мос жой топмадим. Турмуш ўртоғим ҳам мени қўллаб-қувватлашига ишонаман.
Маълумот учун: ислом динига кўра, аёл кишининг жонлиқ сўйиши тақиқланмаган. Сўйишга қудрати етган ва ҳайвонни сўйиш билан ҳалол қилинишига ақли етган ёш боланинг, мажнуннинг, мастнинг ва аёл кишининг сўйган ҳайвонлари ҳалол ҳисобланади.
Инобат АҲАТОВА
oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Наргиза
12:01 / 01.01.1970
Койилдан бошка суз йук