Адабиёт
ХХ аср ўзбек зиёлилари орасида ўзига хос билим ва шоирлик истеъдоди билан ажралиб турувчи ижодкорлардан бири Баҳромбек Давлатшоҳ ўғлидир (1873–1930). Шоир ва тазкиранавис Неъматулло Муҳтарам “Тазкират уш-шуаро” асарида “Таржимон – тил шевасининг андалиби ва сўз бўстонининг ҳазордостони (булбули) каттақўрғонлик Баҳромнинг тахаллусидир” дейди ва у “ўзбек жамоасида дунёга келган”ини уқтиради. Баҳромбекнинг отаси Давлатшоҳ Каримов нўғой туркларидан бўлиб, чор Россия Ўрта Осиёни босиб олишидан аввал эътиқоди туфайли Каттақўрғонга кўчиб келган. Манбаларнинг хабар беришича, отаси Каттақўрғон ҳокими Ёқуббек иноқ томонидан ишга олинган ва асосан тикувчилик касби билан шуғулланган. Ўзбек қизи билан турмуш қуриб бир неча фарзанд кўрган. Каттақўрғон чор ҳокимияти томонидан забт этилган даврларда рус тилини билгани боис таржимонлик қилган ва шаҳарнинг ўзбеклар яшайдиган қисмида оқсоқол мансабига тайинланган. Аммо эътиқоди ва босқинчиларнинг маҳаллий аҳолига салбий муомаласидан ранжиб қаршилик кўрсатган. Шу боис ҳукмдорлар томонидан Сибирга сургун қилинган. Давлатшоҳ Каримов етти йиллик сургундан қайтиб келиб ўзининг сиёсий-ижтимоий ҳуқуқларини тиклаб, чор вакиллари томонидан тортиб олинган мол-мулкини қайтариб олган. Оила тебратиш учун пудратчилик билан шуғулланган, бироқ иши юришмай бор-будидан ажрагач, мусулмони комил киши сифатида Макка шаҳрига ҳажга кетган ва бир оз муддат ўша ерда яшаб, сўнг вафот этган.
Баҳромбек Давлатшоев отаси сургунга учрагач, онасининг хатти-ҳаракати билан ибтидоий рус мактабида ўқиган. Ўқишни битиргач, турли кишиларнинг қўлида мирзолик, таржимонлик вазифаларида ишлаган. Оилада бош фарзанд бўлгани учун рўзғорни тебратиш унинг зиммасига тушган. Шу аснода меҳнаткашлиги, илмга чанқоқлиги туфайли рус ўрта мактабларидан бирига тезкор имтиҳон топшириб, ўрта маълумотли деган шаҳодатнома олган. Шоир Неъматулло Муҳтарамнинг сўзи ва келтирган мисолига кўра, Баҳромбек форсчани яхши билган ва форс тилида шеърлар ёзган. Астрономияга қизиққан, ер ва юлдузлар ҳаракатини ўрганган. Амир Абдулаҳадхонга рус тилидан ва форсчага таржимонлик қилган.
Чоржўй бегининг қўл остида таржимонлик билан шуғулланган ва у ерда ишловчи бир кишининг ёрдамида Бухоро амирининг қушбеги ҳузурида ишлаш учун жалб қилинган. Қушбеги Баҳром Давлатшоевнинг ишбилармонлиги, ўз вазифасини сидқидилдан бажаришини кузатиб, уни 1898 йилда амир Абдулаҳадхон девонига ишга ўтказган. Амир қоровулбеги унвони билан тақдирлагач, исмига “бек” сифатини қўшиб, элга Баҳромбек-Таржимон номи билан танилган. Атоқли давлат ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ул зоти анвар амири Бухоро ҳазратларининг ҳузури ҳумоюн русча таржимони муҳтарам Баҳромбек қоровулбеги жаноблари...”, деб Баҳромбек Давлатшоевнинг қоровулбеги унвонида таржимонлик қилганини тасдиқлайди. У Амир Абдулаҳадхоннинг Петербургга сафари чоғида император ҳузурида таржимонлик қилган.
Баҳромбек 1898 йилдан 1916 йилгача амирлик девонида таржимонлик вазифасини бажарган. 1918 йил Ф.Колесов босқини даврида шўрога қарши ташвиқот олиб борган. Ушбу воқеадан сўнг, унинг ўз сўзига кўра, амирлик томонидан “Ёш бухороликлар” ҳаракати билан алоқадорликда гумон қилинган. Шу сабабли Бухоронинг тоғли қишлоқларидан бирида махфий яшаб, имомлик билан шуғулланган.
1920 йил инқилобидан сўнг Файзулла Хўжаев ҳукуматида дастлаб терговчи, сўнг ҳукумат идораларида турли вазифаларда ишлаган. Фитрат, Мусо Саиджонов ва бошқа Бухоро Халқ Республикасининг давлат арбоблари РСФСР ҳукумати талаби билан ўз вазифаларидан мажбурий четлаштирилгани каби, Б.Давлатшоев ҳам совет ҳокимиятига қарши киши сифатида айбланиб, қамоққа олинган. Қамоқдан қутилгач (1923), Каттақўрғон шаҳрига кўчиб келиб ота ҳовлисида яшаб, шаҳар молия бўлимида ишлаган.
Каттақўрғон ҳукумати Б.Давлатшоевни Колесов воқеаларига қаршилик кўрсатишда айблаб, тўққиз ойга барча сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларидан маҳрум қилган. Муддат тугаб, жазодан қутулгач, Файзулла Хўжаевга мурожаат қилиб, ноҳақ тортиб олинган ҳовли-жойларини қайтариб олган. Аммо шўролар ҳукумати ва ЧК олиб бораётган сиёсатни кўриб, буржуйликда айбланмаслик учун бир ҳовлисини ўз хоҳиши билан халқ маориф шуъбасининг ихтиёрига топширган ва шўролар ҳукуматининг турли идораларида таржимон ва бошқа вазифаларда ишлаган. Аммо ҳар нарсадан шубҳаланадиган, ҳар кишидан шўро душмани ясайдиган ОГПУ – бирлашган давлат сиёсий бошқармаси Баҳромбек-Таржимон Давлатшоевни шўро ҳукуматига қарши ташвиқот олиб боришда айблаб, 1929 йил 5 ноябрда қамоққа олади.
Қамоққа олиш даврида Баҳромбек-Таржимоннинг икки жилд қўлёзма асарлари, 98 дона турли ёзишмалари, икки дона фото, бир дона кундалик, иккита ёндафтарча, бир уй тўла кутубхонаси, ўзининг 1910 йилда чоп этилган “Миллий ашъори Таржимон” шеърий тўплами, амир Олимхоннинг сарой ҳаётига оид 1925 йилда ёзилган “Мустабиднинг ҳайкали ва фаҳш ўчоғи” номли асари, амир Абдулаҳадхон бир аёл туфайли икки мулозимнинг тақдирини ноҳақ синдирганига бағишланган “Икки тақдир” сарлавҳали тугалланмаган романи мусодара қилинган. ОГПУ терговчилари томонидан 1929 йил 5 ноябрь ва 1930 йил 23 апрель оралиғида олиб борилган тергов-тафтишлар, қўрқитувлар иш бермаган. Баҳромбек Давлатшоев қўйилган барча айбларни инкор қилган. Фақат Ф.Колесов воқеаларига қарши бўлганини тан олган, холос.
Терговчиларнинг ноҳақ айбловларини кўрган ва уларнинг адолатсиз ҳукмларидан норози бўлган шоир Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Кенгашининг Раиси Файзулла Хўжаевга ёрдам сўраб ариза беради. Аммо тергов ҳайъати аризаларнинг Ф.Хўжаевга етиб боришига йўл қўймайди. Шу боис Ф.Хўжаев Каттақўрғонга борган даврда бу воқеалардан хабарсиз қолган. ОГПУ ходимлари эса, Баҳромбек Давлатшоевни 1930 йил 23 апрелда айби тўла исботланмаган ҳолда беш йил муддатга Россиянинг Архангельск вилоятига сургун қилади. Афсуски, у йўлда вафот этган.
Баҳромбек Давлатшоев 1906 йилдан бошлаб маърифатпарварлик ҳаракатига қўшилади. “Вақт” газетасини маҳаллий аҳоли орасида тарқатади. Ўз асарларини “Тараққий”, Татаристоннинг “Шўро” ва “Вақт” каби нашрларида эълон қилади. Унинг мадраса ва мактабда ўқитиш масаласига бағишланган “Туш” мақоласи “Тараққий” газетасининг 1906 йил 20- ва 23-июль кунлари чоп этилади. Туркистон халқининг маърифий тараққиётига тиш-тирноғи билан қарши бўлган Н.Остроумов ўзи бошқараётган “Туркистон вилоятининг газети”да “Тараққий” газетаси ва унинг ноширига ҳамда мақола муаллифи – Баҳромбекка қарши тўхтовсиз ҳужум уюштиради, масаланинг моҳиятига чуқур кириб бормай, ҳиссиётга берилиб ёзилган мақолаларни бир неча ойлар мобайнида қатор-қатор эълон қилади. Мулла Олим Қосимов, каттақўрғонлик Мирзо Шариф маҳзум Мулло Абдулмўмин муфти ўғли, Мирза Умар Раҳматуллаев кабиларнинг мақолалари босилади. Ушбу мақолаларда мадраса ва мактаб ислоҳоти ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Мақола муаллифлари Баҳромбек Давлатшоевнинг шахсиятига тегувчи ўта ахлоқсиз сўзларни ёзиб, мударрислар ва қозиларни ҳимоя қилишган. Аммо муаллиф Мирза Умар Раҳматуллаев “Каттақўрғондан мактуб” сарлавҳали мақоласининг иккинчи қисмида Каттақўрғоннинг Янги қўрғон ва Хитой мавзеларидаги қозилар, хусусан, Мулла Абдулқаюм Мулло Иброҳим ўғлининг кирдикорларини фош этади. Қозиларнинг порахўрлиги ва ножўя ҳаракатларини ошкор қилиб, Баҳромбек-Таржимоннинг фикрларини тасдиқлаб қўяди. Газета муҳаррири вазиятни юмшатиш учун мақолани қисқартириш билан чекланмай, қуйидагича фикр билдиради: “Ушбу хабарни газетаға ёздук. Лекин ёзилғон хабарни орасида, гарчанд рост бўлса ҳам, чандони ақл бовар қилмайдургон қози ва муллолар хусусидаги сўзларни газетаға солмай қолдурдук. Ҳар қандай фаҳш сўзларни газетға солмоқ муносиб эмас...”. Шу фикрни изҳор этган жаноб Остроумовнинг ўзи Баҳромбек ҳақида ёзилган мақолалардаги ноҳақ, фаҳш сўзларни ўтказиб юборган.
Мақсад Давлатшоев мақоласи баҳонасида “Тараққий” газетаси ва унинг ноширига ҳужум уюштириш ва шу баҳона миллий нашрни тугатиш бўлган ва бу масалада ўз мақсадига эришган. “Тараққий” газетаси 19-сондан сўнг ҳукумат ҳукми билан тўхтатилган. Аммо газета миллий ҳаётда чор ҳукумати ва унинг мафкуравий бузғунчилари ҳамда миллатчиларининг сиёсий ва инсоний қиёфасини кўрсатувчи ўзига хос кўзгу бўлиб қолди.
Баҳромбек Давлатшоев ўз даври ижтимоий-сиёсий воқеаларининг гувоҳи сифатида содир бўлаётган адолатсизликва маърифатсизликка сукут сақлай олмади. Шу боис ўз шеър ва мақолаларида юртдошларини илму маърифатга, иттифоқликка чақирди. “Ўтмиш ҳоллардин таассуф ва истиқбол учун кўшиш” шеърида қуйидаги фикрларни баён қилади:
...Нишон ҳеч қолмади аввалги... миллатдан,
На бўлди деб хабар олғувчи борму ҳоли миллатдан.
Келинглар сўзлашайлук эмди истиқболи миллатдан,
Хабар олиб турайлик чўх фано аҳволи миллатдан.
Бирор миллат жаҳонда борму бизлардек шатолатли,
Ўзининг нафъини ҳеч билмағон ғофил залолатли.
Ҳунарсиз, илмсиз, номуссиз, нодон жаҳолатли,
Кўриб минг хўрлик бир бўлмағон ондин хижолатли...
... Бизи миллат эмасму ибтидо дунёни нурлатган!
Ҳама ғафлатнинг уйқусина ботқанларни уйғотган!
Ўтмишда буюк ишларни амалга оширган миллат нима учун бундай аҳволга тушди, деган савол шоирни қийнайди, ўқувчини ўтмиш ва келажакка назар ташлашга мажбур этади. Шу боис порлоқ истиқбол йўлини миллатнинг уйғониши, иттифоқлик, илму ҳунар тараққиётида кўради ва шунга чорлайди. Ана шунинг учун ҳам Остроумовлар ва бошқалар томонидан ўз миллатининг камситилиб “сарт” дейилиши ва бу масалада “Ойина”, “Туркистон вилоятининг газети”да бошланган баҳсларга якун ясагандек “Шўро” журналида “Туркистонлилар” мақоласини эълон қилади ва бир юз ўн бир турк уруғини номма-ном келтиради.
Туркистон ва бошқа жойларда чоп этилаётган нашрларнинг тил ва имло хусусияти ҳақидаги мақоласи ҳам эътиборга лойиқ. Баҳромбек Давлатшоев ўз она тили сўзларини тўғри ёзиш ва барча нашрларда бир имло қоидасига риоя қилишни таклиф қилади. Яъни турк-ўзбек адабий тилини жорий этиш масаласини ўртага ташлайди.
Маърифатпарвар шоир ўз замондошларига хос фазилат билан миллатимиз маданияти, хусусан, классик адиблар фаолиятини ўрганишга чақиради. “Тарожими аҳвол” мақоласида Давлатшоҳ бин Аълоиддавла бин Бахтшоҳ бин Арғуншоҳ Самарқандийнинг “Тазкираи Давлатшоҳий” асарининг ҳижрий 975 йилда Халилуллоҳ бин Тоҳир томонидан кўчирилган нусхаси ҳақида сўзларкан, асарда тилга олинган “Малик-ул фузало, Хўжа Фаҳриддин Аҳмад Мастуфий, шеър айтувда тахаллуси Авҳадий” ҳақида маълумот кам эканлиги ва бу шоирнинг таржимаи ҳолини тўлиқроқ ўрганишга чорлайди. Ўзи “Тарихи Байҳақий”дан фойдаланиб, Авҳадий ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтадики, бу унинг мумтоз адабиётнинг ўзига хос тадқиқотчиси эканлигини кўрсатади. Унинг 1913 йилда “Шўро” журналида босилган “Туркистонлилар” мақоласи ҳам халқимиз ҳаётини ўрганишда муҳим илмий манбалардан бири, деб ўйлаймиз.
Афсуски, айрим муаллифларнинг таъкид ва мақолаларини ҳисобга олмаганда собиқ мустабид қизил империя томонидан ноҳақ ҳукм қилинган адиб Баҳромбек-Таржимон ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий тадқиқот кўринмаяпти. Адабиётшуносларимиз унинг асарларини излаб топиб, илмий ва кенг жамоатчиликка тақдим этсалар, маданиятимизнинг яна бир улуғ сиймосининг номи тикланган бўлур эди.
Сирожиддин АҲМАД
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
2022 йил 3 июнь, 19 (4678)-сон.
“Танишинг: Баҳромбек – таржимон” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ