“Фидойи ёшлар етакчиси” республика кўрик-танлови: уч босқич, тўрт шарт ва... ўнлаб иқтидорлар кашфиёти


Сақлаш
23:32 / 07.06.2022 1311 0

Оyina.uz мухбири Республика Маънавият ва маърифат маркази  масъул ходими Бегмат Очиловга “Фидоий ёшлар етакчиси” республика кўрик-танловининг мақсад ва вазифалари, талаб ва шартлари юзасидан бир нечта саволлар билан мурожаат этди.

 

“Фидоий ёшлар етакчиси” республика кўрик-танловини ташкил этишдан қандай мақсадлар кўзланмоқда? Аввало, шу ҳақда тўхталсангиз.

 

– Мамлакатимизда ёшлар сиёсати ҳамиша устувор бўлиб келган. Президентнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллашди. Ўн мингдан ортиқ маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, келажак авлоднинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, жамият учун керакли инсонга айлантириш йўлида салмоқли ишлар бошланди.

 

Маҳаллаларда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этиш,  ёшлар етакчиларининг маънавий савияси ва билимини ошириш орқали маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ривожига ҳисса қўшиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат туйғуларини тарбиялашни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борадаги етакчилар иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Фидоий ёшлар етакчиси” республика кўрик-танловини ўтказишга қарор қилинди.

 

– Кўрик-танлов неча босқичда ўтказилади?

 

– Уч босқичда ташкил этилади. Ҳар йили июнь ойида барча туман ва шаҳарлар миқёсида энг илғор ёшлар етакчилари сараланади. Уларнинг фаолияти тўрт шарт бўйича баҳоланади. Маҳаллий доирада энг яхши деб топилган бир нафар ғолиб кейинги (ҳудудий) босқичга йўлланмани қўлга киритади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида июль ойида, бўлиб ўтади. Бунда ҳам ёшлар етакчилари тўрт шарт асосида синовдан ўтказилиб, энг муносиблари республика босқичига йўл олади. Ҳар йили республика босқичи август ойининг учинчи ўн кунлигида мамлакатимизнинг ўн тўрт ҳудудидан сараланиб келган ғолиблар ўзаро беллашади.

 

– Ҳар бир босқичда иштирокчилар тўрт шарт бўича синовдан ўтказилиши ҳақида гапиряпсиз, ўша талаблар нималардан иборат бўлади?

 

– Биринчи шарт “Ёшлар сиёсати билимдони” деб номланиб, ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий-маърифий мавзудаги саволларга жавоб берилади. Ҳар бир билетда 10 та савол бўлиб, жами 20 балл тўплаб имконияти мавжуд.

 

Иккинчи шарт “Самарали фаолият” деб аталган. Бу шартда эса етакчилар фаолияти давомида ўзлари амалга оширган ишлар ҳақида тақдимот қилишади. Тақдимотда слайд, кўргазмали воситалар, видео материаллардан фойдаланган ҳолда, қуйидаги йўналишлардаги ишлар акс эттирилиши лозим: “Ёшлар баланси”, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар портали” электрон платформаларининг маҳаллада қандай жорий этилганлиги даражаси ва натижадорлиги – 5 балл; маданият ва санъатни тарғиб қилиш – 5 балл; соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш – 5 балл; ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш – 5 балл; маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш – 5 балл; ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш – 5 балл; тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш – 5 балл; маҳалла ёшларининг туман, ҳудуд, республика ва халқаро миқёсдаги ютуқлари – 5 балл. Иккинчи шартда жами 40 балл йиғиш мумкин.

 

“Инновацион ижтимоий лойиҳа” деб номланган учинчи шартда маҳалла ёшлари ўртасида амалга ошириладиган янги инновацион лойиҳа тақдимоти ўтказилади. Лойиҳани баҳолашда ёшлар ҳаётида қай даражада аҳамиятлилиги, амалга ошириш реаллиги ва натижадорлигига эътибор қаратилади. Максимал 20 балл берилади.

 

“Иқтидор ва истеъдод” номли тўртинчи шартда ёшлар етакчиси бирор соҳадаги талантини эркин намоён этиб бериши талаб этилади. Бу шарт учун ҳам 20 балл белгиланган.

 

– “Фидоий ёшлар етакчиси” кўрик-танловида қатнашиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

 

– Танловда республикамизнинг барча маҳаллаларида ишлаётган ёшлар етакчилари иштирок этиши мумкин. Бунинг учун Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман ва шаҳар бўлимларига ариза билан мурожаат қилиш лозим.

 

– Ғолибларини қандай мукофотлар кутмоқда?

 

– Маҳаллий босқичда 1-ўринни олган етакчига махсус диплом ҳамда планшет; 2-, 3-ўрин соҳибларига эса китоблар тўплами берилади. Иккинчи босқичда 1-ўрин ғолиби махсус диплом, замонавий ноутбук ва принтер;


2-, 3-ўрин эгалари эса замонавий компьютер жамланмаси билан тақдирланади. Р
еспублика миқёсида 1-ўринни эгаллаган ёшлар етакчиси “Келажак бунёдкори” медалига тавсия этилади. У ишлаётган маҳалла фуқаролар йиғинида кутубхона ташкил этилиб, беш минг дона китоблар жамланмаси ажратилади. 2-, 3-ўрин ғолиблари “Ўзбекистон белгиси”, “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонларига тавсия этилади. Улар фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғинида кутубхона очилиб, уч минг дона китоблар жамланмаси берилади.

 

“Фидоий ёшлар етакчиси” республика кўрик-танловида асосий эътибор маҳалладаги ёшлар етакчилари фаолияти учун етарли шарт-шароитларни яратиш, ташкилий-услубий кўмак кўрсатишга қаратилади. Фаол ва ташаббускор ёшлар етакчиларини қанчалик қўллаб-қувватласак, уларда ўз ишидан қониқиш ва манфаатдорлик ҳисси ортади. Шу маънода мазкур кўрик-танлов ёшлар етакчилари иш самарадорлигини ошириш, улар ўртасида ҳамкорлик ва ижобий рақобат муҳитини яратиш, жойлардаги илғор ғоялар, инновацион-ижтимоий лойиҳаларни республика миқёсида оммалаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

  

Абдумажид АЗИМОВ

cуҳбатлашди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10559
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//