Адабиёт
Олисдаги ўзбек овулида бир кун
Туркиянинг Қўнё вилоятида Бўвруделик овули борлигини биласизми? У ерда ўзбеклар яшашини-чи? Биз ҳам билмас эдик. Бориб, кўриб, билиб олдик.
Қўнё шаҳрида яшовчи Фозил Қорагўз Бухоролининг “Сел-сут” номли фабрикаси бўлиб, Бўвруделик овулидан сотиб олинган сутлар қайта ишланар экан. Маърифатли бой Фозил афанди уйида “Туркистонлилар” дўкони соҳиби Рашод Четин, тикувчи Маҳмад Ўрхон оилалари билан танишдик.
Мезбонлар туркча, татарчани ўзбекчага аралаштириб сўзларди. Сабоҳиддин исмли йигит рубоб чалди (рубобни қўшқарча дер экан, биз қашқарча рубоб деб тушундик). Шоир Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон”, “Эй гўзал Фарғона” шеърларини қўшиқ қилиб бирга куйладик.
Қўшиқлар мушоирага уланди. Камина Абдулла Тўқайнинг “Ўзимга”, “1905 йил” шеърлари таржимасини ўқиб берган эдим, оқсоқоллар “Сен Тўқай булбулини ўзбекча сайратдинг, сен ўзбек Тўқайи бўлдинг”, деб дуо қилишди.
Бўвруделик
Қўнё шаҳридан 100 чақиримлар юриб, қирлар қўйнидаги 300 хонадонли овулга етдик. Эгри-бугри, паст-баланд тош кўчалар. Шоир Абдулла Тўқайнинг бир достони эсга тушди:
Шундоқ Қозон ортида бор бир овул Қирлай деган,
Орқасига жир битиб товуқлари жирлай деган...
Синчли лойсувоқ уйлар кўзимизга жуда иссиқ кўринди. Оқсоқоллар, овул мухтори билан маҳаллаларни айландик. Қаерга кирсак, бўғирсоқ ва ширинлик билан сийлашди. Эркак ва аёллар рубоб, гармон, ноғора ва сурнай чалишиб, қўшиқлар айтишди.
Қишлоқ атрофида кўплаб ғорлар бор. Овул номи ўша ғорлар туфайли бағри тилик, ичи тилинган маъноларини билдиришини тушундик. Ғорларни томоша қилиб кеч кирганини билмай қолибмиз.
Оқшом таомлари дастурхонига угра, гўжа ва палов тортилди. Овқатдан сўнг дастурхонга дуо ўқилди. Сўз навбати тарих билимдони Аднон Чингиз оғага тегди. Унинг “Тарихчаи ҳаёт” қўлёзмаси тилга кирди.
Бухарци – бухороликлар дегани
Бўвруделик овули аҳли асл юрти Бухоро экани, миллати ўзбек бўлганини айтишади.
Шайбонийлар сулоласининг сўнгги вакилларидан Абдуллахон замони ХVI аср охирларига тўғри келади. Сибир хони Кўчумхон ўз ҳудудида савдо-сотиқни кучайтириш, ислом динини ёйиш мақсадида Бухоро, Сайрам шаҳарларидан савдогар ва муллаларни таклиф этади. Қоракўллик Аваз Боқи шайх, Динали хожа, Шарбати шайх ва бошқалар оилалари билан Сибир ерларига кўчиб боришади. Ҳозирги Омск (Ўм) шаҳри атрофида Янгиовул, Йилонликўл каби қишлоқлар қурилади.
Сибир рус давлатига қўшиб олингандан кейин Саййид Олим шайх исмли шахс ўзбекларни солиқдан ва аскарликка олишдан дархон қилишга эришади. Одамлар чорва, деҳқончилик, тижорат ва аравакашлик билан кун кўрган. Рус ҳукумати уларни “бухарци” деб рўйхатга олган экан.
Абди миллат – миллат ходими
Абдурашид Иброҳимов (1857–1922) истибдодга қарши, миллий озодлик учун курашган зотлардан биридир. У билимли ёшларни тарбиялашдаги куч-ғайрати учун “абди миллат” номи билан машҳур бўлган. 1900–1907 йилларда ўз ҳисобидан “Миръот” (Кўзгу) мажмуасини чиқарган.
Шоир Абдулла Тўқай у ҳақида “Рашид Токиода қурармиш масжид”, “Рашиднинг номи бўлди “Абди миллат” каби сатрлар битган. Абдурашид Иброҳимов машҳур маърифатпарвар Исмоилбек Гаспирали билан бирга 1905 йили рус кадетлар партияси фикрларига мойил “Мусулмон иттифоқи” партиясини ташкил қилган.
Абдурашид Туркияда саёҳат қилган йиллари Сибирда яшовчи миллатдошларини Усмонли давлати ҳудудига кўчиб ўтишга чақирган. 1907 йил ноябрь ойида рус ҳукумати 100 та оилага рухсат беради. Қон-қариндошларнинг кўчиб кетиши, қолаётганларнинг оҳу зорини кўрган шоир Йўғонбош Муҳаммади “Қиёмат” достонида шундай шеърий сатрларни битган экан:
Кетувчи қиёлмас дўсту эшини,
Қолувчи тиёлмас кўзин ёшини.
Юз оила Омск шаҳридан Одесса орқали Истанбулга етиб келади. 1908 йил бошида мусофирлар Қўнё, Оқшаҳар ва Илгиндаги уй ва карвонсаройларга жойлашади. Орадан икки йил ўтиб, давлат Рашодия, ҳозирги Бўвруделик овулини қурдириб берган.
Бухороликлар Болқон ярим оролидаги уруш ҳаракатлари, Биринчи жаҳон уруши ва Туркияни чет эл босқинчиларидан озод қилиш учун миллий истиқлол жангларида қатнашган. Урушлардан тирик чиққан фахрийларга давлат нафақа тайин этганда отахон ва онахонлар олмай қайтариб юборган экан. Чингиз оға “Биз уч аср Сибирда, кейинги аср Туркияда яшадик”, деб китобчасини ёпди.
Алоқалар тикланди
Овулда Ўзбек, Ўзбекўғли, Бухороли каби фамилияли кишилар кўп. Овул халқи Омск, Тошкент, Бухоро, Сайрам ва бошқа шаҳарлардаги қариндош-уруғлари билан мунтазам борди-келди қилади. Биз Омскдан келган Гулнора ва Серикбой оиласи, Павлодар шаҳридан меҳмон Ирфон Шайхов билан мулоқотда бўлдик. Улар ота юрт Ўзбекистон ва Туркия алоқалари тобора кучайиб бораётганидан мамнунликларини изҳор этишди.
Толиб НОСИР
Фарғона – Тошкент – Қўнё – Фарғона
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ