Кейинги бир йилда ўқувчиларнинг китобхонлик даражаси сезиларли ошди – ижодий тарғиботчилар оиласи вакилларининг муштарак мақсад ва якдил хулосалари


Сақлаш
22:57 / 02.06.2022 1433 1

Умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг фаолият юритаётганига бир йилдан ошди. Етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлиги билан алоҳида ажралиб турадиган тарғиботчиларни аниқлаш учун ўтган вақт етарли бўлди. Яқинда ўтказилган танлов тарғиботчининг таълим тизимидаги ислоҳотлар ва уларда белгиланган вазифалардан хабардорлиги, глобаллашув жараёнида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган билимларига холис баҳо берди. Ўқувчи-ёшлар онгига ватанпарварлик, миллатпарварлик, бағрикенглик, турли ёт ғоя ва оқимлар қутқусидан огоҳлик каби туйғуларни сингдириш, уларни миллий урф-одатлар руҳида тарбиялашга қаратилган илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ҳам бугун тарғиботчилар олдида турган муҳим масалалардан ҳисобланади. Юксак касб маҳоратига эга соҳа мутахассисларининг иш тажрибалари, улар эришаётган ютуқлар хусусида сўз юритар эканмиз, бир оилага мансуб тарғиботчилар фаолиятига тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ топдик.

 

 

Оила бошлиғи таниқли журналист Бахтиёр Асадов Бухоро вилояти Жондор туманидаги 30-мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи бўлиб ишлаб келмоқда.

 

– Мактабларга ижодкорлар бириктирилгани жуда хайрли иш бўлди, – дейди Бахтиёр ака. – Умумтаълим масканида журналистикага қизиқувчи кўплаб ўқувчилар борлигини кашф қилдим. Ижодий тўгарагимизда болалар нотиқлик, публицистика, спорт журналистикаси, адабиёт асрорларини ўрганишяпти. Қувончлиси, мактабимиздаги икки иқтидорли ўқувчининг китобларини нашр қилиш арафасида турибмиз. Бухоро вилояти Журналистлар уюшмасининг раҳбари сифатида ҳар икки ҳафтада туманларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун семинар ўтказиб келяпмиз. Бизни оилавий тарғиботчилар деб аташганида ғурурланиб кетаман. Қизим Зуҳро, келиним Нодира ва қудағайим Ҳилолахон ҳам мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи бўлиб ишлаяпти.

 

 

– Тумандаги 31-мактабга келганимда дастлаб “Машғулотларга киришиб кета олармиканман, болаларнинг тилини топа олармиканман”, деган ҳадиклар бор эди, – дейди биз билан суҳбатда Бахтиёр аканинг қизи, журналист Зуҳро Асадова. – Тўгараклар жараёнида кутганимдан ҳам кўп истеъдодли ёшлар борлигига гувоҳ бўлдим. “Ёш журналистлар”, “Ёш китобхонлар”, “Заковат” каби тўгараклар очдик. Истеъдодли ўқувчиларнинг ижодий ишларини туман ва вилоят нашрларида мунтазам эълон қилдик. Ёшлар ишлари агентлиги ташкил қилган “Зукко китобхон” танловида мактабимиз яхши иштирок этди. Ўзим “Йилнинг энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси” республика танлови туман босқичида фахрли ўринлардан бирини эгалладим. Бу менга катта рағбат бўлди.

 

 

– Бир йилдан зиёд вақт мобайнида пойтахтимизнинг Сергели  туманидаги 300-ИДУМда тарғиботчи бўлиб ишлаб келяпман, – дейди сулоланинг яна бир вакили, Бахтиёр аканинг келини, адиба Нодира Иброҳимова. – Мазкур мактаб аниқ фанларга ихтисослашган бўлса-да, шеъриятга, таржимонликка, журналистикага қизиқувчи кўплаб ўқувчилар бор. Тўгарак аъзоларининг сара ижодий намуналари нашр этилди. “Меҳрибон ва баҳайбат дев” китобининг тақдимотини ўтказганимизда ўқувчилар ҳам эртаклар таржима қилишга қизиқиб қолишди. Болалар билан қизиқарли китобларни ўқиб, таҳлил қилиб борамиз. “Йилнинг энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси” республика танловида туман бўйича 1-ўринга лойиқ топилдим. Келаси ўқув йилида ўқувчиларнинг илк китобларини чиқаришга ҳаракат қиламиз ва тизимли ижодий танловлар ўтказиш ниятимиз бор.

 

 

– Президентимиз ташаббуси билан таълим масканларида маърифий ишларни жонлантириш, ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида ёзувчи ва шоирларнинг мактабларга бириктирилишида ҳам катта хикмат бор, – деб атрофлича мулоҳаза юритади навбатдаги суҳбатдошимиз Ҳилола Иброҳимова. – Яшнобод туманидаги 67-ўрта мактабда тарғиботчи бўлиб ишлайман. Кейинги бир йил давомида ўқувчиларнинг китобга қизиқиши сезиларли даражада кучайгани сезилди. Янги ижод булоқлари кўз очди. Янада қувонарлиси, шеър ва ҳикоя ёзадиган ўқувчиларни кашф этиб, ижод оламига жалб эта олдик. Туркум маънавий-маърифий тадбирлар уюштирдик, қадимий ва замонавий обидаларга саёҳатлар ташкил қилдик. Мактабга кўпроқ ёзувчи, шоирларнинг ташрифи ўқувчиларнинг маънавий дунёси юксалишида катта аҳамият касб этади. Бир ижодкор сифатида шуни таклиф қиламан:  “Маърифат” тарғиботчилари жамияти ҳамда Ёзувчилар уюшмаси жадвал асосида шоир-ёзувчиларнинг мактабларга ташрифини ташкил этишса... Бу кенг қамровли лойиҳа бўлиб, ижодкорлар мактабдаги ижодий учрашувлар орқали ўқувчи-ёшларнинг қалбига кириб боради. Қолаверса, тарғиботчи ҳам ҳар сафар кимни чақирай деб ўйланиб юрмайди. Бундай тадбир йўлга қўйилса, бирорта ҳам мактаб эътибордан четда қолмайди.

 

Сафар ОЛЛОЁР

1 Изоҳ

Bozorova Oyniso Qodirovna

12:01 / 01.01.1970

Juda ajoyib . Ziyoli oilada ziyoli farzandlar ulgʻayishi, xalqqa va yurtga koʻproq shunday insonlar lozimligi hech kimga sir emas.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//