Байрам нишонламайдиган болалар


Сақлаш
03:26 / 02.06.2022 1080 0

Бугун, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида дунё бўйлаб турли тадбирлар ўтказилади. Аммо ҳамма бола ҳам байрамни бу санада нишонламайди. Қайси бирлари эса умуман нишонламайди...

 

 

***

“Нозим, тур, акангни докторга олиб кетяпмиз, қўйларни даштга ўзинг олиб чиқасан бугун”. Дадасининг турткисидан кўра, ширин тушининг бузилганидан норозиланиб кўзини очди.

 

Тепасида турган киши отаси эканини билиб, апил-тапил кийинаркан, сал нарида инграётган акасига ботинмайроқ қаради. Иссиқ кундаям кўрпа ёпиниб ётган Нодирга нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, индамади.

 

Юзини ювиб, онаси тутган нон ва майда-чуйда тугилган тугунни белига бойлаганча, қўйхона томон кетди. Сой томондан “қурей-қурей” деган товушни етаклаб, тонг ёришиб кела бошлади. 

 

 

***

     Орзунг нима, сўрайман ундан.

– Бизнесмен бўлиш.

     Зўр-ку, бизнесмен бўлсанг, нима қиласан?

– Кўп машиналарим бўлади, кўп уйларим, шкаладларим бўлади. Кейин аямни опкеламан.

     Қаердан опкеласан аянгни?

     Рассиядан-да, Рассияни биласизми? Доим қор ёғади уяғда. Аям совуқни ёмон кўради, менам ёмон кўраман. Свет ўчаверади, ўчаверади... Ҳеч мултпилм кўролмайман. Энам ҳам сериалини кўролмайди. Бизнесмен бўлсам-чи, ка-атта телвизорим бўлади. Движок ҳам оламан.

     Аянг қачон кетган?

     Мен мактабга бормасимдан олдин.

     Нечанчи синфсан?

     Иккини тугатдим...

 

 

***

 

– Дада, эртага 1 июнь. Шаҳарга, паркка олиб борасиз-а? – ҳовлимиз орқасида комбайнларни кўздан кечираётган дадамнинг қўлига осиламан. – Олиб борасиз-а, дада? Ўзи, уч кишимиз, опачамлар катта. Уларни ташлаб кетсагам, хафа бўлишмайди. Аям ҳам бормасин: унга учма, бунга чиқма, деяверади.

 

Дадам индамайди. Мен инжиқланавераман: “Борайлик, дада, паркка борайлик”. Комбайнни тузатаётган Шоҳрух ака бирпасга тўхтаб, мойли қўлларини арта-арта олдимизга келади. Сояда турган чойнакдан пиёлага чой қуйиб ичади. Кейин менга қараб:

 

– Эртага ўзим сени учираман мановда. Ҳеч кимда йўқ бунақа “парк”. Мазза қилиб учасан, – дейди. Дадам иккиси кулишади. Менга алам қилади.

 

– Йўқ, учмайман бунизда, ҳали тузатганизам йўқ-ку, – лабимни бураман унга, кейин дадамга қарайман мўлтираб, – оборасиз-а?

 

– Обораман, қизим, обораман, – дейди дадам сочимни силаб.

 

Ур-ре, эртага паркка борамиз, анамдан суюнчи олгани югуриб кетаман. Шу билан кечгача диконглаб, сакраб юраман. Аямнинг ҳамма айтганини қилиб, одобли қиз бўлиб оламан. Кечаси кўзимга уйқу келмайди. Чироқни ёқиб китоб ўқийман алламаҳалгача.

 

Эртасига чошгоҳда уйғонаман. Уйни, ҳовлини айланиб дадамни излайман. Анам дадам комбайнларнинг қандайдир “запчаст”ларини олгани бозорга кетганини айтади. Ичкарига кириб, кўзёшимни ҳеч кимга кўрсатмай йиғлайман ўксиниб.

 

Дадам кун оғишига яқин ҳорғин қайтади. Ҳар доим кўчадан келганларида энг биринчи югуриб пешвоз чиқадиган елим қиз – мен атай чиқмайман аразлаб. Бироздан сўнг хонага дадам киради. Индамай бошимдан силайди. Пиқиллаб йиғлаб юбораман.

 

Дадам мени овута туриб, жуда кўп нарсаларни айтиб беради. “Запчаст”лар жуда кераклигини, бўлмаса комбайнимиз юрмаслигини, ана унда планни бажаролмаслигимизни... Охирида “Яхши ўқи, кўпроқ ўқи, ўшанда ўзинг шаҳарда яшайсан, байрамларинг кў-ўп бўлади”, дейди. Дадамни қаттиқ қучоқлаб оламан. Ҳали кўп байрамларни нишонлаймиз...

 

 

Ишимиз кўп, вақтимиз кам. Баъзан ўзимиздан ортмаймиз. Баъзан кўнглимиздан... Аммо дунё ташвишларини ортмоқлаб юрганингизда, телевизорда, кўчада, қўшни уйдаги байрамни нишонлаётган тенгдошларига ҳавас кўзлари билан қараётган болаларингизнинг кўзларидаги мунгни кўриш учун бироз тўхтасангиз эди.

 

Ва яна фарзандингизни шаҳар бўйлаб айлантираётиб, “ҳув” олисларда, байрамдан узоқларда, ўз дунёсида, аллақачон катта бўлиб қолган болакайлар борлигини ҳам унутмасайдик, беғубор кўнгиллар хурсандчиликсиз, айёмсиз қолмас эди, балки...

Матн: Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

Фото: Холида МУСУЛМОНОВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//