“Мен қандай пайдо бўлганман?” – болаларнинг ноқулай саволларига қулай жавоб излаймиз


Сақлаш
22:24 / 01.06.2022 1427 0

 

Инсон яралибдики, саволлар ҳам туғилаверади. Айниқса, ёш болаларнинг саволлари тугамайди, деяверинг. Баъзида болаларимиз томонидан берилган айрим ноқулай саволлар бизни ўйлантириб қўяди. Кўпинча алдаш ёки жавоб бермаслик билан вазиятдан чиқишга уринамиз. Аммо бу хато ечим.

 

Бир донишманд айтган экан: ноқулай саволлар бўлмайди, шунчаки ноқулай жавоблар бўлади. Болакай сизга бераётган савол оддий ва жўн. Аммо унга тўғри ва содда жавоб қайтариш анча мушкул. Аниқланишича, ота-оналарнинг  ҳар тўрттадан бири фарзандининг саволига жавоб бера олмайди. Уч-беш ёшлардаги боланинг онгида “нима учун”, “нега”, “қандай қилиб” деган саволлар ғужғон ўйнайди. Табиийки, у ўз қизиқишларига ота-онасидан жавоб излайди. Бу паллада болага тўғри жавоб бериш жуда муҳим. Қуйида энг кўп тарқалган саволлар рўйхатини кўриб чиқамиз.  

 

 

“Мен қаердан пайдо бўлганман?”

 

Албатта, ҳар бир болани ўзининг қаердан ва қандай пайдо бўлиб қолгани қизиқтиради. Умуман, барча болалар қандай яралади? Саволлар орасида энг машҳури бўлган бу жумлаларга ҳар бир ота-она турлича жавоб беради. Афсуски, жавобларнинг деярли барчаси чўпчакдан иборат.

 

Сизнинг хато жавобларингиз:

 

1. “Дўкондан ҳарид қилганмиз”. Кўпчилик ота-она шу жавобда тўхталиб қўя қолади: ахир дўкондан ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин. Хўш, бунга ишонган фарзандингиз бир куни сизни дўконга судраб ука ёки сингилча сотиб олишга ундаса-чи? Унда нима баҳона топасиз? Ё бўлмаса дўконга ҳаридга кирган маҳалингиз у пештахталарда негадир болалар сотилмаётганини кўриб яна ажабланади ва саволини такрорлайди. Савол кетидан саволлар туғилаверади.

 

2. “Сени лайлак ташлаб кетган”. Бу ҳам оммабоп жавоб. Айниқса, уч ёшли болалар учун. Мултфильмларда ҳам шунга ўхшаш манзараларни кўрган болакай бунга астойдил ишонади. Лекин у умуман қаердан пайдо бўлган? Лайлак уни қаердан олиб келган? Ёки у лайлаклар орасида пайдо бўлганми? “Ташлаб кетган”, “олиб келган”... йўқ, бу жавоблар болакайнинг айнан сизларга, яъни ўз ота-онасига тегишли эканига катта шубҳа туғдиради. Бунинг устига ука ёки сингилчасининг лайлак эмас, туғруқхонадан машинада олиб келишгани уни янада ҳайрон қолдиради.

 

3. “Сен лўлилар аравасидан тушиб қолгансан”. Ҳазилкаш амакию тоғаларнинг жиянлари берган саволига жавоби. Айниқса, бола хархаша қилганда қўрқитиш учун кўп ишлатилади. “Яна йиғласанг, лўлига бериб юбораман”. Бу гапни умуман ишлатмаслик керак. Йўқса, болада оилага бегоналик ҳисси, қўрқув туйғуси уйғонади.

 

4. “Сен қорнимда яралгансан, кейин шифокорлар қорнимни ёриб сени олишган”. Ҳақиқатга анча яқин. Аммо охири сал қўрқинчли. Болада шифокорларга нисбатан қўрқувнинг пайдо бўлиши шу жавобдан бўлса, эҳтимол. Қоринни ёриш... бола буни тасаввур ҳам қилолмайди, тасаввур қилса ҳам нақадар даҳшатлигини ўйлайди. Онасининг ука ёки сингил олиб келишини истамайди, сабаби онасига оғир бўлишини билади.

 

Тўғри жавоб: Болакайга ҳақиқатни оддий ва ижобий сўзлар билан билдиринг. “Мен ва даданг сени дунёга келишингни истаганмиз. Қорнимда пайдо бўлиб улғайгансан. Вақти келиб ёруғ дунёга чиққансан. Ўшанда жуда хурсанд бўлганмиз. Миттигина ширинтой эдинг... Барча болалар ўз онасининг танасида пайдо бўлади.  Оилалар шу тариқа вужудга келади”. Шунга ўхшаш сўзлар билан болажоннинг айнан сизларга, яъни ОТА-ОНАсига тегишли бўлганини билдиринг. Бу ўртадаги меҳр ришталарини  мустаҳкамлайди. Бола ўзининг кимлардир томонидан ташлаб кетилгани, сотиб олингани, топиб олингани каби мавҳум гаплардан кўра шу тўғри жавобни мамнун қабул қилади.

 

 

“Нега болалар қиз ва ўғилга ажратилган?”

 

Ўзининг ўғил бола эканини англаган болакай ёнидаги болаларга эътибор беради. Улар орасида қизлар ҳам бор. Нега одамлар икки хил: қизлар ва ўғил болалар тоифасига ажратилган? Бундай файласуфона саволлар кўпроқ беш ёшдан катта болаларни қизиқтиради. Ўз тана аъзоларини ўрганаётган болакайда шунга ўхшаш кўплаб саволлар пайдо бўлади. Укачасини чўмилтираётган қизча онасидан нега укасининг тана аъзолари ўзиникидан фарқ қилишини сўраш ҳолатлари кўп учрайди. Бу саволга она нима деб жавоб беришни ҳам билмайди…     

 

Тўғри жавоб: Жавоб беришдан қочманг ёки гапни бошқа ёққа бурманг. Ўғил болалар катта бўлса эркакка, қизлар эса аёлга айланиши, ҳар бир оила яралар экан, у эркак ва аёлдан иборат бўлишини айтинг.   Бунга ўзингиз ва дадасини мисол қилиб кўрсатинг. Қизлар улғайиб она, хола, амма, буви бўлишини, ўғил болалар эса ота, амаки, тоға, бобо бўлишини тушунтиринг. “Ахир бувингнинг ёнида бобонг, менинг ёнимда отанг бўлишини истайсан-ку, тўғрими?” деб сўранг. Инсонларнинг жуфт бўлиб яшаши табиат қонуни эканини айтинг.  

 

 

 “Севги нима ўзи?”

 

Кўп нарсага ақли етиб қолган бола катталар турмуш қуриши, кейин болалари пайдо бўлишини билиб, кўриб боради. Барча уйларда оилалар яшайди. Хўш, нега улар катта бўлганда оила қуради? Севги нима ўзи? Нима учун улар бир-бирини яхши кўриб қолади? Нега болаларга бу мумкин эмас?

 

Тўғри жавоб: Ҳаёт давом этиши учун оилалар яратилишини айтинг. “Ўғил болалар йигит бўлгач, бир қизни ёқтиради. Улар бирга яшашга аҳд қилишади. Сабаби, иккиси бир-бирига ёрдам беради, бир-бирини тушунади, хафа қилишмайди. Иккаласи ҳаётлари қизиқарли бўлиши учун болалари бўлишини истайди. Оила қургандан сўнг ишлаш ва болаларни ўқитиш керак. Шунинг учун ҳам ёш болалар оила қурмайди. Чунки улар ҳали ишлай олишмайди-да”.

 

 

“Мени кўпроқ яхши кўрасизларми ёки укамними?”

 

Одатда, бу савол тўнғич фарзандлар томонидан берилади. Оилада ука ёки синглиси пайдо бўлгач, болада рашк, қизғониш ҳисси ҳам шаклланади. У гўдакка кўпроқ эътибор қаратилаётгани, ўзи эса четга чиқиб қолганини сезиб шундай саволларни  беради.

 

Тўғри жавоб: унга ота-она фарзандларини бир хилда яхши кўришини айтинг. “Онангни она бўлгани учун, сени ўғлимлигинг, синглингни қизим бўлгани учун ҳам яхши кўраман. Яхши кўришни чеклаб ёки камайтириб бўлмайди” дейишингиз уни оз бўлсада тинчлантиради. Буни амалда ҳам кўрсатиб, катта ва кичик фарзандларингизга баб-баравар меҳр беринг.

 

 

“Нега дадам (ойим) билан уришяпсизлар?”

 

Турмушда ҳар хил вазиятлар бўлади. Баъзан катталар ўртасидаги баҳс жанжал билан якунланиши ҳам мумкин. Бунга гувоҳ бўлган болада эса нохуш саволлар туғилади. Гўё ота-онаси уни деб уришаётгандек туюлади. Отасининг жаҳли, онасининг кўз ёши эса бола кўнглида салбий ҳиссиётларни уйғотади. Бари тинчигач бола юқоридаги саволини беришга жазм қилади.

 

Тўғри жавоб: ўша пайт қандай ҳолатда бўлишингиздан қатъий назар, болангизга босиқлик билан жавоб беринг. Катталар гарчи бир-бирини яхши кўрса-да, баъзида тортишиб туришини, бу тезда ўтиб кетишини айтинг. Унга ота (она)сини асло ёмонламанг! Яхшиси, умуман болаларнинг ёнида жанжаллашмасликка одатланинг. Шунда ортиқча саволлар ҳам пайдо бўлмайди.

 

 

Болаларнинг саволларига жавоб бериш чоғида:

 

*бола ўз саволлари билан айнан сизга мурожаат қилаётганидан аввало, мамнун бўлинг. Чунки у сизга ишонаяпти, сиз у учун билағонсиз.  

 

*жавоб бериш чоғида боланинг ёши, билим доираси, жинсини ҳисобга олинг.

 

*болакайни алдаманг, ўта умумий жавоб ҳам берманг. Савол кетидан берилаётган саволларига сабр билан тўғри жавоб беринг.

 

*боланинг саволларига эртакнамо жавоблар қайтарманг. Вақт ўтиб у бунинг лоф эканини билиб олади ва сизга ишонмай қўяди.

 

*саволларга “кейин жавоб бераман”, “ҳозир бандман”, “ота (она)нгдан сўра”, “бемаъни гапларни йиғиштир” каби жумлалар билан жавоб қайтарманг.

 

*унинг саволлари устидан кулманг.

 

*жавобларингиз бола билим доирасининг кенгайишига ҳам сабаб бўлсин.

 

*агар жавобларингизни бола тушунмаса “бироз катта бўлсанг яна тушунтириб бераман”, деб жавоб беринг. Бу “барибир ҳеч нимани тушунмайсан, дедим-ку!” дегандан кўра яхшироқ.

 

Фарзандларингиз камолотида шундай ноқулай саволлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уларга доимо қулай жавоб қайтаринг. Ҳар бир куни турли саволларга тўла болакай ўзича оламни кашф этаяпти. Бунда ота-она сифатида фаол иштирок этинг.  

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

Oyina.uz

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//