Аҳолининг ғамлаган ўт-ўланигача солиқ солган хон, юртини ёв босганда тўй-томоша уюштирган бой – Южин Скайлернинг “Туркистон” китобида нималар ёзилган?


Сақлаш
00:50 / 01.06.2022 1536 0

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,

Илғай олмас барчасин кўзим.

Мақтамасман мозийни бироқ,

Ўтмишингни ўйлайман бир зум.

Абдулла ОРИПОВ

 

Америкалик адиб, олим, дипломат ва сайёҳ Южин Скайлернинг 1876 йилда Лондонда нашр этилган “Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” асари, ниҳоят, ўзбек ўқувчиси қўлига етиб борди. Китобга сўзбоши ёзган олима Дилором Алимова асар ўлканинг Русия истилоси давридаги кечмиши ҳақида ҳикоя қилувчи қимматли манба экани ва Арминий Вамберининг машҳур “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” рисоласидан қолишмаслигини таъкидлаган. Ушбу ноёб манбанинг  бир асрдан зиёд вақт мобайнида ўзбек тилига ўгирилмагани ҳайратланарли. Южин Скайлер Туркистонга 1873 йили – Русия империяси Ўрта Осиё хонликларини бирин-кетин забт этаётган даврда келади. Сайёҳ ўнлаб шаҳру кентларни гоҳ пиёда, гоҳ маркабда кезиб, ўлка тарихи, табиати ва қадриятларидан анча-мунча хабардор бўлади. Ажнабий дипломат дунёдан узилган, жаҳолат маърифатдан устун келган, зулм адолат пайини кесган Туркистоннигоҳ ҳаяжон, гоҳ ҳайрат  ва гоҳ таассуф ила кузатади.

 

Туркистон Южин Скайлер яшаган давлат – Америка учун сирли-тилсимли бир олам эди. Шу боис, океанортидан келган тадқиқотчи ўлка халқлари ҳаётини ипидан игнасигача ўрганишга уринган. У бир ўринда ўлкашунос, бир лавҳада тарихчи, яна бир саҳифада журналист бўлиб гавдаланади.

 

Зукко муштарийнинг ёдида бўлса керак, “Ўтган кунлар” романининг “Ота-она орзуси” бобида ушмундоқ мунозара кечади:

 

“Отабек ҳам қизишди:

– Хотин бўлмаса, нима, ахир?!

 – Қошлиқ, кўзлик бир анди!

 – Анди деганингиз нима ўзи?

Юсуфбек ҳожи ўғлини босиш ўрнига жавоб бер, дегандек қилиб илжайган ҳолда хотинига қаради. Ўзбек ойим “анди” маъносини билдириб, андиларнинг сиҳрини рад қилиш учун бир оз тутилиқиб қийналди:

 

 – Анди... анди... ўзи хитойми, нима бало... ўзи қалмоқдан тарқаған бўладир... Тушинмаган бўлсанг, лўлиларнинг бир тойифаси...”

 

Амриқолик  сайёҳ битикларида Ўзбек ойим мушкулини осон қилиб, “анди”лар ҳақида ҳам мухтасар маълумот беради: “Яна бу ерда бошқа бир кичикроқ, ғалати халқ ҳам борлигини эслатиб ўтишим шарт. Улар Анди деб аталиб, Чимкент ва Авлиёота орасидаги иккинчи почта бекати – Машҳад ва унга қўшни яна учта қишлоқ аҳолиси саналади. Улар туркий лаҳжада сўзлашиб, аёлларининг очиқ юришига рухсат беришган, бир-бирлари билангина ўзаро никоҳдан ўтишиб, ўзларини “анди” деб аташларини хоҳламайдилар, шунга кўра, насл-насабидан ор қилади деб тахмин қилиш мумкин”.

 

Ўрлашсанг ётиб олиб ўрлашадиган, беллашсанг белингдан қўл олмайдиган бир хорижлик олимга тилию дини бошқа халқлар ҳаётини синчиклаб ўрганиш нима учун зарур бўлган? Етти пуштини билмай яшаяпти-ку қанча одамлар! Фикран Тошкентдан нари чиқмаган, қаричи Тахтиқорачадан бери ошмаган калондимоғлар камми юртимизда?! Южин Скайлер ҳаяжон ила ҳикоя қилган туркий уруғлар моҳиятига ақли етмайдиган зиёлиларимиз қанча!

 

Америкалик олим қадимги рим, араб, хитой манбалари; рус, мўғул, темурийлар давлатига доир битикларни, жумладан, Бобур Мирзонинг “Бобурнома”си, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” ва “Шажарайи тарокима” асарларини мутолаа қилади, ислом дини ва пайғамбарлар ҳаётини пухта ўрганади. Аҳли мусулмоннинг муқаддас китоби Қуръони каримни ҳам ўқиб чиқади.

 

Сайёҳ бу ерларда қурғоқчилик ўлка халқи бошига катта бало келтиришини, 1770 йил Бухородаги қаҳатчилик, 1810-1811 йиллардаги очарчилик даврида одамлар ҳатто фарзанди ва яқинларини сотганини қайд этади.

 

Скайлер Туркистон тарихидаги машъум ҳодисалар – 1835, 1869-1870 йиллардаги очарчиликни ҳам тилга олади ва қаҳатчилик даврида кексалар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ёки ўлдирилганини айтиб ўтади. Конфуций издоши Мэн Цзининг “Мамлакатни муваффақиятли идора этишнинг 12 қоидаси” асарида шундай бир фикрни ўқиган эдим: “Ҳосил мўл бўлмаган йил кўплаб ака-укалар бағритош бўлиб қоладилар, – деб ёзади файласуф. – Бу бағритошлик Коинот томонидан уларга берилган табиий сифатларга боғлиқ эмас. Балки, очлик улар қалбида ёвузликнинг уйғонишига сабаб бўлади”.

 

Амриқолик дипломат адолатсиз, қўрқоқ ва кайф-сафога берилган беклар билан ҳам танишади. Муаллиф Туркистон ҳаётини зоҳиран кўрса-да, ботинига етиб бормаган, ахлоқий муносабатларни чуқур идрок этмаган ўринлар ҳам учрайди. Қолаверса, ажнабий сайёҳ мусулмон ҳаётини ғарбча андозалар билан ўлчайди.

 

 

Тождорлар билан юзма-юз

 

Скайлер Худоёрхон билан илк учрашуви ҳақида ёзар экан, “бухороча яшил чодирда оқ саллали учта эркак” ичида қай бири хон эканини дафъатан фаҳмламаганини қайд этади. Иккинчи кўришув Балиқчи беклигида рўй беради: меҳмон мезбонга – “тўладан келган, эллик беш ёшлар чамаси, қизғиш ранг соқолли” Худоёрхонга ўнг қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилади. Ўз навбатида хон ҳам саломлашиш учун амриқолик дипломатга қўл беради. Ўртада  айтарли суҳбат бўлмаган чоғи, муаллиф ортиқча тафсилотга тўхталмаган. Аммо у солиқ юкини кўтара олмай абгор бўлган ва хонга қарши қўзғалган Қўқон халқи ҳаётини атрофлича тасвирлайди. Сайёҳнинг шоҳидлик беришича, хонликда солиқ турлари шу қадар кўп бўлганки, ҳатто ҳовуз бўйида яшовчилар зулук солиғи тўлаган. Бундан ташқари, масжидга тайинланган имом хонликка ўн танга, сўфи эса беш танга бериши лозим бўлган. Кимда-ким ўт-ўлан, қамиш ёки бута ғамлаган бўлса ҳам солиқ тўлашга мажбурланган. Кўча-кўйда маймун, айиқ, эчки ўйнатиб томоша кўрсатувчилардан ҳам солиқ ундирилган.

 

Скайлер Худоёрхон шахсиятига чизги берар экан, “Фақат солиқлар эмас, балки бошқа муносабатларда ҳам хон мустабид ҳоким саналади... Ёшлигида хийлагина ахлоқсиз бўлиб, 1853 йилда бош вазири Мусулмонқулни қатл этгач, қотилга ҳам айланди. Томирида қипчоқ қони оқаётганига қарамай, 20000 қипчоқни қатлиом қилди ва мамлакат аҳли нафратига учради” деб ёзади.

 

Исҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарида ҳам Қўқон хонининг “Русиядан хотиржам бўлуб, вақтини ўйин-кулки билан ўткаруб, қуш солмоқ ва кўкбўри чопмоқ йўлларинда бўлуб, уламо ва фузало насиҳатларига амал қилмай юргани...” баён этилган. Хўш, ўйин-кулгига берилган тождорнинг ўрдуси – армияси қай аҳволда бўлган?

 

“Қўқоннинг 12000 кишилик қўшини бўлиб, анча суст, қатъий интизом ўрнатилмаган. Бир хил кийинган ва қуролланган иккита одамни зўрға учратдим. Баъзиларида калтак, сўйил ёки пилта милтиқ бўлса, баъзиларида учи айлана жез, бўғимларига тақиб олган маҳаллий сўйилдан бўлак ҳеч вақо йўқ”, деб ёзади сайёҳ.

 

Зарафшон округи раҳбари, генерал Александр Абрамовнинг махсус хати билан юрган амриқолик Бухоро амири Музаффар билан Косонда – чодирда учрашади: “...Расмий амалдорлар ташқарида қолиб, ёлғиз мен ва таржимоним ичкарига кирдик.

 

...Киришим билан у кулимсираб, қўл узатиб кўришди-да, “Генерал омонми?” – деб сўради. “Ҳа, дуруст”, деб жавоб бердим. Сўнгра у таржимоним билан қўл бериб кўришгач, чодирнинг ўнг томонига – юзма-юз ўтиришга ишора қилди. Қоидага кўра, у биринчи бўлиб гапириши керак, шу боис сукут сақлаб уни кузата бошладим. У узун бўйли, бақувват, юзи бўзарган, кичкина, қора ва ташвишли кўзлари ҳар томонга пирилларди. Қовоқлари салқиган ва носоғлом, қўллари бутун суҳбат давомида қалтирарди. Соқоли қоп-қора, қуюқ. У кулранг ипак тўн кийиб, оқ салла ўраган эди”.

 

Скайлер амирга Китоб, Шаҳрисабз ва Қаршига сафар қилгани, беклар меҳмоннавозлик кўрсатгани ҳақида сўзлайди. Амир сайёҳга “Ўзингизни мамлакатингиздагидек ҳис этинг, истаган ерингизга сафар қилинг. Бухоро, Қоракўл, Чоржўйга боринг. Меҳмонимиз бўлинг ва вақтни чоғ ўтказинг. Тўқсабо барча юмушларингизни ўз зиммасига олади” дея илтифот кўрсатади. Амирни обдон кузатган Скайлер Музаффардаги қаҳр ва инжиқлик отаси амир Насруллодан ўтгани, аммо у амир марҳум қиблагоҳи каби қаттиққўл ва кучли феъл-атвор соҳиби бўла олмаганини қайд этади. Дипломат ҳукмдор ҳадяси – тўртта тўн ва безатилган отни олиб Самарқандга жўнайди. Ўша ерда амирда яхши таассурот қолдирмаганидан хабар топади. “Амир мендан кўпам қониқмагани сабабини танишув чоғи қўлини қаттиқ сиққаним билан изоҳлабди” деб ёзади у.

 

Амир Музаффар даврида рус қўшинлари Китоб ва Шаҳрисабзни эгаллагандан кейин амирликка ён бермай келган беклар – Жўрабек ва Бобобек илинж излаб Қўқонга от қўяди. Худоёрхон эски аламни олиш фурсати етганидан мамнун бўлиб, ёрдам сўраб келган бекларни чор маъмурларига тутиб беради. Скайлер Жўрабекни “мутлақо олижаноб инсон”, “ҳақиқий мусулмон”, “ҳам руслар, ҳам издошларига ён босарди” деб тилга олар экан, бек руслар кўмагида бўлса ҳам ўз ҳокимиятини тиклашга умидвор эканини таъкидлаб ўтади. Шу ўринда, Исмоил Гаспринскийнинг “Генерал Жўрабек авваллари Китоб шаҳрининг мустақил хони бўлиб, кейинчалик Русиянинг душмани сифатида асир тушиб, Туркистон ишларида Русияга садоқат билан хизмат қилган.

 

Марҳум туғма аскар бўлиши билан баробар илм ва маорифни ҳам жуда севган бир киши эди. “Таржимон”ни чиққан кунидан бери доимий ўқувчиларидан эди (Оллоҳ ундан ўз раҳматини дариғ тутмасин)” деган хотираси ёдга тушади (Исмоил Гаспринский. “Ҳаёт ва мамот масаласи”, Т., “Маънавият”, 2006 йил).

 

 

Уч ҳукмдор ҳарамини безаган Хонпошша

 

Скайлер саёҳатидан ўттиз йил бурун Муҳаммад Ҳакимхон тўра “Мунтахаб ат-таворих” номли тарихий асар иншо этиб, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ҳаётининг сир-асрорларидан воқиф қилган эди. Ушбу асар ҳам Скайлернинг “Туркистон”и каби қор ёғиб, излар ҳали босилмай туриб қоғозга туширилган. Ҳикоямиз амир ва хонлар замони ҳақида экан, бир қайғули қиссага қулоқ тутсак.

 

“Мунтахаб” муаллифи Муҳаммад Ҳакимхон тўра сершубҳа ва ҳарис Мадалихон буйруғига кўра аввал бир неча ой тутқунликда сақланади, сўнг ҳаж баҳонасида юртдан мажбуран чиқариб юборилади. Муаррихнинг Рум, Мозандарон, Туркия, Шом, Миср, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ бўйлаб сарсон-саргардонлиги бошланади. Россия шаҳарларини, хусусан Шамайни кўрган Ҳакимхон тўра ҳайрат бармоғини тишлайди. У 1824-1825 йилда Оренбургда император Александр Биринчи билан учрашади: “Мен билан подшоҳ ўртамиздаги суҳбат жуда ҳам қизиб, авжига минганидан ўша кечаси бошқа ҳеч кимсани ҳузурига таклиф қилмади. Мен билан ҳар тўғрида сўзлашди. Айниқса, Мовароуннаҳр аҳволи борасида кўп сўраб-суриштирди. Саҳарга яқингина каминага кетиш учун ижозат берди”.

 

Қўқон хонлигининг эътиборли одами Ҳакимхон тўрани қабул қилган оқпошшо савол-жавоб асносида манфур режасини таҳлилдан ўтказганига шубҳа йўқ.

 

Мадалихоннинг отаси Амир Умархон даврида Нодира, Увайсий, Дилшод Барно каби шоиралар ижод қилгани маълум. Салтанатнинг саодатли замонини Ибрат домла “Ул асрда шоирлик ривожда бўлуб, шуъаролар кўпайган эканлар. Булардан Хотиф, Машраб (Бобораҳим Машраб эмас – О.Т.) ва Адоий, Намангандан Мавлоно Фазлий ва шоиралардан ҳам неча адад фозила хотунлардан бор эканлар, буларни ашъорлари “Мажмуат уш-шуъаро”ларида мастурдир” деб таърифлаган эди. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган Дилшод Барно “Муҳожирлар тарихи” асарида битганидек, бир қўлида қалам, бир қўлида қилич тутган Амир Умархон – Амирий Ўратепани қамал қилиб, шаҳар ҳимоячиларидан 400 нафарини дорга тортади. 13 мингдан зиёд кишини асир қилиб Қўқонга қайтади. Улар орасида Дилшод Барно ҳам бўлган. Шоҳ либосидаги шоир Амирий (Умархон) асира Дилшод Барнога “Кел, эй тожикнинг ғазалхон қизи...” дейди ва хонтахта устида турган анорга бағишлаб ғазал тўқишини талаб қилади. Дилшод Барно қуйидаги ғазални ўқийди:

 

“Буни бир гумбази афлок кўрдим,

Ичини лиқ тўла ғамнок кўрдим.

 

Юзига парда тортиғлиқ ҳарирдан,

Дилини қон, кўзини намнок кўрдим.

 

Умархон ҳукмининг золим тиғидан

Гўзалларнинг дилини чок кўрдим”.

 

Шоира шу байтни ўқиганда, амир икки қарсак уриб, маҳрамини чорлайди ва унга кўз билан ишора қилиб, “Бу гесўбуридани зиндонга олиб боринг”, дейди. “Мен бу ишора маъносини англамадим...”, деб ёзади шоира.

 

Мусулмондан кофир, кофирдан мусулмон чиқариш Оллоҳнинг ихтиёрида. Аммо Амирий ва Нодирабегимнинг фарзанди, шеъру ғазал ичида улғайган Муҳаммад Алихоннинг (Мадалихон) тубанликлари илдизи чуқур эканини тахмин қилиш мумкин.

 

Аксар шарқ ҳукмдорлари феъли-хўйидан йироқ тушмаган Мадалихон 1822 йил январь ойида отаси Умархон ўрнига тахтга чиққач, бўзахўрлик ва каптарбозликка муккасидан кетади. Ҳашаматли каптархоналар қурдиради. Яхши каптар дарагини эшитса, бас, Кошғар, Бухоро, Шаҳрисабздан бўлса ҳам топтириб келади. Хоннинг каптарбозлиги шу даражага етадики, каптарларнинг оёғига тилло ва кумуш ҳалқалар осиб, уясини чиний товоқдан, михини кумушдан, ҳар бир хонасини кошиндан ясатади. Каптарнинг “ғул-ғул”и кўнглига урганда, доиразанлик билан машғул бўлади. Унинг тилла ва гавҳар тошлар билан безатилган тўққизта доираси тилларда достон эди. Шунча кўнгилхушликлар камлик қилади, шекилли, хоннинг ишқи қиморга тушади ва қайси музофотда донг таратган қиморбоз бўлса, уни чақиртириб, тунни тонгга улаб ошиқ ташлайди. Боз устига, эл ўғри деб лаънатлайдиган каслар билан улфатчилик қилади.

 

“Мунтахаб ат-таворих”да ёзилишича, Амир Умархоннинг Баҳодирхожа исмли дастурхончиси бўлиб, унинг хотини Мадалихонни эмизган онаси эди. Шу сабабли у Баҳодирхожани “ота” деб чақирарди. Мадалихон ана ўша ҳусну жамолда тенгсиз аёлга шаҳват қўлини чўзади ва пинҳона муродини ҳосил қилиб юради. “Одамлар билмасдан мени кўнгилочар ишларни қилмасликка ундаб, бу номуносиб қилиқ, дейдилар. Аслида мен ўзим бир неча бор синаб кўрдим – қачон рўза тутиш, намоз ўқиш сингари савоб ишларни қилсам, қайтанга, ўшанча ишим ўнгидан келмай, чаппасига кетади. Қанча гуноҳ ишга қўл урсам, шунча кўпроқ ишим ривож топади”, дейди  у уялмай.

 

Ҳакимхон тўранинг ёзишича, Мадалихон Амир Умархоннинг беваси, ўгай онасига уйланиб, ўғил кўрган ва унга катта тўй ҳам берган. Қайд этмоқ жоизки, фақиҳлар кишининг илгари отаси никоҳида бўлган хотинидан фарзанд туғилса, у “мақто”, яъни, “дин душмани” деб атаган.

 

Мадалихоннинг иниси Маҳмудхон амир Насруллога “Сиз, амир жаноблари, ҳозирги кунда Мовароуннаҳрнинг энг каттаси ва улуғи ҳисобланасиз. Бугун бизга аниқ маълум бўлдики, Муҳаммадалихон акамиз битта аёл учун аҳмадий динидан воз кечибди. Сиз жаноблари учун вожибдурким, унга танбеҳ бергайсиз. Агар Сиз жаноблари бу ишда ҳаял қилиб, орқага сурсангиз, у ҳолда бизга рухсат беринг, бу савобни биз адо этурмиз” деган мазмунда нома битади. Мактубни олган Амир Насрулло Қўқон хонига “Эшитишимизча, сиз ўз отангизнинг бевасини ҳалол билиб, никоҳингизга олибсиз. Қайси далилга кўра бу ишга қўл урдингиз?” дея мактуб юборади. Мадалихон амирга ҳақоратомуз жавоб йўллайди ва Бухорога қўшин тортади.

 

Хўш, ўша талотўпларда Умархоннинг беваси, шоира Нодирабегим қандай йўл тутган? Увайсийнинг нақл қилишича, Мадалихон ҳарбий юришларда онаси маслаҳати ва розилигини олар экан. Лекин саркаш ўғил онаси маслаҳатларини қабул қилганми-йўқми – бизга қоронғи. Аммо:

 

“Ғамда ўлдум, ғуссада куйдум, иложим топмадим,

Эмди ҳасратлар билан кечсун мени ёзу қишим”

 

– каби сатрларидан тахмин қилиш мумкинки, шоира саройдаги ғайримашруъ ишлар, чиркин ва ахлоқсиз муҳит қаршисида ночор бўлган. Қуйидаги сатрлар ҳам фикримизни тасдиқлайди:

 

“Кўзум ёшини чархи бемурувват хока дўндурди,

Нечук журм ўлди пайдо ушбу тифли бегуноҳимда”.

 

Таниқли олим Ҳайдарбек Бобобековнинг ёзишича, разолатга ботган хон ҳаёти “Ансоб ас-салотин ва таворих ал-ҳавоқин” номли қўлёзмада ҳам баён этилган: “Ҳар кимни соҳибжамол қизи бўлса, хонга маъқул қилиб, фоҳишалар соябонлик аробага тушиб бориб, ул қизни хоннинг хизматига олдируб келур эрдилар. Вазирлар ва уламолар ва умаролар хижолатда эрдилар, аҳдини риоя айламас эрди. Ҳар кимнинг қизини соҳибжамол деб эшитса, ҳар вилоятда бўлса ҳам, хоҳ эшон, хоҳ уламо, хоҳ бой – риоя қилмай олдируб келар эрди. Манзур бўлса сақлар эрди, манзур бўлмаса жойига юборур эрди”.

 

Мадалихон ва амир Насрулло муносабати манбаларда турлича талқин этилган. Мирзо Олим Махдум ҳожи “Тарихи Туркистон” асарида Мадалихон ҳақида салбий фикр айтмаган. Хоннинг қатл этилгани, Бухоро амирини қўқонликлар хушламагани, Иброҳим хаёл деган бир нашаванд (“тарёки”) Фарғонага волий қилиб қўйилганига урғу беради. Ибрат домла “Фарғона тарихи” китобида ўн беш ёшли хонни “манбаи адлу адолат”, “ғозий”, “соҳибқирон” дея мадҳ этади. “Муҳаммад Алихон атосининг манкуҳасини олди, балки ҳаромни ҳалол деди, кофир бўлди...” дея ҳукм ўқиган муаррих бошқа бир ўринда “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз афвоҳи носда жорий бўлса ҳам, бу сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиҳига чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон оламан деган Подшоҳхон ойимнинг ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамоли бўлуб, муни анга сабаб қилиб келган экан” дея хулоса ясайди.

 

“Фарғона тарихи”да “Мунтахаб” ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Менимча, Ибрат домла ҳам, бошқа мутахассислар ҳам бу манбани билган-у, аммо Мадалихон тазйиқига учраган, ундан марҳамат кўрмай, аксинча, қувғинда юрган хонзода битгани учун нохолислик бор, деган иштибоҳ билан қараган бўлиши мумкин.

 

Алҳосил, амир Насрулло Қўқонни қонга ботириб, олиму фузалолар, уста-ҳунармандларга қўшиб Амир Умархон ва Мадалихон ҳарамининг нақши, гўзалликда малика Билқийсга менгзалган Хонпошшани (Подшоҳхон) олиб Бухорога қайтади.

 

“Мунтахаб”да баён этилишича, Хонпошша икки йилу тўрт ой давомида Умархон никоҳида туради. Мадалихонга ўн тўққиз йил ҳамтўшак бўлади. Амир Насруллога икки ой танмаҳрамлик қилгач, кутилмаганда ҳукмдор ғазабига дучор бўлиб, “мақто” фарзандлари билан бирга қатл этилади.

 

Хонпошша қиссаси ўша давр ижтимоий-ахлоқий таназзулимизга бир далилдир. Эҳтимол, шу боис ҳам бу маҳзун қисса Абдулла Қодирийни ҳаяжонга солгандир? Улуғ адибимиз “Меҳробдан чаён” романининг иккинчи бобини бежиз “Амир Умархоннинг канизи” деб номламаган. Адибнинг шу номда роман ёзиш нияти бўлганини ҳам яхши биламиз...

 

Ёзувчининг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг “Отамдан хотира” асарида таниқли олима Музайяна Алавиянинг шундай сўзлари бор: “1935 ёки 1936 йил эди. Бир куни Абдулла акани қизиқ бир ҳолатда кўрдим. Хонасида узоқ ўтириб, китоблар орасидан чиқиб келди. Кўзлари йиғлагансумон, аммо руҳи баланд эди. Ҳайрон бўлиб қолганимни сезиб: “Ўйлаб юрган романимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”ни ҳеч ким ўқимай қўядими дейман”, деди”.

 

Орадан саксон йил ўтиб, адиб ва шоир Абдулҳамид Исмоил Абдулла Қодирий ҳақида илк роман – “Жинлар базми ёхуд катта ўйин”ни битди ва “Мунтахаб ат-таворих”да тасвирланмиш воқеаларни бадиий акс эттирди.

 

Южин Скайлер Муҳаммад Ҳакимхон тўра ҳақида маълумотга эга бўлмагани ва “Мунтахаб”ни ҳам ўқимагани аниқ. Аммо у ҳам амир Насруллони қонхўр деб атар экан. Китоб бегини оиласи билан ўлимга буюрганини далил сифатида келтиради. Унга, айниқса, амирнинг ўз диндош ва миллатдош биродарларини қатл этгани жуда оғир ботади. Сайёҳ танга ва қимматбаҳо тошлар билан савдо қилувчи бир яҳудий ҳақида ҳикоя қилиб, “Отаси Маъмун исмли яҳудий бўлиб, Бухорода лапус лазули – ложувард савдоси бўйича машҳур саналиб, Стоддарт ва Коноллининг ўлдирилганлигини суриштириш учун Бухорога келган доктор Вульф билан яқин дўст бўлган экан” дейди.

 

Скайлер бу икки инглизга бежиз тўхталмайди. Таржимон Зокир Саидбобоевнинг шарҳига кўра, инглиз полковниги ва дипломати Чарльз Стоддарт Бухорода жосусликда айбланиб, қамоққа олинади. Ҳамкасбини қутқаришга келган британиялик разведкачи Артур Конолли ҳам 1841 йилда асир олинади. Амир Насрулло фармонига кўра ҳар икки айғоқчи 1842 йилда қатл этилади. Манбаларда номи зикр этилган яна бир британиялик миссионер Жозеф Вульф 1843 йилда Стоддарт ва Коноллини излаб Бухорога келади ва уларнинг қатл этилганини билгач, Англияга қайтиб кетади. Мирзо Олим Махдум ҳожи “Тарихи Туркистон” асарида инглизларнинг Бухоро ва Қўқонда меҳмон бўлишига хайрихоҳлик билдирган. “Мундин буён инглис ҳукумати биринчи дафъатан бошлаб, Моварауннаҳр ҳукумати илан муносабати дўстона турмоқга ният ва мубошарат этган эди.

 

Шул асноларда инглислар афғонликлар ила муҳораба қилишиб, Афғонистонга кирган эди. Элчи бўлуб келгон Сутуд Доратнинг маслак ва муддаоси инглислар тарафидин бирор турлик ёмон ният ва ё зарар келтурмасликга амирни ишонтуруб, бошқа давлатнинг, яъни Русиянинг бу мамлакатларга қасд ва тажовузидин сақламоқ ва мудофаа этмакни хоҳлагандин иборат эди” деб ёзади муаррих. Аслида, Англиянинг мақсади Қўқон, Хива хонликлари ва Бухоро амирлигини бирлаштириб, Русияга қарши кураш олиб бориш бўлгани ҳукмрон доираларга маълум эди. Муаррих гарчи Англия ва Русиянинг Туркистон устида талашаётганини яхши англаса-да, инглизларни ўлимга буюргани учун амир Насруллони айбдор санайди. Адабиётшунос Шариф Юсупов ҳам бир мақоласида Мирзо Олим Махдум ҳожи нуқтаи назарини ёқлаган (“Машъум хато ёки гап канизакда эдими?” “ЎзАС”, 2005 йил 10 июнь). Тарихчи Қаҳрамон Ражабов эса “Насруллоҳхон” рисоласида (Тошкент, 2011 йил) амирнинг қарори тўғри бўлганига бир қатор далиллар келтирган.

 

Не тонгки, юртимизга “улуғ халоскор” сифатида келган ғайримиллат, ғайридинлар жон дўст эмас, мол дўст эканини ўтмиш ва бугун исбот этиб турибди...

 

 

“Тўртовлон тугал бўлса...”

 

Руснинг улуғ шоири Пушкиннинг яқин дўсти, мутафаккир Пётр Чаадаев “Тарих халқни тушуниш калитидир” дер экан, миллатнинг ўтмишини билиш унинг кимлигини англашдир, деган ғояни илгари суради. Александр Сергеевич рус жамоатчилигига “Инсоният анъаналарининг буюк хазинаси бўлмиш Шарқни ўрганинг” деб таълим берган жангчи, файласуф дўстини ардоқлаб, унга ҳурмат бажо келтирган, шеърлар бағишлаган. Чунки Чаадаевнинг улуғ шоир ҳаёти ва ижодида катта ўрни бор эди. Шоир ижодини ўрганган айрим адабиётшунослар ҳатто Пётр Чаадаев Евгений Онегиннинг прототипи ҳам дейишади.

 

Пушкин Чаадаевга 1836 йил 19 октябрда йўллаган мактубида Россиянинг ўтмиши ва бугунидан дам қайғуга ботиб, дам ғурурланиб шундай ёзади: “Шубҳасиз, схизма (православ ва католик черковларининг ажралиши – О.Т.) бизни Европанинг қолган қисмидан жудо қилди ва биз қитъани ларзага келтирган буюк ҳодисаларнинг ҳеч бирида иштирок этмадик, илло айнан биз учун аталгани бошқа эди. Қайсики, мўғуллар ҳужуми бепоён кенгликларига сингиб кетган Россия эди бу. Бизни оёқости қилиб, ғарбий сарҳадларимизни кесиб ўтишга татарларнинг журъати етмади. Улар ўз саҳролари томон равона бўлишди ва шу тариқа насронийлик цивилизацияси сақланиб қолди”. (“Друзья Пушкина”. В двух томах, М., 1985, том 1, 505 стр).

 

Тарих ва халқ ҳаётига танқидий назар ташлаган даҳо шоирнинг биргина хати ҳам ибрат бўлгулик.

 

Биологияда “анабиоз” деган бир тушунча бор. Луғавий маъноси “жонланиш, тирилиш” дегани. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу тушунчага “Баъзи бир тирик организмларда ҳаётий жараёнларнинг ноқулай шароитларда секинлашув ёки тўхтаб қолиш ҳолати” деб таъриф берилган. Табиат қонунларига кўра бу ҳолат меъёр ҳисобланди. Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларни мана шундай кучли ҳимоя тизими билан иҳоталаб қўйган. Жамият ҳаётидаги у ёки бу кўтарилиш, жонланиш ҳам унинг янгиланишга интилиши экан. Афсуски, умумий савияси паст, ғайрату ғужурдан мосуво халқлар “Келди очилур чоғинг...” деган даъватга ҳам бепарво яшаши мумкин. Ялпи уйғониш они ўн йилликларда бир келишини лоқайдлик чоҳида ётган эл қаёқданам билсин!

 

Туркистон чор истилочилари қўлига ўтганининг бир қанча сабаблари бор. Илкинчи сабаб ҳақида сўз юритганда, бир нарсани унутмаслик лозим: босқинчи ва тобе давлатлар тараққиёти ҳамиша ҳар хил кечган. Фақат муқояса қилибгина саволларга жавоб олиш мумкин. XIX аср бошидан рус давлати уруш домига тортилган эди. Мағлубият, ғалаба, омад ва омадсизлик Рус армияси, унинг саноати ва иқтисоди, ҳарбий ва давлат тузилмасини мунтазам имтиҳондан ўтказиб турган. Уруш омили империя ривожига, янги-янги ҳудудларни эгаллашига имкон берган. Албатта, бу сиёсатнинг  туб илдизлари Пётр Биринчи даврига бориб тақалади.

 

Россиянинг XIX асрдаги куч-қудратини тасаввур этиш учун жамиятнинг таянчи ва руҳи бўлган адабиёт ва санъатни эсга олиш кифоя. Ўша даврда Россия Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Николай Гоголь, Иван Тургенев, Антон Чеховдек улкан сўз санъаткорлари, композитор Пётр Чайковский, рассом Илья Репин, Константин Савицкий, Василий Суриков ва яна биз номини фаромуш қилган кўплаб истеъдодлар, Павел Третьяков каби санъат даҳолари ватани сифатида ҳам танилган бўлса, XIX аср биринчи ярмида Қўқон хонлигида Ҳозиқ, Махмур, Гулханий, Нодира, Увайсий, Хива хонлигида Мунис, Огаҳий, Бухоро амирлигида Аҳмад Дониш, асрнинг иккинчи ярмида Муқимий, Фурқат, Комил Хоразмий, Анбар отин, Аваз Ўтар номи машҳур эди.

 

Шимолдаги тождорлар иштаҳасини қитиқлаган учта хонлик эса сиёсий-иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан жуда ночор эди. Бу аянчли манзарани Фитрат домладан ўтказиб тасвирлаш мушкул: “Салтанат, бойлиқ ва маданият ичгулари бизнинг миямизни бузди, бизни маст этди, қўлимиздағи салтанат қиличи билан маданият дафтарини бир ёнга қўйиб, сафоат чолғуларин олдиқ. Урдик, чолдик, ичдик, йиқилдик, ёндик ва шунлар учун бир-биримиз билан урушдик...” (Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. Т., “Маънавият”, 2003 йил, 201-202 бетлар).

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбо деган ўзиб бўлмас моялари бор эди. Бир аъробий дуркун туяда келиб, ундан ўзиб кетди. Бу эса мусулмонларга оғир ботди. Ниҳоят, у зот буни кўриб “Дунёда нимаики юксалса, уни пастлатиш Аллоҳнинг ҳаққидир” дедилар” (“Олтин силсила”, 4-жилд, “Саҳиҳул Бухорий”, 102-бет).

 

Льюсен Керен “Амир Темур салтанати” китобида мусулмон оламидаги икки буюк ҳукмдор – Амир Темур ва Йилдирим Боязид тўқнашувидан сўнг туркий дунёнинг инқирози бошланганини асослаб берган. Соҳибқирондан сўнг парчаланиб кетган салтанатнинг нимчорак ҳукмдорлари, ҳазрат Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби айрим зотларни истисно қилганда, дунё тараққиётидан асрма-аср, йилма-йил йироқлашиб борган. Биродаркушлик қирғинларини эса санаб адо қилолмайсиз.

 

Исмоил Гаспринский “Таржумон”нинг 1906 йил 11 август сонида Бухоро ва Хива ҳукмдорларига бундай хитоб қилади: “Эй давлатлулар! Кечмиш замон ғафлати ила Мовароуннаҳр майдони сиёсатда мағлуб ўлуб, истиқлолини ғойиб этди. Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир...

 

Атроф-жавонибда “тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадир умаролари” деган байту алёр ўқилиб турганда, “кўланкаси майдон” бўлмиш зоти шарифлар аллақайдаги бир газетчи муаллимнинг арзини тинглармиди?! Исмоилбей тушини сувга айтсин!..

 

Ўрта Осиёнинг жаҳон цивилизациясидан қанчалар ортда қолганини матбуот, журналистика мисолида  ҳам кўриш мумкин. Давлат ва жамиятнинг иқтисодий-маърифий қудрати, илмий-техникавий тараққиётини кўрсатувчи асосий мезон – матбуот. Олмония, Фарангистон XVII асрдаёқ китоб, газета, журнал нашр этиб, замонавий почта хизматини йўлга қўйган бўлса, Европа изидан бораётган Русияда Пётр Биринчи даврида, XVIII аср бошларида газета чиқаришга эришилди. Бу пайтда Америкада “Assoshieyted Press”, Буюк Британияда “Reyter” ахборот агентликлари бутун дунёга хабарлар тарқатарди. Туркистон халқлари эса бу оламшумул янгиликлардан бебаҳра эди. Туркистонда илк газета рус истилосидан беш йил ўтиб, 1870 йилда “Туркестанское ведомости” номи билан пайдо бўлди. Южин Скайлер чор маъмурлари ташкил этган газетада Ўрта Осиёдаги ҳозирги воқеалар камдан-кам ёритилишини айтиб ўтади. “Туркистон вилояти газети”га тўхталиб, “Унинг туркий тилдаги нашри эса асосан маҳаллий аҳоли ўртасида адабиётни кенг тарғиб қилиш учун чоп этилар, аммо мен Тошкентдалигимда унинг мундарижаси кўпинча “Минг бир кеча”дан олинган эртаклардан иборат бўлди” дея таъкидлайди.

 

Саҳрода унган чечакдай таассурот қолдирган “Туркистон вилоятининг газети” ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Абдулла Авлоний “Туркистон вилоятининг газети”ни “ерлик халқни разолат, сафолатға бошлаған тарихий бир қора гуруҳ газетаси эди... Туркистонни руслар истило ва ғасб этганларидан бир неча йил сўнг чиққан бу газетанинг у вақтдаги муҳаррири тотор чиновниги, рус генераллари ила бирликда Туркистонни фатҳ этишга келган тотор фотиҳларидан Иброҳимўф эди” дейди (“Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи”. “Ёш ленинчи”, 1989 йил, 18 июль). Б.Дўстқораев ҳам “Туркистон вилоятининг газети”нинг илк муҳаррири Шоҳимардон Иброҳимов генерал-губернаторнинг яқин одами бўлгани, гарчи у ҳарбий юришларда Кауфман ёнида юрса ҳам, қонли воқеалар, ўлка истилоси ҳақида лом-мим демагани ҳақида ёзади. “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н.П.Остроумов Туркистон генерал-губернатори канцеляриясига 1884 йил 10 июнда йўллаган ҳисоботида “Мен... Русия мусулмонларида соф мусулмонча аъмолларнинг ҳамда исломнинг тикланиши ва, умуман, мусулмонларнинг, хусусан, татарларнинг келгусида буюк маърифатпарварлик миссиясига орзу-умидларини мустаҳкамлаш учун маҳорат ва куч-ғайрат билан уринаётган мусулмонча “Таржимон” газетасига қарши... зимдан кураш олиб бордим” дея керилган.

 

Илмий-тарихий манбаларни ўқиб, мутаассир бўласиз. Ёв яроғини ўқталиб остонада турибди. Юрт эгалари “Бирлашайлик!” деганларга қулоқ солмайди, ҳамма ўз кўмочига кул тортиш билан овора. Таассуфки, иттифоқликда яшаш, ғанимга нисбатан якдиллик, оғизбирчилик халқимиз орасида асрлар мобайнида тансиқ бўлган. Темурийлар салтанати парчалангач, бир байроқнинг сояси торлик қилиб, улкан давлат уч бўлакка бўлингани ҳали-ҳануз қалбларни ўртайди. Бу элни якқалам бўлишга даъват этганларнинг сўзи ҳавога, яроғи йўқликка учгани-чи! Халқимизнинг “Тўртовлон тугал бўлса – тўлмаганни тўлдирар, олтовлон ола бўлса – оғзидагин олдирар” деган мақоли ўз-ўзига айтилган таъна эмасми?!

 

 

Бедарвоза шаҳар

 

Скайлер саёҳатномасида Тошкентнинг XIX асрдаги ижтимоий-маданий ҳолатига доир қимматли маълумотлар берилган. Шаҳарнинг хом ғиштдан тикланган лойсувоқ уйлари томи баҳорда ёввойи лола, ковул ва бошқа анвойи гуллар билан қопланиб, гўзал тус олишидан ҳайратланган сайёҳ шаҳарда “мол гўшти тақчил ва ёмон, қўй гўшти эса мўл-кўл, арзон ва мазали” деб ёзади. Муаллиф шаҳар аҳли дастурхонига асосан қўй гўшти тортилиши, от гўшти тарихий китобларда татарларнинг махсус егулиги сифатида қайд этилгани, маҳаллий аҳоли от гўшти емаслигини баён қилади. Тошкент халқи кўк чой ичиши, ошдан сўнг сув ичишни зарур деб билиши, қора чой худди тахтакана каби руслар келгунча маълум бўлмаганини таъкидлайди. Тақлид емак-ичмакда бўладими, кийиниш ё юриш-туришда бўладими – иллат. Амриқолик сайёҳ Тошкент таассуротларини гапирар экан, “Вино ва бошқа шу каби ичимликлар Қуръонда тақиқланган ва ҳеч кимда бўлмаслиги керак. Ҳозирда маҳаллий аҳоли қатъий қонун-қоидаларга қарамай, руслар томонидан бир қадаҳ ичимлик таклиф қилинганда камдан-кам рад этади”, дейди.

 

Скайлердан 16 йил кейин, яъни 1889 йилда Тошкентга келган шоир Фурқат “Аҳволот” асарида кўҳна шаҳарда Исо масиҳнинг таваллуд куни – Янги йил байрами нишонланганига гувоҳ бўлгани, баъзи мусулмонлар ҳам бунга тақлид қила бошлаганини қайд этаркан, “Русия халқи билан бир ерда турмоқ ҳақ таоло иродаси билан бўлди. Анинг учун аларнинг расмларини яхши билмоқ бизларга зарур, чунки аромизда савдо ва бошқа тааллуқ робиталар кўбдир. Ўз нафимиз учун Русия халқи умриға мулоҳаза қилсақ лозимдур”, деб хулоса ясайди. “Илм хосияти” шеърида эса “Зиҳи даврони фархўнда нишони, Замон ўлди ўрусия замони” деб таъкидлайди (“Туркистон вилоятининг газети”, 1890 йил 14 май).

 

Тошкентни кезган Южин Скайлер шоир Фурқатдан фарқли ўлароқ чор маъмурлари бу ерга турли мақсадда – бирови қарз тўловидан қочиб, бирови мўмай даромадни кўзлаб, яна бошқаси пенсияга чиқиш учун қисқа муддат – зарур бўлган иш стажи илинжида, хуллас, бирон ғараз билан келганини таъкидлайди: “Тошкентдаги рус жамияти ўлка ҳақида маълумотларга эга бўлиш тугул, ҳатто унга умуман қизиқмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Айни чоқда, мени шунчалик узоқдан, улар наздида кўнгилсизликлар макони бўлган бу мамлакатга қизиққаним, уни кўришга келганимни кўпчилик тушунолмади”.

 

Скайлер “Бутун Тошкентда маҳаллий халқ ҳақида қизиққан инсон Молия вазирлигининг вакили жаноб П эди” дейди. Жаноб П ни ўқувчига таништирар экан, туркий тилни жуда яхши ўзлаштирган, меҳмондўст. Уйига таниқли маҳаллий халқ вакиллари тез-тез келиб туради, “рафиқаси ҳам маҳаллий аҳоли орасида катта ҳурмат қозонган”, дея таъкидлайди.

 

Чексиз эркинлик ғояси мусулмон жамиятига ҳар доим ҳам наф келтирмаслигини китобни ўқиш асносида англаш мумкин. Ўрта Осиё халқлари турмуш тарзига ёт бўлган (босқинчилар учун кони фойда) чексиз эркинлик ғояси миллий ва диний қадриятлар илдизига болта урган. Ана шу жуда нозик жараённи кузатган хорижлик тарихчи илгари Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида “раис” деб аталувчи расмийлар аҳолининг масжидларга қатнашини назорат қилгани, аммо кейинги вақтларда Ўрта Осиё халқлари диний ҳаётига аста-секин ўрмалаб кираётган либерализм парокандаликни келтириб чиқараётганини айтиб ўтади. “Руслар Тошкентни босиб олгач, раис идораси бекор қилганидан бери динга амал қилишда анча сусткашлик кузатилмоқда. Қозиларнинг айтишича, бурунги намозхонларнинг ярмиси ҳам кунлик ибодатга чиқмай қўйган...”

 

Скайлер Тошкентда ҳам руслар, ҳам маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга икки савдогарга алоҳида таъриф беради. “Улардан бири Шарофий деган татар бўлиб, рус аскарлигидан қочиб, бу ерда қарийб қирқ йилдан бери истиқомат қилади. Ундан кўпчилик, ҳатто хон ва унинг саройига яқин одамлар ҳам қарздор”.

 

Иккинчи йирик савдогар ҳақида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Бошқа бири Саидазим ўткир ва фитначи одам бўлиб, асли тошкентлик, Оренбург ва Троицкда савдо-сотиқ мақсадида бўлганида рус тилини ўрганиб олган. Тошкент эгалланганида у Троицкда эди. Қайтганида сарт ва татарларнинг таржимонлари руслар орасида шаҳар аҳли ва улар ўртасидаги воситачи сифатида обрўси баландлигини билиб, у дарҳол ўзини рус расмийлари орасига урди. Ўшандан бери ҳар ёқлама ҳурмат-эҳтиром, хушомад ва ҳатто совға-саломлар воситасида улар билан қулай имкониятлар берувчи битимлар тузган. Аслида сартларнинг уни кўрарга кўзи йўқ ва агар руслар Тошкентни ташлаб кетгудек бўлса, халқнинг энг биринчи қиладиган иши уни ўлдириши бўлади, бу ҳақда аҳолидан бир неча бор эшитдим”.

 

Скайлер Саидазимбой руслар Хивани забт этгани шарафига тўй-томоша уюштириб, ўз динини таҳқирлаганини ҳикоя қилади. Айрим мутахассислар “Фарғона тарихи”даги мавҳум бир лавҳани асос қилиб, Саидазимбойни дин ва миллат йўлида Худоёрхон ва чор маъмурлари ўртасида воситачилик қилган ватанпарварга чиқариб қўймоқда. Ҳолбуки...

 

Қарангки, саидазимларнинг уруғи тошга ёйилган экан. Улар XX асрни ҳам чирмовуқдай эгаллади: 20–30, 50-йилларда ва 80-йилларда ҳам уларнинг касби юртфурушлик бўлди. Бугун ҳам бундай каслар аҳён-аҳёнда кўриниб қолади...

 

****

 

Профессор Ҳамид Зиёев “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашлар тарихи” асарида таъкидлашича, “Тошкент мудофааси меҳнаткаш омманинг умумий ҳаракатига айланиб кетади. Шаҳар деворларида аскарлар ва кўнгиллилар жойлашади. Халқ она юртни ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб билиб, мудофаачиларга ёрдам кўрсатади.

 

Истилочилардан бири ўз эсдаликларида бундай ёзади: “Ҳимоячилар қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Ҳар бир қадам ер қақшатқич жанг эвазига қўлга киритилди. Сартлар томлар, дарахтлар устига чиқиб олган, кўчаларга баррикада ғов қурган эди. Бир кўчадаги тўсиқни ўт-олов ва қурол билан амаллаб енгиб ўтсак, кейинги муюлишда яна худди шундай қаршиликка дуч келардик. Халқ оиласи ва Ислом дини ҳимояси учун мислсиз шижоат билан жанг қилар, аскарларимизга қарши нафақат қурол, камон, ойболта, ҳатто ғазаб билан тугилган муштини ҳам ишга солар эди”.

 

Генерал Черняев қўмондонлигидаги истилочилар 1865 йилнинг 15 июнига ўтар кечаси Тошкентни забт этади. Қатли ом уюштириб, шаҳарнинг асосий қисмига ўт қўяди. Хунрезлик бугунги Камолондаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби, 34-умумий ўрта мактаб, қолаверса, Дархон, Тутзор, Қарши, Каттабоғ, Киркий дея аталадиган кўчалар жойлашган ерда содир бўлган.

 

Скайлер ўша кунларни бундай тасвирлайди: “Тошкент қўлга олингандан кейинги кун эрталаб шаҳардан келган вакиллар генерал Черняевни кутиб олди. У (Черняев) дарҳол ўз таржимонини юборди, аммо барчани ҳайратга солиб, шаҳар вакилларининг етакчиси унга соф рус тилида илм-фан, фалсафа ва тараққиётнинг фойдали жиҳатлари ҳақида сўзлай кетди”.

 

Нотиқнинг исми – Олим ҳожи Юнусов. У пензалик татарлардан бўлиб, Тошкентга рус истилосидан бурун келган. Скайлернинг ёзишича, у Туркистонда америка пахтасини етиштирган, совун заводи, уйлар қурган. Пахтани чигитдан тозалайдиган, ип йигирадиган дастгоҳлар келтирган.

 

Дарвоқе, “Туркистон вилоятининг газети” 1870 йил 2 июлда пахтаси бошқаларникидан оқ ва юмшоқ бўлгани учун тошкентлик Ҳожи Олим Юнус ўғли генерал-губернаторнинг инъомига сазовор бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

 

Южин Скайлер Тошкент забт этилганидан бир неча кун ўтиб туркий тилда, Тошкентнинг нуфузли аъёнлари томонидан тайёрланган бир ҳужжат ҳақида маълумот беради. Билдирги генерал-губернатор номидан тайёрланган бўлиб, унда катта ваъдалар берилган эди. Ҳужжатнинг айрим бандларини келтириб ўтамиз: “Улуғ оқподшо ва унинг лейтенанти губернатор Искандар Черняев (бу хушомад Буюк Александрга нисбат этиб берилган, унинг асл исми Михаил – Ю.С.) буйруғига биноан, биз Тошкент шаҳри аҳолисига шуни баён қиламизки, улар ҳар бир ишда қодир Аллоҳнинг амрига, Муҳаммаднинг (Аллоҳ унинг авлодларини ёрлақасин) дини шариатига, у ўргатган қонун-қоидаларга бўйсуниб, заррача ҳам улардан айри бўлмасинлар. Барча имкони қадар мамлакатнинг устунлиги ва фойдасига ҳаракат қилсинлар. Барчага, белгиланган вақтдан соат ҳам, дақиқа ҳам ўтказмай, бир кунда беш маҳал ибодатларини қилишларига изн берилсин.

 

...Сизнинг Ислом динингиз бўза ва виски ичишни, қимор ўйинларини ўйнаш ёхуд ахлоқсиз бўлишни тақиқлайди. Шу сабабли огоҳ бўлинг, диний қонун-қоидаларга қарама-қарши бўлган нарсалардан йироқ сақланинг.

 

...Сизнинг ихтиёрингиздаги уй-жойлар, боғлар, далалар, ерлар ва сув тегирмонлари сизнинг мол-мулкингиз бўлиб қолади.

 

Аскарлар сиздан ҳеч бир нарсани тортиб олмайдилар. Сизлар рус казаклигига олинмагайсиз. Аскарлар сизларнинг хонадонларингизга жойлаштирилмайди. Ҳеч ким хизмат юзасидан сизнинг ҳовлиларингизга кирмайди. Агар кирсалар, дарҳол бизга хабар беринг, жазога тортгаймиз. Оқподшо сизга буюк эзгулик намойиш этдики, шу боис унинг саломатлиги учун ибодат қилишга мажбурдирсизлар. Кимки бировни ўлдирса ёки савдогарни таласа, у Россия қонунларига кўра ҳукм қилинади. Кимки ўз жонига қасд қилса, шариатга кўра унинг мол-мулки меросхўрига ўтади. Биз мол-мулкни ўзлаштирмаймиз. Ҳукумат йиллик ҳосилнинг ўндан бир қисмини олгай. Мен, губернатор Искандар Черняев бу йилги ҳосилнинг баҳридан ўтаман, аммо кейинчалик улуғ оқподшонинг сизга яна ҳам улкан шахсий эзгулигини намойиш этиш истагига кўра амалга оширамиз. 1282, сафар ойининг 6-куни (1865 йил 2 июль)”.

 

Орадан кўп ўтмай чор маъмурлари шаҳарнинг рус қисми учун янги канал қуришга енг шимариб киришади. Катта харажат қилиниб зовур қазилади, дамба кўтарилади. Аммо бир томчи ҳам сув оқмайди. Бу ҳолни кузатган амриқолик сайёҳ сув чиқаришдек ўта нозик ва мураккаб иш маҳаллий суғориш тизимидан мутлақо бехабар рус муҳандисига топширилгани сабабли лойиҳадан воз кечилганини ёзган.

 

Тошкент истилосидан бир йил ўтиб – 1866 йили жангда ҳалок бўлган рус зобиту аскарлари кўмилган ер – “Камолон” қабристони яқинида православларнинг кичик бир ибодатхонаси қурилади. “Часовня” деб аталадиган бу манзилга  бориш учун метронинг “Миллий боғ” бекатидан чиқиб, “Халқлар дўстлиги” кўчаси бўйидаги “8-д” рақамли кўп қаватли уй ёнидан – Офтоб кўчаси бўйлаб уч юз қадамдан ошиқроқ юрилса, бас. Халқ тилида “ўрисминора”, “ўрисмозор” деб юритиладиган ушбу ибодатхона “Офтоб” ва “Оқ олтин 2-тор кўча” кесишмасида жойлашган. Ҳар икки кўча мана шу жойгача эниш бўлиб келгани сабабли, чорраҳа чуқурликда жойлашгандек туюлади.

 

Интернет ва китоб-альбомларда кўрганим – “Часовня” суратлари хаёлимда жонланади. Унда хийла баланд кўринган ибодатхона қаршимда кичрайиб қолгандек. Таг-асоси сал-пал емирилганини ҳисобга олмаса, ниҳоятда мустаҳкам қурилгани кўриниб турибди. Янги маҳаллалар пайдо бўлиб, йўллар ўтказилгач, ер сатҳи ибодатхонага нисбатан салкам бир метр кўтарилган. Бундан кўп йиллар бурун ибодатхона томига ўрнатилган икки-уч метр узунликдаги металл устун ва унга маҳкамланган хоч сарғиш тусда бўлгани учун, кимлардир тилла деб ўйлаб, юлиб кетишган. Шунингдек, ички деворларига ишланган диний сурат ва нақшлар изи қолган, холос.

 

Суратдаги боғ ва кенг майдонни, темир тўсинлар ўрнини қидириб, атрофга разм соламан. Ҳа, бир ярим аср аввал бу жойлар шаҳар ташқариси ҳисобланган. Узоқдан Хўжа Аламбардор масжидининг минора ва гумбазлари кўринади. Тошкент тарихини ўрганган олимлардан Ўктам Султонов Хўжа Аламбардор мозори қалъа деворидан 300 қадам нарида бўлганини ёзган.

 

Чор маъмурларидан ёдгорлик “часовня” бугун ҳам турибди, аммо юрт ҳимоячиларининг на номи, на нишони бор...

 

Исҳоқхон Ибрат “Фарғона тарихи” асарининг “Худоёрхонни тўртинчи хонлиғи” бобида шундай ёзган: “Бовужуди золика Амир хўқандийларнинг узриндан амин бўлмай, Хўқандни Худоёрхонга, Тошкандни Русияга ташлаб кетди.

 

Ровийлар қавлинча Тошкандда олтмиш кун ва баъзи қавлда саксон кун муҳосара бўлуб, ичиндан мухбара, тошиндан муҳосара бўлуб, ҳижрийнинг минг икки юз саксон иккисинда, милодни минг саккиз юз олтмиш бешинчисида ёз кунлари, май ойинда Русия қўлига ўтди. Бу тўғрида Султон ул-орифин (Аҳмад Яссавий назарда тутилган – О.Т.) сўзлари тўғри чиқди:

 

Дар соли “ғураф” бимони, бини,

Мулку, малику миллати дин баргардад,

деганлари муояна бўлди”.

 

(Тошкент, “Камалак”, 1991 йил)

 

Маъноси: “Ғураф” йилигача яшасанг, мулк ва подшо, миллат ва диннинг кетганини кўрасан. Арабча “ғуроф” (ғ, р, ф) ҳарфларининг абжад ҳисоби бўйича йиғиндиси 1280 ни ташкил этади.

 

Ўша асарнинг 306-саҳифасида яна бир башорат хабари берилган: “Ҳазрати Султон ул-орифин Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонға айтган башоратлари тўғри келди. Мундан саккиз юз йиллар илгари айтган эканлар:

 

Минг икки юз саксон бирда ўрис келгай,

Туркистоннинг атрофини қамсаб олгай”.

 

****

“Туркистон” асари биз учун дард-изтироб китоби, ҳақиқат излаб минг бир кўйга тушган халқнинг аламли солномаси! Муаллиф уни, эҳтимол, АҚШ Давлат департаменти буюртмасига кўра битгандир. Аммо,  америкалик тарихчи бизга “мана, ота-боболарингиз кечмиши! Ўқинг, сабоқ чиқаринг” деётгандек...!

 

Ўзбеклар нуфусига кўра катта халқлардан. Кўпсонли халқлар эса табиатан бир-бирига ўхшайди – ўтмишдаги зафар ва мағлубиятларни, аламли ва шукуҳли дамларни холис ва ҳаққоний эътироф этади. Сираси, тарихни сохталаштириш, бўяб-безаш катта халқларга ярашмайди.

 

Тарихни танқидий ўрганиш келажак авлодни ёлғондан, бўҳтондан, кибру ҳаводан сақлайди. Нафсиламрини айтганда, тарих кўтар-кўтарга, ҳамду сано ва сохталаштиришга асло муҳтож эмас. Биз эса уни тор манфаатларимиз, иззат-нафсимизга мослаш пайида бўламиз. Лекин, не тонгки, тарих бу учун, албатта, ўчини олар экан. Миллий табиатимиздаги фазилату хусусиятлар бугун қанчалар барқарор бўлса, иллату қусурларимиз, тубан истакларимиз ҳам ўша мозий сарчашмасидан сув ичиб турибди. Ўзини тафтиш қилмай, нуқул тарихи билан мақтанаётган халқлар бугун билиб-билмай ўтмишида яшаётир, десак хато қилмаган бўламиз.

 

Бизнингча, тарих – аччиқ бодомга ўхшайди. Мағзию ёғи бадхўр, лекин кўп дардга даво.

 

Ҳамма гап “аччиқ бодом”га эҳтиёжмандликда!

 

                                                                    Олим ТОШБОЕВ,

                                                           филология фанлари номзоди

 

“Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон.

Мозийга тикилиб муғанний йиғлар...мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//