“Яшилбош” ва “қизилбош”лар тўқнашуви – Марв жанги


Сақлаш
18:03 / 19.06.2025 22 0

Туронда шайбонийлар ҳокимият тепасига келган даврдан бошлаб бутун 16-юзйиллик мобайнида фаол ташқи сиёсат олиб боришга ҳаракат қилди. Ҳукмронликларининг дастлабки давридаёқ улар билан олдинма-кейин, Эронда сафавийлар, Ҳиндистонда бобурийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши натижасида минтақада уч сиёсий кучнинг манфаатлари тўқнашди. Манфаатлар кесишган асосий нуқта сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Хуросон эди. Шайбонийларнинг Ҳирот ва Балхга эгалик қилиш йўлидаги ҳаракатлари ҳам бу курашнинг марказида турди. Мазкур масалани ҳал қилишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишда шайбонийлар ва сафавийлар фаоллик кўрсатдилар. Тарихий манбаларда шайбонийлар яшилбош, сафавийлар эса қизилбошлар деб аталган. Чунки Шайх Ҳайдар давридан бошлаб сафавий шайхларининг муридлари бошларига 12 қизил йўллик матодан салла ўраб юришган. Бундан мақсад Шайх Ҳайдар муридлари орасидаги бирликни янада кучайтириш бўлган. Муҳаммадхон Шайбоний эса қизилбошлиларга қарши ўлароқ яшил салла ўрагани учун унга “яшилбош” лақаби берилган.

 

Иккиси ҳам мусулмон сулолалар бўлса-да, шайбонийлар ислом динининг суннийлик, сафавийлар шиалик оқимига эътиқод қилганлар. Бу эса улар ўртасида фақат ҳудуд учун кураш кетмай, диний зиддиятлар ҳам вужудга келишига сабаб бўлди. XVI асрда Хуросон назоратида Муҳаммадхон Шайбоний ва Абдуллахон II даврида шайбонийлар устун турган бўлса, қолган пайтларда сафавийлар ташаббусни қўлга олишга эришган. Хуросон учун курашда сафавийлар йўлига ғов бўладиган бир тўсиқ бор эди. У шимоли-ғарбидаги қўшнилари ва ашаддий рақиби усмонлийлар салтанати бўлган. Сафавийларнинг икки томондан босимга учрашидан шайбонийлар усталик билан фойдаланиб келган.

 

 

Муҳаммадхон Шайбоний 1507 йили Хуросоннинг катта қисмини эгаллагач, давлатининнг чегаралари Сафавий чегараларига туташди. Бу чегаралар туташгач, улар ўртасида сиёсий алоқaлар ҳам бошланиб, бир-бирига мактублар жўнатишди. Биринчи бўлиб Муҳаммадхон Шайбоний йўллади. Аммо бу мактуб сақланиб қолмаган. Мактуб мазмунини эса Шоҳ Исмоилнинг жавоб мактуби орқали билишимиз мумкин. Номанинг асосий мақсади Муҳаммадхон Шайбонийнинг Хуросон юришидаги муваффаққиятлари ва Шоҳ Исмоил саройидан Бадиуззамон мирзонинг паноҳ топганидан норозилигини билдириш бўлган. Шоҳ Исмоил Сафавий 1508 йил 30 июлда мактубга жавоб юборади. Муҳаммадхон Шайбоний илк мактубида қўлга киритган ерлари аждодларидан унга ўтганини, шу сабабли мақсади бу ерларда фаровонлик ва адаолатни таъминлаш эканини айтади.

 

Мактуби орқали Муҳаммадхон Шайбоний очиқчасига Хуросон унинг мулки эканини билдириб, Исмоил Сафавийнинг бу ўлкага бўлган даъволаридан воз кечишини талаб қилади. Бундан ташқари Муҳаммадхон Шайбоний ўзи ҳукмронлик қилаётган ҳудудларда масжид, мадраса ва бошқа иморатларни таъмирлаш мақсадида Шоҳ Исмоилдан моҳир муҳандис, усталарни юборишни ҳамда ҳаж зиёратини қулайлаштириш учун Макка ва Мадинага борадиган йўлларни тартибга келтиришини ҳам талаб қилади.

 

Шоҳ Исмоил жавоб мактубида аввало хоннинг мактубини қабул қилгани ва хоннинг истакларидан воқиф бўлганини маълум қилиш билан бошлаб, икки ўлка орасида келиб кетаётган йўловчилардан Муҳаммадхон Шайбонийнинг унга нисбатан душманона кайфиятдалигини эшитганини ёзади. Бу маълумотларга ишонмаса-да, хонга ўтмишдаги дўстликларини эслатиб, айни бир Аллоҳга ва Пайғамбарга эътиқод қилишларини қўшимча қилади.

 

Шоҳнинг бундай босиқлик билан жавоб мактубини ёзишдан мақсади айни дамда Муҳаммадхон Шайбоний билан уришга киришни истамаётганида эди. Чунки бу вақтда Шоҳ Исмоил Эрон ҳудудини тўлиқ бирлаштириш ва кўчманчи туркман қабилаларини ўзига бўйсундириш билан банд эди.

 

Шоҳ Исмоил мактуби давомида мақсади ислом дини душманларига қарши курашиш эканини таъкидлаб, бу курашда Муҳаммадхон Шайбонийга иттифоқчи бўлишни таклиф қилади. Аммо мактубда Шоҳ Исмоил шиалликка бўлган эътиқодини ҳам қайд этади. У Али ва унинг оиласига бўлган муҳаббатини ушбу жумлаларда келтиради:

 

Шарқдан ғарбга қадар ҳар ерда имомлар бўлса,

Биз учун Али ва оиласи етарлидир.

 

Исмоил Сафавий мактубда яна йўловчи ва савдогарларнинг ўзбекларнинг душманона ҳаракатлар қилаётгани ҳақидаги фитна ва фасодларига ишонмаганини, тез орада бу фитначиларни йўқ қилиб, эски дўстлик ришталарини давом эттиришини ҳам таъкидлайди.

 

Муҳаммадхон Шайбоний Ҳиротни эгаллаганидан сўнг Хуросон ҳудудларини ўзига бўйсундириш учун курашни давом эттириши ўртадаги муносабатларни кескинлаштиради. Айниқса, ўзбеклар томонидан сафавийлар тасарруфи доирасида бўлган Кирмон талон-тарож қилингач Исмоил Сафавий Хуросон учун қуролли курашга киришади. Хон ва шоҳ ўртасидаги бир-бирларига мактуб юбориш ҳам тўхтамайди. Аммо мактублар мазмуни ўзгариб, энди бир-бирларига таҳдид ва пўписа кўринишига ўтади. Муҳаммадхон Шайбоний Исмоил Сафавийга қуйидаги байт ёзилган мактуб юборди:

 

Бизнинг ҳароб Ироқ мулкига тамамиз йўқдур,

Макка ва Мадинани қўлга олгандан сўнг бир аҳамияти йўқдур.

 

Аммо Муҳаммадхон Шайбонийнинг бу мактуби ҳам бизгача етиб келмаган.

Мактубга Шоҳ Исмоил Муҳаммадхон қуйидагича жавоб юборади:

 

Ҳар ким Алининг қули бўлмаса,

Юз марта Макка ва Мадинани қўлга киритса ҳам аҳамияти йўқдур.

 

Исмоил Сафавий жавоб номасини элчиси Қози Зиёвуддин Нуруллоҳ орқали юборади. Унда Машҳаддаги Имом Ризонинг мақбарасини зиёрат қилиш истагини билдириб, бунга ҳеч ким монелик қилолмаслигини урғулайди.

 

Икки ўртадаги мактубларнинг охиргисини 1510 йилда Муҳаммадхон Шайбоний ёзади. Унда Исмоил Сафавийни Эрон ҳудудларининг доруғаси деб атайди. Қарши ҳаракатлар қилмаслигини ва суннийлик мазаҳабини қабул қилишини очиқчасига талаб қилади. Ҳукмронлик отадан ўғилга ўтишини айтиб, Туркистон, Хуросон ва ҳатто Эрон унга аждодларидан мерос қолганини ва бу ҳудудларга Муҳаммадхон Шайбоний ҳақли эканини таъкидлайди. Агар истакларини бажо келтирмаса, жияни Убайдулла Баҳодирхонни амир ва аскарлар билан Сафавийлар юртига жўнатишини, бу давлатни тугатишини, агар Убайдулла Баҳодирхон муваффаққиятсизликка учраса, ўғли Темур Султонни, агар у ҳам буни уддалай олмаса, шахсан ўзи Сафавийларни йўқ этишини маълум қилади. Муҳаммадхон Шайбоний бу мактубни етказиш учун Камолиддин Муҳаммадхон Обивардийни тайинлайди. Шунингдек, элчиси орқали Сафавий саройидан паноҳ топган темурий султонларни ҳам унга топширишини талаб қилади.

 

1510 йил кузида Шоҳ Исмоил катта қўшин билан Хуросон юришига отланди. Қўшин дастлаб Табриздан Райга келди ва бу ердан шайбонийлар қўлостида бўлган Дамғон вилоятига йўналди. Дамғон ҳокими бўлган Муҳаммадхон Шайбонийнинг куёви Аҳмад Султон Исмоил Сафавийнинг катта қўшин билан келаётгани хабарини эшитгач, қалъани тарк этиб Ҳиротга, Муҳаммадхон Шайбоний ҳузурига кетади. Бу вақтда Муҳаммадхон Шайбоний исёнчи ҳазораларни ўзига бўйсундириш мақсадида уларга қарши юриш қилган ва мағлубиятга учраб Ҳиротда қўним топганди. Қиш яқинлашгани сабабли ҳам қўлостидаги қўшинни тарқатиб юборган, қўлида кам сонли қолган эди. Куёви Аҳмад Султон Шоҳ Исмоилнинг катта қўшин билан келаётгани ҳақида айтгач, Туркистонга хабарчилар юбориб, Темур Султон ва Убайдулла Баҳодирхоннинг қўшинлари билан Марвга келишини буюради, ўзи ҳам Марвга отланади.

 

Муҳаммадхон Шайбоний Марвга келгач, қалъа деворлари ва бурчларини таъмирлашни буюрди. Шоҳ Исмоил Муҳаммадхон Шайбонийнинг Ҳиротдан Марвга кетганини эшитгач, Машҳаддан Сарахс орқали Марвга келиб, қамал қилишни бошлайди. Икки ўртадаги дастлабки жанг Марв яқинидаги Тоҳиробод қишлоғида рўй беради. Шоҳ Исмоил Доно Муҳаммад бошчилигидаги қизилбош қўшинининг манқилой (қўшиннинг бош қисмида жойлашган алоҳида ҳарбий бўлинма)ини юборади. Муҳаммадхон Шайбоний ҳам қизилбошларнинг манқилой қисми етиб келганини эшитгач, Жонвафобий дўрмон ва Қанбарбийни ўзбек қўшинининг бир қисмига бош қилиб қизилбошларга қарши жўнатади. Тохирободда бўлган жангда қизилбош сардори Доно Муҳаммад ўлдирилади ва дастлабки жангда ўзбекларнинг қўли баланд келади.

 

Шоҳ Исмоил бошчилигидаги қизилбош қўшини қанча ҳаракат қилмасин, Марв мустаҳкам қалъа бўлгани учун уни эгаллай олмайди. Шоҳ Исмоил бутун Турон ҳудудидан Муҳаммадхон Шайбонийга ёрдам учун Темур султон, Убайдуллахон, Кўчкинчихон ўғиллари Абу Саид султон, Абдулла султон, Абдулатиф султонлар билан, Севинчхўжа султон эса ўғиллари Бароқхон лақабли Наврўз Аҳмад султон ва Келди Муҳаммад султонлар билан катта қўшин тўплаб келаётгани хабарини олади. Агар бир неча кун ичида Муҳаммадхон Шайбонийни мағлуб этмаса, бошқа бундай имконият бўлмаслигини англайди. Шундан сўнг Исмоил Сафавий қўшинини ёлғондан чекингандек кўрсатиб, Марвдан уч фарсах узоқликдаги Маҳмудий қишлоғида пистирмада кутиб туради. Муҳаммадхон Шайбоний амирлари билан машварат ўтказади. Амирлардан Қамбарбек ва Жонвафо Мирзо яна 2-3 кун кутиш ва Убайдуллахон ва Темур Султонлар келиб қўшилгач, шаҳардан чиқиб сафавийларга ҳужум қилишни маслаҳат беради. Лекин бу маслаҳат Муҳаммадхон Шайбонийга маъқул келмайди. Мўғулхоним номи билан машҳур бўлган хотини Ойишабегим Муҳаммадхон Шайбонийга Исмоил Сафавийни жангга чорлагани, лекин у жанг қилиш учун Марвга келганида қўрқоқлардек қалъага яширингани, агар жанг қилмаса эрининг қўрқоқ ҳукмдор сифатида ном қолдиришини таъкидлайди. Муҳаммадхон Шайбоний қалъада бир кун кутгач, эртаси кун қизилбош қўшинини тақиб қилишни бошлайди.

 

 

Маҳмудий қишлоғида ўзбеклар ва қизилбошлар юзлашди. Ҳар икки тарафдан сурнай ва карнай овозлари кўтарилди, бурғу ва сурон садолари оламни тутди. Қизилбошлар узун найзалари билан, ўзбеклар эса қоничар ўқларни камон ипига қўйиб жангга киришди. Қизилбош қўшини жангга шай ҳолатда Муҳаммадхон Шайбоний ва унинг қўшинини кутиб олди, икки ўртада қаттиқ жанг бошланади. Шоҳ Исмоил уч-тўрт минг отлиқ сара қўрчилардан иборат соқчи қўшинини туялар қаторида ясалган пистирмада яшириб қўйиб, ўзи эса лашкар “қалби”дан жой олди. Муҳаммадхон Шайбоний қўшини қанотларини Жон Вафобий ва Қанбарбий билан мустаҳкамлади. Ўзбеклар қўшини камон, найза, қиличлар билан қуролланган бўлса, қизилбош қўшинида замбарак ва тўфанг (милтиқ)лар ҳам бўлган. Сафавийлар ўзбеклар қўшини сафларини бузишда ва қўшин ичида қўрқув уйғотишда замбараклардан фойдаланганлар. Қизилбошлар ўзбекларнинг шижоат билан жанг қилаётганини кўриб яна ҳийла йўлига ўтди. Қизилбош қўшини ўзини енгилгандек кўрсатиб ортга чекинади. Ўзбеклар эса ғалаба қозонганига ишониб, ўлжа йиғишга киришади. Шоҳ Исмоил ўзбекларнинг ўлжа йиғишидан фойдаланиб туялар ортига яширган отлиқ қўшинларини жангга киргизади. Натижада бу жангда Муҳаммадхон Шайбоний мағлубиятга учраб, унинг қўшини чекинишни бошлайди. Қўшиннинг катта қисми жанг давомида ўлдирилади, бир қисми эса Маҳмудий анҳорида чўкиб ўлади. Муҳаммадхон Шайбоний ҳам ўлган аскарлари жасадлари ва отларнинг остида қолиб ҳалок бўлади.

 

Шоҳ Исмоил Ҳирот шаҳрини қўлга олгач сунний аҳолига тазйиқ кучайиб, уларни шиаликка ўтказиш ишлари бошланди. Ким шиаликни қабул қилмаса қаттиқ жазоланди. Ҳатто Ҳирот шайхулисломи Сайиддин Аҳмад ибн Қутбиддин Яҳё ибн Муҳаммадхон ибн Масуд ат-Тафтазоний шиаликни қабул қилмагани учун Шоҳ Исмоил томонидан қатл этилди. Сайиддин Аҳмад Тафтазоний тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмида даврининг ягона шайхуллоҳи бўлиб, Султон Ҳусайн Мирзо даврида Хуросонда ўттиз йилга яқин шайхулисломлик қилган.

 

Абдуллажон УСМОНОВ,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18876
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//