Энг охири тузилган ва энг аввал парчаланган Қўқон хонлигида ҳарбий салоҳият қандай бўлган?


Сақлаш
15:47 / 18.06.2025 8 0

Хонликлар бошқаруви даврида Қўқон энг охирги (1709 йилда) тузилган ва чорРоссияси томонидан энг биринчи босиб олинган хонлик (1876 йилда) бўлса-да, аслида ҳудуди, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти, қўшин тузилиши бўйича бошқаларидан ажралиб турган.

 

Қўқон хонлиги асосчиси Шоҳруҳбий давридан бошлаб хонлик чегараларини кенгайтиришда аввало қўшин кучига таянилган. Қўшин сони 20 минг кишига етган Абдураҳимбий даври (1725 йил)да Хўжанд қалъаси қўлга киритилади. Олимхон даврида (1798–1810-йиллар) тоғли тожиклар ва бошқа миллат вакилларидан иборат мунтазам қўшин тузилган. Олимхон 1805 йилда ўқотар қуроллар билан қуролланган 10 минг кишилик қўшинга эга бўлган. Бу қўшин кейинчалик хонлик қўшинининг зарбдор кучига айланди. “Мукаммал тарихи Фарғона” асарида “...Олимхон ҳар ердан баҳодир йигитларни тўплаб, муборизлар бўлса топдириб келиб, уларга инъому эҳсонлар қилиб ўз хизматига олди, гала баҳодир номи билан лашкар жам айлади. У қўшинини икки тоифага бўлган эди. Бири тожикия, иккинчиси сартия. Жамоати тожикия ва шуғноний ва бадахшоний ва кўҳистонийлар қаттиқ жонбозлик кўрсатар эдилар. Чунки хон буларга кўп инъому эҳсон қилар эди...” маълумоти келтирилади ва бу хонликнинг мунтазам армияга эгалигидан далолат беради.

 

Мадалихон ҳукмронлиги даврида ҳам ҳарбий соҳада қатор ишлар амалга оширилган. Бухоро-Қўқон уруши хонлик қўшинига ўз таъсирини кўрсатган бўлса-да, Шералихон даврида ҳарбий қудратни қайтадан тиклашга эришилди. У ёрдамчи ҳарбий бўлинмалар сонини кўпайтирди. Ундан кейинги Худоёрхон даврида Истамбулдан милтиқ сотиб олиш ва тўплар сонини кўпайтириш ишлари амалга оширилди. Натижада қўшиндаги аскарлар сони кўпайди Худоёрхон бошқа миллат вакилларини ҳам жалб қилган. Шу йилларда тўпчилар бўлинмаси илк маротаба расман ташкил топган. Бу қўшин асосан чегара пунктларидаги қалъаларда сақланган.

 

Хонлик қўшини таркибида пиёда аскарлар бўлинмаси мавжуд бўлса-да, асосий қисмини отлиқ аскарлар ташкил этган. Ҳарбий сафарбарлик вақтида ҳарбий хизматга яроқли барча эркаклар жалб қилинган. Ҳар бир ҳудуддан қанчадан аскар сафарбар қилиниши Хонлик бошқарув ҳукумати томонидан белгилаб қўйилган. Қўшин таркибига доимий хизматга олиш тартиби шу қоида асосида амалга оширилса-да, айрим вазиятларда меросий тарзда, отадан ўғилга ўтганлигини кўриш мумкин. Яъни, сарбоз жанг вақтида ҳалок бўлса, қурол-яроғи ва ўрни унинг ўғлига, агар ўғли бўлмаса, яқин қариндошларига берилган. Қўқон хонлигида энг юқори ҳарбий мансаб мингбоши лавозими Олимхон даврида жорий қилинган бўлиб, хондан кейинги асосий шахс ҳисобланган. Олий бош қўмондон вазифасини бажарган мингбоши ҳарбий юришларда “амирилашкар” унвонини ҳам олган. Вилоятлардаги ҳарбий кучларга эса қушбеги бош бўлган (тарихий манбаларда уларнинг сони 4 та бўлган дейилади).

 

Қўқон хонлигидаги ҳарбий мансаблар 3 тоифага бўлинган:

 

Ø    Олий даражадаги мансабларга: мингбоши, амирилашкар, қушбеги, ботирбоши, вали (ноиб), қалъабон, қўрбоши, ёвар, тўпчибоши, тўқсоба, понсодбоши;

Ø    Ўрта даражали ҳарбий мансабларга: юзбоши, элликбоши, даҳбоши, қоровулбеги;

Ø    Қуйи даражадаги ҳарбий мансабларга: аскар, сарбоз, навкар, мерган, маҳрам, ботур, жазоилчи, тўпчи, қўрчи ва қоровуллар кирган.

 

Қўшин сафида ноғорачи, сурнайчи, туғчи (байроқдор) кабилар ҳам хизмат қилган. Элликбошидан мингбошигача бўлган ҳарбий лавозимдаги амалдорлар хизматларига мулозим олган. Понсадбошидан юқори мансабдаги ҳарбийларга яна мирзолар ва муншийлар ҳам хизмат қилган. Муҳим ҳарбий мансаблардан яна бири “ёвар” бўлиб, у хон ва унинг оиласи хавфсизлигини таъминловчи соқчилар ва хон гвардияси бошлиғи ҳисобланган. Чет эллик элчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳам уларнинг вазифасига кирган. Шу сабабли “ёвар” мансабига энг ишончли одамлар тайинланган. Уларнинг аксарияти болалигидан тарбия қилинган. Худоёрхон даврида мазкур гвардия ҳарбийларининг сони 400 тани ташкил этгани ҳақида маълумотлар бор.

 

Хонликдаги ҳарбий лавозимлар ва уларнинг вазифалари:

 

Ø    Амирлашкар амир ул-умародан кейинги мансаб. Қўқон хонлигида мингбоши ҳарбий унвонининг вазифалари, даражаси амирлашкарликка тенг бўлган;

Ø    Мингбоши  маъмур сифатида минг нафар отлиқ аскар берадиган мулкнинг ҳокими. Мингбоши ҳарбий юришлар вақтида қўшинни бошқариб, лашкарбоши унвонини олган;

Ø    Ботирбоши – ботир баҳодирлар бошлиғи. Беш юз кишидан кўп лашкарга бошчилик қилган. Вилоятларда ботирбоши ҳарбий ва қўшин ишларига масъул эди;

Ø    Қушбеги – ҳарбий қўшиннинг бошлиғи. Бу мансаб юриш ва жанг вақтларида берилиб, унинг эгаси мингбоши унвонини олишга даъвогарлик қилган ҳамда алоҳида вилоятга ҳам ҳоким бўлиши мумкин эди;

Ø    Воли (волий) – тобе этилган вилоят ва туманларда хоннинг ўринбосари. Вилоятларда лашкар унга итоат этган ҳамда у вилоятнинг ҳарбий-маъмурий ишларига бошчилик қилган;

Ø    Қалъабон (кутвол) – Қўқон хонлигининг чегераларида жойлашган қалъа ва истеҳкомларининг ҳокими бўлиб, шу ҳудудларнинг ҳарбий-маъмурий, хирож ва бож олиш ишларига жавобгар бўлган. Қалъабон вазифасига додхоҳдан қушбегигача бўлган шахслар тайинланган;

Ø    Қўрбоши – қўрхона, яъни аслаҳахона бошлиғи, хон ва мингбошига итоат этган. Қўрбоши қўрхона, милтиқхона, тўпхоналарга бошчилик қилиб, хомашё топиб келишдан тортиб то тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни хон қарорига биноан тарқатиб бериш жараёнигача жавобгар бўлган;

Ø    Тўпчибоши – тўпчилар, замбаракчилар гуруҳи бошлиғи;

Ø    Тўқсабо – ўзларининг туғига эга бўлган ҳарбий гуруҳнинг бошлиғи;

Ø    Понсадбоши беш юз нафар аскардан иборат гуруҳ раҳбари;

Ø    Юзбоши юз кишилик ҳарбий даста бошлиғи;

Ø    Панжоҳбоши элликбоши, эллик нафарли ҳарбий гуруҳ бошлиғи;

Ø    Даҳбоши – ўн кишилик ҳарбий гуруҳ бошлиғи;

Ø    Қоровулбеги – соқчилар ва қоровуллар бошлиғи;

 

Қўшиндаги муҳим бўлинмалардан яна бири мерганлар бўлинмаси бўлиб, улар танлов асосида саралаб олинган. Ҳарбийларни тайёрлаш учун махсус ўқув юртлари бўлмаганлиги сабабли айрим ҳолларда ҳарбий мансаблар меросий бўлган. Бироқ, ўғил ҳарбий хизматни албатта қуйи мансабдан бошлаган.

 

Хонликдаги лашкарлар таъминоти давлат томонидан таъминланган. Тарихий асарларда ёзилишича хон хизматига кираётган ҳар бир киши от, от абзали билан таъминланган. Сафарга чиқиш олдидан юзбоши 2 тилла, элликбоши 1,5 тилла, аскарлар 1 тилладан пул олган. Ҳарбий хизматдагиларга йил давомида давлат пул ёки натура тарзида маҳсулот бериб турган. Жумладан, юзбоши 175 сўм, элликбоши 98 сўм, ўнбоши 68 сўм, оддий аскарлар 43 сўм кумуш танга олган. 1851 йилда Қўқон юзбошилари 80 пуд буғдой, 240 пуд жўхори, кийим-кечаклар, 2 та қўй, чой ва 1 тиллаю 4 танга маош олгани манбааларда келтирилган.

 

Завқибек МАҲМУДОВ,

Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18841
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//